Шафоат

Билгил, мўминлардан баъзи тоифаларнинг дўзахга кириши ҳақ. Албатта Оллоҳ таоло бундай мўминларга нисбатан пайғамбарлар ва сиддиқларнинг шафоатини қабул қилади. Умматнинг уламоси ва солиҳ кишилари, умуман, Оллоҳ таоло даргоҳида мартаба ва чиройли муомалага сазовор ҳар бир банда ўзининг аҳли, яқинлари, дўстлари, танишларига шафоат қилиши мумкин.

Эй инсон! Шафоат қилинишга муносиб даражада бўлиш иштиёқи асло кўнглингни тарк этмасин. Ҳеч қачон ҳеч кимни камситма. Чунки, Оллоҳ таоло Ўзининг дўстлигини бандалари ичига яширган. Сен қайдан биласан, балки кўзларинг назарга илмаётган киши Оллоҳнинг дўстидир?!
Эй инсон! Бирорта гуноҳни кичик санама.Чунки, Оллоҳ таоло ғазабини гуноҳлар ичига яширган. Сен қайдан биласан, балки Оллоҳнинг ғазаби сен арзимас деб билган ўша гуноҳ ичра яшириндир.
Эй инсон! Бирорта ибодатни кичкина деб билма. Чунки, Оллоҳ таоло Ўз розилигини тоати ичига яширган. Қаердан биласан, балки сен ҳақир санаётган  ибодатда Оллоҳнинг розилиги бордир. Майли, у бир яхши сўз ёки яхши ният ёхуд шунга ўхшаш ибодатлар бўлсин.
Қуръони карим ва ҳадисларда шафоатнинг ҳақлиги хусусида далиллар кўп. Оллоҳ таоло айтади:
«Яқинда Парвардигорингиз сизга (шундай неъматлар) ато этурки, сиз (у илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз» (Ваз-Зуҳа, 5-оят).
Амр ибн Ос ривоят қилади: «Расуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзларини тиловат қилдилар:
«Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар, Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан) (Иброҳим, 36-оят).
Исо алайҳиссаломнинг сўзларини тиловат қилдилар:
«Агар уларни азобласанг, улар сенинг ожиз бандаларинг...» (Моида, 118-оят).
Сўнгра қўлларини кўтариб, «умматим, умматим» – дея йиғладилар. Шунда Оллоҳ таоло: – Эй Жибрил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор, сўра-чи, унинг йиғисига нима сабаб бўлди?
Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, йиғи сабабини сўради, Расулуллоҳ айтдилар... (Аслида Оллоҳ бу сабабни яхши билгувчидир. Лекин Пайғамбарига хушхабар бериш ва Ўзига аён бошқа ҳикматларга кўра фариштаси Жаброил орқали ҳабиби Муҳаммаддан аҳвол сўради).
Кейин Оллоҳ таоло деди: «Эй Жибрил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва унга: – Биз сизни умматингиздан рози қиламиз ва ўзингизга ҳам ёмонлик бўлмайди – деб етказ» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга мендан олдингиларга берилмаган бешта нарса берилди: бир ойлик масофада бўлганим ҳолда душманимга қўрқув солиб, ғалаба қозондим; мендан олдин ҳеч бир пайғамбарга ҳалол қилинмаган ўлжа олиш менга ҳалол қилинди; ер юзи мен учун масжид, тупроғи покловчи қилинди (токи умматимдан қайси киши намоз вақтига етса, борган ерида намозини ўқисин); менга шафоат берилди; ҳар бир пайғамбар фақат ўз қавмига пайғамбар қилиб жўнатилди, мен бутун инсониятга пайғамбар қилиб жўнатилдим» (муттафақун алайҳ).
Расули акрам шундай дедилар: «Фахр қилмаган ҳолда айтаман, Қиёмат куни мен пайғамбарларнинг имоми, уларнинг хатиби ва шафоатчиси бўламан» (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Мен Одам фарзандларининг саййидиман. Мақтаниш эмас, мен қабрдан энг аввал чиққувчи, энг аввал шафоат қилувчи ва энг аввал шафоат қилинувчиман. «Ливаул Ҳамд» (ҳамд байроғи) менинг қўлимда бўлади. Одам алайҳиссалом ва ундан сўнг келганлар мана шу туғ остида тўпланади» (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳар бир пайғамбарнинг мустажоб дуоси бор. Мен бу дуомни Қиёмат куни умматимнинг шафоати учун асрашни хоҳлайман» (муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Пайғамбарлар учун олтиндан минбарлар қурилади, улар ана шу минбарларда ўтирадилар. Мен эса «жаннатга киритишса, мендан сўнг умматим қолиб кетади» деган хавфда минбарга ўтирмасдан, Раббим ҳузурида тик тураман ва: «Ё Раббий, умматим» дейман. Шунда улуғ ва қудратли Зот:
– Эй Муҳаммад! Умматингга нима қилишимни хоҳлайсан? – сўрайди.
– Раббим, уларнинг ҳисобини тез қил, мен шафоат этай, дейман Раббимга. Менга жаҳаннамга жўнатилган кишиларнинг ҳужжати берилади. Шунда жаҳаннам қўриқчиси Молик: «Эй Муҳаммад, дўзах Раббингнинг ғазабидан қўрқиб, умматингдан бирор кишини жаҳаннамда қолдирмади» (Табароний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Қиёмат куни ер юзидаги тош ва қумлардан ҳам кўпроқ кишини шафоат қиламан» (Аҳмад ва Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра ҳикоя қилади: «Пайғамбар алайҳиссаломга гўшт келтиришди. Расулуллоҳ қўйнинг қўл(олд сони)ни яхши кўрардилар. Ундан узиб едилар. Сўнгра шундай дедилар: «Мен Қиёмат кунида пайғамбарларнинг саййиди бўламан. Бунинг сабабини биласизми? Оллоҳ аввалгилару охиргиларни бир тепаликка тўплайди. Улар нидо қилувчининг овозини эшитадилар, кўзлар уларни кўради, қуёш уларга яқинлашади. Одамлар ғам ва қайғудан тоқат қилиб бўлмас даражага етадилар. Шунда одамлар бир-бирига: «Бошингизга не савдолар тушганини англамаяпсиз, сиз учун Раббингиз ҳузурига шафоат сўраб борадиган кишини кўрмаяпмисиз?!» – деб қолишади.
Улар Одам алайҳиссаломнинг олдига бориб: – Сен бутун инсониятнинг отасисан. Оллоҳ таоло сени яратди ва жон ато қилди. Фаришталарга буюрди, улар сенга сажда қилдилар. Аҳволимизга қара, ҳолимиз хароб, Парвардигоринг ҳузурида биз учун шафоат тила, – дейишади. Одам алайҳиссалом уларга дейди: – Раббим бугун шундай ғазабдаки, на аввал, на кейин бундай ғазабни кўрмаганман. Парвардигорим мени дарахтга яқинлашишдан қайтарган эди, итоат қилмадим... ўзимни ўйлаяпман, ўзимни! Яхшиси, мендан бошқасининг олдига боринглар, Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига боринглар.
Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига келадилар ва: – Эй Нуҳ! Сен ер юзида энг аввалги пайғамбарлардансан. Оллоҳ сени «абдун шакур (шукрли банда) деб номлаган. Аҳволимизга бир қара, Парвардигоринг ҳузурида биз учун шафоат тила, – дейишади. Шунда Нуҳ алайҳиссалом: «Бугун Раббимнинг ғазаби қаттиқ. На олдин, на кейин У Зотнинг бу даражада ғазабланганини кўрмаганман. Оллоҳ менга дуо қилиш неъматини берди, мен эса қавмимни дуоибад қилдим. Энди ўзимнинг шафоатимни ўйлаяпман, ўзимнинг! Мендан бошқасининг олдига боринглар, Иброҳим Халилуллоҳнинг олдига боринглар.
Улар Иброҳим Халилуллоҳнинг олдига боришади ва: – Сен Оллоҳнинг пайғамбари ва халили – дўстисан. Аҳволимизга қара, оғир кунларга қолдик. Раббингнинг ҳузурида биз учун шафоат тила, – дейишади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларга дейди: – Раббим бугун шу қадар ғазабдаки, ҳеч қачон бундай ғазабланмаган ва бундан кейин ҳам ғазабланмайди. Мен уч марта ёлғон гапирдим, дея уларни эслатади, энди эса ўзимнинг шафоат қилинишимни ўйлаяпман, ўзимнинг! Мендан бошқасининг олдига боринглар, Мусо алайҳиссаломнинг олдига боринглар!
Мусо алайҳиссаломнинг олдига бориб: – Эй Мусо! Сен Оллоҳнинг расулисан. Сен Оллоҳнинг элчиси бўлганинг учун, Оллоҳ билан сўзлашганинг учун ҳам одамлардан афзалсан. Аҳволимизга бир қара, Раббинг ҳузурида бизнинг шафоат қилинишимизни сўра! – дейишади.
Мусо алайҳиссалом дейди: – Бугун Раббим шу даражада дарғазабки, ҳеч қачон бундай бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Мен ўлдириш буюрилмаган жонни ўлдирдим, ўзимнинг шафоатимни тилайман, ўзимнинг..! Мендан бошқасининг олдига боринглар, Ийсо алайҳиссаломнинг олдига боринглар!
Улар Ийсо алайҳиссаломнинг олдига бориб: – Эй Ийсо! Сен Оллоҳнинг расули ва Оллоҳнинг Марямга етказган сўзи ҳамда Унинг томонидан бўлган руҳ соҳибисан, бешикдалингдаёқ одамлар билан гаплашгансан. Бизга бир қара, ҳолимиз хароб. Раббинг ҳузурида бизнинг шафоат қилинишимизни сўра, – дейишади.
Шунда Ийсо алайҳиссалом: – Ҳеч қачон Раббим бугунгидек ғазабланмаган ва бундан кейин ҳам ғазабланмайди, – дея биронта гуноҳини эслатмасданоқ, – ўзимнинг шафоатимни тилайман, ўзимнинг! – дейди. Кейин айтади: – Мендан бошқасининг олдига боринглар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдига боринглар!
Улар менинг олдимга келиб, дейишади: – Эй Муҳаммад! Сен Оллоҳнинг расули, пайғамбарларнинг охиргисисан. Оллоҳ сенинг олдинги ва кейинги гуноҳларингни мағфират қилган. Ҳолимиз хароб, Раббинг ҳузурида бизни шафоат эт...
Шунда мен Аршнинг остига бориб, Раббимга сажда қилган ҳолда йиқиламан. Кейин Оллоҳ таоло ҳали ҳеч кимга изҳор этмаган энг гўзал мақтов ва саноларни менга билдиради: – Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, сўра, сўраганинг берилади, шафоат эт, шафоатинг қабул қилинади.
Бошимни саждадан кўтариб: – Умматим, умматим, ё Раббий, дейман.
«Эй Муҳаммад, – дейди Парвардигорим, – умматингдан беҳисоб кишини жаннатнинг ўнг томондаги эшикларидан киритаман...»
Кейин Пайғамбар алайҳиссалом: – Нафсим измида бўлган Зотга қасамки, жаннатнинг иккала эшиги орасидаги масофа Макка ва Ҳумайр ёки Макка ва Бусра ораси қадар кенгдир, – дейди...» (муттафақун алайҳ).
Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидир. Шунингдек, бу умматнинг олим ва солиҳ кишилари ҳам шафоат қилишга ҳақли бўладилар. Пайғамбаримиз айтадилар: «Умматимдан бир кишининг шафоати билан Рабиъа ва Музир қабристонидагилардан ҳам кўпроқ кишилар жаннатга киради» (Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ривояти).
Расули акрам дедилар: «Бир кишига: – Тур, эй фалончи, шафоат қил, – дейилади. У киши туриб, қабиласини, аҳли байтини, бир ё икки кишини амали миқдорида шафоат этади» (Термизий ривояти).
Анас ибн Молик Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: «Қиёмат куни жаннат аҳлидан бўлган бир киши дўзах аҳлига кўринади. Шунда дўзах аҳлидан бўлган бир киши уни чақириб:
– Эй фалончи, мени танидингми? – дейди.
– Йўқ, Оллоҳ ҳаққи, сени таниёлмаяпман, жавоб қилади унга жаннатий киши.
– Дунё ҳаётида ёнимдан ўтиб кетаётиб, бир қултум сув сўраган эдинг. Сув бериб, чанқоғингни босган эдим.
– Энди танидим.
– Шу яхшилигим ҳаққи, Парвардигоринг ҳузурида менга шафоат тила.
Шунда бу жаннатий Оллоҳ таолога илтижо билан дейди: «Мен дўзах аҳлига кўринганимда бир киши: – Мени танийсанми?» – деди. Мен уни таниёлмаётганимни айтдим. У менга: – Дунёда сув сўраган пайтингда сени сувга қондирган кишиман, Раббингдан мен учун шафоат тила, – деди. Эй Раббим, у кишига мени шафоатчи қил.
Оллоҳ таоло дўзахий киши учун сўралган бу шафоатни қабул қилди ва уни дўзахдан чиқаришга амр этди. Бас, у жаҳаннамдан халос қилинди». (Дайламий ривояти).
Анас ибн Молик Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ривоят қилади: «Қайта тирилиш куни қабрдан энг аввал чиқадиган инсон менман. Парвардигор ҳузурига бораётганларида уларнинг хотиби – сўзловчиси ҳам менман. Умидсизликка тушганларида уларга хушхабар берувчи ҳам менман. Ўша куни «ҳамд туғи» менинг қўлимда бўлади. Фахрланиш эмас, Раббимга Одам фарзандлари ичида энг ҳурматлиси ҳам мен бўламан» (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ салллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен улуғ ва қудратли Раббимнинг ҳузурида тураман. Жаннат кийимларидан бирини кийаман. Кейин Аршнинг, мендан бошқаси турмайдиган, ўнг томонидаги мақомни эгаллайман» (Термизий ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳума деди: «Расулуллоҳ саҳобаларидан бир гуруҳи сарвари оламни кутиб ўтиришган эди. Расулуллоҳ чиқдилар, уларга яқинлашдилар, уларнинг шундай мазмунда суҳбалашаётганини эшитдилар:
– Ажабо! Улуғ ва қудратли Оллоҳ Ўзи яратган инсон, Иброҳимни Ўзига халил – дўст қилди.
– Мусо алайҳиссаломнинг Яратувчи Зот билан сўзлашганига нима дейсизлар?!
– Ийсо алайҳиссалом Оллоҳнинг сўзи ва У Зот томонидан бўлган руҳ соҳибидир!
– Оллоҳ Одам алайҳиссаломни танлади!..
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга салом бердилар ва шундай дедилар: – Сўзларингизни тингладим. Иброҳим алайҳиссаломнинг Оллоҳнинг халили эканлиги сизни ҳайратлантиряпти. Ҳа, Мусо Оллоҳ билан сирлашди, Ийсо Оллоҳ томонидан бўлган руҳ ва Унинг сўзидир. Ҳа, Оллоҳ таоло Одамни танлади.
Огоҳ бўлинг, мен Оллоҳнинг ҳабибиман. Фахрланиш эмас, Қиёмат кунида ҳамд байроғини кўтарувчи менман. Фахрланиш эмас, Қиёмат кунида энг аввал шафоат қилувчи ва энг аввал шафоат қилинувчиман. Фахрланиш эмас, жаннат эшигининг халқасини энг биринчи ушловчи менман. Оллоҳ менга жаннатини очади. Мен ва мен билан бирга фақир мўминлар у ерга киради. Фахрланиш эмас, мен аввалгилару охиргиларнинг энг ҳурматлисиман, ҳа, бу фахрланиш эмас» (Термизий ривояти).

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.