Ҳавзи Кавсар

Билгил! Кавсар ҳовузи улуғ ҳурматдир. Бу улуғ ҳурмат пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тегишлидир. Ҳовузнинг тавсифи ҳадисларда батафсил изоҳланган. Умидимиз, Оллоҳ таоло бизни бу дунёда ҳовуз ҳақида хабардор қилиш ва охиратда унинг тотини тотиш билан ризқлантирсин.

Бу ҳовузнинг сифатларидан бириси ундан ичган одам ҳеч қачон чанқамайди. Анас ибн Молик шундай ривоят қилади: «Расули акрам озгина мудрадилар. Кейин табассум қилган ҳолда бошларини кўтардилар.
– Эй Оллоҳнинг расули, нега куляпсиз? – дедик.
– Ҳозиргина менга оят нозил бўлди, – дедилар ва Кавсар сурасини охиригача ўқидилар, сўнгра – Кавсар нима эканлигини биласизларми? – дея сўрадилар.
– Оллоҳ ва расули билгувчироқдир, – дедик.
– Кавсар бу улуғ ва қудратли Раббим менга ваъда этган жаннатдаги дарёдир, унга кўп хайр ёғилади. Дарёнинг ёнида ҳовуз бор. Қиёмат кунида умматим у ҳовуз атрофида тўпланади. Ҳовузга (тегишли) идишларнинг адади осмондаги юлдузлар қадардир» (Муслим ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ривоят қиладилар: «Жаннатда юрган эдим, кўзим бир дарёга тушди. Дарёнинг икки четида ичи ғовак инжулардан ясалган қуббалар бор эди. Шунда:
– Бу нима, эй Жибрил? – деб сўрадим.
– Бу Раббингиз Сизга берган Кавсардир, – деди у ва қўлини ҳовузга ботирди. Ҳовузнинг лойи хушбўй мушкдан эканини кўрдим» (Термизий ривояти).
Яна Анас розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳовузимнинг икки чеккаси орасидаги масофа Мадина ва Санъо ёки Мадина ва Аммон орасидаги масофа қадардир» (Муслим ривояти).
Ибн Умар шундай ривоят қилади: «Оллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Кавсар, 1) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ дедилар: «У (Кавсар) икки қирғоғи олтиндан бўлган дарёдир. Унинг суви сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўйдир. Кавсарнинг суви инжу ва маржон қоялар узра оқади» (Термизий ривояти).
Расулуллоҳнинг мавлоси (озод қилган қули) Савбон Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: «Ҳовузим(нинг катталиги) Адандан Амманул Болқонгача бўлган масофа қадардир. Унинг суви сутдан оқ, асалдан ширин, қадаҳлари осмондаги юлдузлар ададичадир. Ким ундан бир қултум ичса, ҳеч қачон чанқамайди. Ҳовуз лабига энг аввал борадиган одамлар фақир муҳожирлардир». Шунда Умар ибн Хаттоб:
– Ким улар, эй Оллоҳнинг расули? – деди.
– Уларнинг сочлари тўзғиб, чангларга беланган, кийимлари кирдир. Улар бой-бадавлат аёлларга уйланмаган. Уларга (дунё) ҳовлиларнинг эшиклари очилмайди, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам» (Термизий ривояти).
Бу ҳадисни эшитган Умар ибн Абдулазиз шундай деганди: «Оллоҳга қасамки, мен ўзига тўқ аёлларга уйландим, Абдулмаликнинг қизи Фотимани никоҳимга олдим. Менга дунёнинг барча эшиклар очиқ. Демак, мен Кавсар лабига аввал боргувчилардан эмасман. Фақат Оллоҳ менга раҳм қилсагина, у сафда бўлишим мумкин. Шубҳасиз, энди то сочим чангларга беланиб, пахмоқ бўлиб кетмагунча, бошимга хушбўй нарсалар сурмайман. То кирланиб кетмагунча, эгнимдаги кийимни ювмайман».
Абу Зардан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссаломдан Ҳовузнинг идишлари ҳақида сўрадим, дедилар: «Муҳаммаднинг жони Уники бўлган Зотга қасамки, (ҳавзи Кавсар) идишларининг сони булутсиз, ёп-ёруғ осмонда порлаган юлдузлардан ҳам кўпроқдир. Ундан ичган одам чанқамайди. Ҳовузга сув қуядиган охирги икки тарновнинг боши жаннатда. Ҳовузнинг узунлиги эни билан баробар бўлиб, у Аммон билан Ийла орасидаги масофага тенг. Ҳовузнинг суви сутдан оқ, асалдан шириндир» (Муслим ривояти).
Сумрадан Расулуллоҳнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Ҳар бир пайғамбарнинг ўз ҳовузи бор. Улар ҳовуз бўйида умматининг кўплиги билан фахрланишади. Албатта мен умид қиламанки, ҳовуз бўйида менинг умматим кўп бўлади»(Термизий ривояти).
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умидлари. Оллоҳнинг ҳабиби, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматидан шунчалик умидвор бўлса, биз нега ҳовуз бўйига келувчилар жумласидан бўлишни умид қилмайлик! Лекин ўзни умид қилувчилар жумласига қўшиб, аслида қуруқ орзу-хаёлларга алданувчилардан бўлиб қолишдан Оллоҳ асрасин.
Ҳосилдан умидвор киши ерни юмшатиб текислайди, ерга уруғ сочиб, кейин уни суғоради. Сўнгра экинларнинг ердан униб чиқишини, то йиғим-терим пайтигача ҳосилни ҳар қандай офатлардан омон сақлашини Оллоҳнинг фазлидан умид қилади. Кимки ерни ҳайдаб юмшатишни, уруғ сочиб, унга сув очишни тарк этса-ю, экинларнинг бошоқлашини, дарахтларнинг гуллаб, мева тугишини Оллоҳдан умид қилса, у Оллоҳнинг фазлини умид қилувчилар жумласидан эмас, балки хомхаёлларга алданган кимсадир.
Афсуски, аксар кишиларнинг умиди ғурур(алданиш) ва ғафлатдан бошқа нарса эмас. Умид этилган ишнинг тадбирини қилмасдан фақат Оллоҳнинг фазлини кутиш дунёга алданишдан хатарлироқдир.
«Эй инсонлар, албатта Оллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!» (Фотир, 5-оят).

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.