Сизлардан бирортангиз жаннатда ёй оралиғича ёки оёқ қадамларича жойни эгалласа, бу дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқ. Агар жаннат аёлларидан биттаси ер юзига чиқса, еру кўк ораси ёришиб, бутун атрофни хуш бўйлар тутган бўларди. Жаннат аёлининг бошидаги ёпинчиғи дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир» (Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини келтиради: «Меърож кечасида жаннатнинг лаъл, кўк забаржад ва қизил ёқутдан бўлган чодир билан ёпилган Байдах деган жойига кирдим. Чодир ичидагилар менга: «Ассалому алайка ё Расулаллоҳ» – дейишди. Шунда мен Жаброил алайҳиссаломдан:
- Эй Жибрил, бу қандай нидо бўлди? – дея сўрадим.
- Улар чодирларда асралган ҳурлардир, Сизга салом бериш учун Парвардигоридан изн сўрашди, уларга изн бўлди, – деди Жаброил алайҳиссалом. Кейин улар: – Биз эрларидан рози бўлгувчи аёлларимиз, биз ҳеч қачон ғазабланмаймиз. Биз бу ерда абадий қолгувчилармиз, – дейишди (Термизий ривояти) ва Пайғамбар алайҳиссалом ушбу оятни ўқидилар:
«(Улар) чодирларда асралган ҳурлардир» (Раҳмон сураси, 72).
Мужоҳид Оли-Имрон сураси 15-оятдаги «Азважун мутоҳҳароҳ» – «Покиза жуфтлар» ибораси тафсирида дейди: «Яъни, улар ҳайз, ҳожат, бавл, тупук, балғам, маний ва фарзанд туғишдан озод – покдирлар».
Авзоъий «Шак-шубҳасиз, жаннат эгалари бу Кунда (ўзлари истаган-орзу қилган) иш(лари) билан шод-хуррам бўлгувчидирлар» (Ёсин сураси, 55) ояти тафсирида айтади: «Уларнинг машғулоти қизларнинг бакаротини олмоқдир».
Бир киши:
- Эй Оллоҳнинг расули, жаннат аҳли ҳам жуфти билан қўшиладими?» дея сўради.
- Жаннат аҳлига сиздек етмиштасидан кўпроқ кишининг қуввати берилур, – дедилар Расули акрам.
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: «Жаннатнинг қуйи даражаларидан ўрин олган кишининг мингта ходими бўлиб, ҳар бир ходим бошқасиникига ўхшамаган алоҳида иш билан банд бўлур».
Расули акрам дедилар: «Ҳар бир жаннат аҳли беш юзта ҳурга, тўрт мингта бокира аёлга ва саккиз мингта бева аёлга уйланади. Уларнинг ҳар бирини дунёдаги умри миқдорича бағрига олур» (Байҳақий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Жаннат бозорида олди-сотди йўқ. У ерда эр ва аёл суратлари бор. Эркак киши кўнгли тусаган суратнинг ичига киради. Унинг ичида оҳу кўз ҳурлар жамланган бўлиб, жонзот тингламаган овозларини кўтариб: «Биз жаннатда абадий қолгувчимиз, ҳеч қачон ўлмаймиз. Бизнинг баданларимиз латиф, биз ҳеч қачон ҳазин бўлмаймиз. Биз эрларимиздан рози бўлганлармиз, ғазабланмаймиз. У бизники ва биз уники бўлган жаннатий нақадар бахтли!» – дейишади (Термизий ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳу Расули акрамнинг шундай деганларини айтади: «Жаннатдаги оҳу кўз ҳурлар шундай деб куйлашади: «Биз энг гўзал ҳурлармиз, жавонмард эрлар учун сақландик» (Табароний ривояти).
Абу Умома Боҳилий дейди: «Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Жаннатга кирган ҳар бир банданинг боши ва оёғи узра иккита оҳу кўз ҳурлар ўтирур. Улар бу бандага энг гўзал товушда куйлашади. Уни инсу жин тинглайди. Бу товуш шайтоннинг нағмаси эмас, балки Оллоҳга ҳамд ва тақдисдир» (Табароний ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан