Умид қиламизки, Оллоҳ таоло бизнинг дунё ва охиратимизни хайр билан хотималасин.
«Албатта Оллоҳ таоло Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учункечирур...» (Нисо, 48-оят).
«(Эй Муҳаммад), Менинг (турли гуноҳлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур...» (Зумар, 53-оят).
Нимаики қадамимизни тойдирган бўлса ёки китобимизда нимаики қаламимизни туғёнга тортган бўлса, Оллоҳ таолодан мағфират тилаймиз. Амалимизга тўғри келмаган сўзларимиз учун Оллоҳдан мағфират тилаймиз. Оллоҳ таолонинг динини биламиз деб даъво қилдик ва бу жабҳада нуқсонли бўлганимиз ҳолда билганимизни зоҳир этдик, Оллоҳ бизни мағфират этсин.
Улуғ Зотнинг дийдорига етиш йўлида қилиниб, кейин унга бошқа мақсадлар аралашиб қолган ҳар қандай илм ва амалимиз учун Оллоҳдан мағфират тилаймиз. Ўзимиз ваъда бериб, кейин унга вафо қилишда қосирлик қилиб қолган ҳар бир ваъдамиз учун Оллоҳдан мағфират тилаймиз. Бизга берилган қайси бир неъматни маъсият йўлида ишлатган бўлсак, Оллоҳдан мағфират тилаймиз.
Ўзимиз нуқсон ва қусурлар билан сифатланган ҳолда айни нуқсон ва қусурлар ҳақида очиқ, баъзан киноя билан айтганларимизни Оллоҳ мағфират этсин. Бизни сохталикка, такаллуфга ундаган ҳар бир лаҳза учун Оллоҳдан мағфират тилаймиз. Ёзган китобларимизда, тузган жумлаларимизда бераётган ёки олаётган илмимизда одамларга зийнатли бўлиб кўринишга сарфланган ҳар бир дақиқа учун Оллоҳдан мағфират тилаймиз.
Бу истиғфорлардан сўнг бизни ва ушбу китобни ўқиган ёки тинглаган кишиларни Оллоҳ Ўз раҳмати билан мукаррам этсин, зоҳиру ботин гуноҳлардан бизни сақласин.
Оллоҳ таоло карами барчага баробар, раҳмати кенг, бандасига саҳовати чексиз Зот. Бизни У Зотга элтувчи ягона восита Ўзининг фазли ва карамидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Оллоҳ таолонинг юзта раҳмати бор. Шулародан биттаси жинлар, инсонлар, қушлар, ҳайвонлар ва ҳашоратлар орасига нозил этилган. Нузул этилган биттагина раҳмат туфайли улар бир-бирига меҳрибон, ўзаро раҳмли. қолган тўқсон тўққизта раҳмати билан Оллоҳ таоло Қиёмат куни бандаларига раҳм қилади» (Муслим ривояти).
Ривоят қилинадики, Қиёмат куни Оллоҳ таоло Аршнинг тагидан бир ёзувни чиқаради. Унда шундай сўзлар битилган: «Албатта Менинг раҳматим ғазабимдан ўзгувчидир. Мен раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғиман».
Шунда дўзахдан жаннат аҳлига икки баробар кўп киши чиқарилур» (муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Улуғ ва қудратли Оллоҳ Қиёмат кунида бизга табассум билан тажалли қилиб: «Мусулмонлар жамоасига хушхабар беринг, Улардан ҳар биттасининг ўрнига жаҳаннамда яҳудий ёки насронийга жой ҳозирладим» – дея марҳамат қилади» (Муслим ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Оллоҳ таоло Қиёмат кунида мўминларга қарата:
– Мен билан учрашишга интиқмидингиз? – дейди.
– Ҳа, албатта, эй, Раббимиз бўлган зот! – дейишади.
– Нега?
– Сенинг афв қилишингдан, мағфиратингдан умидвормиз, – дейишади.
– Сизларга мағфиратимни вожиб қилдим, – дейди Оллоҳ таоло» (Аҳмад, Табароний ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Улуғ ва қудратли Оллоҳ Қиёмат кунида: – Фалон куни мени зикр этган ёхуд фалон ерда Мендан қўрққан кишиларни дўзахдан чиқаринг, – дейди» (Термизий ривояти).
Расули акрам дедилар: «Оллоҳнинг хоҳиши билан жаҳаннамда дўзах аҳли ва баъзи қибла аҳли жамланади. Шунда кофирлар қибла аҳлидан:
– Сизлар мусулмон эмасмидинглар? – дея сўрайди.
– Ҳа, мусулмон эдик...
– Мусулмонлигингиз фойда бермадими? Нега сизлар ҳам биз билан биргасиз?!
– Гуноҳларимиз бор, шунинг учун жаҳаннамдамиз, дейишади осий мусулмонлар.
Уларнинг бу сўзларини эшитган улуғ ва қудратли Зот ўша заҳоти аҳли қибланинг дўзахдан чиқарилишини амр этди. Бас, улар жаҳаннамдан халос этилди. Буни кўрган кофирлар: – Биз ҳам мусулмон бўлсак, уларга ўхшаб биз ҳам дўзахдан чиқарилар эдик, – деб қолишади. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом Ҳижр сурасининг 2-оятини ўқидилар:
«Ҳали (Қиёмат куни) кофир бўлган кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолурлар» (Насаий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Мушфиқ она ўз фарзандига қандай меҳрибон бўлса, Оллоҳ Ўзининг мўмин бандасига ундан-да меҳрибонроқдир» (муттафақун алайҳ).
Жобир ибн Абдуллоҳ дейди: «Қиёмат кунида кимнинг савоб амаллари гуноҳларидан зиёда келса, жаннатга ҳисоб-китобсиз киради. Кимнинг савоб амаллари ва гуноҳлари баробар келса, савол-жавоби енгил ўтади ва жаннатга киради. Расули акрамнинг шафоатлари нафсини ҳалокатга судраган, гуноҳлар юкини елкасига ортиб олган одам учундир».
Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Эй Мусо! Қорун сендан ёрдам сўради, ёрдам бермадинг. Иззатим ва улуғлигимга қасамки, агар у мендан ёрдам сўраганида, албатта ёрдам берган ва уни афв қилган бўлардим» – дейди.
Саъд ибн Билол айтади: «Қиёмат куни икки кишини дўзахдан чиқариш буюрилади. Шунда Оллоҳ таоло: «(Дўзахга тушишингиз) қўлларингиз содир
этган гуноҳлар туфайлидир. Мен бандамга зулм қилгувчи эмасман» – дейди ва иккаласини ҳам дўзахга қайтаришни буюради. Биттаси занжирларини судраб, буюрилган жойга шошади, дўзах уни комига чорлайди. Иккинчиси шошмайди. Оллоҳ таоло яна қайтадан уларга дўзахдан чиқишни амр этади. Савол-жавоб бошланади. Дўзахга шошиб кириб кетгани айтади: «Гуноҳнинг ҳалокатли оқибатидан қўрқдим. Амрингда сусткашлик қилмай, иккинчи маротаба ғазабингга йўлиқмай, дедим». Дўзахга шошмасдан кирган дейди: «Сен ҳақда яхши гумонга бордим. Дўзахдан бир марта олиб чиққанингдан кейин қайта у ерга мени ташламассан, деган ўйга бордим». Оллоҳ таоло у иккисига ҳам жаннатга киришни буюрди».
Расули акрам айтадилар: «Қиёмат куни Аршнинг остида бир мунодий шундай нидо қилади: «Эй Муҳаммад уммати! Мен сизларнинг устингиздаги ҳаққимни ўзингизга ҳадя қилдим. Сизлар ҳам бир-бирингизнинг ҳақларингизни ўзаро ҳадя қилишинг ва Оллоҳнинг раҳмати билан жаннатга киринг» (Абу Саид Қушайрий ривояти).
Суножий дейди: «Убода ибн Сомитнинг ҳузурига кирдим. У ўлим тўшагида эди, йиғладим. Шунда Убода: «Нега йиғлаяпсан, ўзингни бос?! Оллоҳнинг расулидан эшитган ҳар бир хайрни сизга еткизганман. Аммо битта ҳадис бор, уни сизга еткизмаган эдим. Бугун, жоним ғарғарага келган бир пайтда сизга уни айтай. Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитганман: «Кимки «ла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан расулуллоҳ» деб гувоҳлик берса, Оллоҳ унга дўзах ўтини ҳаром қилади» (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтади: «Расулуллоҳ шундай дедилар: «Оллоҳ таоло Қиёмат куни умматимдан бир кишини халойиқ кўз олдида қутқаради. Кейин у кишининг тўқсон тўққиз дафтари очилади. Ҳар дафтар кўзнинг назари етадиган жой қадар каттадир. Оллоҳ таоло у кишидан:
– Бу дафтарларда битилганлардан бирон нарсани инкор этасанми? Амалларни ёзиб борувчи фаришталардан норози эмасмисан? – деб сўрайди.
– Йўқ, (ёзилганларнинг барчаси тўғри), эй Раббим. дейди у киши.
– Бирон узрлик ишинг борми?
– Узрлик ишим йўқ, эй Раббим.
– Бале, ҳузуримизда сенга аталган бир яхшилик бор, бугун сенга зулм йўқ, – дейди Оллоҳ таоло ва бир парча битикни унга кўрсатади: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ».
– Эй Раббим, бу парчагина битик шунча дафтарлар қошида нима бўларди?
– Сенга зулм қилинмас, – дейди Оллоҳ таоло.
Сўнгра дафтарлар тарозининг бир палласига, ҳалиги парча битик тарозининг бошқа палласига қўйилади, парчагина битик шунча дафтарлардан оғир келади. Демак, ҳеч нарса Оллоҳнинг исмидан оғир келолмайди» (Термизий ривояти).
Қиёмат ва Сирот васф этилган бир ҳадис сўнгида айтилади: «Кимнинг қалбида динор мисқолича яхшилик топсангиз, уни дўзахдан чиқаринг». Кўп халқ дўзахдан чиқарилганидан сўнг фаришталар айтишади:
– Парвардигоро, дўзахдан чиқаришни буюрганларингдан бирортасини ичкарида қолдирмадик.
Шунда Оллоҳ таоло:
– Қалбида ярим динор мисқолича яхшилиги бор бандамни дўзахдан чиқаринг! – деб буюради.
Кўп халқ дўзахдан чиқади ва фаришталар:
– Парвардигоро, бизга дўзахдан чиқаришни буюрганларингдан бирортасини у ерда қолдирмадик, – дейишади.
Шунда Оллоҳ таоло:
– Қалбида зарра мисқолича яхшилик бор бандамни дўзахдан чиқаринг, деб амр қилади.
Кўп халқ дўзахдан чиқади. Сўнг фаришталар:
– Парвардигоро, дўзахдан чиқаришни буюрганларингдан бирортасини у ерда қолдирмадик, – дейишади».
Абу Саид айтади: «Ким бу ҳадисни тасдиқ этмаса, ушбу оятни ўқисин: «Шубҳасиз, Оллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас, Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур, яна Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур» (Нисо, 40-оят).
Оллоҳ таоло шундай дейди: «Фаришталар шафоат қилдилар, пайғамбарлар шафоат қилдилар, мўминлар шафоат қилдилар. Арҳамур Роҳимин бўлмиш Зотдан ўзгаси қолмади».
Шунда Оллоҳ таоло умрида яхшилик қилмаган, жаҳаннам кўмирига айланиб кетган қавмни жаннат эшиги олдидаги Ҳаёт дарёсига отади. Улар оқимнинг қуйи қисмидаги ўт-ўландек бўлиб дарёдан чиқишади. Тош ва дарахтлар яқинидаги бу ўт-ўланларга ҳеч кўзингиз тушганми? Улар қуёш нурида сариқ ва кўкимтир бўлиб, соялари оқиш рангда кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули! Гўё барчасини ҳеч тўсиқсиз, яланг бир текисликда кўраётгандек тасвирлаяпсиз-а! – дейишди.
– Улар маржондек бўлиб чиқишади. Бўйинларида муҳрлари бор, жаннат аҳли уларни таниб, дейишади: «Ана улар – Раҳмоннинг дўзахдан халос этган бандалари! Оллоҳ уларни бирон (солиҳ) амалсиз, савобсиз жаннатга киритган».
Кейин Оллоҳ таоло:
– Жаннатга кирингиз, нимаики кўрсангиз, у сиз учундир, – дейди.
– Эй Парвардигоро! Оламлар бирорта кишига бермаган неъматингни бизга бердинг, дейишади.
Шунда Оллоҳ таоло:
– Ҳузуримда сиз учун бундан-да афзали бор, дейди.
– Парвардигоро! Бундан афзал нима бўлиши мумкин?!
– Сиздан розилигим ва бундан сўнг ҳамиша ғазабимдан омонда эканлигингиз, дейди Оллоҳ таоло» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом ёнимизга келиб, дедилар: «Менга умматлар кўрсатилди. Баъзи пайғамбарлар ёнида бир киши, баъзиси икки киши билан, қайсидир пайғамбар ёлғиз, қайси бир пайғамбар ёнида жамоат билан ўтди. Кейин бир оломонга кўзим тушди. Мана шу менинг умматим бўлса керак, дея умид қилдим. «Бу Мусо ва унинг қавми» – дейилди. Сўнгра менга: «(Анави томонга) қаранг» – дейилди. Уфқларни тўлдирган жамоатни кўрдим. Сўнгра менга: «Анавиларга... анавиларга қаранг» – дейилди. Жуда катта жамоатни кўрдим. Шунда менга: «Улар сизнинг умматингиз, анави етмиш мингтаси жаннатга ҳисоб-китобсиз киради» – дейилди».
Кейин одамлар тарқалишди. Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам у қавмнинг кимлар эканини баён қилмади. Саҳобалар бу ҳақда ўзаро мунозарага киришишди: «Биз ширк ичида туғилдик. Лекин Оллоҳ ва расулига иймон келтирмадик. У қавм бизнинг фарзандларимиздир». Бу сўзлар Пайғамбар алайҳиссаломгача бориб етгач, дедилар: «Улар шундай кишиларки, баданларига олов босиб, куйдирмайдилар, фол очмайдилар, (ёлғиз)Парвардигорига таваккул қиладилар».
Шунда Уккоша ўрнидан қалқиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, дуо қилинг, Оллоҳ мени ўша қавм жумласидан этсин! деди.
– Сен у қавмдансан, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.
Кейин яна бири ўрнидан туриб, Уккошанинг сўзларини такрорлади. «Уккоша сендан пешқадамлик қилди» – дедилар Расулуллоҳ у кишига» (Бухорий ривояти).
Умар ибн Ҳазм Ансорийдан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам уч кунлар орамиздан ғойиб бўлдилар. Фақат фарз намозларидагина ҳозир бўлиб, бошқа пайт яна кўринмай қолардилар. Тўртинчи кун олдимизга чиқдилар, шунда биз сўрадик:
– Эй Оллоҳнинг расули, бизни ўзингизни четга тортдингиз, бирон кор-ҳол рўй бердимикан? – деган гумонга бордик.
– Фақат яхшилик рўй берди. Улуғ ва қудратли Раббим умматимдан етмиш минг кишини ҳисоб-китобсиз жаннатга киритишни ваъда қилди. Мен эса бу уч кун давомида янада кўпроқ умматимнинг жаннатий бўлишини сўрайвердим. Раббим шу даражада карим, улуғ саҳоват эгаси эдики, етмиш минг кишининг ҳар бири учун яна етмиш минг кишини менга ато этди. Шунда мен:
– Эй Раббим, умматимнинг сони шунчага етадими? – дея сўрадим.
– Фақат аъробий умматларингиз ҳисобига бу саноқни сизга тўлдириб бераман, – деди Раббим» (Байҳақий ривояти).
Абу Зар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Жаброил алайҳиссалом улкан бир тошнинг ёнида туриб менга:
– Умматингизга хушхабар беринг. Қайси кишики, Оллоҳга ширк қилмасдан дунёдан ўтса, жаннатга киради, – деди.
– Эй Жаброил, (умрида бирор марта Оллоҳга ширк қилмаган бўлсаю, лекин) ўғирлик ва зино қилган бўлса-чи? – сўрадим.
– Ўғирлик ва зино қилган бўлса ҳам! – деди Жаброил.
– Ўғирлик ва зино қилган бўлса ҳам? – яна сўрадим.
– Ўғирлик ва зино қилган, хамр ичган бўлса ҳам! – деди Жаброил алайҳиссалом» (муттафақун алайҳ).
Абу Дардо айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, ўзининг Парвардигор олдида туриб ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятини ўқидилар. Шунда мен:
– Ўғирлик ва зино қилган киши учун ҳамми, эй Оллоҳнинг расули? – деб сўрадим. Пайғамбар алайҳиссалом Раҳмон сурасининг ўша оятини қайта ўқидилар.
– Ўғирлик ва зино қилган киши учун ҳамми, эй Оллоҳнинг расули? – яна сўрадим. Пайғамбар алайҳиссалом мазкур оятни яна такрорладилар.
– Ўғирлик ва зино қилган киши учун ҳамми, эй Оллоҳнинг расули? – дея яна сўрадим.
– Ҳа, бурнинг ерга ишқалангур, эй Абу Дардо, – дедилар» (Аҳмад ривояти).
Имом Муслим Абу Бурдадан келтиришича, Умар ибн Абдулазиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзларини отаси Абу Мусодан ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Мусулмон киши вафот этар экан, Оллоҳ таоло унинг ўрнига бир яҳудий ёки насронийни дўзахга киритади».
Шунда Умар ибн Абдулазиз бу ҳадис ҳақиқатан ҳам Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинганига ишонч ҳосил қилиш учун отасидан Оллоҳнинг номига уч марта қасам ичишни сўради. Отаси айтганларини тасдиқлаб, Оллоҳ номи билан уч марта қасам ичди»
Ривоят қилинишича, ғазотлардан бирида асирлар орасида гўдак бола борлиги маълум бўлди. Асирлар ўлжа сифатида тақсимланди. Лекин қанча нидо қилинса, ҳам болани олувчи топилмади.
Шунда асира аёллардан бири кун тиғида қийналаётган гўдакка кўзи тушиб, бор кучи у томон отилди, яқинлари ҳам аёлнинг орқасидан юра бошлашди. Дарҳол аёл болани қўлига олиб, бағрига босди. Бутун гавдаси билан қайноқ қумга чалқанча ётиб, «болам, болам» дея унга кўксини тутди, саҳронинг ўтли ҳовуридан болани тўсди. Бу ҳолатга гувоҳ бўлган барча йиғлади, кейин уларни холи қолдиришди.
Пайғамбар алайҳиссалом бу воқеадан хабар топгач, уларнинг қошига келдилар ва асҳобининг раҳмдиллигидан хурсанд бўлиб, шундай хушхабарни етказдилар:
– Бу аёлнинг боласига бўлган меҳрибонлигидан ҳайратга тушяпсизми?
– Ҳа, – дейишди.
– Бу аёл ўғлига қанча раҳмдил бўлса, Оллоҳ таоло сизга ундан-да раҳмлироқдир! (Бухорий ривояти).
Бу хабарларнинг барчаси Оллоҳ таоло раҳматининг чексизлигига далолат қилади.
Нажотга ҳақлимиз, деган даъводан йироқмиз, ҳолимиз маълум. Ҳисоб кунида бу ҳолимизга мувофиқ муомала қилинмаслигини марҳамати кенг Парвардигоримизнинг фазлидан умид қиламиз.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан