У зот саодат аҳли билан шақоват аҳлининг орасини тўсди. Бу тўсиқ—деворнинг эшиги бор. Эшикдан ичкарига кирсанг, раҳмат, ташқарида қолсанг, азоб бор. Оламлар парвардигори, Мусаббибул асбоб (сабабларни яратувчи зот) Оллоҳга ҳақиқий иймон келтирган киши янглиғ тавба қиламиз. Раҳмли, гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул этувчи Оллоҳни мутлақ подшоҳ деб таниган киши Ундан қандай умидвор бўлса, шундай умид қиламиз. Шубҳа ва гумонлардан холи киши янглиғ қўрқинч ва умид ила нафас оламиз.
Оллоҳ гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчидир, шу билан бирга, Унинг азоби ҳам қаттиқдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг аҳли байтларига ва саҳобаларига саловот ва саломлар бўлсин. Бу саловот қилган амалларимиз ўзимизга кўрсатиладиган Ҳисоб китоб-кунининг даҳшатидан нажот топишимизга сабаб бўлсин.
Айбларни ёпувчи, ғайбларни билувчи Зотга қайтиш орқали гуноҳлардан тавба қилиш – солиҳлар йўлининг ибтидоси, ҳақ йўлни ирода қилганларнинг илк қадамлари бўлиб, бобомиз Одам алайҳиссалом бу йўлга дастлаб қадам қўйганлардандир. Ота-боболарга эргашиш фарзандларга нақадар муносиб иш! Демак, одамзот бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Шу жиҳатдан кимки бобосига ўхшаса, бу ҳали зулм эмас. Чунки, бобомиз синганни ямади, бузилганни тузатди, аччиқ пушаймон таъмини тотиб, тавба сари юзланди. Шунинг учун кимки, тавбани тарк қилиб, "хато инсонга азалий мерос" деган қараш билангина гуноҳини оқламоқчи бўлса, албатта адашади.
Ўзни буткул хайрга бағишлаш – муқарраб фаришталарга хос табиат. Ўнгланишни ўйламасдан, фақат ёмонликка берилиш – шайтоний феъл. Ёмонликдан сўнг яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Ким тавба қилса, ўзининг "одам" деган соғлом ўзликка дахлдорлигини исботлаган бўлади. Ким доимо зулму туғёнда бўлса, ўзини шайтонга топширган ҳисобланади. Нафсни буткул хайрга бағишлаб, фаришта бўлиш эса имкондан ташқари ишдир.
Ёмонлик – одамзот тийнатидаги (лойидаги) яхшилик билан жуда пухта, маромига етказиб қорилган маъжун. Бу қоришиқ икки ўтнинг бирида ажралади: ё дунё ҳаётида надомат ўти билан, ёки жаҳаннамда дўзах ўти билан. Инсон бу ҳаётда надомат ўти туфайли жавҳарини ёмонликдан халос этмас экан, охиратда унинг чораси жаҳаннам оловидир.
Ҳозир сенда бу икки ўтдан енгилроғини, тафти пастроғини танлаш имконияти бор. Сен учун тўшалган ихтиёр гилами ҳали йиғиштирилгани йўқ. Ҳали сен жаннатда бўлмасанг-да, зўрлик билан жаҳаннамга ҳам ҳайдалмадинг. То имкон бор экан, надоматга шошил, дўзахдан сақлан...
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан