Тавбанинг вожиблиги ва фазилати

Тавбанинг вожиблиги ва фазилати

Билгилки, тавбанинг вожиблиги оят ва хабарларда баён қилинган. Басирати, яъни, идрок ва зеҳн қуввати очилган кишига бу нарса кундай равшан.
Оллоҳ кўксига иймонни жойлаган инсон унинг нури билан олдидаги жаҳолат зулматларини ёриб ўтишга, ҳар қадамда довдираб, етакчига эҳтиёж сезавермасдан, сабот билан дадил юришга қодир бўлади.

Шунга кўра, солик, яъни, охират йўлчиси икки хил: кўзи ожиз киши каби доимо, ҳар қадамда етовга муҳтож бўлиши ёхуд аввал ҳидоят топиб, сўнг нафсини ҳидоятга бошлайдиган басират соҳиби бўлиши мумкин.
Шунингдек, одамлар ҳам дин йўлида икки тоифага ажраладилар. Кимки бу йўлга қадам қўйиб, тақлиддан нарига ўтолмаса, у ҳар қадамда Оллоҳнинг китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан бирор далилга муҳтож бўлади. Кўпинча эҳтиёжини қондиролмайди, ҳайронлик ичра қолади. Умри қанчалик узун, жидду жаҳди қанчалик қаттиқ бўлмасин, унинг бу ҳаракатида маҳдудлик, қадам ташлашида заифлик бор.
Кимнинг қалбини Оллоҳ Исломга очиб, саодатманд этган экан, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. У озгина ишора билан чалкаш йўл синоатидан огоҳ бўлади, машаққатли довонлардан ошиб, қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғдуга тўлади. Ботинидаги нурнинг порлаши учун озгина баён кифоя. Гарчи олов тегмаса ҳам, худди ёғга ботирилган пиликдек зиё таратади. Агар олов тегса, нур устига нур! Оллоҳ ўзи хоҳлаган кишини Ўз нурига ҳидоят қилади.
Мана шу ҳолни ўзида ҳосил қилган киши тавбанинг вожиблигини билишни хоҳласа, аввало, басират нури ила тавбанинг моҳиятига, кейин унинг вожиблиги маъноси нимадан иборатлигига назар солсин. Сўнгра бу маъноларни ақлида жамлаб, тафаккур қилсин. Шак йўқки, шундан кейин у ўзининг тавба йўлида собит туриши зарурлигига қатъий амин бўлади.
Абадий ҳалокатдан нажот топиб, абадий саодатга эришиш учун тавба вожиб экан, демак, бахт ё бахтсизлик тушунчалари бирор ишни амалга ошириш ёки уни тарк қилишни тақозо этади. Акс ҳолда, вожиб сўзининг маъноси вожиблик сифатини йўқотади.
Қачонки, вожиб сўзининг маъноси абадий саодат йўлидаги восита деб англанса; боқий уйдаги фароғат Оллоҳ таоло дийдори ила ҳосил бўлиши ва ундан тўсувчи ҳар бир нарса шаксиз балога йўлиқтириши, нафс ва унинг истаги орасида воситачи бўлган кишининг фироқ ва жаҳаннам оловида куйиши англанса; дунё истакларига қул бўлиш, бу дунё билан дўст тутиниш, бевафо матоҳларга бутун меҳру муҳаббатни бериб боғланиш Оллоҳ таолонинг дийдоридан узоқлаштирувчи нарсалар экани англанса, шубҳасиз, ўшанда узоқлашиш йўлидан кечиб, яқинлик йўлига қадам қўйиш вожиблиги аён бўлади.
Қачонки, қалб билан бу олам зийнатлари орасидаги алоқа барҳам топиб, унинг ўрнини давомли зикр эгалласа, банда билан Яратувчи ўртасидаги унс ва муҳаббат янада ортади. Муҳаббат кучайган сайин ҳар ким тоқатига яраша улуғлик ва қудрат эгаси бўлмиш Зотга яқинлаша боради, гуноҳ нелигини англайди. Гуноҳ Оллоҳдан юз ўгириш ва шайтонга эргашиш эканини, шайтон Даргоҳдан тўсилгани сабаб Оллоҳдан узоқлаштирувчи душман эканини ичдан ҳис этади. Оқибат, узоқлашишни тарк этиб, яқинлашиш йўлига ўтиш вожиб эканига заррача шубҳа қилмайди.
Бу кечиш илм (гуноҳ нелигини англаш), надомат ва азм билан мукаммал бўлади. Кимки гуноҳлар маҳбубдан узоқлашишга сабаб бўлишини англамас экан, надомат нелигини англамайди. Надомат чекмаган киши дард нелигин англамайди. Кимки дард чекмас экан, демак, қайтмайди.
"Қайтиш"нинг маъноси гуноҳларни тарк этиш ва уларни қайта қилмасликка азмдир. Шубҳасиз, бу уч маъно, яъни – илм, надомат ва азм – маҳбубга етиш йўлидаги заруратлардир. Хуллас, басират нуридан ҳосил бўлган иймон қуввати шу тарзда намоён бўлади.
Аксар халқ бу баланд чўққига кўтарила олмайди. Тақлид ва эргашиш уларнинг нажот қалъасидир.
Келинг, тавба ҳақида Оллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафларимизнинг сўзларига диққат қилайлик:
"Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар" (Нур, 31-оят)6. Бу илоҳий амр ҳаммага қарата айтилган.
"Эй мўминлар, Оллоҳга холис тавба қилинглар" (Таҳрим, 8-оят). Оятдаги "насух" сўзининг маъноси: "Холис Оллоҳ таоло учун", "шубҳалардан холи бўлиб", деганидир.
Оллоҳ таолонинг ушбу сўзи тавбанинг фазилатига очиқ далолат қилади:
"Албатта, Оллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади" (Бақара, 222-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар:
"Тавба Қилувчи киши Оллоҳнинг суйган қулидир. Гуноҳдан тавба қилар экан, гўё у гуноҳи йўқ киши кабидир" (Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўмин бандасининг тавбаси Оллоҳни кўпроқ қувонтиради... ёнида улови, уловида таоми ва суви бўлган бир йўлчи қўрқинчли, хавф-хатарга бой, нотаниш бир жойда тўхтади. Сафар давомида ҳориб-чарчагани боис ўша ерда озгина мизғиди. Уйғониб қараса, ёнида улови йўқ. Уловини роса излади. Борган сари кун қизиб, ташналик ичини ёндирарди. "Оллоҳнинг хоҳлагани бўлди, энди жойимга қайтиб, ўша ерда бўлай. Балки, кўзим илиниб, уйқуда жоним чиққанини сезмай қоларман", деди ўзига ўзи. Кейин бошини билагига қўйиб, гўёки жон таслим қилишга ҳозирдай бир ҳолда ётди. Бир пайт уйғониб қараса, не кўз билан кўрсинки, йўл озиғи ва сувлари ортилган улови қаршисида турарди. Шундай пайтда уловини топган кишининг қувончи қанчалик кучли, самимий бўлади! Мўмин бандаси қилган тавбадан Оллоҳ таолонинг қувончи бундан-да кучлироқдир" (муттафақун алайҳ).
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: "Одам алайҳиссалом Оллоҳ таолога тавба қилгач, фаришталар бундан мамнун бўлишди. Жибрил ва Микоил (уларга Оллоҳнинг саломи бўлсин) Одам алайҳиссалом олдига тушиб дейишди:
– Эй Одам, Оллоҳ берган, кўзларингни қувонтирган бу тавба сенга муборак бўлсин!
Одам алайҳиссалом сўрадилар:
6 Ояти карималар таржимаси Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимасидан олинди. Таржима ва изоҳлар муаллифи Шайх Алоуддин Мансур.
– Эй Жибрил, бу тавбадан сўнг менинг мақомим қаерда бўлади?
Оллоҳ таоло унга ваҳий қилди:
– Эй Одам! Машаққат ва азоб-уқубатни зурриётингга мерос қилдим, уларга тавбани мерос қилдим. Кимки Менга дуо қилса, худди сенга жавоб берганимдек, унинг дуосига ҳам жавоб бераман. Кимки Мендан мағфират тиласа, унга бахиллик қилмайман. Эй Одам, Мен дуогўйга энг яқин ва дуоларни ижобат қилгувчи зотдирман. Тавба қилувчиларни хушнуд ва жилмайган ҳолларида қабрлардан чиқариб, маҳшаргоҳда тўплайман, уларнинг дуолари мустажобдир".
Бу хусусда келган ахбор ва асарлар беҳисоб. Уммат тавбанинг вожиблигига ижмоъ қилган. Зеро, вожибнинг маъноси – Оллоҳ таолодан йироқлаштирувчи, ҳалокатга судровчи маъсият ва гуноҳларни англашдир. Бу эса иймоннинг вожиблигига дохил жиҳатдир. Лекин баъзида айнан мана шу жиҳатдан ғафлатда қолиш кишини даҳшатга солади. Аслида мазкур илм, яъни, гуноҳнинг ҳалокатли бўлишини англаш ўша ғафлатни кеткизишдир.
Тавбанинг яна: "дарҳол гуноҳларни тарк қилмоқ", "келажакда гуноҳни такрорламасликка азм этмоқ", "ўтган хатоларни ўнгламоқ", каби маънолари бор.
Дарҳақиқат, ўтган хатодан пушаймон бўлиб, ғамга ботиш мусулмон учун вожибдир. Бу ҳол – тавбанинг руҳи, у билан ўнгланиш камолига етади. Шундай экан, тавба қандай вожиб бўлмасин?!
Тавба шундай оғриқки, у бекор ўтаётган умрни ҳис қилиш, Оллоҳнинг ғазаби остида зоеъ бўлаёзган бебаҳо неъмат – ўтган ва ўтаётган кунларни ўйлаб, қонли ёшлар тўкишдир.
Агар сен: "Қалб оғриғи ихтиёрий эмас, зарурат туфайли туғилади. Шундай экан, қандай қилиб, у вужуб сифати билан сифатланиши мумкин?" десанг, жавоб шуки, маҳбуб нарсанинг қўлдан кетганини англаш қалбга азоб беради. Бу оғриқда оғриқнинг сабаби томон йўл бор. Худди шунингдек, илм, яъни, гуноҳнинг ҳалокатли эканини англаш – вужубда, яъни, тавбанинг вожиблиги ичида мавжуд. Бундан зинҳор, "банда илмни яратади ва уни онгида пайдо қилади, деган маъно келиб чиқмаслиги керак.
"Ахир банда бирон ишни қилиш ва қилмасликда ихтиёрли эмасми?" десанг, айтамиз, ҳа, бандага ихтиёр берилган. Лекин бу гап ушбу: "Бутун борлиқни Оллоҳ таоло яратган, ихтиёр ҳам Оллоҳнинг хилқати. Банда ўзига берилган ихтиёрга муҳтож қилиб яратилган", деган сўзимизга зид эмас.
Оллоҳ таоло соғлом қўлни ва ширин таомларни яратди. Ошқозонда таом учун истакни, қалбда таомнинг истакни қондириши ҳақида хабар берувчи илмни яратди. Шу билан бирга, "таомда зарар бўлиши мумкинми, уни тановул этишга монелик қиладиган сабаб йўқми?" деган каби зиддиятли ўй-фикрларни ҳам яратди. Яна ўша таомни тановул қилишга монеъ бўладиган сабабнинг йўқлигини билдирадиган илмни ҳам яратди. Бу сабаблар жамланганидан сўнг ирода "таомни тановул қилиш мумкин", деган тўхтамга келади.
Ҳар хил ўй-фикрларнинг тараддудидан кейин, таом учун хоҳиш воқе бўлганидан сўнг юзага чиққан ироданинг тўхтами ихтиёр деб номланди. Ихтиёр ҳосил бўлиши учун унинг ҳамма сабаблари охиригача юзага чиқиши лозим.
Оллоҳ таоло тарафидан яратилган ирода қачон жазм ҳосил қилса, ўшанда соғлом қўл қийинчиликсиз таомга чўзилади. Ирода ва қудрат мукаммал бўлганидан сўнг, бирон ишнинг юзага чиқиши заруратга айланади, ҳаракат ҳосил бўлади. Қудрат ва ироданинг жазми ҳосил бўлгач, ҳаракатни Оллоҳ яратади. Қудрат ва ироданинг жазми ҳам Оллоҳ тарафидан яратилгандир. Ироданинг жазми ҳақиқий истак ва тўсиқларнинг йўқлигини англашдан сўнг ҳосил бўлади. Бу истак ва англаш ҳам Оллоҳ томонидан яратилган. Лекин бу яратилмишлар Оллоҳ таолонинг қонунига кўра жорий тартиб асосида, баъзиси баъзисининг натижаси ўлароқ намоён бўлади:
"Сиз ҳаргиз Оллоҳнинг суннати, қонунининг ўзгарганини кўрмассиз" (Фотир, 43-оят).
Оллоҳ таоло қўлга қудратни, ҳаётни, қатъий иродани бермагунича, тартибли бир ёзувни ёзиш учун қўлнинг ҳаракатини яратмайди, истак ва нафсдаги майлни яратмагунича, қатъий иродани халқ этмайди. Шунингдек, майлнинг ҳозир ёки келажакда нафсга мувофиқ эканини билиш туйғуси яратилмагунича бу майл тўла юзага чиқмайди. Албатта, бу билиш туйғусининг яратилиши ҳам ҳаракат, ирода ва илм каби бошқа сабабларга боғлиқ.
Илм ва табиий майлдан сўнг қатъий ирода юзага чиқади. Қудрат ва ирода изидан эса ҳаракат эргашиб келади. Банданинг барча феълида мана шу тартиб мавжуд. Буларнинг ҳаммаси Оллоҳ таоло тарафидан бири бошқасини тақозо этувчи қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам бу феълларнинг бири олдин, бошқаси кейин юзага чиқиши вожиб. Худди илмдан кейин ирода, ҳаётдан кейин илм, жисмдан кейин ҳаёт яратилгани каби. Шунга кўра, "жисмдан ҳаёт туғилади", эмас, балки жисмнинг яратилиши ҳаётнинг пайдо бўлиши учун шарт, "ҳаётдан илм туғилади", эмас, балки ҳаётнинг яратилиши илм яратилиши учун бир шартдир, десак тўғри бўлади. Ҳаёт мавжуд бўлсагина, илмни қабул қилиш учун жой ҳозирланган ҳисобланади. Демак, "ирода илмдан пайдо бўлди" эмас, балки илмнинг яратилиши ироданинг жазми учун шарт, дейиш мақсадга мувофиқдир. Иродани ҳаёт ва илм соҳиби бўлган жисмгина қабул қилади...
Хуллас, тавба ўзининг илм, надомат ва тарк (гуноҳни тарк қилиш) каби барча қисмлари билан вожибдир.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.