Мақбул тавба шартлари

Мақбул тавба шартлари

Билгилки, агар "қабул" (қабул бўлиш) сўзининг маъносини фаҳмласанг, ҳар қандай саҳиҳ тавбанинг мақбул эканига шубҳанг қолмайди. Қуръон нурларидан қувват олиб, басират кўзи билан кўрувчилар биладилар: ҳар қандай салим қалб Оллоҳ ҳузурида мақбулдир; охиратда Оллоҳ таолога қўшни – яқин бўлиш саодати билан неъматлангандир; Оллоҳ таолонинг дийдорига боқий кўз билан назар солишга ҳозирдир. Қалб аслан салим яратилиши, ҳар бир чақалоқ исломий фитратда дунёга келиши, кейинчалик гуноҳлар ғубори ва зулмати қалб саломатлигини емириши уларга маълум. Улар биладилар: надомат ўти гуноҳлар ғуборини куйдириб кул қилади, яхши амаллар нури ёмон амаллар зулматини қалбнинг юзидан сидириб ташлайди.

Кир қуйқаси совуннинг кўпиртиришига, тун шарпаси Қуёш ёғдусига дош беролмаганидек, маъсиятлар зулмати савоб амаллар нурига тоқат қилолмайди. Бу дунё султонлари кир кўйлакни либос ўрнида қабул қилмас экан, нечун бутун оламлар рабби бўлган Оллоҳ таоло қорайган қалбни ўзига қўшни – яқин бўлишга муносиб билсин?!
Ифлос юмушларда ишлатилган либос кир бўлгани каби шаҳватлар йўлида ишлатилган қалб ҳам кирланади. Кирини кетказиб, тоза қилиш учун либосни иссиқ сувда совун билан ювиш лозим. Қалб эса, тавба кўз ёшлари ва надомат ўти билан ювилсагина, бундай кир-ғуборлардан покланади.
Ҳар қандай тоза либос ёқимли бўлганидек, қалб ҳам покиза бўлсагина мақбулдир. Тозалик ва поклаш сизнинг зиммангизда. Қабул эса тақдири азалийда битиб қўйилган, Оллоҳ таоло ҳузуридан бериладиган неъматдир. Улуғ ва қудратли Оллоҳ уни ўз каломида "фалаҳ" (нажот) деб номлади:
"Дарҳақиқат, уни (қалбни) поклаган киши нажот топди" (Ваш-Шамс, 9-оят).
Қалб маъсиятдан ва тоатдан бир-бирига зид таъсирлар олади. Жаҳолат зулмат лафзи билан сифатланганидек, маъсиятдан олинган таъсирга ҳам зулмат сифатини бериш мумкин. Шунингдек, илм нур лафзи билан сифатланганидек, тоатдан олинган таъсирга нур сифати берилади. Нур ва зулмат қарама-қарши иккита хилқат бўлгани учун уларнинг орасини зарурий зиддият ажратиб туради. Демак, ўзаро зид бўлган нур ва зулматнинг бирлашуви тасаввурдан йироқдир.
Кимки мана шу айтилганларни кўз билан кўргандан сўнг ҳосил бўладиган билишдан кучлироқ деб тан олинган маърифат билан, яъни, моддий эмас, маънавий воситалар билан англамас экан, у гўё диннинг мағзини қўйиб, пўстини олган кишига ўхшайди. У киши диннинг ўзига эмас, унинг номигагина боғланган. Қалби диннинг ҳақиқатини, ҳатто ўз нафсининг ҳақиқатини, унинг сифатларини билишдан тўсилгандир. Ўз нафсини танимаган киши бошқани қандай танисин?
Узоқ вақт давомида йиғилиб, либоснинг тўқималаригача сингиб кетган кирларни шунчаки совун ёрдамида чайиш билан кетказиб бўлмайди. Совун бундай ёпишқоқ кир – доғларни буткул кетказишга қодир эмас. Бу худди гуноҳлар йиғилиб, ичкарини занг қоплаб, қалбнинг муҳрланиб қолишига ўхшайди. Муҳрланган қалб тоатга қайтиш нелигини, тавба қилиш нималигини билмайди.
Бундай қалб эгаси баъзан тилида "тавба қилдим", дейди. Бамисоли, матони оққа бўёвчи киши тил учида "кўйлакни ювдим", деганидек. Аслида бу билан либос покланмайди. То либосга ўрнашган кир-доғ унинг зидди бўлган нарсани қўллаб покланмагунича, либос ўзининг асл сифати – покликка қайтмагунича бу ҳол давом этаверади. Бу тавбадан юз ўгириш ҳолатидир. Бу ҳолат бизга бегона эмас. Дунёга қучоғини тўла очиб, Оллоҳдан батамом юз ўгирган кишиларнинг барчасида бу ҳолни кузатиш мумкин.
Тавбанинг қабул бўлиши хусусида айтилган бу гаплар басират эгаси бўлган кишиларга кифоядир. Шундай бўлса ҳам оятлар, хабарлар ва асарларни нақл қилиш, билиш билан уларни тасдиқлаймиз. Негаки, ҳар қандай жиддий кузатув, жиддий мулоҳазага Китоб ва суннат гувоҳ бўлмас экан, у ишончсиздир.
Оллоҳ таоло айтади:
"У (Оллоҳ) бандаларидан тавба-тазарруни қабул қиладиган, ёмонликларни авф этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган зотдир" (Шўро, 25-оят);
"(Ушбу Қуръон) қудратли ва билгувчи, гуноҳни мағфират қилгувчи, тавба-тазарруни қабул қилгувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Оллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир..." (Ғофир, 2 – 3-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Албатта, улуғ ва қудратли Оллоҳ, то қуёш мағрибдан чиқадиган кун келгунича кечадан кундузга қадар, кундуздан кечага қадар тавбага қўл очади" (Муслим ривояти).
"Тавбага қўл очиш"дан мурод тавбани хоҳламоқдир. Яъни, Оллоҳ таоло бандасининг тавба қилишини истайди. Истак қабулни тақозо этади. Киши бирон нарсани истамаса, уни қабул қилиши ҳам мумкин, қабул қилмаслиги ҳам мумкин. Лекин истаса, албатта қабул қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Агар кўкка етгудек гуноҳлар қилиб, кейин хатоларингиздан пушаймон бўлсангиз, албатта Оллоҳ тавбангизни қабул қилади" (Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Банда гуноҳ қилади, кейин шу гуноҳи туфайли жаннатга киради", дедилар. "Бу қандай бўлади, эй Расулуллоҳ?" деб сўрашди. "Содир этган гуноҳи доимо ўзининг кўз ўнгида туради. Гуноҳдан тавба қилади, ундан қочади, ҳатто жаннатга киради", дедилар Набий алайҳиссалом (Ибн Муборак ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: "Гуноҳнинг каффорати пушаймонликдир" (Аҳмад, Табароний, Байҳақийлар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Гуноҳдан тавба қилувчи киши гуноҳи йўқ киши кабидир".
Ривоят қилинишича, бир ҳабаший жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Эй Оллоҳнинг расули, мен фаҳш ишлар қилган эдим, энди тавба қилишим керакми?"-деб сўради. "Ҳа", дедилар Сарвари олам. У аста юра бошлади, сўнг орқасига қайтиб, яна сўради: "Эй Оллоҳнинг расули, у ишларни қилганимда Оллоҳ мени кўриб турганмиди?" "Ҳа", дедилар яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. Шунда ҳабаший чинқириб юборди ва ўша заҳоти жон таслим қилди"9.
Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло иблисни лаънатлаган пайтда малъун иблис Оллоҳ таолодан муҳлат сўради. "Қиёматгача сенга муҳлат бердим", деди улуғ ва қудратли Зот. "Улуғлигингга қасамки, – деди Иблис, – то жони жасадини тарк этмагунича, Одам фарзандларининг қалбидан чиқмайман". "Улуғлигим ва буюклигимга қасамки, – деди улуғ ва буюк Зот, – то руҳи танасида экан, бандаларим учун тавба эшиги очиқдир" (Аҳмад, Абу Йаъло, Ҳаким ривояти, саҳиҳ).
Бундай хабарларни кўплаб келтириш мумкин.
Энди улуғларимиздан қолган сўзларга қулоқ тутайлик.
Саид ибн Мусаййаб Оллоҳ таолонинг:
"Зеро, у тавба қилувчиларни мағфират этувчи бўлган зотдир" (Исро, 25) ояти хусусида дейди: "Бу оят гуноҳ қилган, сўнг гуноҳидан тавба қилган, кейин яна гуноҳ қилиб, гуноҳидан тавба қилган киши хусусидадир".

Фузайл дейди: "Оллоҳ таоло: "Гуноҳкорларга хушхабар беринг, агар тавба этсалар қабул қиламан. Сиддиқларни огоҳ этинг, агар уларга адлим билан ҳукм юргизсам, азобланажаклар", деб айтган".
Талқ ибн Ҳабиб айтади: "Оллоҳнинг ҳақлари бандасининг у ҳақларни адо қилишидан улуғроқдир. (Яъни, банда қанчалик уринмасин, бу ҳақларни тўла адо қилолмайди.) Лекин банда тавба билан тонг оттиради ва тавба билан кун боттиради".
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу дейди: "Кимки гуноҳини эслаб алам чекса, кейин қалбида бундан қўрқув ҳосил бўлса, унинг бу гуноҳи Уммул китобдан (Лавҳул маҳфуз) ўчирилади".
Ривоят қилинади: "Бани Исроил пайғамбарларидан бири гуноҳ содир этди. Оллоҳ таоло унга ваҳий қилди: "...Улуғлигим ҳаққи, агар яна такрорласанг, албатта сени азоблайман". Шунда у: "Эй Раббим, Сен Сенсан, мен менман. Улуғлигингга қасамки, агар ўзинг мени асрамасанг, шаксиз яна гуноҳга ботаман". Кейин Оллоҳ таоло уни гуноҳдан сақлади".
Ўтган азизлардан бири дейди: "Банда бир гуноҳни содир этар экан, то жаннатга киргунча ундан пушаймон ейди. Шунда Иблис: Кошкийди, уни гуноҳга ботирмаган бўлсам", деб афсус чекади".
Ҳабиб ибн Собит дейди: "Қиёмат куни кишига гуноҳлари кўрсатилади. Кейин у гуноҳи ёнидан ўтаётиб: "Ахир мен гуноҳдан қўрқмасмидим?!" деб айтади. Шунда унинг гуноҳи кечирилади.
Ривоят қилинишича, бир киши Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан: "Содир этган гуноҳим учун тавба борми?" деб сўради. Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ундан юзини ўгирдилар. Кейин яна унга қайрилиб қаради ва кўзларидан ёш оқаётганини кўрди. Сўнг унга деди: "Жаннатнинг саккизта эшиги бор, биттасидан бошқа барчаси очилади ва ёпилади. Фақат битта тавба эшигигина доимо очиқдир. Эшикнинг ёпилмасдан очиқ туриши учун битта фаришта тайинланган. Бас, ноумид бўлма, солиҳ амал қил!"
Абдураҳмон ибн Абу Қосим дейди: "Оллоҳ таолонинг:
"...агар (куфридан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур" деган (Анфол, 38) оятини эсладик. Шунда Абдураҳим: "Умид қиламанки, мусулмон киши Оллоҳ ҳузурида бундан-да гўзал ҳолатда бўлади. Энди англаяпман, мусулмоннинг тавбаси исломдан кейинги ислом каби экан, деди".
Абдуллоҳ ибн Салом розийаллоҳу анҳу дейди: "Сизга фақат Оллоҳнинг расулидан ёки Оллоҳнинг китобидан шуни айтаманки, банда бирор гуноҳни қилиб қўйиб, кейин кўз юмиб очгунича ундан пушаймон бўлар экан, гуноҳи кўз юмиб очишидан ҳам тезроқ тўкилади".
Умар розийаллоҳу анҳу дейди: "Тавба қилувчилар мажлисига шошилинг, чунки, улар қалблари ҳалим зотлардир".
Бир киши:
– Оллоҳ қачон мени мағфират қилишини биламан,- деди.
– Қачон?" деб сўрашди.
– Тавбам қабул бўлган заҳоти, - деди у.
Яна бири айтади: "Мен мағфиратдан маҳрум бўлишдан кўра тавбадан маҳрум бўлишдан кўпроқ қўрқаман".
Ривоят қилинишича, Бани Исроилда бир ёш йигит бор экан. У Оллоҳ таолога йигирма йил ибодат қилибди. Кейин яна йигирма йил гуноҳ ишлар билан машғул бўлибди. Кунлардан бир куни ойнага қараб, соқолига оқ оралаганини кўрибди. Бундан нохуш бўлиб, илтижо қилибди: "Илоҳим, йигирма йил сенга итоат этдим, кейин йигирма йил маъсиятга ботдим. Энди ўзингга қайтсам, тавбамни қабул қилурмисан?" Шунда ғойибдан садо келибди: "Бизни суйдинг, биз ҳам сени суйдик, бизни тарк этдинг, биз ҳам сени тарк этдик, бизга итоатсизлик қилдинг, сенга муҳлат бердик. Агар бизга қайтсанг, тавбангни қабул қилурмиз".
Оллоҳ таоло раҳматига олсин, Зуннун Мисрий дейди: "Оллоҳнинг шундай қуллари бор, улар гуноҳ дарахтларини қалбнинг назар тушадиган жойларига экдилар ва уни тавба суви билан суғордилар. Дарахтлар пушаймонлик ва ҳазинлик ҳосилини берди. Улар жунунсиз мажнун бўлдилар. Улар ҳайрат ичра қотдилар, лекин ҳайратдан дудуқланиб, соқовланиб қолмадилар. Чунки, улар Оллоҳ ва Расулини танигувчи болиғ, фасиҳ, ориф эдилар. Кейин улар сафо косасини симирдилар, натижада, узоқ синовларга сабрли бўлишни мерос қилиб олдилар. Сўнгра уларнинг қалблари малакут оламида бехуд бўлди, фикрлари жабарут пардалари аро кезди. Улар надомат равоқининг соясида тўхтадилар ва гуноҳлар саҳифасини ўқидилар. Натижада улар ўз нафсларига қўрқинчу қайғуни мерос қолдирдилар. Ҳатто тақво нарвони билан зуҳд чўққисига кўтарилдилар. Дунёдан кечиш аччиғини ширин дедилар, қўпол, дағал тўшакни майин билдилар. Ҳатто нажот қалъасини эгаллаб, омонлик ҳалқасини маҳкам тутдилар. Руҳлари юксак-юксакларга талпиниб, жаннат боғларида қўним топдилар. Тириклик денгизига шўнғиб, қўрқув ва қайғу ҳандақларини кўмдилар. Ишқу иштиёқ кўприкларидан ўтиб, илм майдонига чодир тикдилар. Ҳикмат дарёсидан ҳовучлаб ичиб, зако кемасига миндилар. Нажот шамоли эсиб, омонлик баҳрида сузиб кетдилар. Сўнгра сакинат боғларига, иззат ва ҳурмат конига етдилар".
Мана шу айтилган сўзлар ҳақиқий тавбанинг шаксиз мақбул эканига кифоя эмасми?!
Сен менга: "Бу қарашингиз билан мўътазилийларнинг: "Тавбани қабул қилиш Оллоҳга вожибдир", деган сўзларини такрорламаяпсизми?" деб эътироз билдиришинг мумкин.
Юқорида келтирганларим тавбани қабул қилиш Оллоҳга вожибдир, деган маънони англатмайди. Масалан, шундай дейиш мумкин: агар кийим совун билан ювилса, кирнинг кетиши вожиб бўлади (яъни, албатта кири йўқолади). Ташна киши сув ичса, чанқоғининг йўқолиши вожиб (яъни, албатта чанқоғи босилади). Агар у бир муддат сувдан тўсилса, ташналик вожиб бўлади. Ташналик давом этаверса, ўлим вожиб бўлади.
Бу каби сўзларда мўътазила ирода қилганидек, "Оллоҳ таолога ниманидир вожиб қилиш" маъноси йўқ. Гап шуки, Оллоҳ таоло тоатни маъсиятга каффорат, яхшиликни ёмонликни кетказувчи қилиб яратди. Худди сувни ташналикни қондирувчи қилиб яратгани каби. Агар хоҳласа, Оллоҳ бунинг тескарисини ҳам қилишга қодир. Оллоҳ таолога ҳеч нарса вожиб эмас. Лекин У зотнинг азалий иродаси нимага қарор этса, шубҳасиз, унинг бўлиши вожибдир.
Билгилки, тавба гуноҳни тарк этишдир. Бирон нарсани тарк этиш учун аввал уни билиш лозим. Тавба вожиб бўлган заҳоти унга боғлиқ нарсалар ҳам вожиб бўлади. Демак, гуноҳларни билиш ҳам вожибдир. Гуноҳ Оллоҳ таолонинг амрига хилоф равишда бирон феълни тарк этиш ёки қилишдир. Буни бутун тафсилоти билан баён қилиш учун шаръий таклифларни бошидан охиригача шарҳлаш керак. Лекин бизнинг мақсадимиз бу эмас. Биз фақат гуноҳнинг умумий томонларига, уларнинг қисмлари ўртасидаги боғланишларга тўхталамиз. Оллоҳ бизни ўз раҳмати билан тўғриликка йўлласин.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Last modified on 09/01/2018

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.