Охиратдаги даражалар
Билгилки, бу дунё мулк ва шаҳодат (кўзга кўринувчи, моддият) оламидан, охират эса ғайб ва малакут (илоҳиёт) оламидан иборат. Дунё деганда ўлимдан олдинги, охират деганда эса, ўлимдан кейинги ҳолат назарда тутиляпти. Демак, сенинг дунё ва охиратинг – сенинг сифат ва ҳолатларингдир. Бу сифат ва ҳолатларнинг яқинроғи дунё, узоқроғи охират деб номланди.
Биз ҳозир охират дунёси ҳақида суҳбатлашмоқчимиз. Чунки, айни пайтда мулк оламидан иборат дунёдамиз, шу дунёда туриб гапиряпмиз. Шундай эса-да, мақсадимиз – малакут олами бўлмиш охиратни шарҳлаш. Аслида мулк оламида малакут оламини шарҳлаш тасаввурга сиғмайди. Аммо мажозий суратда, зарбулмасал воситасида бу ишни қайсидир даражада эплаш мумкин. Оллоҳ таоло айтади:
"Ушбу масалларни Биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар" (Анкабут, 43-оят).
Чунки, мулк олами малакут оламига нисбатан уйқудир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: "Инсонлар уйқудадирлар, ўлгач уйғонурлар", деганлар. (Бу ҳадиснинг санади Расулуллоҳгача бормаган. Али ибн Абу Толибга нисбат берилган.)
Ўнгда рўй бериши мумкин айрим ҳодисалар тушда аён бўлишини тажрибалар орқали биламиз. Шунингдек, ухровий уйғоқликда рўй берадиган ҳодисалар дунёвий уйқуда намоён бўлмаса ҳам, мажозан масалларда аён бўлиши мумкин. Масаллар деганда таъбир илмидан биладиганларимизни назарда тутяпмиз. Учта мисол келтирамиз. Тушунган кишига шулар кифоядир.
Бир киши Ибн Сириннинг ҳузурига келиб деди: "Туш кўрдим. Тушимда узугимдаги муҳр билан эркакларнинг оғизларини, аёлларнинг фаржларини муҳрлаётган эканман". Ибн Сирин бу тушни шундай таъбир қилди: "Сен муаззинсан, рамазон ойида тонг отишидан олдин азон айтар эдинг". "Ҳа, тўғри айтдингиз", деди у киши.
Ибн Сириндан яна бошқа бир киши тушининг таъбирини сўради: "Тушимда зайтун ёғини зайтун дарахтига тўкаётганимни кўрдим,- деди у. – Агар қарамоғингда сотиб олган чўринг бўлса, унинг илгариги тақдирини суриштир. Албатта, сен гўдак пайтингда онанг асирга тушган. Чунки зайтун дарахти зайтун ёғининг аслидир. Аслдан чиққан нарса, албатта, аслга қайтади",- деб жавоб қилди Ибн Сирин. Кейин у киши бу ҳолатни ўрганиб, шунга амин бўлдики, қарамоғидаги чўри у гўдаклик пайтида асир тушиб кетган ўз онаси экан.
Яна бир киши Ибн Сиринга: "Тушимда тўнғизларнинг бўйинларига маржон тақаётганимни кўрдим",- деди. Ибн Сирин унга: "Ҳикматни ҳикмат аҳлига эмас, ҳикматдан бегона одамларга сочаётган экансан",- деб айтди. Бу туш таъбири ҳам Ибн Сирин айтганидек бўлиб чиқди.
Таъбир йўли бошдан-охир рамзлардан иборат бўлади. Таъбирлардаги рамзий масаллар қиссадан ҳисса чиқаришни ўргатади. Биз масал деганда суратдаги маънони назарда тутяпмиз. Агар масал маъносига диққат қилсанг, тўғриликни топасан. Агар сурати, шаклига боқсанг, ёлғондек туюлади. Масалан, узукдаги муҳрнинг фақат шаклига назар солган муаззин у билан фаржларни муҳрлаш мумкинлигига ишонмайди. Чунки, ҳеч қачон фаржлар муҳр билан муҳрланмаган. Агар муаззин рамзлар маъносига назар солса, масалнинг тўғрилигига ишонади. Негаки, рамзлар масалнинг маъносини очиб беряпти. Оғизларнинг муҳрланиши ейиш-ичишдан тийилиш, фаржларнинг муҳрланиши – жинсий алоқадан тийилиш маъносини англатяпти.
Дарҳақиқат, пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳам умматларига ҳақни изҳор қилар экан, масаллар билан мурожаат этганлар. Чунки, уларга одамларнинг ақллари кўтарадиган даражада гапириш вазифаси топширилган. Одамларнинг ақл даражасига келсак, улар уйқудадирлар. Уйқудаги кишига нарсалар моҳияти туш орқали намоён бўлади. Зеро, инсонлар ўлгач, уйғонурлар ва тушнинг ҳақиқат эканини англайдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўминнинг қалби Раҳмоннинг иккала бармоғи орасидадир",- деганлар.
Бу мисолни олим кишиларгина англайди. Жоҳиллар таъвил деб номланмиш тафсир илмидан бехабар бўлгани учун бу мисолнинг зоҳиридан нарига ўтолмайди. Натижада Оллоҳ таолони қўл ва бармоқ билан тасаввур қиладилар. Оллоҳ таоло бундай ноқис тасаввурлардан юқори ва улуғдир. Шунингдек, "албатта, Оллоҳ Одамни ўзининг суратида яратди", ҳадисидаги "сурат" сўзини ҳам ранг, шакл, ҳайъат сифатлари билан изоҳлашади. Лекин Оллоҳ таоло бандага хос бундай сифатлардан пок ва юксак зотдир. Баъзида худосиз кишилар охират манзаралари хусусида келтирилган масалларни уйдирма деб топиб, инкор қилишади. Чунки, уларнинг назари зоҳирий сурат атрофида қотиб қолган, ичлари эса зиддиятга тўла.
Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"Қиёмат куни ўлим кўзларига оқ тушган қўй суратида келтирилади, сўнгра сўйилади" (муттафақун алайҳ). Худосиз аҳмоқлар бундай хабардан жазавага тушишади. Бу хабарни пайғамбарларнинг ёлғончи эканига далил сифатида келтириб: "Ажабо! Ўлим моддий бўлмаган борлиқ, қўй эса моддий бир жисм бўлса, қандай қилиб моддий бўлмаган борлиқ моддий жисмга айланиши мумкин? Йўқ, бу муҳол нарса!"- дейишади.
Ҳа, ўша аҳмоқларнинг бу иш сир-асроридан воқиф бўлишлари анчайин мушкул. Оллоҳ таоло уларни бу маърифатдан узоқлаштирган:
"Биз ушбу масалларни одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар" (Анкабут, 43-оят).
Охиратга нисбатан уйқу ҳисобланган бу дунёда пайғамбарлар одамларга юзланиб, асл маъноларни зарбулмасаллар воситасида етказдилар. Келтирилган мисоллар Оллоҳ таолонинг ҳикмати ва бандасига лутфи сифатида фаҳмларда жонланади, банданинг идроки ожизлик қиладиган ўринларда ёрдамга келиб, илғаш ва англашни осонлаштиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Қиёматда ўлим кўзларига оқ тушган қўй суратида келтирилади..." деган сўзлари бир мисолдир. Охират азобларидан ўлиб қутилиб бўлмайди. Чунки у ёқда ўлимнинг ўзи йўқ. Шундай экан, охиратда азобдан халос бўлиш учун ўлимга умид боғлаш бефойда. Ҳадисдаги мисол мана шу маънони етказиш учун келтирилган. Қалб шундай мисоллардан таъсирланишга мойил қилиб яратилган. Шундай мисоллар воситасидагина маънолар қалбга мустаҳкам ўрнашади. Қуръони каримда қудратнинг энг сўнг чегараси шундай ифодаланган:
"Бирор нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина "Бўл", демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур" (Ёсин, 82-оят).
Энди мавзуга қайтсак, мақсадимиз — охиратдаги даражаларнинг дунёда қилинган яхшилик ва ёмонликларга қараб тақсимланишини таърифлаш. Албатта бу иш ҳам фақат масаллар воситасида амалга ошиши мумкин.
Одамлар охиратда бир неча тоифага бўлинадилар. Худди дунёда бахт ва бахтсизлик фарқлангани каби охират саодатининг даражалари ва шақоватининг табақаларида ҳам сонсиз тафовутлар мавжуд. Айни шу жиҳатдан бу дунё охиратга ўхшаб кетади. Чунки, мулк оламининг ҳам, малакут оламининг ҳам бошқарувчиси битта, ягона зотдир. У зотнинг азалий иродасидан келиб чиқувчи қонуни ўзгармасдир.
Одамлар охиратда зарурий равишда тўрт қисмга ажраладилар:
– ҳалок бўлувчилар;
– азобга дучор бўлганлар;
– нажот топганлар;
– зафар қучганлар.
Бунинг дунёдаги мисоли шундай: Бир подшоҳ қайсидир ўлкани забт этар экан, халқининг баъзисини ўлдиради. Улар ҳалок бўлувчилардир. Баъзисини ўлдирмасдан, бирор муддат исканжага олиб туради. Улар азобга дучор бўлганлардир. Айримлари озод қўйиб юборилади. Улар нажот топганлардир. Айримлари тақдирланадилар, улар зафар қучганлардир.
Агар подшоҳ одил бўлса, мана шу тақсимотни муносиб ва мувофиқлик ила амалга оширади. Шоҳликка мустаҳиқлигини инкор этувчиларни, давлатнинг асосига қарши чиқувчиларнигина ўлдиради. Ким подшоҳнинг салтанатини, унинг мақоми улуғлигини эътироф этгани ҳолда, хизматида қосирлик қилса, жазоланади. Ким шоҳлик мартабасини эътироф этиб, тақдирланадиган даражада бўлмаса ҳам, жазога тортилмайдиган даражада хизмат қилса, озод қўйилади. Ким бутун умрини шоҳнинг хизматига бағишлаб, кўмакка тайёр турса, у тақдирланади, зафар қучувчилар жумласидан бўлади. Ҳалок бўлувчиларнинг жазоланишида ҳам тафовут бор, кимларнингдир боши кесилса, кимлардир итоатсизлигининг даражасига қараб, мусла қилинади (аъзолар кесилади). Жазоланувчиларнинг енгил ё қаттиқ, узоқ муддатли ё қисқа ва бошқа тур жазолар билан азобга дучор этилиши исёнлари даражасига кўра белгиланади.
Хуллас, рутбалар беҳисоб даражаларга бўлинади, уларни санаб чиқишнинг имкони йўқ.
Охиратда ҳам одамлар ушбу мисолдагидек фарқланадилар. Кимдир ҳалок бўлади, кимдир бир муддат азобланади. Яна кимдир тинчлик диёрида нажот топади ва кимдир зафар қучади. Зафар қучувчилар "жаннату адн" ё "жаннатул маъво" ёки "жаннатул фирдавс"да қўним топувчи синфларга ажраладилар. Азобга дучор бўлувчилар – озгина ё минг йил ёки етти минг йил азобланувчи гуруҳларга бўлинадилар. Хабарда10 ворид бўлишига кўра, улар дўзахдан энг охирда чиқувчи кишилардир.
Дўзахнинг пастлаб борувчи табақаларидаги тафовут ҳам тоат ва маъсиятнинг хилларига қараб фарқланади.
Келинг, бу табақаларнинг тоат ва маъсиятларига кўра тақсимланишига бир назар солайлик.
Биринчи рутба. У Оллоҳ таолонинг раҳматидан умид узган ҳалок бўлувчилар рутбасидир. Чунки, подшоҳнинг ризолиги ва ҳурматидан уларнинг умиди йўқ. Юқорида келтирилган мисолнинг маъноларига диққат қилсангиз, бунга амин бўласиз. Бу рутба ҳақни инкор қилувчилар, ҳақиқатдан юз ўгирувчилар, дунёга муккасидан кетганлар, Оллоҳни, Оллоҳнинг расуллари ва китобларини ёлғон деювчиларнинг даражасидир.
Билгил, ухровий саодат Оллоҳга яқинликда, Оллоҳнинг дийдорига етишда. Бундай даражага фақат иймон ва тасдиқ деб номланган маърифат билангина сазовор бўлиш мумкин. Инкор қилувчилар мункир, ёлғон деб топувчилар эса Оллоҳ таолонинг раҳматидан абадул абад ноумид бўлган кишилардир. Улар бутун оламлар Раббини, унинг жўнатган пайғамбарларини ёлғончиликда айблашди. Албатта, улар ўша кунда ўз Парвардигоридан тўсилишига шубҳа йўқ. Маҳбубидан тўсилган ҳар бир киши ўзи ва истак-орзуси ўртасидаги деворни ҳис қилади, фироқ ўти билан жаҳаннам оловини ёндиради. Шунинг учун ҳам орифлар дейдилар: "Бизнинг қўрқинчимиз жаҳаннам оловидан эмас, оҳу кўзли ҳурларга ҳам кўз тикмаймиз. Балки, бизнинг ёлғиз талабимиз – дийдор, дийдоридан тўсувчи пардадан сақланиш, холос".
Яна дейилади: "Ким қилаётган ибодатига Оллоҳдан эваз тамаъ этса, у миннатчи, таъначидир". Гўё у жаннатни хоҳлагани ёки дўзахдан қўрққани учун ибодат қилади. Ориф киши эса Оллоҳнинг зоти учун ибодат этади, ягона орзуси ҳам Оллоҳнинг зоти. Ориф кишининг оҳу кўзли ҳурларга, жаннат меваларига хоҳиши йўқ, дўзах оловидан ҳам ҳа-йиқмайди. Чунки унинг вужудини фироқ ўти эгаллаган. Энди унга жисмларни ёндирувчи жаҳаннам оташи писанд эмас. Негаки, фироқ ўти – Оллоҳнинг ўти. Қалбларга туташувчи бу ўтнинг ёлқини чегара билмас. Жаҳаннамнинг олови эса жисмлар учун. Жисм чеккан алам қалб алами олдида арзимас:
Ошиқ қалбин ёққан ҳижрон оташи,
Дема ҳижрон оташи, жон оташи.
Қиёс қилки, бу ўтнинг энг салқини,
Жаҳаннамнинг алангали ёлқини.
Охират оламида шундай бўлади. Инкор этишга шошилманг. Зеро, бундай манзара дунё оламида мавжуд. Эҳтирос ғолиб келиб, кимдир олов томон қадам ташлайди, қалбида жўш урган нафрат сабабли оёқларига қадалган тиканларни сезмайди. Жангга кирар экан, вужудини ғазаб эгаллайди, ўша онда жароҳатлар унга писанд эмас. Чунки, ғазаб қалбдаги ёлқиндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар:
"Ғазаб оловдан бир парчадир" (Термизий ривояти). Қалбларнинг ёниши жасаднинг ёнишидан кучлироқдир. Кучлироқ сезги кучсизроғини маҳв қилади. Шунчаки куйиш, шунчаки чопилиш билан жисм ўлмайди. Қачон бирини бошқасига боғлаб турган жузълар бир-биридан ажратилсагина, жисмга олов ё қиличдан ҳалокат етиши мумкин.
Қалб ва унинг маҳбубини боғлайдиган робита жисмнинг жузъларини бирлаштириб турувчи робитадан мустаҳкамдир. Шунинг учун қалб маҳбубидан ажратилганида етадиган оғриқ жисмнинг жуъзлари ажратилганида пайдо бўладиган оғриқдан шиддатлироқ. Басират ва қалб соҳиблари буни яхши билади. Қалбсиз одам бу аламнинг шиддатини ҳис қилишдан йироқ. У жисм чекаётган аламга чидай олмайди-ю, яна қалб оғриғини арзимас санайди. Масалан, ёш болага коптокчаси ва чўқмор таёқчасидан маҳрум бўлиш аламини тотиш билан салтанатдан маҳрум бўлиш аламини тотиш ихтиёри берилса, у салтанатдан маҳрум бўлиш аламини умуман ҳис қилмас эди, уни алам деб ҳисобламасди ҳам. Унинг учун ўйин майдонида чўқмор таёқ билан чопиш подшоҳнинг мингта тахтидан суюмлидир. Агар таомдан бошқани ўйламайдиган қорин бандасига: "ё ҳолвойитарни ёки душманларнинг қаҳрини келтириб, дўстларни қувонтирадиган чиройли хулқни танла",- дейилса, у албатта ҳолвойитарни танлаган бўларди. Негаки, унинг онгида таомнинг лаззатини ҳис қилишдан ўзга маъно йўқ.
Ҳайвоний сифатларга қул бўлган кишидан фаришталар қочади. Чунки, маъсум фаришталар бутун оламлар рабби Оллоҳга қуллик қиладилар, бу яқинликдан лаззат оладилар. Аксинча, Оллоҳдан узоқлашса, озор чекадилар. Инсон маъсум эмас. Лекин таъм тотиш тилга, эшитиш қулоққа хос бўлгани каби фаришталик сифати унинг қалбида мужассамдир. Қалби бор кишигина бу ҳисни туя олади. Акс ҳолда, унинг овозларни эшитмайдиган, чиройли сурат ва рангларни кўра олмайдиган кар ва кўр кишидан фарқи йўқдир:
"Албатта, бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда, (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир" (Қоф, 37-оят).
Демак, қалби бор кишигина Қуръондан ибратланади. Кимки Қуръондан ибратланмас экан, унда қалб йўқдир. Қалб деганда кўкрак қафасига қамалган бир парча этни назарда тутмаяпмиз. Қалб – амр-фармон оламининг сиридир. Махлуқот оламидан бўлган парча эт эса, қалбнинг арши, кўкрак унинг курсиси, бошқа аъзолар унинг салтанати. Яратиш ва буюриш ёлғиз Оллоҳ таолога хосдир.
Чунончи, ўша сир ҳақида Оллоҳ таоло буюради:
"Айтинг: Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир" (Исро сураси, 85). Амру фармон соҳиби ва ҳақиқий подшоҳ бўлмиш Оллоҳ таоло шундай тартиб ўрнатди: амр-фармон олами махлуқот оламига амирдир. Қалб латифдир. Агар у солиҳ бўлса, қолган барча аъзолар ислоҳ топади. Кимки қалбни таниса, шубҳасиз, нафсини танийди. Нафсини таниган, албатта, Раббини танийди. Раббини таниган бандагина маъно ичига яширин хуш бўйлардан баҳраманд бўла олади. Бу хушбўйлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Албатта, Оллоҳ одамни ўз суратида яратди", - деган сўзларидан ҳам анқиб турибди. Бу ҳадис талқинида кимдир лафзларнинг зоҳирига суянади, кимдир уларнинг таъвилида мустақил йўл тутади. Нима бўлгандаям, Оллоҳ таоло бу иккала тоифага ҳам раҳмат назари билан қарайди. Аммо таъвилда мустақил йўл тутганларга нисбатан зоҳир лафзга суянувчиларга Оллоҳнинг раҳмати кўпроқдир. Чунки раҳмат мусибатнинг миқдорига кўра бўлади. Гарчи бу икки тоифа ҳам моҳиятни англашдан маҳрумликда баробар мусибатланган бўлса-да, зоҳир лафзга суянувчиларнинг мусибати кўпроқдир.
Ҳа, буюк фазл эгаси бўлган Оллоҳ таоло ўзи хоҳлаган кишига фазл кўрсатади, ўзи хоҳлаган бандасига ҳикмат ато этади:
"Кимга ҳикмат берилган бўлса, батаҳқиқ, унга кўп яхшилик берилибди" (Бақара, 269-оят).
Иккинчи рутба. У азобга дучор бўлганлар рутбаси. Бу рутбадаги кишилар иймоннинг асли билан кифояланиб, иймон тақозоси бўлмиш амалда қосирлик қиладилар. Иймоннинг аввали "ла илаҳа иллаллоҳ"дир. Кимки кибру ҳавосига эргашса, демак, у кибр-ҳавосини илоҳ қилиб олибди. Демак, у фақат тилидагина тавҳид калимасини такрорлайдиган муваҳҳиддир.
"(Эй Муҳаммад) "Оллоҳ", деб жавоб қилинг. Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган нотўғри йўлларида адашган ҳолларида тарк этинг" (Анъом, 91-оят);
Тавҳид комил бўлиши учун албатта сиротул мустақим (тўғри йўл) узра истиқомат лозим. Тўғри йўл эса худди охиратдаги сирот янглиғ қилдан ингичка ва қиличдан ўткирдир.
Инсон доимо, ҳатто арзимаган, майда ишларда ҳам истиқоматдан юз ўгиришга тайёр. Чунки у кибр-ҳаводан холи бўлолмайди. Кибр-ҳаво эса инсонни тўғри йўлдан оздиради. Инсон тўғри йўлдан қанчалик чалғиса, тавҳиднинг камолига шунчалик кўп нуқсон етади. Натижада, бу нуқсон Оллоҳга яқинлик даражасини (қурбат) пасайтиради.
Ҳар қандай нуқсон икки ўт орасида: айрилиқ ва жаҳаннам ўти. Нуқсон туфайли комилликдан ажраб, айрилиқ ўтида ёнади. Жаҳаннам ўтининг васфи эса Қуръонда зикр қилинган.
Демак, тўғри йўлдан озган киши икки марта азобланади. Азобнинг оғир-енгиллиги, азобнинг фарқлари азоб муддатининг чўзилишига боғлиқ. Бунинг иккита сабаби бор: биринчиси, иймоннинг кучли ё заиф бўлиши; иккинчиси, кибр-ҳавога кўпроқ ёки камроқ эргашиш.
Оллоҳ таоло эслатади:
"Сизлардан ҳар бирингиз унга (жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақволи зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз" (Марям, 71 – 72-оятлар). Шунинг учун салафлар тўла қўрқинч билан: "Қўрқамиз, чунки ишончимиз комилки биз дўзахга тушгувчимиз, бизга нажот бўлармикан?" дер эдилар.
Ҳасан Басрий шундай киши ҳақидаги бир хабарни ривоят қилади: "Бир киши минг йил жаҳаннамда ёниб, кейин ундан: "Ё Ҳаннон, ё Маннон" деб чиқаркан. Кошки эди мен ўша киши бўлсам" (Имом Аҳмад ривояти).
Билгилки, хабарларда келишича, дўзахни энг охирги тарк этувчи киши етти минг йилдан сўнг жаҳаннамдан чиқади. Дўзахда бўлиш муддати хусусидаги ихтилоф энг ками бир лаҳзадан тортиб, то етти минг йил орасидаги фарқлардан иборат. Баъзилар ҳатто жаҳаннамда чақмоқ чаққанчалик муддат турмайди. Бир лаҳза билан етти минг йил орасидаги даражалар тафовутли бўлиб, улар бир кун, ҳафта, ой ва ҳоказо муддатларни ўз ичига олади. Азобнинг юқори даражасига чегара йўқ. Қуйи даражаси ҳисоб пайтида саволга тутилмоқдир. Худди подшоҳ баъзан амалда қосирлик қилганларни сўроққа тутиш билан азоблаб, сўнгра афв этгани каби. Баъзан гуноҳкор калтак билан саваланиб, жазоланиши мумкин. Хуллас, жазога қараб азобнинг турлари ҳам кўп. Демак, азоблар муддатининг узун ё қисқалиги, шиддатининг оғир ё енгиллигидан ташқари, навлари билан ҳам фарқланади. Дарҳақиқат, молини мусодара қилиш билан азобга тортилган киши молини олиб қўйиш, фарзандини ўлдириш, яқинларини қийноққа солиш, уриш, тилини, қўлини, бурнини, қулоғини кесиш каби азобларга тортилган кишига ўхшамайди. Шаръий далилларга кўра, охиратда ҳам азобнинг турлари хилма-хил бўлади. Иймоннинг қувватли ва заифлигига, тоат ва гуноҳларнинг озу кўплигига қараб, охират азоблари фарқланади. Азобнинг кўплиги ва қаттиқлиги гуноҳнинг кўплиги ва қабиҳлигига, азобнинг хилма-хиллиги эса, гуноҳларнинг хилма-хиллигига боғлиқ. Ичи иймон нури билан ёришган қалб аҳлига бу маънолар кундай равшан:
"Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир" (Фуссилат, 46-оят);
"Бу кунда ҳар бир жон ўзи қилган амали билан жазоланур" (Ғофир, 17-оят);
"Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур" (Нажм, 39-оят);
"Бас, ким (ҳаёти дунёда) зарра мисқолича яхшилик қилса, (қиёматда) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, (қиёматда) уни ҳам кўрур!" (Залзала, 7-8-оятлар).
Амалларга яраша жазо-мукофот сифатида азоб ва савобга далолат этувчи бундай маънолар Китоб ва суннатда кўп ворид бўлган. Оят ва ҳадислардаги бу маънолар зулм эмас, айни адолатга мисолдир. Адолат тарозуси қанчалик "бешафқат" бўлмасин, Яратган эгамнинг фазли кенг, тарозунинг афв ва раҳмат палласи оғирроқдир. Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ ўзининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирдики: "Раҳматим ғазабимдан илдамдир" (Муслим ривояти).
Оллоҳ таоло айтади:
"Шубҳасиз, Оллоҳ бировга заррача зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур" (Нисо, 40-оят).
Оят ва ҳадислар далолат этган умумий ҳукмлардан аён бўладики, жаннатда юксалиш ва дўзахдаги тубанлашув даражалари савоблар билан гуноҳларга боғлиқ. Бу ҳолатларни тафсилоти билан билишга келсак, бундай билим фақат тахмин ва фаразларга, хабарларнинг зоҳирига суяниш ва қайсидир даражада ички сезгига асосланади. Шулардан келиб чиққан ҳолда, айтамиз: ким иймоннинг аслини мустаҳкамласа, барча гуноҳи кабиралардан сақланса, Исломнинг беш рукни бўлмиш фарзларни чиройли адо қилса, ундан фақат айрим кичик гуноҳлар содир бўлиши мумкин. Шунда ҳам у бу гуноҳлардан дарҳол қайтади. Бу кишига бериладиган азоб ҳисоб пайтидаги сўроқдир, холос. Чунки, ҳисобга тортилган тақдирда ҳам унинг қилган яхшиликлари гуноҳларидан оғир келади. Зеро, хабарлардан маълумки, беш вақт намоз, жумъа намози, рамазон рўзаси орада содир этилган гуноҳларга каффоратдир. Шунингдек, катта гуноҳлардан сақланиб юриш кичик гуноҳларга каффоратдир. Бу ҳукм Қуръоний далил билан собит бўлган.
Каффоратнинг энг кам даражаси, гарчи ҳисоб-китобни бекор қилолмаса ҳам, азобни кетказиши мумкин.
Мана шу ҳолатга етган ҳар бир кишига ризолик ҳаёти муборак бўлсин! Чунки, унинг яхши амаллари гуноҳларидан оғир келади, ҳисоби осон кечади. Ҳа, ўнг томон эгаларига Оллоҳ таолога яқин қилингувчи зотлар изидан етишмоқ, мангу жаннатларда, фирдавси аълода қолмоқ қандай саодат!
Азобланувчи тоифалар турли даражаларда бўлгани каби, иймон ҳам икки турга бўлинади: тақлидий иймон ва кашфий иймон. Эшитганини тасдиқлаб, шундай яшашда давом этадиган авомнинг иймони тақлидий иймондир. Кашфий иймон эса қалбнинг очилиши туфайли ҳосил бўлади. Қалб Оллоҳнинг нури билан очилади. Бундай иймон соҳибларига бутун борлиқ ўз аслида намоён бўлади, ҳар бир нарса Оллоҳдан ва Оллоҳга қайтгувчи экани унга аниқ-равшан кўринади. Улар "фирдавси аъло"да маскан тутган муқарраб – Оллоҳга яқин қилингувчи зотлар тоифасидандир. "Малаил аъло"га, яъни, энг юксак мавжудотларга (фаришталар) ғоят яқин бўлган бу зотлар ҳам Оллоҳ таолони англаш (маърифат) даражаларига кўра фарқланади. Жумладан, собиқун – пешқадамлар, яъни, бу дунёда яхши амалларга, охиратда жаннат неъматларига эришишда пешқадам бўлганлар, кейин улардан қуйироқ даражадагилар ва ҳоказо.
Оллоҳ таоло маърифати йўлидаги орифларнинг даражаларига чегара йўқ. Негаки, Оллоҳнинг улуғлигини қамраб олиш имконсиз. Маърифат денгизининг эса на туби, на соҳили бор. Ғаввослар бу денгизга қувватлари даражасида, азалда Оллоҳ таоло тақдир этган ергача шўнғийдилар. Демак, Яратувчи томон элтадиган йўлнинг манзиллари ниҳоясиз. Бу йўлдаги йўлчиларнинг даражалари ҳам бениҳоя турли-тумандир.
Иймони тақлидий бўлган мўмин асҳобул-йамин (ўнг томон эгалари) жумласидандир. "Асҳобул йамин" даражаси "муқаррабун" (Оллоҳга яқин этилганлар) мақомидан қуйироқда бўлиб, улар ҳам рутбада фарқланади. "Асҳобул йамин"нинг энг юқори даражаси "муқаррабун"нинг қуйи даражаларига тўғри келади. Бу барча гуноҳи кабиралардан сақланган, шунингдек, калимаи шаҳодат, намоз, закот, рўза, ва ҳаж каби фарзларни тўла адо қилган кишининг ҳолатидир.
Кимки битта ё ундан кўпроқ гуноҳи кабиралар содир этса ёки баъзи фарзларни эътиборсизлик билан унутса ва ўлимидан олдин бу қилмишлари учун тавба қилса, гуноҳ қилмаганлар сафига қўшилади. Чунки, гуноҳдан тавба қилган одам гуноҳи йўқ одам каби, ювилган кийим мисоли кир тегмаган кийимдекдир.
Тавбасиз ўлиш ўлимнинг ўзидан-да хатарлироқдир. Негаки, тавбага улгурмасдан вафот этган киши сўнгсиз гуноҳ устида қолади, иймон дарз кетади, оқибат, ўта даҳшатли, хунук хотима топади. Айниқса, тақлидий иймонда бу завол сезиларли кечади. Чунки, қанчалик қатъий бўлмасин, тақлид озгина шак, озгина ўй-хаёлдан яксон бўлиши мумкин.
Басират кўзи очиқ ориф эса ёмон хотима хавфидан йироқ. Лекин тақлидий иймон эгаси ҳам, Оллоҳ маърифати йўлидаги ориф ҳам, гарчи иймон билан вафот этсалар-да, агар Оллоҳ афв этмаса, азобланишлари муқаррар. Бу азоб ҳисоб пайтидаги сўроқ азобига қўшимчадир. Дунё ҳаётида гуноҳдан тийилмаслик, яъни, гуноҳда давом қилиш муддати қанчалик чўзилса, охиратда азоб муддати ҳам шунчалик узаяди. Гуноҳи кабира қанчалик қабиҳ бўлса, азоб ҳам шунчалик қаттиқ бўлади. Азобнинг хилма-хил бўлиши содир этилган гуноҳларнинг хилма-хил бўлгани туфайлидир.
Жазо муддати тугаши билан тақлидий иймон эгалари "асҳобул йамин" даражаларида, басират соҳиби бўлмиш орифлар иллиййун юксаклигида маскан топадилар. Хабарда айтилади: "Дўзахдан охирги чиққан кишига дунё мислининг ўн баробари берилади" (муттафақун алайҳ).
Ҳадисда айтилганларни шундай мисол билан изоҳлаб кўрайлик. Бир киши: "Бир туя олди ва ўн баробар қилиб қайтарди", деса, демак, туянинг қиймати ўн динор бўлса, унга юз динор берган бўлади. Агар эътиборимиз мисолда тилга олинаётган ўлчов доирасида қолиб кетса, маънодан узоқлашамиз. Масалан, зоҳирига кўра ҳукм юритадиган бўлсак, тарозининг бир палласига қўйилган юз динор ҳеч қачон нариги палладаги туянинг юздан бирича ҳам бўлмайди. Мақсад – туянинг оғирлиги, бўйи, эни, тутадиган ўрни, яъни, гўшт ва қондан иборат жисм эмас, балки туянинг молиявий-ашёвий руҳидир. Юз динорнинг ўн баробар деб ҳисобланиши жисмоний эмас, руҳоний ўлчовга кўрадир.
Олтин ва кумушнинг молиявий қийматидан хабардор киши бу таъвилни тўғри тушунади. Агар бир киши оғирлиги бир мисқол, қиймати юз динор гавҳарни бировга тақдим этиб: "ўн баробарини бердим", деса, у ҳақ бўлади. Лекин бу ҳақиқатни гавҳар билан шуғулланувчи кишиларгина тўлиқ англайди. Чунки, гавҳарнинг ҳолатини фақат кўриш билан идрок қилиб бўлмайди. Балки, бу ерда кўришдан-да ўткирроқ ҳис – зийраклик талаб қилинади. Шунинг учун ёш бола ёки бир қишлоқи бадавий бу гапни ғирт ёлғон санайди. "Бу гавҳар эмас, бор-йўқи бир мисқол тош-ку! Туянинг оғирлиги эса милён мисқол бўлса, қанақасига арзимас тош унинг ўн мислича бўлиши мумкин?" - дейди.
Аслида, ўша гўдакнинг ўзи ҳақиқий ёлғончидир, аммо буни англашга ҳали унда имкон йўқ. У балоғатга етиб, камол топиши, қалбида гавҳар ва бошқа нарсаларнинг латиф ҳолатини илғайдиган нурли идрок ҳосил бўлиши лозим. Ана ўшандагина унга бу сўзларнинг ҳақиқати очилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирган ўлчовнинг тўғрилигига шубҳа йўқ. Тақлидчи буни идрок қилолмаслиги, ориф эса буни унга англатолмаслиги мумкин. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: "Жаннат осмонлардадир" (Бухорий ривояти).
Хабарларда ворид бўлишича, осмонлар дунё таркибидадир. Шундай экан, дунё ичида унга ўн баробар дунё бўлиши мумкинми? Ҳатто балоғатга етган киши ҳам ёш болага бу ўлчовни тушунтира олмайди. Шунингдек, гавҳарнинг бебаҳо қийматини бадавий ёки қишлоқига англатишда қийналаётган заргар ҳам ожиз ва раҳматга муҳтождир. Бефаҳм аҳмоққа бу ўлчовни тушунтиролмай, ғамга ботган ориф ҳам раҳматга муҳтож.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: "Уч кишига раҳм қилинглар: жоҳиллар орасидаги олимга; қавмнинг бойи бўлиб, сўнг қашшоқ бўлиб қолган кишига; қавмнинг азизи бўлиб, сўнг хор бўлган кишига" (Ибн Ҳиббон ривояти).
Шу сабабга кўра, пайғамбарлар уммат орасида раҳматга муҳтождир. Ақли қосир уммат туфайли чекиладиган қайғулар пайғамбарлар учун фитна, Оллоҳ тарафидан синовдир. Бу синовлар азалий қазо ва қадарда пайғамбарларга юкланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Бало-синовлар пайғамбарларга, кейин валийларга, сўнг уларга ўхшаган ва уларга ўхшаганларга берилган" (Термизий ривояти).
Бу ерда тилга олинаётган бало Аййуб алайҳиссаломга юзланган бало эмас. Чунки, у бало баданда синалди. Нуҳ алайҳиссаломга юзланган бало эса улуғ эди. У ўз қавмини Оллоҳга қанчалик даъват этмасин, қавми ундан қочарди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи кишиларнинг сўзларидан озор кўрганларида: "Биродарим Мусога Оллоҳнинг раҳмати бўлсин. У бундан оғирроқ азият етганда ҳам сабр қиларди", деб айтар эдилар (Бухорий ривояти).
Демак, пайғамбарлар кофирлар балосидан, авлиё ва уламо жоҳиллар балосидан холи эмас. Шунинг учун Оллоҳнинг дўстлари бўлмиш маърифат аҳли доимо бало ва иғво тиғига нишон. Аҳли дунё назарида уларнинг итоати – исён, ибодати – куфрон, ихлоси – диндан чиқиш бўлиб кўринади. Шу туфайли улар қувғинда...
Мана, маърифат аҳлининг жоҳиллар ҳузурида топган манзили. Бу нуқталарни англаганингдан сўнг, Пайғамбармизнинг: "Дўзахдан охирги чиққан кишига дунё мислининг ўн баробари берилади", деган сўзларига иймон келтирасан.
Фақат кўз кўриб, ҳислар сезадиган нарсанигина тасдиқлайдиган бўлиб қолишдан сақлан. Бу ҳайвонларга хос табиат. Сен инсонни ҳайвондан ажратувчи илоҳий сирга эгасан. Бу сир осмонларга, ерга ва тоғу тошларга ошкор этилганида улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Бешта сезги оламидан ташқаридаги нарсаларни идрок қилиш инсонни ҳайвондан ажратувчи ўша сир оламидагина мавжуд. Кимки бу ҳақиқатни унутса, уни эътиборсиз ташлаб қўйса, ҳайвоний даража билан қаноатланиб, моддиятдан нарига ўтмаса, демак, у ўзлигини ўлдирибди.
Зинҳор Оллоҳни унутувчи бўлма! Акс ҳолда, Оллоҳ ўзинг-ни ўзингга унуттириб қўяди. Фақат ҳислар орқали идрок қиладиган кимса Оллоҳни унутади. Чунки, бу оламда Оллоҳнинг зоти бешта сезги билан идрок қилинмайди. Ким Оллоҳни унутса, шубҳасиз, Оллоҳ унинг ўзига ўзини унуттиради, оқибатда у ҳайвоний даражага тушиб қолади. Само уфқларига юксалиш энди унга бегона. У Оллоҳ топширган омонатга хиёнат қилди, неъматларини инкор этди. Унинг аҳволи ҳайвонникидан ҳам ночорроқ! Ҳайвон ўлиб қутулади, у-чи?
Унинг зиммасида унга ишониб топширилган, эгасига қайтарилиши лозим бўлган омонат бор. Балқиган қуёш каби бу омонат фоний бадан осмонига ботган... Ҳали бу қуёш мағрибдан бош кўтаради. Фоний бадан харобликка юз тутаётган бир маҳал кўтарилиб чиқадиган бу қуёш ё зим-зиё зулмат бўлиб, ё нурафшон порлаб Яратувчисига қайтади. Нурафшон порлаган қуёшга Парвардигор ҳузури очиқ. Қорайиб, зим-зиё зулматга дўнган қуёш ҳам даргоҳга қайтувчидир. "Иллиййун" юксаклигидан "асфала софилин"12 томон ботаётган қуёшнинг боши эгик:
"Сиз у жиноятчи кимсаларнинг Парвардигори ҳузурида бошлари эгик ҳолда турганини кўрсангиз эди..." (Сажда, 12-оят)
Ҳа, Парвардигори ҳузурида юзлари тескари қилинган, бошлари эгик бу кимсалар тавфиқдан маҳрум, ҳидоятдан йироқ. Парвардигоро, ўзинг бизни залолатдан ва жоҳиллар даражасига тушиб қолишдан сақла!
Демак, дўзахдан чиққанидан сўнг дунё мислининг ўн баробари ёки ундан кўпроғи билан сийланадиган кишилар шу тартибда даражаларга эга бўладилар.
Тавҳид аҳли дўзахда абадий қолмайди. Тавҳид деганда фақат тил билан "ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтиш назарда тутилмаяпти. Чунки, тил мулк ва шаҳодат оламига тегишли бўлиб, шу оламдагина ундан манфаат бор. Яъни, тил "ла илаҳа иллаллоҳ" деса, бўйин сари сермалажак қиличлар қинга қайтади. Тил сабаб бўлиб, бўйин омон қолади. Ғаниматга13 чўзилган қўллар "ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтган кишининг молидан чекилади. Тил сабаб бўлиб, мол омон қолади. Бу ҳолат ҳаёт муддати қадар, то ўлим келгунча давом этади. Кейинчи? ...кейин на бўйин бор, на мол. Энди тилдан манфаат йўқ. Балки, бу кунда чин тавҳид, тавҳиднинг камоли фойда беради. Тавҳиднинг камоли нима?
Қачонки барча ишлар фақат Оллоҳдан деб билинса, мана шу тавҳиднинг камолидир. Бунинг аломати шуки, бўлиб ўтган иш учун бирорта бандага ғазаб қилинмайди. Негаки, тавҳиднинг камолига эришган инсон учун ҳар бир ишнинг содир бўлишига воситалар эмас, балки "мусаббибул асбоб" сабабдир.
Бу тавҳид ҳам тафовутлидир. Кимнингдир тавҳиди тоғлар мисоли, кимникидир бир мисқол. Кимдадир тавҳид хантал уруғича, кимдадир зарра миқдор. Бас, қалбида динор мисқолича иймони бор киши дўзахдан аввал чиқади. Қалбида зарра мисқолича иймони бор киши эса, дўзахдан охирги чиқадиган кишидир.
Тавҳид аҳлининг дўзахга киришига бандаларга қилинган зулмлар кўпроқ сабаб бўлади. Бандаларнинг ҳақлари ёзилган дафтар тарк этилмайди. Қолган гуноҳлар афв ва каффорат ила кечирилади.
Асарда келади: "Банданинг яхши амаллари тоғларча бўлса ҳам, у Оллоҳ олдида турғизилади. Агар улар учун савоб олса, жаннатга киради. Кейин золимлар титраб-қақшаб ўрнидан қалқадилар. Кимдир бировнинг шаънига теккан, бировнинг молини олган, бировни урган... Золимнинг зиммасида кетган ҳақлар энди мазлумга қандай қайтарилади? Албатта, унинг савоблари мазлумларга олиб берилади. Ҳатто унинг ўзига бирорта савоб қолмайди. Шунда фаришталар: "Парвардигоро! Бу бандангнинг савоблари тақсимлаб бўлинди. Ҳақдорлар эса кўп",- деб Оллоҳ таолога мурожаат қилишади. "Мазлумларининг гуноҳларини унинг гуноҳларига қўшинглар ва уни жаҳаннамга элтадиган васиқа билан дўзахга ҳайданглар!" - дейди Оллоҳ таоло.
Ибн Жалодан ҳикоя қилинади: "Битта биродари уни ғийбат қилибди. Кейин у ғийбатчи истиҳлол (яъни, қилмишидан кечирим) сўраб, Ибн Жалонинг ҳузурига келибди. Шунда Ибн Жало: "Бундай қилолмайман. Чунки, саҳифамда бундан афзалроқ савоб йўқ, уни қандай ўчирай! Биродаримнинг гуноҳлари келтирган савоблар билан саҳифамни зийнатлай", - деган экан.
Биз айнан мана шуни, яъни, Қиёматда саодат ва шақоват даражаларига кўра бандаларнинг фарқланишини эслатмоқчи эдик.
Мазкур бўлганларнинг барчаси зоҳирий сабаблар асосида ҳукм қилишдир. Бу ҳукм табибнинг ўлими яқин қолган, тузалишининг ҳеч иложи йўқ беморга ёки дарди енгил, тузалиб кетиши шубҳасиз бўлган бошқа бир беморга чиқарган ҳукмига ўхшайди. Табибнинг тажрибага асосланган бу гумонлари аксар ҳолда ҳақ бўлиб чиқади. Лекин баъзан ўлими муқаррар бемор табиб илғамаган сабабга кўра, бедаво дарддан бутунлай халос бўлади. Баъзан дард дейишга тил бормайдиган кичкина бир иллат беморни кутилмаганда ажал сари етаклайди.
Табиб тагига етолмаган сабаблар Оллоҳ таолонинг инсонлардан яширган сирларидир. Мусаббибул асбоб томонидан муайян бир ўлчовда тартиб берилган у сабабларнинг сири бу бандасига қоронғу. Уларнинг моҳиятидан воқиф бўлиш башарий қувват доирасидан ташқаридир. Шунингдек, охиратдаги нажот ва мувафаққиятнинг ҳам яширин сабаблари бўлиб, инсон онги уларни англашга ожиз. Нажотга элтувчи ўша махфий сабаб "афв" ва "ризо" деб, ҳалокатга судровчи сабаб эса "ғазаб" ва "интиқом" деб таъбир қилинади. Бундан ҳам ичкарироқда азалий илоҳий ирода сири бўлиб, банда унга етолмайди. Шунинг учун осийнинг зоҳирий гуноҳлари ҳар қанча кўп бўлса-да, афв этилишини, мутеънинг зоҳирий тоатлари ҳар қанча кўп бўлса-да, ғазабга дучор бўлишини жоиз деб билмоғинг лозим. Чунки, таянчимиз тақводир. Тақво эса қалбда! Қалб шундай сирлики, уни ҳатто эгаси англолмайди, ўзгалар қандай англасин! Лекин қалб аҳлига яхши аён: қачонки, афвни тақозо қиладиган яширин сабаб бўлса, банда кечирилиши мумкин. Қачонки, Оллоҳдан узоқлашишни тақозо қиладиган ботиний сабаб бўлса, банда ғазабга дучор бўлиши мумкин. Агар шундай бўлмаганида, амал ва сифатларга жазо тариқасидаги афв ва ғазаб ҳам бўлмас эди. Агар адолат бўлмаса, Оллоҳ таолонинг ушбу сўзи тўғри бўлармиди:
"Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир" (Фуссилат, 46-оят);
"Шубҳасиз, Оллоҳ бировга заррача зулм қилмас" (Нисо, 40-оят).
Бу мисолларнинг барчаси саҳиҳ. Жумладан, инсон нима қилса, ўзи учун қилади. Ҳар бир жон, қилган амали сабабли дўзахда ушланади ҳақ йўлдан оғсалар, Оллоҳ уларнинг қалбларини ҳидоятдан оғдириб қўяди. ўзларини ўзгартирсалар, Оллоҳ уларни ўзгартиради:
"Аниқки, бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди" (Раъд, 11-оят).
Бу Қуръоний маънолар қалб аҳлининг ботин кўзларини очади. Ботиннинг назари кўзнинг назаридан равшанроқдир. Кўз баъзан узоқни яқин, каттани кичик кўриб, адашиши мумкин. Лекин қалб кўзи адашмайди. Ҳамма гап унинг очилишида. Басират очилар экан, бу назарда зинҳор ёлғон бўлмайди:
"Кўнгил кўрган нарсасини ёлғон демади" (Нажм, 11-оят).
Учинчи рутба. У нажот топувчилар рутбасидир. Бунда тилга олинаётган "нажот" сўзи "саодат топиш, зафар қучиш", маъносида эмас, балки "саломат бўлиш" маъносида қўлланяпти.
Бу рутбадагилар на у ёқлик, на бу ёқлик бир қавмдир. Уларда тақдирлангудек хизмат ҳам, жазолангудек айб ҳам йўқ. Уларнинг ҳолати мажнунлар аҳволига, кофирларнинг болалари тушган ҳолатга, ақли ноқис туғилганлар ҳолига ўхшайди. Уларнинг умри даъват етиб бормаган чекка ўлкаларда кечган. Оқибат, бефаҳм, маърифатсиз бўлиб ўтганлар. Уларда на исён, на тоат, на Оллоҳга яқинлаштиргувчи бир васила ва на Оллоҳдан узоқлаштирувчи маъсият бор. Улар на жаннат аҳлидан, на дўзах аҳлидан. Уларнинг жойи жаннат ва дўзах орасидаги Аъроф деб номланган учинчи бир манзилдадир. Бандалардан бир тоифанинг қўналғаси бўлган Аъроф хусусида оят ва ҳадисларда хабар берилган.
Норасида болаларни Аъроф тоифасидан деб ҳукм этмакка келсак, бу ноаниқ ва шубҳали масаладир. Бу масаланинг аниқ ва ҳақиқий билими нубувват оламида. Авлиё ва уламонинг мақоми ҳам у илмга етолмайди. Норасиданинг ҳаққи хусусидаги хабарлар ҳам зиддиятлидир.
Оиша розийаллоҳу анҳо ҳаётдан кўз юмган норасида болага қараб: "Жаннат қушчаларидан бири", деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сенга бунинг хабари келдими", дея койиган эдилар (Муслим ривояти).
Демак, бу мавзудаги хабарлар анча зиддиятли ва иштибоҳга тўладир.
Тўртинчи рутба. У саодатга эришганлар рутбаси. Бу рутба эгалари муқаллид (тақлид қилувчи) эмас. Балки, улар барча яхши амалларга пешқадам бўлгувчи, Оллоҳ таолога яқин қилингувчи ориф зотлардир.
Муқаллидлар жаннатда нечоғли юксак даражаларга эришмасинлар, уларнинг бари асҳобул йамин жумласидан бўладилар. Пешқадамлар эса, муқарраб, яъни, Оллоҳга яқин қилинувчилардир. Бу тоифа ҳақида Қуръонда баён қилинган. Оллоҳ таолонинг баёнидан сўнг яна қандай баён бўлиши мумкин! Бу оламда у тоифани таъбирлашга имкон йўқ:
"Бас уларнинг амалларига мукофот қилиб, улар учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон билмас" (Сажда, 17-оят).
Ушбу қудсий ҳадис ҳам шу маънога ишорадир:
"Солиҳ бандаларим учун шундай бир неъматни ҳозирлаб қўйдимки, уни на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, ҳеч бир инсон зоти уни хаёлига ҳам келтирмаган" (Бухорий, Муслим ривояти).
Орифлар бу дунёда инсон тасаввури сиғдиролмайдиган бир ҳолат соғинчида яшайдилар. Улар жаннатдаги кўшк ҳурлар, мевалару шароблар, сутлару асаллар, зебу зийнатларга оч эмас, улар бу неъматлар билан қаноатланмайдилар. Уларнинг ягона орзуси – Оллоҳ жамоли. Аслида, энг буюк саодат ва энг олий лаззат ҳам шудир.
Оллоҳ раҳматига олсин, Робиа ал-Адавийадан: "Жаннатда нимага рағбат қилган бўлардингиз?" – деб сўрашибди. "Аввал қўшни, кейин уй", – деб жавоб берган экан Робиа.
Бу шундай қавмки, уларни уй ва унинг зийнатидан кўра, уй эгасига муҳаббат кўпроқ машғул қилган. Бу муҳаббат улар учун барча нарсадан, ҳатто ўзларидан ҳам ортиқдир. Улар маъшуқига буткул берилган, бор ғами, бутун фикру зикри маъшуқининг дийдорига етиш бўлган ошиққа ўхшайди. У маъшуқининг ишқига ғарқ, ишқ йўлида бехуду бенаво, оёқларига санчилган тиконларни сезмайди.
Бу ҳолат "ўзидан фоний бўлмоқ", деб таъбир қилинади. Бунинг маъноси, ўзининг ўзгага сингиб кетмоғи, қалбидаги ҳар хил ғамларнинг битта ғамга айланмоғидир. Бу ғам унинг маҳбуби, энди унинг вужудида бошқа маҳбуб учун жой йўқ. Энди у на ўзига, на ўзидан бошқасига боқади.
Охиратда кўзлар қувончини ҳадя этадиган ҳолат мана шудир. Бу қувонч дунё кишисининг кўзига нотаниш, тасаввуридан йироқ. Худди кўрнинг кўзларига ранглар, карнинг қулоқларига саслар нотаниш бўлгани каби. Қачонки, кўриш ва эшитишни тўсиб турган пардалар кўтарилсагина, улар ўз ҳолатини идрок қила бошлайди, кўз ва қулоқлари очилмасдан илгари бундай ҳолатни тасаввур ҳам қила олмаганларини аниқ англайдилар.
Дарҳақиқат, дунё пардадир. Парда кўтарилиши билан ҳақиқат очилади. Ана ўша пайт покиза ҳаёт эпкини жонланади:
"Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгудир. Агар билсалар, охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёридир)" (Анкабут, 64-оят).
Мана шу ўлчовнинг ўзи яхши амалларга қараб даражаларнинг тақсимланиши баёнига кифоя қилади. Оллоҳ ўз лутфи ила бизни охират даражаларига муваффақ айласин.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан