Ислом эътиқодида оғир ҳолатларда шайхидан мадад сўраш борми?

Савол:

Ассалому алайкум, Xазрат бир нечта саволим бор эди
1. Инсон шиддатга тушганда ёки бошига бир кулфатлар келганида ёки шунга ўxшаш нарсалар содир бўлса, бу одам ўзи ўлган ёки тирик шайxидан мадад сўраши ёки шайxини тасарруф қила олади деган этиқодда бўлиши аҳли сунна вал жамоа ақийдасига тўғри келадими?

2. Шайxини ҳар жойда ҳозиру нозир деб билишчи?
3. "Уларни ўликлар деб атамангиз" деган маънодаги ояти карима бор экан... Шунинг тафсирини бизларга ўргата оласизми? Баъзи танишларимиз ўз шайxлариниг вафотидан кейин ҳам тасарруф қилишга қодир деганига шу оят маъноларини далил қилар экан.

 

Жавоб:

Шайх Муҳаммад Содиқ:

Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирда билимсиз кишилар томонидан сиз айтганга ўхшаш гаплар ҳар тарафга тарқатилмоқда. Бунга ўхшаш ва ундан бадтар гаплар ҳам бор. Мисол учун бир мурид ўз шайхи ҳар бир муридининг қай ёнбоши ила ётишини билиб туриши, ким бунга ишонмаса, ўзи кофир, хотини талоқ бўлишини айтган. Бошқа бирлари шайхи ҳар кеча Аллоҳнинг ҳузурига чиқиб гаплашиб тушишини даъво қилган. Баъзилари намозни шайхни уйига қараб ўқишни таклиф қилган. Яна бошқаси оёғини шайхнинг уйига қаратиб ювган кишини беодобликда айблаб калтаклаган. Баъзиси ўзига илми ладун берилганлигини, уни айтса эшитган одам кўтара олмай ўлиб қолишини даъво қилган. Бунга ўхшаш номаъқул, ҳатто диндан чиқишга олиб борадиган гаплар ҳамда ишларни санаб охирига етказиш қийин.
Шунинг учун бу масала бўйича «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобини ўқишни таклиф қиламан. Кўп саволларга ўша китобдан жавоб топасизлар. Ҳозир эса сиз кўтарган масала бўйича батафсил мақолани тақдим этаман.

ШАЙХ МАСАЛАСИ

Тасаввуф масалаларининг кўпи тортишувли бўлса ҳам уларнинг баъзиларида тортишув ҳаддан ташқари кўп ва ихтилофлидир. Ана шундоқ масалалардан бири шайх ҳақидаги масаладир.
Аҳли тасаввуфнинг ўзи ҳар бир нарсани шайхга боғлаб қўйган бўлади. Тасаввуфнинг мухолифлари эса тасаввуфни танқид қилишга шайх ҳақидаги фикрлар ва шайхларнинг сийратларини қурол қилиб оладилар. Аммо ўртача йўл тутганлар ҳам бор.
Аҳли тасаввуф ҳамма нарса шайхга боғлиқ, шайх бўлмаса ҳеч нарса бўлмайди, шайхи йўқнинг шайхи шайтондир, дейдилар. Баъзи бирлар эса ўз шайхлари ҳақида муболағага кетадилар. Уларнинг ғайбни билишлари, қаерда бўлса ҳам бошига мушкул тушган муридига ёрдам бериб балогардон бўлишлари ва бошқа ғаройиб нарсаларни оғиз кўпиртириб гапирадилар.
Бу борада ҳар жамоа ўз шайхини дунёдаги энг зўр шайхлигини даъво қилади ва орда низо ҳам чиқади.
Тасаввуфнинг мухолифлари эса муридларнинг юқорида зикр этилганга ўхшаш беўхшов гапларини ва шунга ўхшаш бошқа гап-сўзларни далил қилиб олиб шайхларни ширкнинг сабабчилари сифатида сўкадилар. Уларни турли айблар билан айблайдилар.
Аммо бу нарсани мўътадил равишда ўрганиш ва хулоса чиқаришга ҳаракат қилганлар жуда кам бўлади. Келинг, ўша жуда камлардан бўлиб бу масалани аста ўрганиб чиқишга ҳаракат қилайлик. 
Ҳозирги вақтимизнинг аҳли тасаввуф шайхларидан бирлари, Мисрдага «ал-Ашийра ал-Муҳаммадия» тарийқатининг бошлиғи шайх Муҳаммад Закий Иброҳим жанобларининг мухбирларнинг саволига берган жавобларини кўриб чиқайлик.
Савол:
«Сўфийлар муридни Роббисига етиштириш учун шайх бўлиши зарурлиги ҳақида гапирадилар. Улар, шайхи йўқнинг шайхи шайтондир, дейдилар. Шу тўғрими?»
Жавоб:
«Болам, сўфийлар бу борада тўғри шариат, тўғри табиат, тўғри тажриба ва тўғри воқеъликдан келиб чиққан ҳолда гапирадилар.
Шариатга келсак, Аллоҳ таоло «Аҳли зикрдан сўранглар» деган.
У зот яна «Уни хабардордан сўра» деган.
У зот яна «Ана ўшаларни Аллоҳ ҳидоятга солгандир. Бас, уларнинг ҳидоятига иқтидо қил» деган.
У зот яна «Менга қайтган шахснинг йўлига эргаш» деган.
У зот яна «Сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор эди» деган.
Собит ҳадисда «Сўрасалар бўлмасмиди?! Ахир билмасликнинг давоси сўрашку!» дейилган.
Бас, шундоқ экан, ҳидоятга бошловчи, ўрнак бўлувчи, эслатувчи ва Аллоҳга қочиш ва У зотга ҳижрат қилиш бўйича хабардор зарур.
Сураи Каҳфда зикр қилинган Мусонинг эргашиши учун муршид исташини қара! Мусонинг ўз муршидига нисбатан кўрсатган одобига қара!
Шунинг учун Қуръонни ёд олмоқчи бўлган талабага тиловат ҳукмларини яхши билувчи, уни адо этишни яхши билувчи устоз керак. Агар оддий кишини ўзига қўйиб қўйилса, тиловатни тўғри ўрганиб олиши мумкин эмас. Балки уни хатога ўтиши ва маъноларини бузиб юбориши эҳтимоли кучли.
Бу ҳақиқатни барча диний ва дунёвий илмларга боғлиқ бўлиши турган гап. Турли касбу ҳунар ва санъатларда ҳам бор, бу гап. Бу нарсаларни ўрганиш учун мутахасис устоз лозим.
Агар кишига илмни ўргатадиган шайх бўлмаса у адашади ва шайтоннинг йўлига юради ҳамда охир оқибат ҳалокатга учрайди. Агар кишига бошқа ҳунар ва касбларда устоз бўлмаса ўша ишларни яхши уддалай олмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида юрмоқчи бўлган солик учун уни иршод қилувчи устоз лозимдир. Бу устоз унга шайтоннинг ҳийлаларидан эҳтиёт бўлишни, ибодат ва муомалотлардаги нозик масалаларни осон йўл билан кўрсатиб беради…».
Аммо баъзи уламолар, илми бор киши учун шайх бўлиши шарт эмас. Ундоқ одам ўзи ҳосил қилган илм ила ўз йўлини топа олиши мумкин, дейдилар.
Бундоқ фикрдаги уламолар жумласига қадимда аҳли тасаввуфнинг улуғ имомларидан бири Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳи кирганлар. У киши ўзларига қараб, менга насиҳат қилинг, деган одамга, «Аллоҳни соҳиб тутгин! Одамларни четда қўйгин!» деганлар.
Бугунги кунда ҳам илми етарли одам ўзидан илми паст кишини шайх қилиб олмаслиги, балки китоблардан ўрганиб олса бўлишлигини таъкидлайдиган уламолар бор. Уларнинг жумласига Суриялик машҳур олим, кўплаб китоблар муаллифи, тасаввуф илмининг катта билимдони Муҳаммад Саъид Бутий кирадилар. У киши ўзларининг «ал-Ҳикам ал-Атоия» китобига ёзган шарҳларида мазкур маънони таъкидлаганлар.
Баъзи бир уламолар бу масалани батафсил тушинтиришга ҳаракат қилганлар. Мисол учун машҳур сўфий олим шайх Аҳмад Зарруқ ўзларининг «Қавоидут Тасаввуф» китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Андалуснинг мутааххир фуқаҳолари шайхларни қўйиб китоблар билан кифояланиш ҳақида тортишиб қолдилар. Улар турли юртларга мактуб ёздилар. Ҳар ким ўз билганича жавоб берди. Жумлаи жавоблари уч доирадан ташқарига чиқмайди.
1. Шайхларга назар солиш керак.
Оқил, ҳозиқ илм йўлларини яхши билган киши таълим шайхини қўйиб, китоблар билан кифояланса бўлади.
Диндор ва оқил насиҳатгўйнинг суҳбати билан кифояланиб тарбия шайхини қўйса бўлади.
Учрашув ва табаррук ила кифояланиб тарқия шайхини қўйса бўлади.
2. Толибнинг ҳолига назар солиш керак.
Илмсиз киши учун уни тарбияловчи шайх лозим.
Оқил ва билимли кишининг тараққиёти учун китоб кифоя қилади. Аммо у агар мақсадга етса ҳам ўзи қийналиши турган гап.
3. Кўзланган нарсаларга назар солиш керак.
Тақво баён қилинган ва умумий нарса бўлгани учун уни ўрганишда шайхга эҳтиёж йўқ.
Истиқоматнинг яхшисини айирабилиш учун шайх лозим. Гоҳида оқил киши китоблар ва уриниш туфайли шайхсиз ҳам мақсадига етиши мумкин.
Тарқияга эришиш учун эса шайх бўлиши лозим…».
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тарийқатда шайхнинг бўлиши афзал. Бошқа илм ва ҳунарларни устоздан ўрганган, ўзича ўргангандан афзал бўлганидек, бу илмда ҳам етук устоз бўлса ўша кишига шогирди тушган афзал. Аммо ўша етук устоз бўлмаса, илмли одам китоблардан фойдаланиб иш юритгани афзал.
Агар «йўқдан кўра бор» қабилида иш тутиб илмли одам илмсиз шайхга қўл берса илмсиз кишиларга ёмон ўрнак бўлишлари эҳтимоли бор. Чунки қадимда шу тариқа иш олиб бориш оқибатида катта ва кўп тойилишлар бўлган.
Шайх дегани одамларнинг тавбасини қабул қиладиган зот дегани эмас. Балки Аллоҳ таолога тавба қилишнинг осон йўлларини ўргатадиган устоз деганидир.
 Шайх дегани амалларнинг фарзу вожибини янгитдан жорий қиладиган зот дегани эмас. Балки барча амалларни шариат кўрсатганидек, адо этишни ўргатадиган устоз деганидир.
Шайх дегани ғайбдан хабар берадиган зот дегани эмас. Балки, кишиларни ғайбни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмаслигига эътиқод қилишга чақирадиган устоз деганидир.
Шайх дегани гуноҳ қилишдан холий маъсум зот дегани эмас. Балки, кишиларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга ҳеч бир маъсум йўқлигини таълим берадиган устоз деганидир.
Шайх дегани ўз муридларини қиёмат куни батаҳқиқ қутқариб оладиган зот дегани эмас. Балки, уларни қиёмат куни учун бу дунёда тайёргарлик кўришган ўргатадиган устоз деганидир.
Бас, шундоқ экан кишиларни тасаввуф илмига ўргатиш учун етук устоз лозим.   
Хўш тасаввуф илмидаги етук устоз қандай сифатларга эга бўлиши керак?
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Ким залолатга кетса, унинг учун муршиди валийни топа олмассан», деган.
Ушбу  ояти каримада бир неча дақиқ маънолар бор.
Биринчиси, агар Аллоҳ таоло бировнинг залолатга кетгазса, уни муршиди валий ҳам қутқара олмаслиги.
Иккинчиси, муршиди валий одамларнинг ҳидоятига сабаб бўлиши мумкинлиги.
Учинчиси, агар муршиди валий бор бўлса Аллоҳ таолонинг йўлига даъват мукаммал бўлишлиги. Агар инсон ўзига тўғри йўлга иршод қилувчи устозни топса, унинг Аллоҳ таолонинг йўлига кириши ва ўша йўлда юриши осон бўлиши.
Бундан, тасаввуф илмини кишиларга ўргатиш учун муршиди валий лозимлиги келиб чиқади.
Аҳли тасаввуф Аллоҳ таолонинг:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар билан бирга бўлинглар» деган оятини далил қилиб содиқлар сўфийлардир, дейдилар.
Ушбу тушунчани баъзи аҳли тасаввуф муболаға таризида бўртириб, сўфилардан бошқалар содиқ эмасдир, деган қоидага айлантириб оладилар. Аммо уларнинг барчасини ушбу оятдаги «содиқлар» иборасидан сўфийлар деган маъно чиқишига ҳеч қандай далиллари йўқ.
Ояти каримадаги «содиқлар» кимлигини билиш учун эса яна Қуръони Каримнинг ўзига мурожат қилиш керак. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:

«Албатта, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳага тушмаган ва моллари ҳамда жонлари билан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар, ана ўшалар содиқлардир», деган.
Шунингдек, Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деган.
Одатда одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар кўпинча яхшиликни белгилашда ақлларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларни, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар.
Бирлари яхшилик деб тушунган нарсани, бошқалари мутлақо ёмонлик деб тушунишлари ҳам мумкин. Демак, яхшиликнинг ҳақиқатини мазкур ҳоллардан устун тургувчи жиҳат белгилаши керак.
Ислом динида яхшилик Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима экани ушбу оятда тўлиқ таърифлаб берилган.
Келинг, аввал ояти каримани батафсил ўрганайлик. Оятнинг бошида Аллоҳ таоло:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас», деб, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап -сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламоқда. Сўнгра эса, яхшилик нималигини таърифлашга ўтиб:
«Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим  қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир», демоқда.
Бу ояти каримада яхшилик бир неча қисмга бўлинмоқда:
1. Иймон.
«ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса»
Аллоҳга, Унинг борлигига, сифатларига, исмларига, ягоналигига, тарбиякунанда эканлигига, илоҳлигига иймон келтириш. Охират кунига, яъни, қиёмат қўпишига иймон келтириш, фаришталарга, уларнинг сифатларига иймон келтириш, китобга, яъни, Аллоҳ таоло томонидан бандаларни ҳидоятга бошлаш учун туширилган илоҳий-самовий китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарларнинг бирортасини ҳам қўймасдан ҳаммасига иймон келтириш.
Ушбу иймон келтиришлар яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни, иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Чунки кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди. Бирор сабабга боғлиқ бўлади. Ўша сабаб тугаса, яхшилиги ҳам тугайди.
2. Молу дунёсидан нафақа қилиш.
«яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса»
Яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга, боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни, боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга; мискинларга, яъни, еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узоқда нафақасиз қолган одамларга; тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга; қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум миқдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
3. Намоз ўқиш.
«намозни қоим  қилса»
 Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи–буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади. Намоз ўқимаган одам Аллоҳ таърифлаган яхшиликни қилмаган бўлади.
4. Закот бериш.
 «закот берса»
 Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига моявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
5. Аҳдига вафо қилиш.
«Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар»
Аҳдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони Каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким аҳдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.
6. Сабр қилиш.
«камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар»
Фақирлик, бечоралик пайтида, касаллик, беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида инсон машаққатларга учрайди. Шундай ҳолларда сабр қилиш лозим.
Сабрлилик ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳақда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан, иймон нима, деб сўраганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганларида, яна шу оятни тиловат қилганлар.
Шундай қилиб, Аллоҳ битта оятда эътиқод асосларини, жон ва мол ибодатларини бирлаштириб, бир-биридан ажрамайдиган қилиб, уларнинг ҳаммасига «яхшилик» деб сарлавҳа қўйибди. Шунинг учун ҳам ушбу унвон остига дохил бўлиб, унга амал қилганларни Аллоҳ таоло «Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифламоқда.
Ҳа, ўшалар иймонида, исломида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар ақидасида, амалида содиқ бўлганлардир.
Ана ўшалар Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтган тақводорлардир.
Ўтган азизларимиздан Суфёни Саврий ушбу оятни ўқиб туриб:
«Яхшиликнинг барча тури шу оятдадир», деганлар.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи:
«Ким шу оят билан сифатланса, Исломнинг барча соҳаларига кириб, яхшиликнинг бошидан тутган бўлади», деганлар. 

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида содиқлар ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар».
Бу ояти каримада ҳам содиқларнинг баъзи сифатлари зикр этилмоқда:
«Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир».
Яъни, мўминлар ичида Аллоҳ таолонинг йўлида жонини фидо қилишга аҳду паймон берган кишилар бор. Улар мунофиқ ва иймони заифлар каби қўрқоқлик қилмайдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда бундай дейилган:
«Ушбу оятда назарда тутилган кишилардан бири Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу Бадр урушида қатнашмай қолган эди. Бу иш унга жуда оғир ботди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган биринчи урушда ғойиб бўлдимми?!» деб афсусланиб юрарди. Шу билан бирга:
«Агар Аллоҳ таоло кейинчалик менга бир урушни кўрсатса, менинг нима қилишимни Аллоҳнинг ўзи кўради», дер эди.
Уҳуд уруши куни Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушга чиқди. У йўлда кетаётиб Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни учратди ва унга:
«Эй, Абу Амр! Оҳ, оҳ! Жаннатнинг ҳиди қаёқдан келмоқда! Мен уни Уҳуд томондан келаётганини сезяпман!» деди.
Урушга кириб, шаҳид бўлгунича жанг қилди. Унинг жасадидан саксондан ортиқ найза, қилич ва камон ўқи изларини топдилар. Унинг синглиси Рубаййиъ бинти Назр:
«Акамни фақат бармоғидан таниб олдим, холос», деган.
Алҳамдулиллаҳ, мусулмонлар ичида бу кишига ўхшаб жонини фидо этганлар жуда кўп чиқди. Уларнинг фидойиликлари Исломга, мусулмонларга шону шуҳрат келтирди ва келтирмоқда.   
Аллоҳ таоло содиқларни «Ҳашр» сурасида қуйидагидек васф қилади:

«Ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан жудо қилинган фақир муҳожирларгадир. Улар Аллоҳдан фазл ва Унинг розилигини умид қиладилар. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёрдам берадилар. Ўшандоқ кишилар содиқдирлар».
Муҳожирлар асли маккалик кишилар бўлиб, дину иймон деб она юртларини, мол-мулкларини, қариндош-уруғларини ташлаб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар (кўчиб ўтганлар). Шу сабабли кўплари мискин, фақирга айланган эдилар. Улар фақат Аллоҳ берадиган фазли деб ва Унинг розилигини топамиз деб бу машаққатларга бўйин эгдилар. Қийин аҳволга қарамасдан Аллоҳнинг ишига ва Пайғамбарнинг ишига қўлларидан келган барча ёрдамларини аямадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни иймонларида содиқ кишилар деб мақтамоқда.
Юқоридаги сатрлардан содиқлик сўфичилик йўлига кириш билангина пайдо бўлиб қолмай балки кўпгина сифатларни ўзида жамлаган кишиларда бўлишини англаб оламиз.
Ўз ўзидан тарийқат шайхи бўлиш учун қанчалар олиймақом бўлган мазкур сифатларнинг ҳаммасини ўзида мужассам қилиш лозимлиги келиб чиқаверади.
Дастлаб ўрганган оятимизда шайх валий бўлиши кераклиги айтилган эди. Валий ҳақида ҳам кўпгина фикрлар тарқалиб қолган. Агар одамлардан валий ким деб сўраладиган бўлса, каромат кўрсатадиган одам, деган жавобни олиш турган гап.
Турли омилларга кўра кишилар орасида худди шу фикр тарқалиб қолган. Аммо биз одамлар орасида тарқалган фикрга қараб эмас Қуръони Карим оятига қараб ҳукм чиқаришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида валийларнинг васфида қуйидагиларни айтади:

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор».
Ҳа, Аллоҳнинг валийларига ҳам бу дунёда, ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу-мулкига, обрў–эътиборига, оиласига, жонларига, умуман ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб–уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг валийлари бу дунёю охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?
«Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир».
Демак, Аллоҳнинг валийи бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан.
Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга валий бўлиш бахтидан маҳрумдир.
Аллоҳга дўст бўлганларга эса:
«Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор».
Аллоҳнинг валийларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Демак, шайхда иймон ва тақво сифатлари олий даражада бўлиши лозим ва лобуд экан.
Шайхнинг яна бир сифати муршид бўлишликдир.
Муршид дегани иршод қилувчи-кишиларни тўғри йўлга бошловчи-яхшилик башоратини бериб, ёмонликдан огоҳлантирувчи деганидир. Бас, шайх яхшиликнинг башорати-хушхабарини бериб, ёмонликдан огоҳлантирар экан у бу ишни Қуръони Каримга биноан олиб бориши керак.
Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлигини Қуръони Каримнинг ўзи «Тавба» сурасида қуйидагича баён қилади:

«Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар».
Бу ояти карима ва уламоларимизнинг унга турли ёндашувларидан Ислом ўз динимизни чуқур англаб етишга қинчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди. Бу ҳолат диний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни кераклигича таёрлашга Ислом жамияти алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга уламоларнинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди.
Демак, иршод қилиш учун аввало динда фақиҳ бўлиш-уни чуқур англаб етиш керак. Динда фақиҳ бўлиш эса Қуръони Карим ва Суннат мутоҳҳарани яхши ва пухта билишни, иймон, ислом, эҳсон, тақво ва шукр каби асосларни чуқур билишни тақозо қилади. Бу нарсаларни аъло даражада ўзлаштирмаган киши динда фақиҳ бўлмайди. Бинобарин муршид - шайх ҳам бўла олмайди.
Иршодни ўзига лозим тутишни истаган кишига динда фақиҳ бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кўпгина фақиҳлар бору аммо улар кишиларни иршод қила олмайди. Чунки уларни илмни ўрганганлари билан ўзлари билган илмни одамларга етказишни билмайдилар.
Бошқача қилиб айтганда одамларни динга даъват қилиш сирларидан бехабарлар. Бу ҳолда қош қўяман деб кўз чиқариш турган гап. Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилишнинг ўзи ҳам алоҳида бир илм. Унинг ўз қоидалари бор. Ўша қоидаларни пухта ўрганган кишигина бу муҳим ишни ўз ўрнида уддалай олиши мумкин.
Аллоҳ таоло Ўз йўлига одамлар қандоқ даъват қилиш кераклиги ҳақида «Наҳл» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.
Аввало,
«Роббингнинг йўлига»
Яъни, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.
Иккинчидан,
«ҳикмат»
Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.
Учинчидан,
«ва яхши мавъиза ила даъват қил».
Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.
Тўртинчидан,
«Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».
Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, рақибининг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.
Демак, муршид бўлмоқчи бўлган кишидан илмдан ташқари яна кўпгина сифатлар ҳам бўлмоғи лозим экан. Шунинг учун ҳам шариат, ақийда, Қуръон ва Суннат куллиялари билан бир қаторда даъват куллиялари ҳам ишлаб турибди. Ўша даъват куллиялари алоҳида даъватчилар тайёрлаш билан машғуллар.
Сўфийларнинг ўзлари айтишларича тасаввуф силсиласи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган илмдир. Ҳамма тарийқатлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етади. Бинобарин, ҳар бир иршодга ўзини лойиқ кўрган шайх Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига мутлақ ўрнак қилиб олиши керак. Бусиз иршодни даъво қилмаса ҳам бўлади.
Хусусан, ҳар бир шайх Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримда зикр этилган қуйидаги вазифаларининг давомчиси бўлмоғи шарт.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида мусулмон умматига хитоб қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик».
Эътибор қилинса, ушбу ояти каримада:
 «Шунингдек, ичингизга ўзингиздан... Пайғамбар юбордик», дейилиши мусулмон уммати учун катта бахт ҳисобланади. Оятдаги васф шундайки, худди Аллоҳ таоло мусулмонлар билан алоҳида қолиб, уларга ўзи берган неъматлар, фазлларни бирма-бир санаб бераётганга ўхшайди:
Биринчидан, ўзингиздан танлаб Пайғамбар юбордим.
Иккинчидан, у Пайғамбар сизларга оятларимни тиловат қилиб беради. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ворисликни даъво қилаётган шайх ҳам ўз талабаларига Аллоҳ таолонинг оятларини тиловат қилиб, улардан дарс бериши керак.
Учинчидан, сизларни поклайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ворис бўлган шайх ҳам руҳий тарбия ила ўз шогирдларини поклаши лозим. Ҳа, шайхлар ўз муридларининг қалбларини кирлардан ва хасталиклардан поклашлари зарур.
Тўртинчидан, у Пайғамбар сизларга китобни – Қуръонни ўргатади. Бинобарин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ворис бўлган шайх ҳам ўз шогирдларига Қуръоний таълим бермоғи керак.
Бешинчидан, ҳикматни ўргатади. Бу ердаги ҳикматдан мурод Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Демак, шайхлар ўз муридларига суннати мутоҳҳарани ҳам ўргатмоғлари керак.
Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига улар билмайдиган нарсаларни ўргатганлари каби шайхлар ҳам ўз шогирдларига улар билмайдиган нарсаларни ўргатмоғликлари лозим бўлади.
Юқорида зикр қилинган далиллардан муршиди валий даражасидаги шайх бир қанча сифатларга эга бўлмоғи кераклигини ўрганиб олдик.
Худди шу фикрларнинг ҳақиқий сўфийларнинг ўзлари ҳам таъкидлаганлар. Фиркимизнинг далили сифатида Ибн ал-Банно Сарақситий раҳматуллоҳи алайҳининг сўфилар ҳузурида катта мақомга эга бўлган «ал-Мабоҳисул Аслияя» номли қасидасидан қуйидаги байтларни келтиришга ижозат бергайсиз.
Ор бўлсин, илмларни рози қилмаганга.
Мавжуду ва ғайри мавжудни билмаганга.
Ор бўлсин аввал фақиҳ бўлмаганга.
Бошқа аҳкомларни идрок этмаганга.
Ор бўлсин ҳадду, усулу, тилни билмаганга.
Зикр ҳамда ҳадису бурҳонни билмаганга.
Ор бўлсин илми ҳолни маҳкам билмаганга.
Ва ҳам «эрлар» мақсадини идрок қилмаганга.
Ор бўлсин, маъбуднинг сифатларин покламаганга.
Ва ҳам вужуднинг мартабаларин идрок қилмаганга.
Ор бўлсин, нафсни ҳам ақлни ва руҳни билмаганга.
Ва шарҳ қилинган кўксини идрок қила олмаганга.
Ор бўлсин, носих ва мансух илмин сирини билмаганга.
Ор бўлсин, буларни билмай шайхликни даъво қилганга.
Энди мазкур байтлардаги маъноларни батафсил англаб етиш учун уларни қисқача шарҳ қилишга ўтайлик.
Ор бўлсин, илмларни рози қилмаганга.
Мавжуду ва ғайри мавжудни билмаганга.
Яъни, барча керакли илмларни ўрганмаган шайхликни даъво қилувчига ор бўлсин. Мавжудлиги вожиб, мавжудлиги оризни ҳамда адамлиги вожиб ва адамлиги оризни ажрата олмаган шайхликни даъво қилувчиган ор бўлсин.
Ор бўлсин аввал фақиҳ бўлмаганга.
Бошқа аҳкомларни идрок этмаганга.
Яъни, шайхликни даъво қилувчи шахс ҳамма нарсадан аввал фақиҳ бўлмоғи, шариат аҳкомларини дақиқ жойларигача тушунган бўлмоғи лозим. Агар ўшандоқ бўлмай туриб шайхликни даъво қилса, унга ору номус бўлсин! Чунки, ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг ҳукмини билмай туриб ўша ишлардан бирортасини қилиш мумкин эмас. Агар ўша шахс шайх бўлиб омманинг тарбияси ила машғул бўладиган бўлса, унинг фақиҳ бўлмоғи яна ҳам зарур бўлади. Шунингдек, ундоқ одам ўзига тўқнаш келадиган ҳар бир аҳкомни билиш қобилиятига соҳиб бўлмоғи лозим.
Ор бўлсин ҳадду, усулу, тилни билмаганга.
Зикр ҳамда ҳадису бурҳонни билмаганга.
Яъни, шайхликни даъво қилучи шахс юқоридаги байтда айтилган илмларни билмаса ҳам унга ор бўлади;
«Ҳадд» - мантиқ илми.
«Усул» - Усулу фиқҳ илми.
«Тил» - араб тилига оид, сарф, наҳву, балоғат, фасоҳат ва маъоний каби илмлар.
«Зикр» - Қуръони Карим.
«Ҳадис» - Суннати Набавия.
«Бурҳон» - Илми ақоид.
Ор бўлсин илми ҳолни маҳкам билмаганга.
Ва ҳам «эрлар» мақсадини идрок қилмаганга.
Яъни, «Илми ҳол» - тасаввуфни яхши билмай туриб, тасаввуфнинг «эрлар»и бўлган катта уламоларнинг гаплари, ишоралари, рамзлари ва қасдларини яхши билмай туриб шайхликни даъво қилган одамга ор бўлсин.
Ор бўлсин, маъбуднинг сифатларин покламаганга.
Ва ҳам вужуднинг мартабаларин идрок қилмаганга.
Яъни, Аллоҳ таолонинг сифатларини У зотга лойиқ бўлмаган сифатлардан покламай туриб шайхлик даъвосини қилганларга ор бўлсин. Вужуднинг ориз, вожиб, мушоҳид ва муғаяяб каби мартабаларини билмай туриб шайхлик даъвосини қилганларга ор бўлсин.
Ор бўлсин, нафсни ҳам ақлни ва руҳни билмаганга.
Ва шарҳ қилинган кўксини идрок қила олмаганга.
Яъни, шайхлик даъвосини қилган шахс нафс нима, ақл нима ва руҳ нималигини билмаса, уларнинг орасидаги фарқни англай олмаса, унга ор бўлсин. Шайхликни даъво қилган киши ислом ила шарҳ қилинган кўкс нималигини, унинг аломати қандоқлигини ва унга тегишли бошқа маълумотларни билмаса, унга ор бўлсин.
Ор бўлсин, носих ва мансух илмин сирини билмаганга.
Ор бўлсин, буларни билмай шайхликни даъво қилганга.
Яъни, носих ва мансух илмини билмай туриб тасаввуфда шайхлик қилишга уринган кишига ор бўлсин. Чунки Қуръон ва Суннатда нима носиху нима мансухлигини билмай туриб кишиларнинг руҳий тарбияси ила машғул бўлиш ўзи залолатга кетиб, ўзгаларни ҳам залолатга кетгазишдан бошқа нарса эмас.
Юқоридаги байтларда тарийқат шайхининг камчилиги бўлиши мумкин баъзи нарсалар зикр қилинган бўлса, келгуси байтларда шайхнинг сулук бобидаги ўрни ва вазифаси ҳақида сўз кетади.

«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир.
Ҳақ ҳузурига ва қайта юрувчиларимиздир.
Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир.
Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир.
Йўлни босиб ўтиб, қайтиб келганимиздир.
Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир.
Ундаги паст баландлардан ўтганимиздир.
Қуму тупроғларини синаб кўрганимиздир.
Унда бориб келиб, жавлон урганимиздир.
Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир.
Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир.
Анҳору булоқларни яхши билганимиздир.
Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир.
Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир.
Сув манзилларин ишончла топганимиздир.
Ҳар бир ичиш жойини топиб ичганимиздир.
Ул ушбу муҳим иш ила тик турганимиздир.
Унга, сен отлиқлар шайхисан, деганимиздир.
Мазкур сафар бўлур қалб билан, деганимиздир.
Шайх эса бу ишда табиб каби деганимиздир.
Ул уларнинг озғинин семизин билганимиздир.
Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир».
Кейинги байтларда қалб табиблиги учун шайх қандоқ муолажа олиб бориши ҳақида гап кетади. Биз эса юқорида зикр этилган байтларни бир оз кенгроқ ва батафсилроқ англаб етишга ҳаракат қилайлик.
«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир».
Ҳақ ҳузурига ва қайта юрувчиларимиздир».
Яъни, албатта, тасаввуфга кирган кишилар мақомлардан мақомларга сафар қилувчи одамлардир. Улар ислом мақомидан иймон мақомига, сўнгра эҳсон мақомига, кейин тақво мақомига, ундан сўнг шукр мақомига сафар қиладилар.
Яна улар Аллоҳ таолонинг ишларини кўришдан Унинг сифатлари ва исмларини ҳис қилишга, нафс беморлигидан унинг соғломлигига сафар қиладилар.
Уларнинг сафарининг мақсади Ҳақ таоло ҳузуридир. Улар бу сафарларида ҳар мақомда бир тўхтаб аста юриб борадилар. Ғафлат мақомидан сергаклик мақомига, сергаклик мақомидан ҳузур мақомига ва ҳакозо.
«Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир».
Яъни, ўша мақомларда сафар қилишлари лозим бўлган, тасаввуф йўлига кирган кишилар ўзларига йўл бошловчи далил-йўл кўрсатувчига муҳтождирлар.
Ана ўша йўл кўрсатувчи-далил бир қанча сифатларни ўзида мужассам қилган бўлиши лозим:
«Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир».
Яъни, ўшал далил-шайх мазкур йўлда юришнинг жуда устаси бўлиши керак. Қачон юриб, қачон дам олишни ҳам яхши билмоғи шарт. Ҳар бир кишини чарчатмасдан осон равишда йўлда юришига ёрдам бериши лозим.
«Йўлни босиб ўтиб, яна қайтганимиздир».
Яъни, шайх аввал ўзи бу йўлни бошидан охиригача яхшилаб босиб ўтган бўлиши керак. Кейин бошқаларга йўл кўрсатиш учун қайтиб келган бўлмоғи лозим. Сўнгра,
«Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир».
Яъни, ўшал йўлни аввалидан охиригача босиб ўтган шайх ўз муридларига ўзи топган фойдаларни гапириб бериб уларни йўлнинг бошидан бошлаб кетади. Тасаввуф йўлидаги фойдалар эса завқлар илми ва шоҳидлик нурлари каби нарсалар бўлади. Шунинг учун ҳам азизларимиз, шайхда тўғри илм, равшан завқ, олий ҳиммат ва дарли ҳолат бўлиши керак, деганлар.
«Ундаги паст баландлардан ўтганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлидаги хокисорлик, узлат каби пастликлардан ва нафс жиҳоди ҳамда арми маъруфу даъват каби машаққат чўққиларини ўтган киши бўлмоғи шарт.
«Қуму тупроғларини синаб кўрганимиздир».
Яъни, муршид шайх тасаввуф йўлининг қаттиқ юмшоғини ҳам нозик жойларигача пухта билиши керак. Чунки у ўз муридларининг ҳар бирига уларнинг табиати ва ҳимматига қараб алоҳида муомала қилиши лозим.
«Унда эртаю кеч, жавлон урганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлининг кечаси ҳам кундузи ҳам яхши кўра оладиган, бошқача қилиб айтганда бидоят ва ниҳоят илмларини пухта ўзлаштирган одам бўлиши керак.
«Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлида мурид дуч келадиган синовлар ва енгилликлар ҳамда тўхташлар ва беришларни чуқур тушиниб етган бўлмоғи лозим.
«Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир».
Яъни, шайх нимада муридга хавфу хатар борлигини ва нимада муридга амну омон борлигини охиригача англаб етган шахс бўлиши шарт.
Хавфу хатар креаксиз улуғлаш ва таъзим қилиш, дангасалик, дунёга ружуъ қўйиш каби нарсалардир.
Амну омон фарзу вожиб ҳамда суннатларга оғишмай амал қилиш, нафлларни кўпайтириш ва аҳли солиҳларнинг суҳбатларида кўпроқ бўлиш каби нарсалардир.
«Анҳору булоқларни яхши билганимиздир».
Яъни, шайх шариат илмларини ва кишилар табиатларини яхши биладиган одам бўлиши керак. Бу байтдаги анҳордан мурод шариат илмлари ва булоқлар эса кишилар табиатларидир. Шайх шариат илмларини яхши билган ва муридларнинг табиатларини ҳам пухта билган бўлсагина илм ила табиатларни фаввора каби отилиб чиқишига сабабчи бўлади.
«Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир».
Яъни, шайх нафс балоси чўлининг шаҳват тиконлари ҳамда қаттиқ жойларини ҳам, Аллоҳ таолонинг розилигидан узоқда бўлган саҳроларини ҳам тинмай кезиб имтиҳондан бутун чиққан киши бўлиши керак.
«Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир».
Яъни, шайх Аллоҳ таолонинг йўлида юрадиганлар дуч келадиган ғовларни ҳам, тўсиқларни ҳам мувофақият билан енгиб ўтган шахс бўлиши лозим.
«Сув манзилларин ишончла топганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуф йўлидаги чанқоқ қолдирадиган сувхоналар-яқин, вараъ, зоҳидлик, хавфу ражо, таваккул, сабр, ризо, таслим, мушоҳада, тазкия, фано аммо сиваллоҳ ва бақо биллаҳ кабилардан сув ичган бўлиши шарт.
«Ҳар бир ичиш жойини топиб ичганимиздир».
Яъни, шайх юқорида зикр этилган мақомларнинг ҳар бирини топиб унинг сувидан тўйиб-тўйиб ичган бўлиши керак.
«Ул ушбу муҳим ишларла тик турганимиздир».
Яъни, шайх мазкур ишларни қоим қилган ва қоил қилган бир зот бўлганидан барча,
«Унга, сен отлиқлар шайхисан, деганимиздир».
Яъни, ҳамма одамларни унинг ҳолу сифотларини кўриб туриб тан бериб сен бизнинг тарийқатдаги шайхимизсан деб тан олган одамгина ҳақиқий шайх бўлади.
«Мазкур сафар бўлур қалб билан, деганимиздир».
Яъни, аввал бошдан васф қилиб келинаётган сафар қалб билан бўладиган сафардир. Бу руҳоний сафардир. Бу сафар тўрт ердан тўрт ерга бўлади.
Биринчиси гуноҳ ва ғафлат еридан тавба ва сергаклик ерига бўлади.
Иккинчиси дунёга ҳирс қўйиш еридан зоҳидлик ва охират талаби ерига бўлади.
Учинчиси нафсларнинг ёмонликлар ва қалбларнинг айблари еридан ўша нарсалардан холий бўлиш ва уларнинг зидлари билан зийнатланиш ерига бўлади.
Тўртинчиси борлиққа шуҳуд бўлиш еридан борлиқ Роббисига шуҳуд бўлиш ерига бўлади.
«Шайх эса бу ишда табиб каби деганимиздир».
Яъни, шайх тасаввуфда худди ҳаётда беморларга қарайдиган табиб кабидир. Табиб кишиларнинг танасидаги хасталикларни муолажа қилса, шайх уларнинг қалбларидаги хасталикларни муолажа қилади.
«Ул уларнинг озғинин семизин билганимиздир».
Яъни, шайх қалбларнинг илмдан, амалдан, ҳолдан, яқиндан, нурдан бебаҳра бўлган озғинини ҳам, илмга, амалга, ҳолга, яқинга ва нурга тўлган семизини ҳам яхши билиши керак. 
«Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир».
Яъни, шайх кўп гуноҳ ва ғафлат туфайли қатиб қолган қалбни ҳам, тақво, хушуъ хузуъ ила мулойим бўлган қалбларни ҳам билиб уларнинг ҳар бирига ўзига хос муомала қиладиган уста мураббийдир.
Мазкур сифатларни ўзида мужассам қилган шайхлар ҳақиқий шайхлар бўладилар. Уларга ҳеч иккиланмай эргашилса, кам бўлинмайди. Аммо шайхларни баҳолашда дин илмидан бехабар муридларнинг мақтовлари ўлчов бўла олмаслиги ҳаммаг маълум.
Эътибор берадиган бўлсак, юқорида зикр этилган оят, ҳадис ва аҳли тасввуфнинг шайх ҳақидаги гапларида бугунги шайхлар мадҳида айтиладиган маддоҳликларнинг биттаси ҳам йўқ. Демак, бу борада кўзимизни очишимиз лозим. Ким кўринганни шайх деб этагини тутиб кетавериш дуруст эмас.
2. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида айтади:
«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз», (154-оят).
Мўмин-мусулмонлардан баъзилари Аллоҳ йўлида, унинг сўзини ўзи муносиб бўлган олий мақомга етказиш учун, ҳақ динини бошқа ботил ва бузилган динлардан устунликка эриштириш учун бўлган ҳаракатларда қатл этиладилар. Шунда улар одамлар кўзида гўё ўладилар. Аммо Аллоҳ таоло ушбу оятда уларни ўликлар демасликка амр қилмоқда.
«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг».
 Демак, уларнинг ўлими зоҳирий ўлим, бошқа одамларнинг кўзига ўлим бўлиб кўринади, холос.
«Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз».
Аслида, ушбу оятда таъкидланганидек, улар тирикдирлар, аммо уларнинг тирикликларини биз сезмаймиз. Уларнинг ҳаётлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки инсон ҳаёт ва ўлимнинг ҳақиқатини англаб етиши мумкин эмас. У зоҳирга қараб, ҳаракатдагини ҳаёт, ҳаракатсизини ўлик деб ҳукм чиқараверади. Аммо шаҳидларни, Аллоҳнинг йўлида жонини қурбон қилганларни Аллоҳ тирик деяптими, демак, улар тирик бўладилар. Шунинг учун ҳам уларни бошқа ўликлар сингари ювилмайди. Чунки ўлик баданини поклаш учун ювилади. Шаҳидлар ўзлари пок, улар тирикдирлар. Ҳам шаҳидларга ўликларнинг кийими–кафан кийдирилмайди, қайси кийимда шаҳид бўлсалар, ўшанда дафн этиладилар.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.