Тавба сабоғи

 Ҳар бир ишда ўзининг борлиги ва бирлигини намоён этиб қалбларга нурли йўл солган Зот — Оллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Яратган эгамнинг дийдорига фақат салим қалб билан етиш мумкинлигини башорат этган ва бу йўлда инсониятга намуна бўлган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга, унинг аҳли байтлари ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

«Жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч - маърифатдир» - деган эди юртбошимиз зиёлилар билан бўлган бир суҳбатда.

Ҳақиқатан ҳам маърифатдан узоқлашган жамиятнинг ҳалокати муқаррар. Бугун ўзбек халқи мустақил тараққиёт йўлини танлаб, жаҳон ҳамжамиятига ўзининг бой тарихи, туганмас маънавий хазинаси билан қўшилаётган экан, бу қутлуғ сафарда маърифат сўзининг маъноси янада муҳимроқ аҳамият касб этади.

«Маърифат» сўзининг истилоҳий маъноси махсус луғат китобларида «Яратувчини танимоқ, англамоқ» дея таърифланган. Ҳикматга кўра, Яратувчини таниш ўзни танишдан бошланади, яъни мақсади ҳақни таниш бўлган инсон аввал ўзини танимоғи лозим. Хўш, ўзни таниш ҳолат эътибори билан қандай намоён бўлади? Кимки хулқини ислоҳ қилиш ҳаракатига тушган экан, у ўзни англаш сари қадам ташлаётган одамдир. Негаки, ҳеч ким «мен тўла маънода мукаммал инсонман, менинг бирорта айбим йўқ!» дейолмайди. Шунинг учун ҳам инсон зоти доимий ислоҳга, муттасил тарбияга муҳтож.

Шу маънода, улуғ маърифат соҳиби, бутун умрини маърифат тарғиботига, маърифий туйғунинг нозик қирраларини кашф этишга сарфлаган олим Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Иҳйоу улумид дин» («Дин илмларини жонлаштириш»)» асари алоҳида аҳамиятга молик. Ислом тарихида «ҳужжатул ислом» номи билан машҳур олим Абу Ҳомид Ғаззолийнинг асарлари ўзбек китобхонларига яхши таниш. Аслиятдан ва усмонли турк тилидан ўгирилган таржималар аллақачон халқимиз орасида оммалашиб бўлди. Ўзбек ўқувчисида Ғаззолий ва унинг асарлари ҳақида қайсидир даражада муаййан қараш шаклланди.

Ҳофиз Абу Фазл Ироқий «Иҳйоу улумид дин» китобига қилган «тахриж»ининг муқаддимасида дейди: «Иҳйоу улумид дин» ҳалол ва ҳаромни танитадиган улуғ китоблардан биридир. Унда жамланган ҳукмлар қалбларга йўналтирилган. Китоб ёлғиз фуруъ ва масойил билан чекланиб қолмаган. Шу билан бирга, соҳилга қайтиш имконсиз бўладиган даражада тубсизликка ҳам шўнғиб кетилмаган. Балки унда зоҳир ва ботин илми қоришиб, маънолар энг гўзал ўринларда мавжланади ва аниқ, тиниқ, нафис лафзлар ичра оқади. Бу оқимнинг сифати мўътадилликдир».

Шайх Абдуллоҳ Идрус шундай дейди: «Барча сирлар калити Китоб4 ва суннат5га эргашишдадир. Китоб ва суннатга эргашиш шариатга эргашиш, шариат эса «замон ажойиботи» деб номланган «Иҳйоу улумид дин» китобида шарҳланган».

«Агар барча илмлар йўқолса, уларни «Иҳйо» дан чиқариб олардим», дейди Шайх Абу Муҳаммад Козруний.

Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг асарлари, хусусан «Иҳйоу улумид дин» китобининг таърифида айтилган сўзлар кўп. Лекин бизнинг назаримизда, энг яхши, балки энг самимий таъриф – ҳар бир ўқувчининг китоб билан танишганидан сўнгги илк таассуроти ва вақт ўтиб, таъсирлар совигандан кейин туғилган хулосалари.

«Иҳйоу улумид дин» китоби «Ибодатлар», «Одатлар», «Муҳликот» (ҳалокатга олиб борувчи офатлар) ва «Мунжийот» (нажотга элтувчи амаллар) деб номланган тўртта катта қисмга бўлинган. Бу тўртта қисмнинг ҳар бири муҳим мавзуларга бағишланган ўнта китобни ўз ичига олади.

Ушбу тўпламда «Иҳйоу улумид дин»нинг «Муҳликот» ва «Мунжийот» қисмидан ўрин олган «Тавба», «Сўнгги манзил зикри”, “Нафс тарбияси” ва “Тил офатлари” китоблари жамланган.

«Тавба» «Мунжийот» қисмининг биринчи китоби бўлиб, унда тавбанинг моҳияти, унинг вожиблиги ва фазилатлари, кичик ва катта гуноҳлар, тавбанинг мукаммаллик шартлари, тавбасиз қалб дардининг муолажа йўллари каби бир қанча мавзулар зоҳир ва ботин жиҳатидан тадқиқ этилган. Тадқиқ йўли, аксар ҳолда, бутунни қисмларга ажратиш, ҳар бир қисмнинг моҳиятига назар солиб, унга аниқ таъриф бериш, аниқликка эга бўлган бу қисмларнинг бутунга нисбатан ва ўзаро боғлиқлик даражаларини белгилаш орқали кечган.

«Тавба китоби»нинг яна бир хусусияти, айрим сўзлар луғавий маъносидан ташқари матн доирасида қўшимча маъноларда ҳам қўлланган. Амалларнинг кўз илғамас жиҳатларига фаҳм назарини қаратган Fаззолий ҳазратлари маънони мажозлар билан таҳқиқ этади, англаниши мушкил, аммо муҳим маънавий ҳодисаларни мажозий муқояса билан жонли ҳаётга кўчиради. Таъбир жойиз бўлса, бу кўчишни – заифликдан кучлиликка, уйқудан уйғоқликка, ўлимдан тирикликка ўтиш, деб изоҳлаш мумкин. Мажоз тилининг аҳамиятини Fаззолий шундай таърифлайди: «Охиратга нисбатан уйқу ҳисобланган бу дунёда пайғамбарлар одамларга юзланиб, асл маъноларни зарбулмасаллар воситасида уларга етказдилар. Келтирилган мисоллар Оллоҳ таолонинг ҳикмати ва бандасига лутфи сифатида фаҳмларда жонланади, банданинг идроки ожизлик қиладиган ўринларда ёрдамга келиб, илғаш ва англашни осонлаштиради».

Умуман, Ғаззолий «Сўнгги манзил зикри” ё “Нафс тарбияси” ёки “Тил офатлари” китобидаги исталган мавзуда сўз юритмасин, масаланинг ички томонини ёритишга эътиборини қаратади. Зоҳирнинг мавжудлигини ички сабаблар белгилашини исботлайди. У инсоннинг ички оламидаги ўзгаришларни бамисоли моҳир табибдек кузатади. Ташқаридан алоҳида-алоҳида кўринган аъзоларнинг кўз илғамас дақиқ, аммо ўзаро чамбарчас боғланган умумий томонларини топади ва юзага тошиб чиққан «яра»ларнинг манбаи ичкарида эканини англатади. Билъакс, бир бутун кўринган қисмни алоҳида-алоҳида аъзоларга ажратиб, ҳар аъзодаги иллатлар устидан ўта нозик «жарроҳлик амалиёти»ни олиб боради.

Банда борки, гуноҳдан холи эмас, муҳими содир этилган хатони тан олиш, уни ўз вақтида тузатиш. Бу иш эса, фақат тавба билангина амалга ошади. Зеро, Қуръони Каримда зикр этилган мавзуларнинг барчаси жиддий эътиборга молик мавзулардир. "Тавба" айнан шундай марказий мавзулардан бири десак, янглишмаймиз. Бинобарин, Оллоҳ Расулининг биз умматларга кўрсатган йўли ҳам тавба йўлидир. Ҳидоят тавба йўлидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳам, улардан сўнггилар ва улардан сўнггилар ҳам шу йўлдан юрдилар. Агар тарихга назар солсангиз, уламо умматнинг бутун ҳаёти тавба сабоғидан иборат.

Рашид Зоҳид

 

тахриж— маълум бир асарда келтирилган ҳадисларнинг ровийси ва санъат йўлларини аниқлаб, юзага чиқариш

фуруъ— асосий масаладан келиб чиқувчи иккинчи даражали масалалар

масойил— далиллар орқали ҳал қилинадиган муайян бир мавзудаги ишлар (масалалар)

Китоб— Қуръони карим

суннат— Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг айтган сўзлари, қилган ишлари, сурати ва сийратига тегишли маълумотлар ("Ҳадис ва ҳаёт" китобининг I- жилдида суннат ҳақида батафсил маълумот берилган)

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Last modified on 04/08/2017

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.