Дунё ҳавасидан тийилишнинг фазилати

Дунё ҳавасидан тийилиш фазилати, дунёга муккасидан кетиш сабаблари ва бу дард муолажаси


Дунё ҳавасидан тийилишнинг фазилати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умарга дедилар: «Саҳарда уйғонар экансан, оқшом орзусини қилма! Оқшомга етганингда, саҳар орзусини қилма! Ҳаётингдан ўлим учун, соғлиғингдан хасталигинг учун улуш ажрат. Чунки, эй Абдуллоҳ, эртага қандай ном олишингни билмайсан» (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Иккита хислат борки, сизларга улар туфайли зарар етишидан хавфдаман: кибру ҳавога эргашиш ва орзу-ҳавасга берилиш. Кибру ҳавога эргашиш – ҳақдан тўсилиш, орзу-ҳавасга берилиш эса дунёни яхши кўришдир. Огоҳ бўлинг! Оллоҳ таоло дунёни суйган бандасига ҳам, суймаган бандасига ҳам беради. Иймонни эса фақат суйган бандасига ато этади. Эсда тутинг! Диннинг ҳам, дунёнинг ҳам фарзандлари бор. Сизлар дунё фарзанди эмас, дин фарзанди бўлинглар. Билингки, дунё сизларга орқа ўгирувчи охират эса пешвоз чиқувчидир. Огоҳ бўлинг! Бу кун амал куни, унда ҳисоб йўқ. Яна огоҳ бўлингларки, ҳисоб куни яқин, у кунда амал қилиш йўқ!» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Умму Мунзир айтади: «Бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар! Оллоҳдан уялмайсизларми?» дедилар. «Нима учун, эй Расулуллоҳ?» дейишди. «Еёлмайдиган нарсаларингизни тўплайсиз, етолмайдиган нарсаларни орзу қиласиз, ичида яшолмайдиган уйлар бино қиласиз», дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Абу Саид Худрий дейди: «Усома ибн Зайд пулини бир ойдан сўнг бериш шарти билан Зайд ибн Собитдан юз динорга чўри сотиб олди. Бунинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етгач, у зот: «Пулини бир ойдан сўнг беришга келишган Усомага ажабланмайсизми?! Ҳа, дарҳақиқат, Усома орзу-ҳавасга берилибди! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар сафар кўзимни юмиб-очар эканман, шу онда: юмилган кўзларимни ёпган қовоқларим қайтадан кўтарилгунича Оллоҳ жонимни олмасмикан, деган гумонга бораман. Бирор луқмани оғзимга солсам, уни ютиб улгурмай, шу луқма бўғзимда қолиб кетмасмикан, деган хавфда бўламан. Эй Одам фарзандлари! Агар оқил бўлсанглар, ўзингизни ўликлардан деб ҳисобланг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, «Албатта, сизларга ваъда қилинган нарса шак-шубҳасиз келгувчидир» (Анъом, 134-оят), – дедилар» (Ибн Абу Дунё, Табароний ва Байҳақий ривояти).

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта чўп олиб, биттасини олдиларига, иккинчисини унинг ёнига, учинчисини узоқроққа санчиб, дедилар:
– Бу нима эканини биласизларми?
– Оллоҳ ва Унинг расули билувчироқ, – дейишди.
– Мана бу инсон, буниси ажал, ана униси эса, инсоннинг орзу-ҳаваси. Одам фарзанди орзу-ҳавасга берилади. Ажал уни талвасага солганида, орзу-ҳавасдан нишон қолмайди», – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Одам фарзандининг атрофида тўқсон тўққизта ўлим бор. Агар бу ўлимлар Одам фарзандини нишонга олишда адашса, у қарилик томон одимлайди» (Термизий ривояти).
Ибн Масъуд деди: «Кишининг атрофидаги ўлимлар унга элтувчи кўчалардир. Сўнг қарилик келади, кейин орзу-ҳавас. Киши орзу-ҳавасга берилар экан, ўлим кўчаларига кириб боради. Ўлимларга унинг орзу-ҳавасларини ушлаш буюрилади. Агар ўлимлар адашса, барибир қарилик бу орзу-ҳавасларнинг бошига етади. Инсон эса уларнинг руёбга чиқишини кутаверади».
Абдуллоҳ деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга тўртбурчак шакл чизиб, унинг ўртасига узун чизиқ тортдилар. Кейин узун чизиқ атрофига бир неча калта чизиқлар чиздилар. Битта чизиқнинг учини тўртбурчакнинг ташқарисига чиқариб қўйдилар ва:
– Биласизми, бу нима? – сўрадилар.
– Оллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир, – дедик.
– Тўртбурчак ҳосил қилиб, инсонни ўраб турган чизиқлар унинг ажали. Калта чизиқлар дунёда етадиган ёмонликлар бўлиб, агар инсонни бу ёмонлик адаштирса, бунисининг, у ёмонлик адаштирса, унисининг жабрини тортади. Учи ташқарига чиққан чизиқ эса инсоннинг орзу-ҳавасидир» (Бухорий ривояти).
Анасдан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одам фарзанди қарийди. Ундаги икки хислат: ҳирс ва орзу-ҳавас эса асло қаримайди». Яна бир ривоятда: «Икки хислат яшариб боради: мол-дунёга ҳирс ва умрга ҳирс» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, дедилар: «Бу умматнинг аввалгиси яқийн (аниқ, бешубҳа билиш) ва зуҳд туфайли нажот топди. Бу умматнинг охиргиси бахиллик ва орзу-ҳавасга берилиш туфайли ҳалок бўлади» (Ибн Абу Дунё ривояти).
Айтилишича, «Исо алайҳиссалом белкурак билан ер ағдараётган қарияга кўзи тушиб: – Эй Оллоҳ, бу чолдан орзу-ҳавас туйғусини олиб қўй,– деди. Бир пайт чол қўлидаги белкуракни қўйиб, чеккароққа чиқиб, ётиб олди. Исо алайҳиссалом яна дуо қилди: – Эй Оллоҳ, унга орзу-ҳавасини қайтар.
Чол ўрнидан туриб, ишлай бошлади. Исо алайҳиссалом ажабланиб, чолдан бу ҳолнинг сирини сўради. Чол деди: – Ишлаётган пайтимда нафсим: «Қачонгача ишлайсан, ўзинг қартайган бир чол бўлсанг!» – деди. Дарҳол белкуракни улоқтирдим ва чўзилиб ётиб олдим. Сал туриб, нафсим менга деди: – Оллоҳга қасам, сен ҳали қолган умрингни ҳам яшашинг керак – шу заҳоти ўрнимдан туриб, белкуракка ёпишдим».
Ҳасан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Жаннатни ҳаммангиз яхши кўрасизми?
– Албатта, эй Оллоҳнинг расули, – дейишди.
– Орзу-ҳавасдан тийилинглар, ажални доимо кўз олдингизда тутинг! Оллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида дердилар: «Эй Оллоҳ, охират яхшилигини тўсадиган дунёдан сақла, паноҳингга ол! Ўлим яхшилигини тўсадиган ҳаётдан сақла, паноҳингга ол. Яхши амални тўсадиган орзу-ҳавасдан сақла, паноҳингга ол» (Ибн Абу Дунё ривояти).

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.