Аллоҳ зикрининг мусулмон ҳаётида таъсири

Қуръонда Аллоҳ таолонинг зикри ҳақида икки хил ривоят келган. Кўпинча, айрим дўстларимиз ушбу икки ривоятни бир бирига қарама-қарши деб ўйлайдилар. Баъзида улар бу ҳақида муаммо ҳам келтириб чиқарадилар. Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ушбу сўзларни ўқиймиз.

У зот айтади: «Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (Раъд, 28).

Демак, Аллоҳнинг зикри қалбга ором ва хотиржамлик беради.

Лекин Аллоҳ таоло яна бошқа бир оятда айтади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (Анфол,2).

Хўш, бу қандай бўлади?

Аллоҳнинг Китобида келган биринчи оятда зикр қалбга ором ва хотиржамлик киритиши ҳақида айтилди. Кейинги оятда эса зикр қалбларга қўрқув ва хавотир солиши айтилмоқда. Бу ерда ўзаро қарама-қаршилик борми? Йўқ, албатта.

Бу,инсон ўз нафсини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикри билан ушлаб туришида намоён бўладиган исломий тарбиянинг ишидир.

Сизнинг Аллоҳни зикр қилишингиз йўли ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Унинг айрим жиҳатларини кеча ҳам айтиб ўтган эдик.

Аллоҳнинг зикри сизни хотиржам қилади.

Бунинг маъноси шуки, сиз ризқингизни деб хавотир ва ташвишга тушмайсиз. Бориъ азза ва жалла сизнинг қалбингизга хотиржамлик солади. Ҳа шундай, Аллоҳ Қуръонда айтган:

«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сенданризқсўрамасмиз. Бизсенгаризқберамиз. Оқибатэсатақвоникидир»(Тоҳа, 132).

Лекин мен бу нарсани қачон тушуниб етаман? Қачонки, Аллоҳнинг зикрини кўпайтирсам. Аллоҳ таолони зикр қилишим, менинг Аллоҳга бўлган муроқабамни, унга бўлган муҳаббатимни уйғотади. Ана шунда мен Бориъ азза ва жалла менинг ризқимга кафолат берганини англаб етаман.

Аллоҳ таолонинг зикри сизни хотиржам қилади. Келажакдаги ҳаётингизда, оилангиздагилар билан муносабатларингизда ва бошқалар билан алоқаларингизда, одамлар билан ўртангизда хусумат пайдо бўлса, улар сизга ёмонлик ёки таҳдид қилса, сиз буларнинг ҳеч бирига парво қилмайсиз. Нима учун? Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлишингиз бу нарсаларга нисбатан сизда хотиржамликни пайдо қилади. Аллоҳ таоло Қуръонда айтган:

«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», – деб айт.». (Тавба,52).

Тушундингизми?!

Мисол учун, одамлар орасидан Зайд исимли бир киши ўзининг ишхонасида ёки учрашувларида уни ёқтирмайдиган одамлар борлигини ва улар унга ёмонлик қилишмоқчи бўлаётганларини сезса, агар ўша Зайд исмлик одам Аллоҳнинг зикрини ўзига одат қилиб олган кишилардан бўлса, кўнгли тўқ, хотиржам  ҳолда ётади. Унинг қалбида бирор ташвиш ва хавотир ҳаракат қилмайди.Бу қаердан пайдо бўлди? Аллоҳ таолонинг зикр қилиши туфайли юзага келди. Демак, Аллоҳ таолонинг: « Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» –деган сўзидаги қалбларнинг ором топиши дунёингизга нисбатан, ҳаётингизга нисбатан, бошқалар билан бўладиган муносабатингизга нисбатан ором топишидир. Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, бу ҳақиқатдир. Лекин инсоннинг Аллоҳни зикр қилиши ҳақиқий маънодаги зикр бўлиши керак.

Биз кишиларда доим бундай бўлади, деб ўйламаймиз. Лекин айримлар қўлига тасбеҳни олиб, тилида нималарнидир айтади – балки у «астағфируллоҳ» ёки «субҳаналлоҳ» калимасини айтаётгандир – лекин унинг фикри тарқоқ бўлади. Қўлида эса тасбеҳ, ҳали у билан гаплашади, ҳали бунга бир нарса дейди. Шуни зикр деб бўладими? Бу зикрга тақлид қилишдир. Аллоҳни зикр қилиш уни ичингда эслашингдир:

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма»(Аъроф,205).

Ҳа, қалб тилни ҳаракатлантиради. Бу ерда ҳаракатланаётган тил билан Аллоҳнинг зикри орқали тириладиган қалб ўртасида ўзаро бирлашиш бўлиши лозим. Биз ана шу зикр ҳақида гаплашмоқдамиз.

Агар сиз ўзингизга ушбу давони, яъни Алоҳнинг зикрини олган бўлсангиз, ҳаётингиздаги дунёвий сабаблар қандай бўлишидан қатъий назар, қалбингизга хавотир ва ташвишни кирита олмайди. Чунки сиз ўзингизни яратувчингиз ва Мавлойингизга таслим қилгансиз. Сиз ўзингиз Аллоҳнинг Китобини доим ўқийсиз:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек, халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. »(Ан-нур, 55).

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз»(Наҳл, 97).

Мўмин мусулмон одам Аллоҳнинг Каломига шубҳа қилиши мумкинми? Агар шубҳа қиладиган бўлса, Аллоҳни зикр қилувчи саналмайди. Унинг иймони ҳам тақлидийдир.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир»– деганида ана шу маънони назарда тутган. Лекин Бориъ азза ва жалла бу сўзни айтгандан кейин мана бу сўзни ҳам айтган:«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган … мўминлардир». 

Қалбнинг титраши, ташвиш ва хавотирдир. Аллоҳни зикр қилаётганингизда қалб ўзингиз борадиган қисматингиздан қўрқиб титрайди. Эртага қиёмат куни қандай тириламан? Аллоҳ таолонинг олдидаги ҳисобим қандай бўлади? Мен Аллоҳ таоло раҳм қилиб гуноҳларини кечиб юборган кишилардан бўламанми ёки савол жавоблари оғир бўлган, ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз бўлган ҳурмо данаги устидаги юпқа пўстлоқгача сўроқ савол қилинадиган кишилардан бўламанми? Қалбингиз ана шу нарсалардан қўрқиб титрайди.

Инсон Бориъ азза ва жалла ўз Китобида айтганидек, Унинг макридан омонда бўлолмайди. У тўғри юриши, фарзларни ўз ўрнида бажариши ва тақиқланган ишлардан сақланиши мумкин. Сиз ҳам ҳозир ана шу ҳолатдасиз, лекин эртага нима бўласиз, билмайсиз. Қанча-қанча тўғри юрган кишилар ёмонликка ундовчи нафс чангалига бўйсуниб йўлдан адашиб кетганлар. Қанча-қанча йўлдан адашиб тойилган кишиларни умрларининг охирларида Аллоҳ танлаб олиб ўзи севган кишилар қаторига қўшиб қўйган. Сизнингхотиржам бўлишга кучингиз етмайди.Банданинг ўз Роббиси азза ва жаллани зикр қилиши унинг нафсида ташқаридан қараганда бир-бирига қарама-қарши бўлган ҳолатни пайдо қилаётган бўлса-да, лекин улар бир-бирини тўлдирувчидир.

Аллоҳ таолонинг зикри сизни ҳаётдаги дунёвий маишатларингизда ҳам хотиржам қилади. Аллоҳ азза ва жалла қайси бир инсонга Аллоҳни зикр қилишингиз каби бирор восита сабабли офият (саломатлик) неъматини берган бўлса,хавотирга ўрин қоладими?  Фалончи сенга ёмон кўз билан қаради, фистончи сенинг тижоратингга, деҳқончилигингга ёки иш ўрнингга кўз олайтирмоқда, деса агар сен доимий равишда Аллоҳ таолонинг зикрини қиладиган кишилардан бўлсанг,сени ҳар қандай ҳолатда бу сўзларга эътибор беришинг мумкин эмас. Чунки сен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан биргасан. Аллоҳ билан бирга бўлсанг, унга етишасан. Кейин: «Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир», – деб айт.

Сенинг Аллоҳ таолони зикр қилишинг бир вақтнинг ўзида ўзинг борадиган қисматдан қўрқиш ҳолатини пайдо қилади.

Алҳамдулиллаҳ, мен ўзимни ҳар куни назорат қилиб бораман, тўғри юраман, хато ва гуноҳ қилмасликка ҳаракат қиламан, лекин эй азиз дўстим, Аллоҳнинг бандалари орасида бирор киши:«Мен Аллоҳнинг олдида бирорта камчиликка йўл қўймаганман»– дея оладими?Ҳатто анбиё ва Расуллар ҳам бундай демаганлар.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам нима дердилар? У киши айтардиларки: «Менинг қалбим ҳам (зикрдан тўхтаб) тўсилиб туради. Албатта, мен ҳам ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман».

Сиз эришганингиз тавфиқга ўзингизни меҳнатингиз билан етишдингизми ёки пешона терингиз билан топдингизми? Бу Аллоҳнинг ёрдами билан бўлди-ку. Бунга кимнингфазлумарҳамати билан эришдингиз? Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан эришдингиз. Сиз доим қарздорсиз, сиз доим камчиликка йўл қўясиз. Сиз ҳечқачон:«Мен қилишим лозим бўлган барча ишни бажардим» – дея олмайсиз. Бу биричи жиҳат.

Иккинчи жиҳати эса, бизларнинг ҳеч биримиз масъум эмас. Бунда Аллоҳ таолонинг ёрқин ҳикмати бор.

Баъзида инсонга ўзининг нафси ғолиб келади. Баъзиларимиз намоз ўқиётган вақтида унинг фикри бошқа нарсаларга, яъни молу дунёга ёки бир-бирлари билан бўладиган муаммоларга, келажакда бўладиган ишларига чалғийди. Ҳолбуки, у Аллоҳ таолонинг олдида турибди. Аллоҳ таолони таниган одам ўзининг қилаётган ушбу ишидан эриб йўқ бўлиб кетиши керак. Бизнинг ҳеч биримиз: «Аллоҳнинг олдида камчиликка йўл қўйган эмасман»,– дейишга кучи етмайди.

Сен оқибатинг қандай бўлишини билмайсан.

Шундай экан, Аллоҳ таолони зикр қилишнинг тарбиявий вазифаси ажойиб ва гўзалдир. Биринчидан, Аллоҳнинг зикри сизнинг қалбингизда Аллоҳишқини уйғотади. Аллоҳнингишқи эса унинг зикрини кўпайтиришингизгазамин яратади. Бу иккиси ўртасида ўзаро боғлиқлик бор.

Иккинчидан, Аллоҳнинг зикри сизга хотиржамлик ва ором бахш этади.

«Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»

Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг видео суҳбатидан эркин таржима қилинди.

 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман

 Эшонгузар жоме масжиди имом хатиби

Абдуллоҳ Ғуломов.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.