Риёдан ҳазар қилиш ҳақида

«Риё» сўзи аслида кўриш маъносини англатади. Шариатда эса, Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади.
Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Ким Роббисига рўбарў бўлишни умид этса, солиҳ амал қилсин ва Роббиси ибодатига ҳеч бировни шерик қилмасин», деган.

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алйҳи бу ояти карима ўзида риёкорликни ман қилиш мъносини мужассам қилгани учун бу бобнинг аввалида келтирмоқда. Қиёматдан умиди бор, ўша кунда Аллоҳ таолога хурсанд ҳолида рўбарў бўлишни орзу қилган одам холис Аллоҳ учун, унга ҳеч кимни шерик келтирмай ибодат қилсин, деганда «риё қилмасин» маъноси ётади.

Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар.
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Жундуб розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Аввал у киши билан танишиб олайлик: Самура Жундуб ибн Ҳилол ал-Фазорий, кунялари Абу Сулайман, Басрда таваллуд топдилар. Оталари вафот этгандан кейин оналари билан Мадинага келдилар. Ва оналари Мурааййи ибн Синон исмли саҳобага турмушга чиқдилар.
Мадинада катта бўлиб улғайдилар ва яна Басрага кўчиб ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Ибн Абу Лайло, Али ибн Рабийъа, Абдуллоҳ ибн Рабийъа, Абдуллоҳ ибн Бурайда, Ҳасан Басрий, Ибн Сирийн, Ибн Шахир, Абу Аъло, Абу Ражо ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Ибн Сирийн, Самура ибн Жундуб илм бобида жуда ҳам ўткир эдилар, деб айтадилар.
Ва Жундуб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Басрада вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда биров эшитсин ёки кўрсин учун қилинган амал яхши эмаслиги баён қилингани учун муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ уни шу жойда келтирган.
Ҳадисда «Ким эшиттирса» дейилгани, яъни кимки амалини одамларга эшиттириб, гап-сўз бўлиши учун қилса, бу амали ҳақида одамлар шов-шув билан уни мақташини хоҳлаган бўлса, деган маънони билдиради.
«Аллоҳ уни эшиттиради» дегани эса қиёматда Аллоҳ таоло уни бу қилмишини халойиққа эшиттириб, шарманда қилади, деган маъно чиқади.
Шунингдек, «ким кўрсатса» дегани ҳам ким одамлар кўрсин учун амал қилган бўлса, деганидир. Ана ўша одамни Аллоҳ таоло қиёмат куни халойиққа кўрсатиб, шарманда қилди.
Бу ҳадиси шарифда қисқа иборалар билан риёкорлик қанчалик ёмон нарса экани баён қилинмоқда.
Ундан оладиган фойдамиз ҳам очиқ-ойдин. Одамлар эшитсин ёки кўрсин учун эмас, Аллоҳ билсин учун амал қилмоқлик!
Аммо, бу ҳадисни бугунги ҳаётимиз воқеълигига тақ- қослаб кўрадиган бўлсак, тамоман тескари бир ҳолатни кўриб, афсусланамиз.
Қадимда бу ҳадисга ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир ишларини Аллоҳнинг розилиги учунгина қилганлар. Улар солиҳ амалларини иложи борича бошқа одамлардан сир тутишга уринганлар.
Ҳозирда эса, арзимаган нарсани ҳам ҳали амалга оширмай туриб, ҳамма томонга жар солиш бошланади. Ҳар бир қилинмоқчи бўлган иш ҳақида худди бажарилгандек гапирилади. Мабодо, ўша иш қилинадиган бўлиб қолса ҳам хўжакўрсин учун бажарилади. У амалга ошгандан кейин эса, йиллар давомида гапирилиб юрилади.
Бунга мисол келтиришнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлайман. Чунки, ҳамма нарсада бу ҳолат мавжуддир. Масалан, баъзи жойларда масжидлар фойдасига уч-тўрт сўм эҳсон қилинса, ўшани Жума куни одамларга эълон қилиниши одатга айланиб қолган. Ахир бу риёнинг ўзгинаси-ку! Одамларга тушинтириш керак дейилса, аввало, тушунишни исташмайди, қолаверса, «шундоқ эълон қилиб турмасак масжид фойдасига ҳеч ким эҳсон қилмай қўяди, агар бирор кишининг эҳсони ҳақида эълон қилмасак ундан балога ҳам қоламиз», деган жавоб эшитилади. Бундан ортиқ риёкорлик бўлиши мумкинми?
Ҳар бир мусулмон риёкорликдан ўзини сақлаши лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборак ва таоло: «Мен-шерикка энг беҳожат зотман. Ким бир амал қилсаю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шерик қилишини ҳам тарк этурман» деди», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят қилган бу ҳадиси қудсийда риёкорликнинг аввалги икки ҳадисда зикр қилинганидан бошқача тури ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ҳадисларда Аллоҳни унутиб, одамлар эшитсин ёки кўрсин учун амал қилиш ҳақида айтилган бўлса, бу ҳадисда амалдан Аллоҳни ҳам, Аллоҳдан бошқани ҳам рози қилишга уриниш риёкорлик экани ҳақида гап кетмоқда. Аллоҳ таоло:
«Мен-шерикка энг беҳожат зотман», демоқда.
Яъни, Аллоҳ таоло учун қилинадиган ишга ҳеч бир шахс ёки нарсани шерик қилиб бўлмайди. Нима бўлса ҳам ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи учун холис қилиниши керак. Бу ҳадиси қудсийдан ҳар бир амални холис Аллоҳ таолонинг Ўзи учун қилиш зарурлигини тушуниб оламиз.
«Ким бир амал қилсаю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шерик қилишини ҳам тарк этурман».
Бу ерда амалда риёкорлик қилиш ширкка тенглаштирилмоқда. Шунинг ўзидан риёкорлик қанчалар ёмон нарса эканлигини билиб олса бўлади.
Яна ҳадисни ҳаётий воқеълигимизга солиштирсак, афсус-надоматларга тўламиз. Ҳаётимизда холис Худо учун қилаётган ишимиз бормикин, деб ўйланиб қоламиз. Нима учун ҳар бир иш олдидан Аллоҳнинг ҳукмини эмас, «одамлар нима дер экан?» деган саволни хаёлдан ўтказамиз. Қиладиган амалларимизда эса, Аллоҳдан бошқани рози қилишга уриниш одам тусига кириб қолгани жуда ачинарлидир.
Мана шу ҳадиси шарифга ҳаётимизда қанчалар муҳтожмиз! Амалларимиз Аллоҳ тамонидан тарк этилмаслиги учун бу ҳадисга амал қилишимиз керак. Биз тамонимиздан махфий ширк содир бўлмаслиги учун ҳам шу ҳадиси шарифга бўйсуниб яшамоғимиз лозим. Ўшандагина амалларимиз Аллоҳ таоло томонидан тўлиқ қабул бўлди. Ана ўшандагина махфий ширк келтирмаган, амалларимиз самарасидан у дунёю бу дунёда баҳраманд бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизни риёкорликдан Ўзи асрасин!

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам: Бир шаҳид бўлган одам. Уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сенинг йўлингда жанг қилдим, ахийри шаҳид бўлдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот:
Сўнгра амр қилиб уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамни, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен, илмни у олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни, у қори, дейилиш учун ўқидинг, шундоқ дейилди ҳам» дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, уни олиб келиниб (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитди. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай йўлингда инфоқ қилдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», дедилар».

Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинмоқда. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг одатда кўпроқ риё содир бўладиган уч тармоғида риёкорлик билан иш тутишнинг оқибати нима билан тугашини баён этиб, бу орқали умматларини риёкорликдан сақланишга иршод қилмоқдалар.
Келинг, ҳадиси шариф матни ила шошилмай, батафсил танишиб чиқайлик:
«Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам».
Маълумки, қиёмат куни ҳар бир инсоннинг бу дунёда қилган амаллари, зарра миқдорича бўлса ҳам қолдирмай ҳисоб-китоб қилиниб, одилона равишда ҳукми чиқарилади. Кимнинг ҳукми олдин, кимнинг ҳукми кейин чиқиши ҳақида гап кетадиган бўлса, бу ҳадисда зикри келган уч тоифа одамнинг ҳукми биринчи бўлиб чиқиши аниқ:
1. Риёкор мужоҳид.
2. Риёкор олим ёки қори.
3. Риёкор бой.
Бу уч тоифага қиёмат куни қандоқ муомала қилиниши ҳадисда батафсил васф қилинмоқда:
1. «Бир шаҳид бўлган одам. Уни олиб келиниб (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, қиёмат куни, бу дунёдан шаҳид ўтган бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Аллоҳ унга бу дунёда берган неъматларини бирма-бир танитади. У Аллоҳ ўзига берган неъматларни таниб, эътироф қилади. Шунда, Аллоҳ ундан:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
Яъни, Мен сенга шунча неъматларни берган эканман, сен улар ила нима қилдинг, деб сўрайди. У эса:
«Сенинг йўлингда жанг қилдим, ахийри шаҳид бўлдим», дейди.
Яъни, ўша сен берган неъматларни ишлатиб, сенинг йўлингда дин душманлари билан жанг қилдим. Жангда қатл этилиб, шаҳид бўлдим, дейди.
Шаҳид бўлишлик-улуғ мартаба! Шунинг учун кўпчилик бу мартабага эришишни орзу қилади. Аллоҳнинг йўлида жанг қилган, шаҳид бўлган одам мусулмонларнинг алоҳида таҳсинига сазовор бўлади. Одамлар фалончи дин учун шижоат ила жанг қилди, деб гапириб юрадилар. Ёки фалончи Аллоҳнинг йўлида шижоат ила жанг қилиб, шаҳид бўлган, деб эслаб юрадилар. Баъзи бир кишилар ана шу одамлар орасида бўладиган мақтов ва ширин гап-сўзларга учадилар. Мени ҳам одамлар шижоатли, десалар, жангдаги қаҳрамонликларим ҳақида ҳавас билан гапирсалар эди, деб ўйлайди. Шу ният билан жанг ҳам қилади, шаҳид ҳам бўлади. Лекин, минг афсуски, бу одам риёкорлик қилгани учун шаҳидлик даржасини топа олмайди. Балки, қиёмат куни ноқулай аҳволда қолади. Аллоҳ таоло уни берган неъматларини нима қилгани ҳақида сўроққа тутганида, ўзини оқлашга уринади. Аллоҳ берган неъматлар ила Унинг йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлганини исбот қилишга уринади. Аммо, қалблардаги сирлардан ҳам хабардор зот-Аллоҳ таолодан бирор нарсани яшириб бўлармиди?! Аллоҳ таоло уни иқрор қилдириб олганидан сўнг, сирни очиб, уни шарманда қилади:
«У зот: «Ёлғон айтдинг! Сен «шижоатли», дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди».
Яъни, «Мен сенинг йўлингда жанг қилдим, ахийри шаҳид бўлдим», деган гапинг ёлғон, сен аслида одамлар томонидан фалончи шижоатли одам, дейилиши учун жанг қилдинг, бу гап одамлар томонидан айтилди ҳам, дейди. Сен ниятингга яраша топдинг. Аллоҳга ихлос қилмаганинг учун, риёкорлик қилганинг учун эса жазоингни оласан, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам энг улуғ ишни бажариб, жанг қилган, жонини фидо этган бўлса-да нияти соф бўлмагани, ихлоси бўлмагани, холис Аллоҳ учун амал қилмагани, риёкорлиги учун ана шу аянчли ҳолга тушса! Қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб бориб, дўзахга ташласалар.
2.«Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган».
Яъни, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамлардан иккинчиси бу дунёда илм ўрганиб, илм ўргатиб ва Қуръон ўқиб ўтган одам. Бу иш ҳам жуда катта иш. Исломда улуғ мартабалар ваъда қилинган, мусулмонлар томонидан юқори тақдирланадиган иш. Олим ва қориларни кўпчилик ҳурмат қилади, уларга ҳавас билан қарайди. Фалончи яхши олим бўлган, фистончи ажойиб қори, деб гапирадилар. Баъзи кишилар айни ўша гап-сўзларга ошиқ бўладилар. Одамлар мени ҳам етук олим, катта устоз, ажойиб қори десинлар, деб илм ўрганади, илм ўргатади ва Қуръон ўқийди.
Хўш, бу ишни қилган одам ҳам ҳақиқий олим, устоз ва қорилар эришган даражага эришадими?
Келинг, унинг нимага эришганини Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитайлик:
«Бас, уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, ўша одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра, Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У неъматларни кўриб танийди, ўзига бу дунёда берилганини эътироф қилади. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб айтади у.
Яъни, қиёмат куни ўзининг бу дунёдаги амалларини, хусусан, илм ўрганиш, илм ўргатиш ва Қуръон ўқиш ишларини ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун амалга оширганини даъво қилади. Лекин ҳамма нарсани билиб турувчи зот-Аллоҳ таоло худди аввалги шахс билан бўлганидек бунинг ҳам шармандасини чиқаради.
«У зот: «Ёлғон айтдинг! Сен, илмни олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни, қори, дейилиш учун ўқидинг. Шундоқ дейилди ҳам», дейди».
Яъни, сен илмни мен учун ўрганганинг йўқ. Сенинг йўлингда илм ўргандим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен одамлар «фалончи олим», дейишлари учун илм ўргандинг. Сен Қуръонни менинг йўлимда ўқиганинг йўқ. Сенинг йўлингда Қуръон ўқидим, деган гапинг ёлғон. Сен одамлар, фалончи қори, дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Ушбу ниятингга етдинг ҳам. Одамлар томонидан сени олим ва қори дейилди ҳам, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам энг фазилатли ишни қилган бўлса ҳам, игна билан қудуқ қазигандек машаққат билан илм ўрганган бўлса-да, илм ўргатиб Қуръон ўқиган бўлса ҳам аянчли оқибатга дучор бўлди. Чунки унинг нияти соф эмас, ихлоси йўқ эди. У буларнинг ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун қилмаган эди. У риёкор бўлган эди. Оқибатда, қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб бориб, дўзахга ташлайдилар.
3.«Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди».
Бу ерда қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамларнинг учинчиси ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур одамга бу дунёда Аллоҳ таоло кўп мол-мулк берган эди. Бу ҳам жуда нозик иш. Мол-мулкни яхшилик йўлида, Аллоҳ йўлида сарфлаш-улуғ мартаба. Бу-ҳамманинг таҳсинига сазовор иш. Мусулмонлар сахий бойларни ўта ҳурмат қиладилар, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бойларнинг сахийликлари мусулмонлар томонидан кенг миқёсда мақталади. Бъзи кишилар одамларнинг мақтовига ўч бўлдилар, бунга ўта қизиққанларидан ихлосни унутиб қўядилар. Аллоҳнинг розилигини эмас, кишиларнинг мақтовини истаб, мол-дунёни инфоқ қиладилар. Хўш, булар ҳам Аллоҳга ихлос билан инфоқ қилганлар билан баробар бўлдиларми? Ундай одамга қиёмат куни муомала қандай бўлади?
«Бас, уни олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, аввалги икки тоифага ўхшатиб, қиёмат куни бу дунёда ризқи-рўзи кенг, мол-мулкнинг турли хилларига эга бўлган бой ҳам Аллоҳнинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У бу неъматларни танийди ва бу дунёда Аллоҳ тамонидан ўзига берилганини тан олади.
«Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўралади. Аллоҳ таолонинг бу саволига ўша одам ўзини оқлаб жавоб беради:
«Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай йўлингда инфоқ қилдим», дейди у.
Яъни, эй Роббим, Сен берган бойликни Ўзинг яхши кўрган йўлларнинг ҳаммасига, Сенинг розилигинг учун сарфладим, дейди. Аллоҳ толо унга бу саволни бекорга бераётгани йўқ эди. Уни нима қилганини жуда яхши билар эди. Лекин, Аллоҳ таоло бу бандани тилидан илинтириб, унга ишининг нотўғри эканини шу услуб ила баён қилишни хоҳлар эди. Банданинг бу ёлғонидан кейин;
«У зот: «Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди».
Яъни, эй банда, сенинг йўлингда қилдим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен, Мен берган молни инфоқ қилган бўлсанг, одамлар сени сахий дейишлари учун қилгансан. Дарҳақиқат, одамлар шундоқ дедилар ҳам, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам аслида яхши иш қилган. Молу мулкни Аллоҳ таоло яхши кўрадиган йўлларда сарфлаган. Аммо, нияти соф бўлмаган. Аллоҳ таолога ихлос билан эмас балки риёкорлик билан иш юритган. Одамлар мени сахий десинлар, деб инфоқ қилган. Натижа ниятига яраша бўлган. Одамлар уни мақташган. Амал пайтида Аллоҳнинг розилигини ният қилмагани учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлмаган. Унга берган неъматларини сарфлашда риёкорлик қилгани учун, амр қилиб бундай нобакор бандани дўзахга юзтубан судраб бориб ташлашга амр қилган.
Демак, қиёмат куни дўзахга тушиш учун энг аввал мана шу уч тоифага мансуб одамларга хукм чиқади.
Энди, ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар ҳақида фикр юритайлик:
1. Риёкорликдан қочиш, одамлар у десин, бу десин, деган фикрга яқин ҳам йўламаслик керак.
2. Жиҳод қилаётган киши одамлар шижоатли десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб жиҳод қилиши лозим.
3. Илм ўрганаётган ёки ўргатаётган киши одамлар, олим, десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ният қилиши лозим.
4. Қуръон ўқийдиган киши одамлар қори десин, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ўқиши лозим.
5. Яхши йўлларга инфоқ қиладиган киши одамлар сахий, десин, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб инфоқ қилиши лозим.
6. Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога ихлос бўлиши зарур.
7. Риёкорлик билан қилинган иш Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўлмаслиги аниқ.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳикматига ҳозирги ҳаётимизда қанчалар муҳтожмиз! Деярли барча ишларимизда ихлос етишмайди. Деярли барча ишларимизга риё аралашган. Бошқа нарсаларни қўйиб, шу ҳадисда зикр қилинган уч амални олиб кўрайлик?
Жиҳод қилиб, Аллоҳнинг йўлида шаҳид бўлишлик. Аввало, бизнинг замонамизгача ҳақиқий жиҳод маъноси йўқ бўлиш арафасига келиб қолганини айтмоқ лозим. Лекин, турли сабабларга кўра, баъзи бир мусулмон юртларида жиҳоднинг асл маъносига қайтиш бошлангандек бўлиб, мусулмонлар жиҳоднинг олий намуналарини кўрсатдилар. Лекин минг афсус бўлсинким, жиҳод ила эришган ютуқларини хазм қила олмай, мужоҳидлик номига доғ тушираётганлари ҳам йўқ эмас. Уларнинг қилаётган тасарруфларини баъзилар «буларнинг жиҳодлари Аллоҳ йўлида эмас, ҳукмга эришиш йўлида бўлган экан», деб баҳоламоқдалар. Баъзи кишилар эса, умуман жиҳод нималигини билмай, унинг яқинига ҳам бормай туриб, ўзини мужоҳид, деб эълон қилмоқдалар.
Илм ўрганиш, ўргатиш масаласини олайлик. Бу ишда Аллоҳнинг йўлида иш олиб бораётганлар йўқ, дея олмаймиз. Лекин, риёкорлик қилаётганлар ҳам етарлича бор. Илмни Аллоҳ учун эмас, шаҳодат учун, илмий унвон учун, одамлар ичида шуҳрат топиш учун , ўқитаётганлар етарли. Ўқиётган, ўқитилаётган илмдан кўзланган натижалар ҳосил бўлмаётгани шундан бўлса керак.
Қуръон ўқиш масаласи ҳам шу. Баъзи кишиларнинг гап-сўзи, қилмишларига қараб, хайрон қоласан. Улар Қуръон ўқишни худди одамларнинг баҳоси, мақтови учунгина жорий этилган нарсага ўхшатиб юборишмоқда.
Бугунги ҳаётимизда энг кўп учрайдиган риёкорлик молу пул сарфлашда десак, муболаға бўлмас. Хайр-эҳсон қилишда риёкорлик авж олган. Шариатимиз кўрсатганидек ихлос билан молу пулидан садақа қиладиганлар кам. Очиқдан-очиқ одамлар кўрсин, одамлар эшитсин, одамлар билсин, дейишга ўтиб кетилди. Агар бу иш нотўғри эканини тушунтирмоқчи бўлсангиз, албатта уларнинг ғазабига дучор бўласиз.
Мусулмонман, деб юрганларнинг бундай ҳолга тушиб қолганларини кўриб, беихтиёр мусулмонларнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларни кимга айтган эканлар, деб ўйлаб кетасиз. Бу ҳолат ҳам динимиздан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қанчалар узоқлашиб кетганимизни кўрсатади. Агар ҳақиқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир нарсада динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз лозимлигини, жумладан риёкорликни ташлашимиз, одамлар у десин, бу десин, деган ният билан иш қилмасликка ўтиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб, амал қилишни ўрганишимиз лозим. Ана шундагина қилган амалимиз икки дунёмиз учун фойдали бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жуббул Ҳазан, жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг мана шу ҳадиси шарифлари билан риё кўпроқ содир бўлиши эҳтимоли бор соҳада эҳтиёт бўлишга чақирмоқдалар.
Қуръон-Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиган одамга улкан мартабалар, чексиз ажри-савоблар ваъда қилинган. Мусулмонлар қалбида Қуръони Каримнинг алоҳида ўрни, ҳурмати, эъзози бор. Шунинг учун Қуръони Каримга тегишли ҳар бир нарса мусулмонлар оммаси томонидан алоҳида эъзозланиб, ҳурмат қилинади. Баъзи кишилар ана ўша нарсага берилиб, Қуръон ўқиш Аллоҳ учун бўлиши зарурлигини унутиб қўядилар-да риёкорликка ўтиб қоладилар.
Бу ҳадиси шарифда ана ўша хатонинг оқибати қанчалар ёмон бўлиши васф қилинмоқда. Лекин бу васф тўғридан-тўғри бўлмай аввал эшитувчи бу маънони тўлиғича қабул қилиб олишга тайёрланмоқда. Сўзнинг бошида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар».
Агар, «Жуббул Ҳазан»ни сўзма-сўз таржима қилдиган бўлсак, «Хафалик қудуғи», дейишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга насиҳат қилиб, Жуббул Ҳазаннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрашни тавсия қилдилар. Жуббул Ҳазан истилоҳи маълум ва машҳур эмас экан. Унинг нималигини саҳобаи киромлар билмас эканлар. Шунинг учун:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир!» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қисқа жавоб бердилар.
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар».
Маълумки, жаҳаннам қўриқчилари кучли, қўпол, шаф- қатсиз фаришталар бўлиб, жаҳаннамийларни азоблаш ва шунга ўхшаш жаҳаннамга тааллуқли бошқа ишларни бажариб юрадилар. Ўз-ўзидан маълумки, улар унча-мунча нарсадан таъсирланмайдилар ҳам, қўрқмайдилар ҳам. Аммо, Жуббул Ҳазан шундоқ даҳшатли ва қўрқинчли жой эканки, унинг қўрқинчларидан ўша жаҳаннам қўриқчиси бўлмиш фаришталар ҳам Аллоҳ таолодан ҳар куни юз марта паноҳ сўраб турар эканлар. Бу жавобдан кейин Жуббул Ҳазан нима эканлиги маълум бўлиб ундан паноҳ сўраш лозимлиги яна ҳам равшанлашади. Шу билан бирга унга кимлар кириши мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам:
«Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дедилар».
Асл мақсад ҳам шу эди. Эшитувчилар тайёр бўлиб, ўзлари қизиқиб сўраб қолишди. Энди айни ҳақиқатни айтиш пайти келди:
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақтови учун, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундоқ қилади, бундоқ қилади, дейишлари учун ўқийдиган қорилар!
Қаранг! Аллоҳнинг каломини ўқиш ҳам ният ва ихлос билан бўлмаса, риёкорлик учун бўлса қанчалик оғир оқибатларга олиб келиш мумкин экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жаҳаннамда Жуббул Ҳазан номли водий борлиги.
2. Жуббул Ҳазанга тушишдан Аллоҳнинг паноҳини сўраб туриш лозимлиги.
3. Жаҳаннамга хизматкор қилиб қўйилган фаришталар ҳам ҳар куни юз марта Аллоҳдан Жуббул Ҳазанга тушишдан сақлашини сўраб туришлари.
4. Бир нарсани эшитганда нималигини билмаса, сўраб олиш жоизлиги.
5. Жаҳаннамга, ундаги баъзи маълум жойларга кимлар кириши тўғрисида ҳам савол бериш жоизлиги.
6. Жаҳаннамдаги Жуббул Ҳазан водийсига риёкор қорилар кириши.
7. Риёкорликнинг ниҳоятда ёмонлиги.
Бу ҳадисга дарҳол амал қилишга ўтишимиз лозим. Қуръонни фақат Аллоҳнинг розилиги учунгина ўқимоғимиз лозим. Қуръонни одамлар мақтови ва бошқа мақсадларда ўқимаслигимиз керак. Қуръон ўқишдаги риёкорликнинг оқибати шунчалар бўлса, бошқа амаллардаги риёкорликнинг оқибати бундан ҳам баттар бўлишини унитмаслигимиз, доимо риёкорликдан четда бўлишимиз керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини сир сақлайди. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга икки ажр бор. Сир тутганлик ажри ва эълон қилган ажри», дедилар». 

Иккала ҳадисни Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан керакли нарсаларни сўраб ўрганиш одатлари бор эди. Риёкорлик қўйидаги умумий тушунчалардан кейин баъзи бир сўраш лозим бўлиб қолган нарсалар пайдо бўлганда улар савол берганлари ҳақида бу ҳадисдан билиб оламиз.
Саҳобаларнинг бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини сир сақлайди. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади?» деб сўради.
Бу саволнинг замирида, шу ҳам риёкорликка кирадими, деган маъно бор. Аслида одамларга билдирмай Аллоҳ учун қилган эди. Аммо, одамлар билиб қолиб, уни мақташди. У эса, одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлди. Бу риёкорликка кирадими? Бунга жавобан:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга икки ажр бор. Сир тутганлик ажри ва эълон қилган ажри», дедилар.
Яъни, бу ерда асли ният эътиборда. У сир тутишни ният қилган эди, шунинг учун бир ажр олади. Лекин одамлар бошқа томондан билиб қолиб, уни мақташди. Бундан бошқалар ўрнак олади. Бунинг учун яна бир ажр олади. Одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлгани эса зарар қилмайди. Чунки, у аслида буни ният қилмаган эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:
1. Иштибоҳли нарсаларни биладиган кишилардан сўраб-аниқлаб олиш зарурлиги.
2. Амални сир тутиб қилиш афзаллиги.
3. Одамлар бошқа томондан билиб қолиб мақтасалар, ундан хурсанд бўлишнинг зарари йўқлиги.
4. Амалини сир сақлаган одам икки марта ажр олиши мумкинлиги.
Демак, бизлар ҳам бу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, амалларимизни сир сақлашга уринишимиз, риёкорликдан қочишимиз лозим.

Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, Аллоҳ қиёмат кунида- бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир» деб нидо қилади», дедилар». 
Термизий ривоят қилган. Аллоҳ билувчидир.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:
Абу Саъид ибн Абу Фазола Ансорий ал-Ҳорисий саҳобалардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Зайёд ибн Мийно ривоят қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида риёкор шахслар қиёмат куни шарманда бўлишларини ажойиб услуб билан баён қилмоқдалар.
«Қачонки, Аллоҳ қиёмат кунида-бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа».
Қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳ йўқ. Бир вақт келиб у албатт қоим бўлади. Ўша куни Аллоҳ толо ҳамма халойиқни жамлайди. Ҳеч ким бундан четда қолмайди. Ҳамма-ҳамма-Одам Атодан тортиб, қиёмат қоим бўлиш соатигача ўтган барча одамлар тирилиб, маҳшаргоҳга йиғиладилар. Ҳамма тақдирга тан бериб, Аллоҳнинг марҳаматини зор бўлиб кутадилар. Қилган амалларимдан бирортаси савобга илиниб қолирмикан, деб умид қиладилар. Ҳамма шундай хору-зорлик ҳолатида турганда бир жарчи ҳаммага эшиттириб:
«Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат зотдир», деб нидо қилади».
Демак, ким риёкорлик қилган бўлса, ўша амалига қиёмат куни Аллоҳдан ажру савоб оламан, деб умид қилмасин. У ўз амалига ўша рози қилмоқчи бўлганларидан савоб сўрасин: Одамларни рози қиламан, деган бўлса ўшалардан, мансабдорни рози қиламан, деган бўлса мансабдордан, яна бошқа кимнидир рози қилишни ният қилган бўлса, ўшлардан савоб кутсин. Уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтож бўлиб турибдилар-ку, қандоқ қилиб бошқанинг ташвишини қила олар эдилар?! Аллоҳ-шерикка ҳожати йўқ зот. Кимки унга ўз амалида шерик келтирган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ҳам, амалидан ҳам воз кечади. Уни ҳам, амалини ҳам тарк этади.
Қиёмат куни шарманда бўлмайлик десак, ихлос билан, риёсиз, фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб иш қилишга одатланайлик, юқоридаги ҳадисларга қатъий амал қилайлик!

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин

 

САВОЛ БЕРИШ