Вирд ва ибодатлар тақсими

Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс бир нарсани қайта-қайта такрорлайверса, уни малол олиб қолади. Шунинг учун уни турли ишларга солиб туриш керак.

Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида: «Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт», деган (25–26- оятлар).
Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятлардаги маънолар Аллоҳ таолонинг йўлида юришда вақтни тартибга солиш ва уни вирдлар ила давомли равишда обод қилиб туриш кераклигини англатади.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир», деган (62 – оят).
Яъни, кечада қила олмай қолганини кундузи ёки аксинча қилади. Шундай қилиб хилма-хиллик юзага келади.

КУНДАЛИК ВИРДЛАР ВА УЛАРНИНГ ТАРТИБИ

Кундалик вирдлар ва уларнинг тартиби деганда бугунги куннинг таъбири билан айтганда, муриднинг кун тартиби кўзда тутилади. Албатта, бунда муриднинг ёши, илми, касби, шахси ва бошқа барча омиллар ҳисобга олинади.
Китобларда умумий тарзда айтиб ўтилса ҳам, алоҳида ёлғиз бир шахсга келганда ана ўша умумий нарсалардан унга мос келгани татбиқ қилинади. Ўтган машойихлар ҳам бу нарсага алоҳида эътибор берганлар.
Хусусан, имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ жуда нодир тарзда ажойиб фикрларни баён қилган: «Билки, бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан иборатдир. Унинг учдан бирида, яъни, саккиз соат ухлаш мўътадилликдир. Ким бундан оз ухласа, бадани учун изтиробдан омон бўла олмайди. Ким бундан кўп ухласа, дангасалиги зиёда бўлади. Кечаси етарли ухлаган киши кундузи ухламайди. Кечаси уйқуси кам бўлган одам, наҳорда камини тўлғазиб олади».

ҲОЛАТГА ҚАРАБ ВИРДНИНГ ТУРЛАНИШИ

Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади.

1. Обид.
2. Олим.
3. Таълим олувчи.
4. Волий.
5. Ҳунарманд.
6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам.

– Обид барча ишлардан узилиб, ибодатга машғул бўлган шахсдир. У зикр қилинадиган барча вирдларни бажарса бўлади ва имкони ҳам бор. Гоҳида унинг вирдлари ва вазифалари турлича бўлиши ҳам мумкин.
– Ўтган обидларнинг ҳоллари ҳам ҳар хил бўлган. Улардан баъзилари тиловатни кўп қилса, бошқаларни тасбеҳни кўп айтган. Учинчилари намозни кўп ўқиган. Шунингдек, Байтуллоҳни кўп тавоф қиладиганлари ҳам бўлган.
Аслида намозда туриб қироат қилиш энг афзал ҳисобланади. Аммо бу амал баъзилар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Шунинг учун банданинг ҳолига қараб афзали танланади. Вирдлардан асосий мақсад қалбни поклашдир. Мурид бу борада ўзини синаб кўрсин ва қайси вазифани ўзига муносиброқ кўрса, шуни кўп қилсин. Агар бирор вирд малол келиб қолса, бошқасига ўтсин.
Абу Сулаймон Доримий: «Агар қалбингни қиёмда топсанг, рукуъ қилма, агар уни рукуъда топсанг, бошингни кўтарма», деган.
– Олим деганда одамларга ўз фатвоси, дарси, таълифи ва тарбияси ила манфаат берадиган шахс кўзланади. Унинг вирдлардаги тартиби обиднинг тартибидан бошқача бўлади. Чунки у китоб ўқиши, ёзиши ва дарс бериши керак. Агар унинг ҳамма вақти фарзлардан кейин мазкур ишларга сарфланса, энг афзал бўлади. Нафл ибодатдан устун турадиган илм деганда охиратга тарғиб қиладиган ва унинг йўлида юришга ёрдам берадиган илм ирода қилинади.
Олим ҳам ўз вақтини тўғри тақсимлаши лозим. Чунки вақтнинг ҳаммасини илмга сарфлайверишга нафс чидамаслиги мумкин.
Агар дарслари бўлмаса, субҳдан то қуёш чиққунча бўлган вақтни зикр ва вирдларга ажратиши мумкин. Қуёш чиққандан зуҳо (чошгоҳ)гача таълим-тарбия ила машғул бўлсин. Дарслардан бўшаса, илм ҳақида тафаккур қилсин. Чунки зикрдан кейинги қалб мусаффолиги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.
Зуҳодан то асргача олим китоб ёзгани ва мутоала қилгани яхши. Бу вақтда у таом, таҳорат, намоз ва қайлуладан бошқа вақтини фақат мазкур ишга сарфлайди.
Асрдан то қуёш сарғайгунгача тафсир, ҳадис ва бошқа фойдали илмларнинг қироатига қулоқ солади.
Қуёш сарғайгандан то ботиб бўлгунча истиғфор ва тасбеҳ айтиш ила машғул бўлади.
Кечаси учун имом Шофеъийнинг тақсими энг яхши тақсим ҳисобланади. У учга тақсимланади: илм ёзишга; намозга ва уйқуга. Албатта, бунда фаслларнинг ҳам эътибори бор. Ёзда бошқа, қишда бошқа ҳол бўлиши мумкин.
– Таълим олувчининг таълим ила машғул бўлиши зикр ва нафл ибодатдан афзалдир. Таълим олувчининг вирдларга оид ҳукми худди олимнинг ҳукмига ўхшаш. Фарқи шуки, олим фойда беради, мутааллим фойда олади. Агар у авомлардан бўлса, зикр, илм ва ваъз мажлисларига ҳозир бўлиши вирдлардан кўра афзал.
– Волий деганда вазифадор киши кўзда тутилади. Унинг вазифаси кўпчилик билан ишлашдан иборат бўлади. Унга одамларнинг ҳожати тушиб туради. Ихлос ва тўғрилик билан одамларнинг хизматини қилиб, ҳожатини чиқариши у учун вирдларни бажаришдан афзалдир. У наҳорда фарзларни бажарса бўлди. Кечаси вирдларни қилишга вақт топади.
– Ҳунарманд ўзи ва аҳли аёли учун касб қилишга муҳтож кишидир. У кўп вақтини ибодат ила ўтказа олмайди. Аммо касби давомида зикр билан машғул бўлади. Агар имконини топса, вирдларни одат қилиб олиш пайидан бўлади.
– Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлганнинг вирди фарзни адо этганидан кейин қалби Аллоҳ таоло билан ҳозир бўлишидир.
Вирдларни давомли равишда бажариш тавсия қилинади. Зотан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари шу эди.
Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.
У киши: «Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди?!», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбуброқ?» дея сўралди. «Агар оз бўлса ҳам давомлиси», (дав