Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳунинг вафотлари

Амр ибн Маймун дейди: «Умар розийаллоҳу анҳуга жароҳат етказилган пайтда мен билан амирул мўминин орасида Абдуллоҳ ибн Аббосгина бор эди.

Умар розийаллоҳу анҳу қачон сафда очиқ жой қолганини кўрсалар: «Сафни тўғри олинглар», – деб буюрардилар. Бўш жой тўлгач, олдга чиқиб такбир айтардилар. То жамоат тўплангунча бомдод намозининг аввалги ракатида «Юсуф» ёки «Наҳл» ё шунга ўхшаш суралардан бирини қироат қилардилар.
Ўша куни такбирдан сўнг Умар розийаллоҳу анҳунинг: «Мени ўлдирди» ёки «Бу ит мени еди», – деганларини эшитдим. Абу Лу`лу`а икки тиғли пичоғи билан ҳазрати Умарга жароҳат етказиб, кейинги сафдагиларни ҳам ёппасига яралади. Ўн уч киши пичоқ зарбини еди. Шулардан тўққизтаси, яна бир ривоятда еттитаси оламдан кўз юмди.
Ўшанда мусулмонлардан бири у қонхўрни кўриб қолиб, устига тўнини отди. У кофир қўлга тушганини англаб, ўзига пичоқ урди.
Умар розийаллоҳу таоло анҳу Абдураҳмон ибн Авфни қўлидан ушлаб, имомликка ўтказди. Амирул мўмининнинг ёнидагилар содир бўлган воқеани ўз кўзлари билан кўришди. Аммо масжид атрофидагилар бўлган ишдан бехабар эди. Улар Умар розийаллоҳу анҳунинг овози эшитилмай қолганидан ажабланиб: «Субҳаноллоҳ, субҳаноллоҳ!» – деб юборишди.
Абдураҳмон ибн Авф намозни қисқа ўқиб бердилар.
Жамоат тарқалгач, Умар розийаллоҳу анҳу:
– Эй ибн Аббос! Бориб бил-чи, менга ташланган ким экан? – дедилар.
Бироздан сўнг Ибн Аббос келиб, у кофирнинг номини айтди:
– Муғира ибн Шўъбанинг қули!
Шунда Умар розийаллоҳу анҳу:
– Оллоҳ уни лаънатлагай, мен унга яхшилик қилишларини буюрган эдим. Оллоҳга ҳамд бўлсин, ўлимимни мусулмон киши қўлидан қилмади. Сен (эй Ибн Аббос) ва отанг Мадинада қуллар кўп бўлишини хуш кўрардинглар!
Дарҳақиқат, Аббос Мадинада қули энг кўп кишилардан эди.
– Агар хоҳласангиз, уларнинг барчасини қатл этамиз, – деди Ибн Аббос.
Ҳазрати Умар дедилар:
– Тилларингизда гапириб, қиблангизга юзланиб, намоз ўқиб, сизга ўхшаб ҳажларини адо қилаётганларидан сўнг уларни қатл қилмоқчимисиз?!
Кейин Умар розийаллоҳу анҳуни уйига олиб кетишди. Биз ҳам бирга бордик. Гўёки одамлар бундай мусибатни биринчи бор кўраётган эди! Кимдир: «Бу ўлим оқибатларидан қўрқяпман», – деса, яна бири: «Ҳечқиси йўқ», – дерди.
Умар розийаллоҳу анҳуга шарбат келтиришди. Ичдилар. Ичган шарбат қорнидан тўкилди. Сут келтиришди. Ичган сути жароҳатидан оқиб чиқди. Шундан сўнг одамлар, Оллоҳ рози бўлсин, Умарнинг ўлими яқин қолганини англашди.
Амирул мўмининнинг ҳузурига кирдик. Одамлар унинг фазилатларини айтишарди. Ёшроқ киши келиб, деди: «Эй амирал мўминин! Улуғ ва қудратли Оллоҳдан сизга хушхабар бўлсин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўсти эдингиз. Кейин ҳукм юргиздингиз, адолат кўрсатдингиз. Сўнг шаҳидликка етдингиз».
У киши қайрилиб кетар экан, Умар розийаллоҳу анҳунинг кўзлари унинг ерда судралиб бораётган изор (шим)ига тушди.
– Уни ёнимга қайтаринг, – буюрди амирал мўминин ва дедилар, – эй жиян! Кийимингни кўтариб ол, ерга судралмасин. Кийимингни пок тут! Раббингдан қўрқ...
Сўнгра Умар розийаллоҳу анҳу ўғлидан сўради:
– Эй Абдуллоҳ! Қарзларимни ҳисоблаб кўр, қанча экан?
Ҳисоб-китобдан сўнг қарз миқдори саксон олти минг дирҳам ёки шунга яқинроқ эканлиги аниқланди. Умар розийаллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга дедилар:
– Агар Умарнинг оила аъзоларида бу қарзни тўлашга имкон бўлса, уларнинг молларидан олиб қарзларини адо қил. Имкони бўлмаса, Адий ибн Каъб жамоасидан сўра. Агар уларнинг моллари ҳам етмаса, Қурайшдан сўра, бошқаларга мурожаат этма. Қарзни менинг номимдан тўла.
Уммул мўминин Оишанинг ҳузурларига бориб: «Умар Сизга салом йўлладилар» – деб айт. «Амирул мўминин» демагин. Бугундан эътиборан мўминлар амири эмасман.
Яна шундай деб айт: «Мўминлар онаси Оиша! Умар ибн Хаттоб Сиздан икки дўстининг ёнига дафн қилинмоғига изн сўрайди».
Абдуллоҳ Оиша розийаллоҳу анҳо ҳузурларига борди, изн сўраб, салом бериб ичкарига кирди. Оиша онамиз ўтирган кўйи йиғлаётган эдилар.
– Умар ин Хаттоб Сизга салом йўллади ва икки дўстининг ёнига дафн қилинмоғига изн беришингизни сўрадилар,-деди Абдуллоҳ.
– Мен у ерни ўзим учун ажратган эдим. Бугун у ерга мендан кўра Умар ибн Хаттоб муносиброқдир! – дедилар Оиша онамиз.
Абдуллоҳ қайтгач: «Ибн Умар келди», – дейишди.
– Мени кўтаринг, – деди Умар. Бир киши суяб, уни ўрнидан турғизди.
– Қандай хабар келтирдинг?
– Сизни суюнтирадиган хабар, эй амирал мўминин. Мўминлар онаси изн бердилар! – деди Абдуллоҳ ибн Умар.
– Оллоҳга ҳамд бўлсин, мен учун бундан муҳим хабар йўқ! Қачон жоним узилса, тобутимни кўтаринг, салом беринг ва уммул мўминин Оишадан изн сўранг. Изн бўлса, мени ичкарига олиб киринг, изн бўлмаса, мени мусулмонлар қабристонига элтинг».
Уммул мўминин Ҳафса розийаллоҳу анҳо ҳам келдилар, у аёллар қуршовида кўринмасди. Уни кўргач, ўрнимиздан қўзғалдик. Ҳафса онамиз отаси узра эгилиб, бир соатлар давомида йиғлади. Эркаклар киришга изн сўрагач, Ҳафса розийаллоҳу анҳо ичкарига ўтдилар. Ичкаридан унинг йиғлаётгани эшитиларди.
Кирганлар дейишди:
– Бизга васият қилинг, эй амирал мўминин, ўрнингизга халифа тайинланг.
– Бу ишга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сўнгги дамларигача рози бўлиб кетган қуйидаги кишилардан ҳақлироғини кўрмаяпман: Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Саъд ва Абдураҳмон. Абдуллоҳ ибн Умар ҳам сиз билан ҳозир бўлади. Лекин унинг халифаликда ҳаққи йўқ. Агар халифалик Саъдга етишса, бас у халифадир. Илло, сизлардан қай бирингиз халифа қилинса, Саъддан маслаҳат олсин. Саъдни Куфа волийлигидан озод этишимнинг боиси ожизлик ҳам, хиёнат ҳам эмас.
Мендан сўнгги халифага Исломдаги илк муҳожирларнинг афзаллигини доимо ёдда тутишини ва ҳурматини сақлашини васият этаман. Ансорларга яхши муносабатда бўлишини тавсия қиламан. Чунки, улар сизлар (келишингиз)дан олдин Мадинани бошпана ва иймон диёри қилиб ҳозирладилар. Бўлажак халифа уларнинг яхшилигини қабул этсин, ёмонлигини кечирсин.
Васият қиламан! Халифа ўз қўли остидаги шаҳар аҳлига яхши муносабатда бўлсин. Чунки улар Исломнинг таянчи, молларни тўпловчи, душманларга сочилган қаҳру ғазабдир. Уларнинг ортиқча моллари ўзларининг розилиги билан олинсин.
Васият қиламан! Халифа арабларга яхши муносабатда бўлсин. Улар арабнинг асоси, исломнинг моддасидир. Уларнинг закот молларидан фақирларига улашилсин.
Халифага улуғ ва қудратли Оллоҳнинг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳимоясини тавсия этаман. У халқ олдидаги аҳдини бажарсин. Уларга тоқатидан ташқари ишни юкламасин.
Умар розийаллоҳу анҳу вафот этгач, унинг тобутини кўтариб чиқдик. Абдуллоҳ ибн Умар салом бериб, Оиша онамизга: «Умар ибн Хаттоб изн сўраяпти», – деди.
– Уни ичкарига олиб кираверинглар, – деди мўминлар онаси Оиша розийаллоҳу анҳо.
Оллоҳ рози бўлсин, ҳазрати Умарни икки дўсти ёнига олиб киришди...»
Ибн Аббосдан: «Оллоҳ рози бўлсин, Умарнинг жасадлари сарирга (чорпо) қўйилди. Уни кафанладилар. Тобутни кўтаришдан олдин ҳаққига дуо қилиб, мағфират тиладилар. Мен ҳам уларнинг орасида эдим. Бир киши елкамдан тортди, қўрқиб кетдим. Қайрилиб қарасам, Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу эканлар. Оллоҳ рози бўлсин, Умарга раҳмат тилаб дедилар:
– Қасамки, Оллоҳ сени иккала дўстинг билан бирга қилажак. Чунки мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Мен, Абу Бакр ва Умар бордик», «Мен, Абу Бакр ва Умар чиқдик», «Мен, Абу Бакр ва Умар кирдик» деганларини кўп бора эшитганман. Умид қиламанки, Оллоҳ сени икки дўстингга қовуштиради».

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Last modified on 18/08/2017

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.