Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳунинг вафотлари

Абдуллоҳ ибн Салом дейди: «Биродарим Усмон билан саломлашгани ҳузурига бордим. Унинг ҳовлиси қуршовда эди. Уйига кирдим.
– Хуш келибсан, эй биродарим, – дея Усмон мени қарши олди. – Бугун кечаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим.

Мана шу дарча олдида туриб:
– Эй Усмон! Сени қуршовга олишдими? – дедилар.
– Ҳа,- дедим.
– Сени чанқатиб қўйишдими? – дедилар.
– Ҳа, – дедим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир челак сув узатдилар, қонгунча ичдим. Ҳатто ҳозир ҳам кўкракларим ва кифтларимда шу сувнинг сизиб оқаётганини ҳис этяпман. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга дедилар:
– Хоҳласанг, улар устидан ғолиб бўласан, хоҳласанг, биз билан бирга ифтор қиласан.
Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ифтор қилишни ихтиёр этдим.
Бас, ўша куни Усмон розийаллоҳу анҳу ўлдирилди».
Абдуллоҳ ибн Салом Усмон розийаллоҳу анҳунинг ўлими олдидан қонга беланиб ётганига гувоҳ бўлган кишилардан сўради:
– Қонларга беланиб ётган Усмон сўнгги нафасларида нима деди?
– Оллоҳим! Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини бирлаштир, – деб уч марта такрорлаганини эшитдик, – дейишди.
– Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар Оллоҳ бу умматни ҳеч қачон бирлашмасликка чақирганида эди, то қиёматгача улар бирлашолмаган бўларди», – деди Абдуллоҳ ибн Салом.
Самома ибн Ҳазин Қушайрийдан: «Усмон розийаллоҳу анҳу уйини қуршовга олганларга қарата:
– Сизларни менга қарши гиж-гижлаган ўша икки кишини қошимга олиб келинг, – деганларида мен ҳам у ерда эдим. Кейин ўша иккитаси келтирилди. Улар бамисоли иккита така ёки иккита эшакдек эди. Усмон розийаллоҳу анҳу уларга яқин бориб, дедилар:
– Оллоҳ ва Ислом ҳаққи сизга билдираман, эслайсизми, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида бу ерда Рума қудуғидан бошқа чучук сув йўқ эди. Ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рума қудуғини сотиб олиб, ўз пақирини мусулмонларнинг пақирига қуйса (яъни, қудуқни сотиб олиб, Оллоҳ йўлида мусулмонларга вақф этса), жаннатда бу кишига ундан ҳам яхшироғи ато этилади» – деган эдилар. Бас, ўшанда мен қудуқни сотиб олган эдим. Сизлар эса бугун у қудуқдан, ҳатто денгизнинг сувидан мени тўсяпсиз-а?!
– Ҳа, шундай, – дейишди.
– Оллоҳ ва Ислом ҳаққи билдираман, мушкул ҳолда қолган қўшинга молимдан сарфлаб, уни қандай оёққа турғизганимни эслайсизми?
– Ҳа, – дейишди.
– Оллоҳ ва Ислом ҳаққи сизга билдираман, эслайсизми, қавм кўпайиб, масжидга сиғмай қолганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжидга ёндош фалончининг ерини ким сотиб олиб, масжидга қўшса, у кишига жаннатда ундан ҳам хайрлироғи ато этилади» – деган эдилар. Мен у ерни сотиб олиб, масжид ҳудудини кенгайтирдим. Сизлар эса бугун мени у ерда икки ракат намоз ўқишдан тўсяпсизлар-а?!
– Ҳа, шундай, – дейишди.
– Оллоҳ ва Ислом ҳаққи билдираман, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги Сабир тоғи устига чиққанида ёнларида Абу Бакр, Умар ва мен бор эдим. Ўшанда тоғ шу даражада силкиндики, тошлар пастга қулай деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини тоғ-тошга уриб: «Тинчлан, эй Сабир! Сенга нима бўлди? Ахир, устингда Пайғамбар, Сиддиқ ва иккита шаҳид турибди-ку?!» – деганларини эслайсизми?
– Ҳа, – дейишди. Шунда Оллоҳ рози бўлсин Усмон:
– Оллоҳу акбар! Каъбанинг Парвардигорига қасамки, булар менинг шаҳидлигимга гувоҳдир», – дедилар (Термизий ривояти).
Ривоят қилинади: «Усмон розийаллоҳу анҳу ярадор қилинганида, соқоллари қонга бўялган ҳолда дедилар: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор! Дарҳақиқат, мен ўз жонимга зулм қилгувчилардан бўлиб қолдим. Оллоҳим! Улардан ҳимоя эт. Барча ишларимда Ўзингдан кўмак сўрайман. Менга сабр бер».

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.