Нақшбандия вирдлари
Бомдод намозидан кейин Йаасин сурасини қироат қилиш ҳам кундалик вирдлар ичида бор.
Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йаасиндир. Мен унинг умматимдан ҳар бир инсоннинг қалбида бўлишини истардим», деганлар.
Ихлос сураси
- Юз марта Ихлос сурасини ўқийди.
Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби шуки, унда Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзигагина ибодат қилишга, Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундагандир.
Саловот
- Юз марта «Аллоҳумма солли алаа»ни охиригача ўқийди.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга салавот айтинг ва салом йўлланг» (56-оят).
Кундалик вазифалардан бири
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни ихлос билан бекаму-кўст адо этади. Шу билан бирга, ўз ҳолига қараб мандуб бўлган нафл ибодат, амал ва зикрлардан бажариб туради.