Тавба қилайлик!

Тавба қилайлик!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн.

       Молик ибн Динор деган киши бор эди. Ўз нафсига зулм қилувчи эди. У хамр ичишга муккасидан кетган эди. Аллоҳ таоло унга бир қиз ато этди. Моликнинг қалби қизига боғланди.
Молик ибн Динор ўзи ҳақида шундай дейди: “Агар шаробни ичиш учун қўлимга олсам, қизим шишани ушлаб, қўлимдан оларди. Ўша шаробни менга ичирмасликка уринарди. Қизим икки ёшга тўлганда, касал бўлиб қолди. Уни муолажа қилишдан ожиз бўлиб қолдим. Унинг касалига даво топа олмадим. Қизим ўша касаллик сабабидан вафот этди. Қизимни йўқотганимга қаттиқ маҳзун бўлдим, ўша кеча шароб ичиб маст бўлдим ва ухлаб қолдим.
Тушимда ўзимни оппоқ бир ерда кўрдим. Худди қиёмат қоим бўлгандек. Бир пайт катта илон мени емоқчи бўлиб, мен тарафга оғзини очиб кела бошлади. Ундан қўрқиб, югура бошладим. Илон эса ортимдан қувлаб келарди. Югуриб бориб, шакли, кўриниши чиройли, кийимлари тоза, оппоқ либосларни кийиб олган бир кишининг олдига етиб бордим ва унга: “Аллоҳ ҳаққи, мени бу илондан қутқаринг!” дедим. Шунда у киши: “Уни қайтаришга менда қудрат йўқ. Лекин сен қочавер, шоядки, Аллоҳ таоло сенга бу мушкулотдан чиқадиган жойни пайдо қилса” деди.

       Мен яна қочишда давом этдим. Илон эса ортимдан қувлаб келарди. Югуриб бориб, жаҳаннам лабида тўхтадим. Унга тушиб кетай дедим. Тўсатдан бир овоз менга: “Орқангга қайт! Сен жаҳаннам аҳлидан эмассан” деди. Буни эшитиб қалбим хотиржам бўлди. Лекин илон мени ҳалиям қувиб келарди. Мен яна ўша кекса кишининг олдига қайтдим ва: “Аллоҳ ҳаққи, мени бу илондан қутқаринг!” дедим. У киши йиғлади ва менга: “Ундан сени қутқаришга менда қудрат йўқ. Лекин сен анави тоққа бор. У тоғнинг тепасида мусулмонларнинг омонатлари бор. Агар у ерда сенинг ҳам омонатинг бўлса, шоядки, Аллоҳ таоло ўша омонатингни сенга фойдали қилса” деди.
Мен дарҳол тоққа бордим. Қарасам, деразага ўхшаш дарча бор экан. У ерда мусулмонларнинг балоғатга етмай, кичиклигида вафот этган болалари бор экан. Тоққа назар солдим. Қарасам, уларнинг орасида менинг қизим ҳам бор экан. Қизим мени кўриши баланоқ, таниб, мен томонга интилди ва бир қўли билан бир қўлимдан ушлади ва иккинчи қўли билан ҳалиги илонни қайтарган эди, илон орқасига қараб қочди.
Кейин қизим қучоғимга ўтирди ва “Эй отажон, иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?!” деди. Мен ундан: “Эй қизалоғим, Қуръонни танийсизларми?” деб сўрадим. У: “Ҳа, биз уни сизлардан кўра яхшироқ биламиз” деди. Мен ундан: “Эй қизалоғим, бу қанақа илон?” деб сўрадим. Қизим: “Бу илон сизнинг ёмон амалингиз. Бояги кекса киши эса солиҳ амалингиздир. Сиз ёмон амалингизни солиҳ амалингиз устидан кучайтириб, қувватли қилиб юборгансиз. Ҳатто у илонни қайтаришга қудрати етмайдиган бўлиб қолган” деди. Бас, мен уйқудан қўрққан ва Аллоҳ таолога тавба қилган ҳолда уйғондим”.
Ҳа, у зот Аллоҳ таолога тавба қилдилар. Шундан кейин у киши уламолар мажлисини лозим тутдилар, динда фақиҳ бўлдилар ва натижада илмига амал қилувчи энг катта уламолардан бирига айландилар. Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олган бўлсин!
Бу тавба нажотнинг сабабларидан биридир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан “Нажот нима?” деб сўраганларида, у зот алайҳиссалом: “Тилингни сақла, уйинг сени сиғдирсин, хатоларингга йиғла!” деб таълим берганлар.
Агар сен Аллоҳ таолога исён қилсанг, Унинг раҳматидан ноумид бўлма! Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53).
Агар Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг гуноҳларини кечиришни ирода қилса, унинг гуноҳларидан истаганини мағфират қилади. Аммо ширкни кечирмайди. Аллоҳ таоло ширк гуноҳининг устида вафот этган кишининг бу гуноҳини кечирмайди. Ҳатто бу дунёда мушрик бўлган кимса ҳам тавба қила олади. Бу дунёда унга фурсат бор. Ширкни тарк қилади ва Ислом динига киради. Инсон гуноҳлари қанчалик кўп бўлса ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмасин!
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги хабар ривоят қилинган:
“Гуноҳларим ҳаддан ошганда,
Феъл-атворим, йўлим торайганда,
Ўзимдаги умидни афвингга нарвон қилдим.
Гуноҳим ўзимдан ҳам катталашди,
Роббим, Сенинг афвингга яқинлашганимда,
Афвинг гуноҳларимдан каттароқ экан”.

       Агар инсон ўз нафсига зулм қилса, тавбага шошилсин! Тавбанинг эса бир қанча шартлари бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Надомат тавбадир” деганлар.
Надомат – тавбанинг энг катта рукнларидан биридир. Надомат – инсон Аллоҳга исён қилгани учун қалбида надомат қилишидир.
Агар кишининг гуноҳи фарзни тарк қилиш бўлса, ўша фарзнинг қазосини бажариш вожиб бўлади. Намоз бўлсин, рўза бўлсин.
Агар кишининг гуноҳи бандаларнинг ҳақларига тегишли бўлса, ўша ҳақларни ўз эгаларига қайтариши ёки улардан розилик сўраши вожиб бўлади. Бу тавбанинг дуруст, тўғри бўлишининг шартидир. Лекин инсон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги керак. Аслида Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш ҳам катта гуноҳдир.
Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳикоянинг хабарини берганлар. Биздан олдинги қавмлардан бирида бир киши бор эди. У одам наббош – қабр ўғриси эди. Яъни қабрларга келиб, уларни очиб, ичидаги кафанни ва маййит билан бирга дафн қилинган қимматбаҳо нарсаларни ўғирлар эди. Бу ўта оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Шу одамнинг ўлими яқинлашганда, фарзандларини атрофига тўплади ва уларга: “Эй болаларим, агар мен ўлсам, мени ёқиб юборинглар! Кейин кулимни ҳовончада туйиб, майдалаб, шамол эсиб турган кунда тоғнинг тепасига чиқиб, кулимни ўша ердан сочиб юборинглар! Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени қайта тирилтиришга қодир бўлса, мени қаттиқ азоб билан азоблайди” деди.
У одам ушбу гапни қаттиқ қўрқув ва ҳадик натижасида айтди. Қўрқувдан унинг ақли кетиб, нима деяётганини ўзи ҳам билмайдиган бир ҳолга келди. Тили ўзидан ўзиб кетди. Ўзи истамаса ҳам тилидан юқоридаги сўзлар чиқиб кетди. Чунки, Аллоҳнинг қудрати борасида шак қилиш куфр ҳисобланади. Аллоҳ барчамизни бундан асрасин!
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ юқорида ҳадиснинг шарҳида у одам мазкур гапни қаттиқ қўрқув туфайли гапирганини, ҳатто қўрқувдан ақлини йўқотганини, шунинг учун нима деяётганини ўзи билмайдиган аҳволга тушганини айтганлар.
Пайғамбар алайҳиссалом қиссани давом эттириб шундай дейдилар: “Кейин фарзандлари оталари талаб қилган ишни қилишди. Аллоҳ таоло ерга унинг кулларини тўплашни буюрди ва у одам бус-бутун инсонга айланди. Оламларнинг Робби ундан “Эй бандам, бу қилган ишингни нега қилдинг?” деб сўради. Шунда у “Эй Роббим, Сендан қўрқиб қилдим” деди. Аллоҳ таоло унга “Бас, Мен сени мағфират қилдим” деди”.
У одам умрининг охирги лаҳзаларида тавба қилди ва Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этди. Демак, инсон Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмаслиги керак экан.
Ривоят қилинишича, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ бир куни бир жойга сафар қилдилар. Йўлда бир кишини кўрдилар. У одам бир оёғини ердан кўтараётганда ҳам, иккинчиси ерга қўяётганда ҳам тинмай Пайғамбар алайҳиссаломга саловот айтарди. Суфён раҳимаҳуллоҳ у одамдан бунинг сабабини сўрадилар. У одам Суфён раҳимаҳуллоҳдан “Сиз кимсиз?” деб сўради. У зот “Мен Суфёнман” дедилар. Шунда ҳалиги киши “Агар сиз замонасининг энг ғариб кишиси бўлганингизда сизга бунинг сабабини айтмасдим” деди. Суфён раҳимаҳуллоҳ у одамдан нега бошқа зикрларни эмас, айнан саловотни кўп айтишининг сабабини сўрадилар.
Йигит гап бошлади: “Отам ва мен ҳажни ният қилиб йўлга отландик. Йўлда дам олиш учун бир жойга тўхтаганимизда отам касал бўлиб қолди. Отамнинг бошида у кишига ёрдам бериб, муолажа чорасини кўриб ўтирдим. Ёнида ўтирганимда бирдан юзлари қорайди. Буни кўриб ғамга ботдим. (Чунки, бу ёмон хотиманинг аломати эди). Мен шу ғам билан оввора бўлиб турганимда кўзимга уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолдим. Тушимда бир кишини кўрдим. У кишининг юзидек чиройли юзни ҳеч қаерда кўрмаганман. У кишининг либосидек покиза либосни ҳеч қаерда кўрмаганман. У кишининг ҳидидек хушбўй ҳидни ҳеч қаерда туймаганман. Бирма-бир юриб, отамнинг олдига келди. Отамнинг юзидаги чойшабни очди, юзига қўлларини суртди, отамнинг юзи оппоқ бўлиб қолди. Кейин у киши ортига қайтиб кетди.
Мен дарҳол унинг либосидан тутдим ва “Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз кимсиз? Аллоҳ таоло сиз сабабли мусофир юртда отамга фазлини ато этди” дедим. Шунда у киши “Мени танимайсанми? Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳман. Мен Қуръоннинг соҳибиман. Аммо отанг ўз нафсига зулм қилувчи эди. Лекин у менга кўп саловот айтарди. Вақтики унга беморлик ва ўлим келганда, мендан ёрдам сўради. Мен эса ёрдам сўраганга ёрдам бераман” деди.
Шу пайт мен уйқудан уйғондим. Қарасам, отамнинг юзи оппоқ бўлиб қолган экан. Ўша кундан бери мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломни кўп айтаман”.
Аллоҳ таолодан бизга раҳм қилишини, бизни ўлим келмасидан олдин насуҳ тавба билан ризқлантиришини сўраймиз. Албатта, У ҳамма нарсага қодир Зотдир. Вассаламу алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ.   


Манба: islom.uz
Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.