Тавбанинг давомийлигига кўра бандаларнинг тоифаларга бўлиниши

Тавбанинг давомийлигига кўра бандаларнинг тоифаларга бўлиниши

Билгилки, тавба қилувчилар тўрт табақага бўлинади.
Биринчи табақа: Бу табақадагилар гуноҳдан тавба қилиб, умрининг охиригача тавбасида мустаҳкам туради. Шу йўл билан ўтган хатоларини ўнглаб, қайта уларни такрорламасликка нафсини иқрор этади. Тавбада мустақим туриш дегани мана шудир. Бу мартабага етган киши савоб ишларга пешқадам бўлади, ёмонликларини яхшиликка ўзгартириб боради. Мазкур тавбанинг номи – "ат-тавбатун насуҳ"дир. Насуҳ тавбага йўғрилган сокин нафс эса "ан-нафсул мутмаинна" (хотиржам нафс) дейилади. Хотиржам нафс Оллоҳ ато этган неъматлардан рози бўлган ва Оллоҳ ҳам унинг амалларидан рози бўлган ҳолда Раббига қайтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари шундай зотларга ишорадир: "Оллоҳ таолонинг зикри билан маст бўлган бандалар зикр туфайли гуноҳ юкларидан халос бўладилар ва қиёматда (қушдай) енгил бўлиб турадилар" (Термизий ривояти).


Шаҳватга майли жиҳатидан бу табақа ҳам мартабаларга бўлинади. Шундай тавба қилувчилар борки, улардаги маърифат қуввати шаҳватларни жиловлаб туради. Жиловланган истаклар эса соликни йўлдан чалғитолмайди. Яна шундай тавба қилувчилар бор, доимо нафси билан курашади. Лекин нафс ҳам улардан бўш келмайди, ўзаро низо тўхтамайди.
Кўплиги ё озлигига, муддати ва навларининг ҳар хиллигига қараб, низонинг даражалари фарқланади. Кимдир тавба қилгани ҳамоно вафот этади. Ҳавасга арзигулик тавба. Чунки, тавба заифлашишидан илгари унинг эгаси ўлим топди. Натижада тавба саломат қолди.
Кимдир узоқ умр кўради. Нафсига қарши кураши ва сабри ҳам шунга яраша узун, тавбадаги истиқомати давомли, яхшиликлари кўп бўлади. Бу энг афзал ҳолатдир. Негаки, яхшиликнинг кўп бўлиши ёмонликни кетказиш имконининг кўп бўлиши демакдир. Ҳатто айрим олимлар дейди: "Ичидан тошиб чиқаётган кучли истак воситасида ўн баробар кўпроқ гуноҳ қилишга қодир бўлатуриб, битта гуноҳ билан кифояланган осийнинг гуноҳи кечирилади, қачонки, Оллоҳдан қўрқиб, истагини сўндирса ва сабр қилса". Лекин, таъсири нечоғли улуғ бўлмасин, бундай шарт қўйиш – эҳтимолдан узоқ нарса. Чунки, иймони заиф киши бу йўлда тез адашади, шаҳватларга эрк беради, гуноҳ содир этгунча шошилади. Кейин эса гуноҳдан қайтишни хоҳлаб қолади. Лекин унинг шаҳват жиловини қўлдан чиқармаслига кафолат йўқ. Агар шундай бўлса, у гуноҳга юзланади, тавба ноқис бўлади.
Тавба тўлиқ бўлишининг йўли, аввало, гуноҳга қулайлик туғдирувчи сабаблардан қочишдир. Токи, бу сабабларнинг инсон нафси томон бориши тўсилсин. Ана шунда бу инсон шаҳватларини сўндиришга қодир бўлади ва бошиданоқ тавбанинг сиҳати таъминланади.
Иккинчи табақа: Бу табақадаги тавба қилувчи ибодатнинг асосларини маҳкам ушлаб, тавбада мустақим туради, катта гуноҳларни тарк этади. Албатта, у гуноҳлардан батамом холи эмас. Гоҳида ўзи билмагани ҳолда, ҳа, атайин ё қасддан эмас, шароит оқимига тушиб, гуноҳларга мубтало бўлади. Аммо гуноҳга ботган заҳоти нафсини маломат қилади, афсус-надомат чекиб, энди гуноҳ сабабларидан сақланишга қайта азм этади. Бу – "ан-нафсул лаввома", яъни, маломат қилувчи нафс деб аталади. Эгаси туфайли аянч ҳолларга тушган бу нафс эгасига улкан маломатлар ёғдиради.
Иккинчи табақа аввалгисидан қуйироқ турса-да, даражаси баланд, аксар тавба қилувчилар шу табақага мансуб. Чунки, одамзод лойига гуноҳ қўшиб қорилган, ундан бутунлай халос бўлишнинг иложи йўқ. Инсон ҳаракатининг энг чўққиси яхшилиги ёмонлигидан ғолиб келиши, натижада торозунинг савоблар палласи оғир босишидир. Уларга Оллоҳ таолонинг гўзал ваъдаси бор: "Улар кичик хатолардан эмас, катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг зотдир" (Нажм, 32-оят).
Содир этилган ҳар қандай кичик гуноҳни такрорлашга одатланилмас экан, у кечирилишга муносиб. Оллоҳ таоло дейди: "Улар қачон бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Оллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдиган зотлардир" (Оли Имрон, 135-оят). Ўзларига зулм қилсаларда, Оллоҳ уларни мақтаяпти. Чунки улар қилмишидан пушаймон, нафси маломатда.
Ҳазрати Алининг Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилган шундай сўзлари бор: "Сизларнинг яхшиларингиз гуноҳ содир этиб, сўнг кўп тавба қилувчиларингиздир" (Байҳақий ривояти).
   Бошқа хабарда келади: "Мўмин бошоқ каби гоҳ тик бўлади, гоҳ эгилади" (Абу Йаъло ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Демак, кичик гуноҳ юқорида айтилганларга биноан бўлса, тавбани бузмайди, тавба қилувчи бу гуноҳи билан доимий гуноҳ қилувчилар сафига қўшилиб ҳам қолмайди. Буни инкор қилган кишини нўноқ бир табибга ёки чалароқ фақиҳга ўхшатиш мумкин. Агар табиб: "Мева-чеваларни ва иссиқ таомларни давомли ва узлуксиз эмас, балки ўқтин-ўқтин истеъмол қилаётганинг учун, гарчи соғлом бўлсанг-да, соғлигингни йўқотасан", деб унда ноумидлик уйғотса, бу табибнинг нуқсонидир. Шунингдек, дарсни такрорлаш ва дафтар ҳошиясига муҳим қоидаларни ёзиб қўйишга ялқовлик қилаётгани туфайли "бундан фақиҳ чиқмайди", деган ҳукм билан шогирдини ноумид этиш ҳам фақиҳнинг камчилигидир. Аслида, ҳақиқий фақиҳ баъзан учрайдиган дангасалик ва хатолар туфайли халқни саодатлар даражотидан ноумид этмайди.
Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар: "Одам фарзандларининг барчаси хатоларни кўп қилгувчидир. Хато қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчилар ва гуноҳларининг афв этилишини сўровчилардир" (Термизий ривояти).
Оллоҳ таоло айтади: "Ана ўша зотларга сабр қилганлари сабабли ажр-мукофотлари қайта-қайта ато этилур. Улар яхшилик билан ёмонликни даф қилур..." (Қасас сураси, 54).
Учинчи табақа: Бу табақадаги киши тавба қилади, бирон муддат тавбасига содиқ қолади. Кейин шаҳватлар ғолиб келиб, истакларга таслим бўлади, баъзи гуноҳларни содир этади. Лекин шу билан бирга у тоатларга берилади, қилишни хоҳлаб, қилишга қодир бўла туриб, айрим гуноҳларни тарк этади. Ҳа, у бир ёки икки истакка таслим бўлган. Лекин Оллоҳ таоло агар қудрат берса, у бу истакларни тўла мағлуб этишни, шу билан уларнинг ёмонлигидан сақланишни жуда истайди. Истаги амалга ошиб, орзуси поёнига етган заҳоти у пушаймон бўлиб дейди: "Кошки бу гуноҳни қилмасам эди. Энди тавба қиламан. Гуноҳга етаклайдиган бу истакни мағлуб этиш учун нафсим билан курашаман!" Лекин у нафсининг васвасасига учади, тавбани иложи борича орқага суради, кундан кунга кечиктиради. Бу нафс – "ан-нафсул мусаввила", яъни, тиланувчи нафс дейилади. У ҳақда Оллоҳ таоло айтади: "Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа – ёмонига аралаштириб юборганлар" (Тавба, 102-оят).
    Токи ибодатда давом этиб, гуноҳларидан надомат чекар экан, бу тоифанинг тақдири умидлидир. Оллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилса, ажабмас. Агар тавбани орқага суриб, кечиктирсалар, бунинг оқибати хатарли. Тавба қилмасдан бурун вафот этиб қолсалар, иши Яратувчининг хоҳишига ҳавола. Оллоҳ ўз фазли билан уларнинг хатоларини ўнглаб, афв этса, пешқадамлар сафига қўшиладилар. Мабодо, бадбахтлиги ғолиб келиб, шаҳватга бўйин эгсалар, сўнгги нафаслари тақдири азалийда битилган бахтиқаролик билан ниҳояланиш хавфи бор. Зеро, фақиҳлик талабида бўлган киши таълим машғулотларидан ўзини қанчалик четга тортса, унинг бу ҳаракати тақдири азалийда унга жоҳиллик битилганига далолат қилади. Токи ҳолат шу тарзда давом этар экан, бу "фақиҳ"дан нима умид қилиш мумкин? Аксинча, унда фиқҳ таҳсилига майл кучли бўлса ва бутун вақтини шунга сарфлаётган экан, мана шу сабаб унинг олимлар жумласидан бўлиши азалда битиб қўйилганига далолатдир.
Шунингдек, охират саодати ва охиратдаги даражаларнинг савоб ва гуноҳ амалларга боғлиқлиги ҳам тақдир ҳукми билан бўлади. Худди, дард ва сиҳат егуликлар билан озиқланиш ва дориларни қабул қилишга боғлиқ бўлгани ёки фиқҳда муносиб даражага эришмоқ танбалликни тарк этиб, давомли равишда илмини чуқурлаштиришга боғлиқ бўлгани каби.
Раислик, қозилик, илмда пешқадамлик мартабасига узоқ вақт фиқҳни ўрганмасдан, унинг бутун сир-синоатини ўзлаштириб олмасдан туриб эришиб бўлмайди. Шунингдек, гуноҳлар таркини кўпайтирмасдан ва узоқ покланишларсиз охират мулкига, унинг неъматларига ва бутун оламлар Раббига яқинлик ҳосил қилишга эришиб бўлмайди. Покиза бўлган салим қалбгина бу мартабага етади. Бутун оламлар Раббининг илоҳий тадбири ила ҳукми азалийда шундай битилган.
Оллоҳ таоло айтади: "Жонга ва уни расо қилиб яратиб, унга фисқ-фужурни ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб – ўргатиб қўйган Зотга қасамки, дарҳақиқат уни (нафсини) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди" (Ваш-Шамс , 7-10-оятлар).
Қачонки банда гуноҳ қилиб, гуноҳини нақд, тавбани насия этар экан, бу хорлик аломатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Банда етмиш йил жаннат аҳлининг амалини қилганидан сўнг одамлар унга, бу киши жаннат аҳлидан бўлди, дейишади, у билан жаннат орасида бор-йўқи бир қаричгина масофа қолади. Аммо ҳукми азалийда битилгани бўлади. У дўзах аҳлининг амалини қилади ва тўғри жаҳаннамга киради" (муттафақун алайҳ).
Демак, тавбадан олдинги сўнгги нафас, яъни, тавбага улгурмай жон таслим қилиш нақадар хавфли! Ҳар олинган нафас ўзидан олдингисига нисбатан сўнгги нафасдир. Қайдан биласиз, балки мана шу олаётган нафасингиз сўнггида сизни ўлим кутаётгандир. Бас, ҳар олган нафасга огоҳ бўлинг, акс ҳолда ҳалокатга йўлиқасиз, ҳасрат фойда бермайдиган лаҳзаларда ҳасратда қоласиз.
Тўртинчи табақа: Бу табақадаги киши тавба қилади, бир оз муддат тавбада мустақим туради, сўнгра яна гуноҳларга шўнғийди. Қилмишларига афсус чекмайди, тавбани хаёлига ҳам келтирмайди, ғофилларча шаҳватлар кетидан чопади. Бу киши гуноҳда қатъий турадиган, гуноҳдан қайтмайдиганлар жумласидандир. Шунинг учун унинг нафси "ан-нафсул амморату бис-суъи", яъни, ёмонликка буюрувчи нафс дейилади. Ёмонликка буюрувчи нафс яхшиликдан қочади. Яхшиликдан қочган нафснинг эса, ёмон хотима топиш хавфи бор. Агар тақдирда ёмонлик ёзилган бўлса, сўнгсиз хорликка йўлиқади. Агар охири яхшилик билан тугаб, тавҳидда жон таслим қилса, сал кейинроқ бўлса-да, дўзахдан халос бўлиши кутилади. Албатта, у Оллоҳнинг ўзига аён сирлар сабабли умумий афв қамровидаги кишилар жумласидан бўлиб қолиши ҳам муҳол эмас. Бамисоли, бир инсон хазина топиш учун харобага кириб, хазина эгасига айлангани каби ёки оми бир кимсанинг пайғамбарларга ўхшаб, ҳеч кишидан таълим олмасдан, уйда ўтирган ҳолида олим бўлиб қолиши каби.
Шунингдек, ибодатлар воситасида Оллоҳдан мағфират тилаш – тинимсиз ҳаракат ва такрорлаш воситасида илм талаб қилишга, тижорат ва денгиз сафарлари орқали мол-дунё излашга ўхшайди. Амаллари қусурли бўлгани учун ёлғиз умиднинг ўзи билангина мағфират тилаш – харобадан ганж қидирган каби ёки фаришталар таълими орқали илм ҳосил қилишни истаган кабидир. Кошки, жидду жаҳд этган ҳар бир киши илм ҳосил қилса. Кошки, тижорат қилган ҳар бир киши бойиб кетса. Кошки эди, рўзасини тутиб, намозини ўқиган ҳар бир киши мағфират қилинса. Ҳа, кўпчилик бу саодатдан маҳрум, фақат олимлар мустасно. Йўқ, олимлар ҳам бу саодатдан маҳрум, фақат илмига амал қилувчилар мустасно. Йўқ, илмига амал қилувчилар ҳам бу саодатдан маҳрумдирлар, фақат мухлислар мустасно. Лекин ихлос эгаларига ҳам улкан хатарлар юзланган.
        Гуноҳлардан қайтмайдиган, тоати қусурли, мағфират йўлининг йўлчиси бўлмаган бир кишининг Оллоҳ таолонинг фазлидан мағфират кутиши, аҳли қалб наздида, бемаънилик, балки аҳмоқликдир. Ажабо, бу аҳмоқнинг "ақли расо"лигини қарангки, шундай гўзал иборалар билан ўз ҳамоқатини "кўз-кўз" қилади: "Оллоҳ саховати кенг зотдир! Жаннати мен кабиларни ҳам сиғдиради. Гуноҳимдан унга зарар етмайди", дейди.
Кейин унинг олтин-кумуш талабида дунё денгизлари оша сузаётганини кўрасан. Бу йўлда у қанчалик машаққат бўлса ҳам чидайди, хавф-хатарлар унга писанд эмас. Шунда унга: "Дарҳақиқат, Оллоҳ саховатли зот, олтин-кумушлар эса, унинг хазинаси. Бу хазина олдида сенинг фақирлигинг нима деган гап! Шундай экан, тажоратингни тарк этиб, озгина ялқовлик қилсанг, нима бўпти?! Оллоҳ ўзинг ўйламаган томондан сени ризқлантиришини кутиб, уйингда маза қилиб ётмайсанми?" десанг, сени жиннига чиқариб, масхара қилади: "Бу қандай аҳмоқлик! Ахир, олтин-кумуш осмондан ёғмайди-ку! Унга касб қилиб эришилади. Оллоҳ таоло шундай тақдир қилган. Шу тақдир билан қонунини жорий этади. Оллоҳнинг қонуни ўзгармасдир", дейди.
Дунёга алданган бу кас охиратнинг ҳам, дунёнинг ҳам парвардигори ягона Оллоҳ эканини, Унинг қонуни охират учун ҳам, дунё учун ҳам бир хил ва уни ўзгартириб бўлмаслигини қайдан билсин?!
"Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур" (Нажм, 39-оят).
Шундай экан, нега у "Оллоҳнинг саховати фақат охиратга дахлдор, бу дунёга эмас", - деб эътиқод қилади? Наҳотки, саховат маъноси касб этиб, мол топишда сусткашликка йўл қўймасликни тақозо этади-ю, муҳим мулк, доимий неъмат учун ҳаракат қилишда сусткашроқ бўлишни тарғиб қилади? Наҳотки: "Охират учун жидду жаҳд этма, уни Оллоҳ шундайича беради. Аммо дунё учун тириш, ўлиб тирил, фақат шундагина у қўлга киради!" дейиш саховатнинг ҳукми бўлса?!
Йўқ, бу одам Оллоҳнинг мана бу сўзларини унутяпти:
"Осмонда эса сизларнинг ризқу рўзларингиз ва сизларга ваъда қилинаётган нарса бордир" (Зориёт, 22-оят).
Бундай кўрлик ва залолатдан Оллоҳ асрасин! Бундай ўйлаш юзтубан йиқилиш, жаҳолат зулматларида адашишдан бошқа нарса эмас. Уларнинг ҳақиқий аҳволи Оллоҳнинг ушбу сўзларида мужассам:
"Агар сиз у жиноятчи кимсаларни Парвардигори ҳузурида бошлари эгик ҳолда туриб: Парвардигоро, (ваъданг рост эканини) кўрдик ва эшитдик, бас бизларни (ҳаётга) қайтаргин, яхши амал қилайлик... (дейишларини) кўрсангиз эди" (Сажда, 32-оят). Лекин бунинг иложи йўқ. Энди уларга сўнгсиз азоб бўлажак.
Оллоҳ бизни жаҳолатдан, ёмон хотимага элтувчи шак-шубҳадан сақласин.

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.