Агар табиб биттасига: "Ўғлинг тузалмайдиган дардга йўлиққан, қазо куни яқин", деса, шу заҳоти у чексиз ғамга ботади. Ҳолбуки, фарзанд ўзидан азиз эмас! Табиб ҳам на Оллоҳдан ва на Расулидан билгувчироқ! Жаҳаннам азоби эса ўлим азобидан қаттиқ. Гуноҳларнинг Оллоҳ ғазабига ва жаҳаннам оловига сабаб бўлиши касалликнинг ўлимга сабаб бўлишидан кўра аниқроқ ва ҳақиқатга яқинроқдир.
Қачонки, надомат алами кучайса, гуноҳларга каффорат умиди кўпаяди. Соғлом надоматнинг аломати кўнгилнинг юмшаши, кўзёшининг мўллигидир.
Хабарда келади: "Тавба қилувчилар билан мажлис қуринглар. Чунки, улар энг кўнгилчан кишилардир" (Ибн Абу Дунё ривояти).
Агар қалбда гуноҳнинг ҳаловати эмас, аччиғи ҳукмрон экан, гуноҳга майлнинг ўрнини гуноҳни ёмон кўриш, гуноҳга рағбатнинг ўрнини гуноҳдан қочиш эгаллаган экан, бу ҳам надоматнинг аломатларидандир.
Исроилиййотда келади: "Пайғамбарлардан бири кўп йиллар ибодатга жаҳд этса ҳам, тавбаси қабул бўлмаётган банданинг тавбаси қабул бўлишини сўраб, Оллоҳга илтижо қилди. Шунда Оллоҳ таоло деди: "Буюклигим ва улуғлигимга қасамки, гуноҳининг ҳаловати ҳануз қалбидан кетмаган экан, еру осмон аҳли унга шафоат тиласалар ҳам, минбаъд тавбасини қабул қилмагайман".
"Гуноҳ инсон табиати хоҳлаган амал бўлса, қандай қилиб унинг аччиқлигини сезиш мумкин?" деб сўраяпсан. Бу саволингга шундай мисол билан жавоб берамиз: ичига заҳар қўшилган асални истеъмол қилган киши, даставвал заҳар таъмини сезмайди, балки фақат асалнинг лаззатини туяди. Кейинроқ ўзини нохуш ҳис этади. Иситмаси кўтарилиб, ўқчийди. Бўғинларда оғриқ зўрайиб, ҳолсизланади, туклари тўкилиб, аъзолари фалаж бўлиб қолади. Энди битта савол: агар шу кишига яна асал узатишса, гарчи ўлгудай оч, ширинликка "ташна" бўлса-да, асалдан ўзини олиб қочадими ёки йўқ? Албатта, бундай ҳолатда унинг "ичида заҳари бор" деган шубҳа билан асалдан қочиш эҳтимоли кўпроқ. Камдан-кам ҳолатда, яъни, бир тотиб кўриш ёки зарурат туфайлигина асалга қўл чўзиши мумкин.
Тавба қилувчи ҳам гуноҳнинг аччиқлигини худди шундай сезади. Чунки у гуноҳнинг тоти асалдек бўлса ҳам, таъсири заҳардек эканини билади. Фақат мана шундай иймон билангина тавба саҳиҳ ва рост бўлади. Бундай иймон нодир бўлгани учун бундай тавба ва тавба қилувчи ҳам нодир, камёбдир. Чунки, аксар тавба қилувчиларга қараб, уларни Оллоҳдан юз ўгирган, гуноҳларга эътиборсиз, гуноҳлардан қайтмаган ҳолда кўрасиз.
Демак, мана шулар надоматнинг мукаммал бўлиш шартларидир. Надомат умр охиригача давом этиши, унинг аччиқлиги, хоҳ илк бор содир бўлган, хоҳ такрорий бўлсин, барча гуноҳларда ҳис этилиши лозим. Бамисоли, заҳар қўшилган асални истеъмол қилган киши ичига заҳар солинганини билгач, совуқ сувдан ҳам ҳазар қилгани каби. Чунки, у асалдан эмас, унинг ичидаги заҳардан зарар кўрган эди. Ҳа, ўғирлик ёки зино қилувчига етадиган зарар гуноҳнинг ўғирлик ёки зино деб номлангани учун эмас. Балки бу қилмишлар Оллоҳ таолонинг амрига хилоф бўлгани учун ҳам зарарлидир. Бу қараш барча гуноҳларга тааллуқли.
Қасд, яъни "хатомни ўнглайман" деган мақсад, хоҳиш ҳам надомат туфайли юзага келади. Макони қалб бўлган "қасд"нинг замоний жиҳатидан ҳозир, ўтмиш ва келажакка боғлиқлиги бор. Ким хатосини ўнглашни мақсад қилган экан, шу заҳоти, ҳозироқ гуноҳдан тўхташи ва ҳозир, айни пайт олдида турган фарзларни адо қилишга киришмоғи лозим. Банда хатони тузатишни дилига туккан экан, ниятининг амалида қатъий бўлса, ўтмиш хатоси ҳам ўнгланади. Тавбани қасд этган киши доимо Оллоҳнинг итоатида бўлади, гуноҳини тарк этиш ҳам ҳаётининг сўнгигача давом этади.
Қилган тавбаси саҳиҳ бўлишини хоҳлаган инсон фикрини балоғатга етган илк даврига қаратмоғи, умрини йилма йил, ойма ой, кунба кун, борингки, ҳар нафасигача тафтиш этмоғи, тоатларда йўл қўйилган нуқсонларни, тавбадан узоқлаштирувчи гуноҳларни бир-бир эслаб, ибратланмоғи зарур. Ўтмишга боғлиқлиги жиҳатидан тавбанинг саҳиҳ бўлиш шартлари мана шулардир.
Дейлик, ўтмишда бир намозни тарк этган ёки намозни нажас кийимда адо қилган ёхуд ният шартини билмагани учун намозни нотўғри ният билан ўқиган-у, лекин ҳалигача хатоларини тузатмаган. Яъни, бу намозларни қайтадан ўқимаган. Демак, тавбаси саҳиҳ бўлиши учун у киши бу намозларнинг қазосини ўқиши шарт. Агар қайтадан ўқилиши лозим бўлган қазо намозларининг сонида адашса, балоғатга етган давридан бошлаб, то хатосини аниқ билган давргача бўлган намозларнинг қазосини ўқийди. Ҳисобда гумон қайси тарафга кўпроқ бўлса, тахмин ва ижтиҳод йўли билан шу олинади.
Агар сафарда рўзани қолдирган ёки рўзасини атайин очган ё саҳарда ният қилишни унутган-у, ҳалигача бу рўзаларнинг қазосини адо қилмаган бўлса, барчасини ҳисоб-китоб қилиб, тахмин ва ижтиҳод йўли билан қазо рўзаларини тутиб беради.
Закот ва ҳаж ибодатлари ҳам шундай эътибор билан текширилади.
Гуноҳларга келсак, тавбаси саҳиҳ бўлишини хоҳлаган инсон балоғат даврининг илк кунларидан то ҳозиргача барча аъзолари содир этган гуноҳларини тафтиш қилмоғи, сўнгра ўтган барча кунлари, соатларини кўнгилдан ўтказиб, гуноҳлар дафтарини кўздан кечирмоғи, содир этган катта-кичик гуноҳларни бир-бир эсламоғи, кейин бандалар ҳаққига боғлиқ бўлмаган, Оллоҳ ва ўзи ўртасидаги гуноҳларга диққат қилмоғи вожиб. Номаҳрамга қараш, жунуб ҳолида масжидда ўтириш, мусҳафни бетаҳорат ушлаш, бидъатларга эътиқод қилиш, маст қилувчи ичкилик ичиш, мусиқа тинглаш ва шу каби бошқа ишлар бандаларнинг ҳаққига боғланмаган гуноҳлардир. Улардан тавба қилиши надомат ва ҳасрат билан, ҳар бир гуноҳга мувофиқ келадиган яхшиликни юзага чиқариш билан амалга ошади. Лекин қилинадиган савоб ишлар қилинган гуноҳлар миқдоридан кам бўлиб қолмасин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Қаерда бўлсанг ҳам, Оллоҳдан қўрқ! Гуноҳнинг изидан уни кетказадиган яхшилик қил" (Термизий ривояти).
Оллоҳ таоло дейди:
"Албатта, яхши амаллар ёмонлик – гуноҳларни кетказур" (Ҳуд, 114-оят).
Мусиқа тинглаш гуноҳига – Қуръонни тинглаш ва зикр мажлислари, масжидда жунуб ҳолида ўтириш гуноҳига – масжидда ибодатлар билан машғул бўлиб, эътикоф ўтириш савоби каффорат бўлади. Мусҳафни бетаҳорат ушлашга – Қуръондан кўп қироат қилиш, уни ўпиб ҳурматлаш, вақфга тарқатиш каффоратдир. Маст қилувчи ичимлик ичиш гуноҳига эса ҳалол, пок ичимликларни садақа қилиш каффорат бўлади.
Ҳамма гуноҳларни санаб чиқиш имкони йўқ. Мақсадимиз – зиддиятдаги ўзаро мувофиқликни изоҳлаш. Маълумки, ҳар қандай дардга унинг зидди даво бўлади. Гуноҳ туфайли қалбга ўрлаган зулматни фақатгина унинг зидди бўлган нур қалбдан кетказа олади. Қалбда нур пайдо бўлишига эса, Оллоҳ йўлида қилинган яхшилик сабабчи. Зиддият мутаносибликдир. Шунинг учун ҳар қандай ёмонликни ёмонлик жинсидан бўлган, лекин унга зид яхшилик билан кетказиш лозим. Зеро, оқ қора билан кетказилади, иссиқ ёки совуқ билан эмас. Гуноҳни ювиш йўлидаги бу тадриж ва таҳқиқ Оллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган лутфу марҳаматидир. Бу йўлда энг содиқ ва ишончли ҳамроҳимиз – умид!
Демак, Оллоҳ ва бандаси ўртасидаги гуноҳнинг каффоратига оид ушбу ҳукм ҳар бир нарса ўзининг зиддига каффорат бўлишига далолат қилади. Албатта, дунёни севиш барча хатонинг боши, дунёга тобеъликнинг қалбдаги аломати эса, дунё учун қувониш ва бутун борлиғи билан дунёни хоҳлашдир. Шак йўқки, мусулмонга етадиган ҳар бир озор унинг қалбини дунёдан бездиради. Қалб ғам ва қайғулар сабаб ғамхонадан узоқлашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: "Шундай гуноҳлар борки, фақат ғам-қайғулар уларга каффорат бўлур" (Табароний ривояти).
Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қиладилар: "Агар банданинг гуноҳлари кўп бўлиб, уларга каффорат бўладиган амали бўлмаса, Оллоҳ таоло унга ғам-қайғулар юборади ва бу ғам-қайғулар унинг гуноҳларига каффорат бўлади".
Шундай савол туғилиши табиий: "Инсонлар кўпинча мол-дунё, бола-чақа, мартаба учун қайғуради, ғам чекади. Лекин бундай қилиш нотўғри. Бас, хато иш қандай каффорат бўлиши мумкин?".
Ҳа, ўринли савол. Билгил, дунё ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйиш хато, бу муҳаббатдан юз ўгириш каффорат. Дунё ва унинг матоҳлари билан лаззатланиш хатони тўлдирувчи сабаблардан биридир. Ривоят қилинади: "Жибрил алайҳиссалом зиндонга Юсуф алайҳиссалом олдига кирдилар. Юсуф алайҳиссалом сўрадилар:
– Ғамларга чўкиб қолган чолнинг (оталари Ёқуб алайҳиссалом) аҳволи қандай?
– Фарзанди доғида куйган юзта онанинг қайғуси нечоғли бўлса, шунча ҳасрат билан сенга қайғуряпти.
– Оллоҳ ҳузурида унга ажр борми?
– Юзта шаҳиднинг ажри бор, – деб жавоб бердилар Жибрил алайҳиссалом".
Демак, ғам-қайғулар ҳам Оллоҳнинг ҳақларига каффорат бўлади.
Бандаларга нисбатан қилинган зулмларга келсак, уларда ҳам Оллоҳ таолонинг ҳаққига маъсият ва жиноят мавжуд. Негаки, Оллоҳ таоло бандаларга зулм қилишдан қайтарган. Бу зулмнинг Оллоҳ таоло ҳаққига тааллуқли қисми – надомат ва ҳасрат билан хатоларини тузатиш, келажакда уларни такрорламаслик, гуноҳнинг зидди бўлган савоб ишларни кўпайтириш. Одамларга етказган озорига уларга қилган эҳсони, босқинчилик билан олган молларига ҳалол мулкидан қилган садақалари каффорат бўлади. Ғийбат ва қўпол сўзлар билан кимларнингдир обрўсини тўккан бўлса, бу гуноҳига дин аҳлини мақташи, яқинлари, биродарларидаги яхши хислатларни ошкор қилиши каффорат бўлади.
Жонга нисбатан қилинган гуноҳнинг ҳам ўзига хос каффорати бор. Агар бировни билмасдан ўлдириб қўйса, қотил ўз мулкидан ё яқинлари мулкидан ҳақдорга, яъни, ўликнинг эгасига хун ҳаққини бермоғи вожиб. Шу билан қотилнинг тавбаси тамомига етади. Ҳақ ҳақдорга етиб бориши билан масъулият зиммасидан тушади. Агар бирор жонни қасддан, қасосга сабаб бўладиган тарзда ўлдирса, қасос билан тавба тамомига етади. Лекин қатл қасддан бўлса ҳам, қасосга етарли асос топилмаса ёки сабаблар номаълум бўлгани учун буни билишнинг умуман имкони бўлмаса, бу ҳолат ўликнинг эгасига билдирилади ва қотилнинг тақдири унинг ҳукмига ҳавола қилинади. Хоҳласа, қотилни кечиради, хоҳласа, ўлдиради. Ушбу ҳолатлар сўнгига етганидан кейингина масъулият қотилдан соқит бўлади.
Хоҳ қасддан, хоҳ билмасдан бўлсин, инсон ўлими билан боғлиқ гуноҳни яшириш жоиз эмас. Чунки, одам ўлдириш гуноҳи зино, ўғирлик, йўлтўсарлик, маст қилувчи ичкилик ичиш ёки Оллоҳ таолонинг жазосига сабаб бўлувчи бошқа гуноҳлардан тубдан фарқ қилади. Негаки, бу гуноҳлардан тавба қилинганида айбни ошкор этиш шарт эмас. Балки, бунда тавба қилувчи киши Оллоҳ таолонинг раҳмат пардаси билан тўсилмоғи, турли азоб ва машаққатлар билан ўз нафсига Оллоҳ таолнинг жазосини жорий этмоғи лозим. Зеро, афв Оллоҳнинг ҳаққи. Надомат ичра ёнаётган тавба қилувчини Оллоҳ таоло албатта кечиради.
Лекин шундай бўлса ҳам, гуноҳини ошкор тан олиб, волийга мурожаат этган кишига жазо татбиқ қилинади ва Оллоҳ таоло ҳузурида унинг тавбаси саҳиҳ, мақбулдир. Ҳадисда ривоят қилинишича, "Моъиз ибн Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, зино қилиб, нафсимга зулм этдим. Мени гуноҳдан покланг, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни рад этдилар. Моъиз эртасига яна Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, зино қилиб, нафсимга зулм қилдим. Мени гуноҳдан поклаб қўйинг, – деди.
Пайғамбар алайҳиссалом иккинчи марта ҳам уни рад этдилар. Учинчи марта келганидагина уни жазога ҳукм этдилар. Зинокор учун чуқур қазилди, кейин тошбўрон қилишга амр этилди. Жазодан сўнг кимлардир: "Моъиз гуноҳга ботди, охирати куйди", деса, кимлардир: "У ҳақиқий тавба соҳибидир, унинг тавбасидан содиқроқ тавба йўқ", дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
– Моъиз шундай тавба этдики, агар унинг тавбаси бутун умматга тақсим қилинса, тавба барчани қамраб олажак" (Муслим ривояти).
"Ғомида қабиласидан битта аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
– Эй Оллоҳнинг расули, гуноҳга ботдим, мени покланг, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни рад қилдилар. Эртасига у аёл яна келди ва:
– Эй Оллоҳнинг расули! Худди Моъизга қилганингиздек, мени ҳам рад қилиб, қайтармоқчимисиз? Оллоҳга қасамки, мен ҳомиладорман, – деди.
– Энди бор, то туққунингча сабр қил, -дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Маълум муддатдан сўнг аёлнинг кўзи ёриди. Аёл дарҳол чақалоқни бир бўзга ўраб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига шошилди. Хабарни етказгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
– Бор, энди то сутдан чиққунча уни эмиз,- дедилар.
Боласи сутдан чиққанидан сўнг аёл уни кўтариб, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келди. Боланинг қўлида бир парча нон бор эди. Аёл:
– Эй Оллоҳнинг расули! Болани кўкракдан ажратдим, мана нон еяпти, деди...
Бола аёлнинг қўлидан олиниб, мусулмонлардан бирининг қўлига топширилди. Зония аёл жазога ҳукм этилди. Чуқур кавлаб, уни кўкрагигача кўмишди. Кейин тошбўрон қилишга амр бўлди. Тош ота бошлашди. Холид ибн Валид отган тош аёлнинг бошига тегиб, қон сачраб кетди. Холид юзига сачраган қондан жирканиб, аёлни сўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холиднинг сўкканини эшитиб:
– Эй Холид, ўзингни бос! Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар солиқ йиғувчи ҳам мана шу аёлдек тавба қилганида эди, гуноҳлари кечирилар эди.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳуманинг жанозасини ўқиб, дафн қилишни буюрдилар" (Муслим ривояти).
Кимки босқинчлик ё хиёнат ёки турли алдов йўллари билан тўпланган мол-дунёга эга бўлса, балоғатга етган пайтидан эмас, балки мол қўлига кирган дастлабки кундан бошлаб топганларини тафтиш қилади. Чунки, ёш боланинг молидаги ҳақ, агар қаровчиси (валий) беролмаган бўлса, бола балоғатга етганидан сўнг бериши вожиб. Агар бермаса, гуноҳкор бўлади. Негаки, сабий (ёш бола) ва болиғ (балоғатга етган киши) мулкий ҳуқуқда тенгдир.
Шундай экан, ҳар бир тавба қилувчи ҳаётининг илк кунидан, то тавба кунигача олган ҳадялару пулларнинг ҳисобини Қиёматдаги сўроқдан олдин нафсидан сўрасин, муҳокамага тортилишдан аввал ўзини муҳокама қилсин. Ким бу дунёда нафсини сўроққа тутмас экан, охиратдаги сўроғи оғир бўлади. Иймон борида хоҳ аниқ асосларга, хоҳ тахмин ва ижтиҳодга суяниб, сендан зулм кўрган кишиларни хотирла, уларнинг исмларини биттама-битта ёз, такрор ёз. Агар дунёнинг бир чеккасида бўлса ҳам, уларни излаб топ, улардан қилган зулминг туфайли қорайган юзингни поклашларини сўра, ҳақларини адо қил. Бундай тавба айниқса, золимларга ва савдогарларга машаққат туғдиради. Чунки улар қанчалик елиб-югурмасин, топганларининг борини сочмасин, ўзлари муомала қилган кишиларни ёки уларнинг ворисларини бирма-бир излаб топмоқлари амри маҳол. Лекин иложи борича, шу йўлда ҳаракат қилмоқлари керак. Агар бунга ожиз бўлсалар, савоб ишлардан тўхтамасинлар, савобларни кўп-кўп йиғсинлар. Ҳали савоблари олиниб, мазлумларга бериладиган кунлар келади. Демак, зулм ўтказган мазлумлар қанчалик кўп бўлса, савоблар ҳам шунга мувофиқ бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, бергали савоб тополмасдан, мазлумларнинг гуноҳини елкасига ортиб олади, ўзганинг гуноҳи билан чоҳга қулайди.
Ҳар бир тавба қилувчининг мазлумлар ҳаққини қайтаришдаги йўли мана шудир.
Бунинг учун инсоннинг умри савоб ишларга кўмилиши зарур, қачонки умр зулм муддати каби узоқ бўлса, албатта. Лекин умрнинг қанчага чўзилиши номаълум. Ажал эса кутилмаганда келади. Бас, вақт жуда оз, савобга енг шимармоқ керак! Афсус, жуда кўп вақтимиз гуноҳларга енг шимариб ўтди.
Зиммага ортилган зулмнинг ҳукми мана шудир.
Қўлида турган молнинг ҳукми шуки, агар эгаси аниқ бўлса, эгасига қайтаради, эгаси номаълум бўлса, садақа қилади. Агар ҳалол ва ҳаром аралашиб кетган бўлса, ҳаромнинг миқдорини ижтиҳод билан ажратиб, садақа қилиши керак.
Одамларни ортидан ёмонлаш қалбларга қилинган хиёнатдир. Кимки ўзига қарши сўзлаган одамларнинг дилига тили ё бирон феъли билан озор етказган бўлса, уларнинг ҳар бирини излаб топиб, гуноҳлари учун кечирим сўрасин. Агар мазлумлардан баъзилари оламдан ўтган ёки ғойиб бўлса, начора. Эндиги иш фақат савоб амалларни кўпайтиришдир.
Қилинган гуноҳни гапириш ва таърифлашнинг ўзи ҳам бир гуноҳдир. Ундан покланмоқ зарур. Акс ҳолда, гуноҳкор зулм юки остида қолади. Шунинг учун гуноҳи кечирилишини хоҳлаган золим мазлумга юмшоқ муомала қилмоғи, муҳим ишларида кўмаклашмоғи, унга нисбатан меҳру муҳаббатини зоҳир этмоғи лозим, токи мазлумнинг кўнгли юмшасин, ўзаро самимият уйғонсин.
Дарҳақиқат, инсон – эҳсоннинг гадоси. Битта ёмонлик билан қўрқитилган киши, битта яхшилик билан ўзгаради. Ўзига кўрсатилаётган муҳаббат ва ҳалимликни қалб сезгани сайин нафс кечиримли бўлади. Агар шунчалик ҳаракатдан сўнг ҳам мазлумнинг кўнгли юмшамаса, қилинаётган ҳалимлик ва узрхоҳликлар покланишни хоҳлаёт-ган золимнинг савоб амалларига қўшилиши, шу туфайли қиёматда хатоси ўнгланиши мумкин. Меҳр-муҳаббат кўрсатиб, мазлумнинг қалбига сурур бағишлаш йўлидаги саъй-ҳаракатнинг миқдори унга етказилган азиятлар йўлидаги саъй-ҳаракатлар миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Негаки, қиёматда бу иккаласи юзлаштирилади, Оллоҳнинг ҳукми билан бири бошқасидан ўз ҳаққини олади. Дейлик, бир киши бу дунёда бировнинг молига зарар етказиб қўйди. Кейин у молнинг эгасига шунга ўхшаш бошқа молни келтириб берди. Мол эгаси бу молни ундан қабул қилмади. Иш ҳокимга арз этилгач, мол эгаси хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам олиб келинган молни қабул қилишга ҳукм этилади. Ҳокимлар ҳокими, одиллар одили Оллоҳнинг ҳам қиёматдаги ҳукми шундай.
Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: "Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: "Сиздан олдин ўтган умматлар ичида тўқсон тўққиз жонни ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг олим кишидан ўзининг тавбаси ҳақида сўрамоқни қасд этди. Уни битта роҳибнинг олдига йўллашди. У роҳибнинг олдига бориб:
– Мен тўқсон тўққиз жонни ўлдирдим, тавбам қабул бўладими? – деб сўради.
Роҳиб "йўқ", деб жавоб берган эди, қотил уни ҳам ўлдириб, ҳисобидаги ўликлар сонини юзтага тўлдирди. Кейин яна ер юзидаги энг олим кишини унга кўрсатишларини сўради. Битта олим кишига уни йўллашди. Қотил у олимга учраб:
– Мен юзта жонни ўлдирдим, тавбам қабул бўладими? – деб сўради.
– Ҳа, – деди олим. – Тавбани ким ҳам тўса оларди. Энди фалон-фалон ерга бор. У ерда улуғ ва қудратли зот – Оллоҳга ибодат қиладиган одамлар бор. Улар билан бирга Оллоҳ таолога ибодат қил. Ўз ерингга қайтма, чунки у ёмон ердир.
Юзта жоннинг ҳаётига зомин бўлган қотил олим айтган томонга йўл олди. Йўл ярмига етганида, аҳволи оғирлашиб, ажали яқинлашиб қолди. Шунда раҳмат ва азоб фаришталари у ҳақда тортиша бошлашди:
– Ахир бу инсон чин қалбдан Оллоҳга юзланиб, тавба ниятида йўлга чиқди-ку! – дер эдилар раҳмат фаришталари.
– У биронта яхши амал қилмаган, – дер эдилар азоб фаришталари.
Шу пайт одам суратидаги бир фаришта бу низонинг устига келиб қолди. Дарҳол уни ўзлари орасида ҳакам қилишди. У шундай ечимни таклиф этди:
– Иккала ергача (яъни, тавба томон ва азоб томон) бўлган масофани ҳам ўлчанглар. Қотил қайси ерга яқинроқ бўлса, у ўша манзилнинг одамидир.
Ўлчадилар, тавба ниятида қасд қилинган томон азоб фаришталари чорлаётган томондан яқинроқ экан. Натижада, раҳмат фаришталари уни олиб кетдилар" (муттафақун алайҳ).
Демак, тавба қилувчи яхши амалларни кўпайтирсагина азобдан халос бўлиши мумкин. Чунки, зарра мисқол бўлса ҳам савоб амалларнинг мезонда оғир келиши – нажотнинг бирдан-бир гаровидир.
Тавбани қасд қилишнинг ўтмишга боғлиқ томони мана шу жиҳатлардан иборат. Энди келажакка боғлиқ томони-чи?
Гуноҳкор банда тавбага азм этар экан, келажакда бу ва шунга ўхшаш гуноҳни қайта такрорламасликка аҳд қилади. Аҳд Оллоҳ билан бўлгани учун ишончли ва мустаҳкам бўлади. Масалан, мева-чева дардига дард қўшишини билган бемор, то касали тузалмагунича, уни оғзига олмасликка қатъий аҳд этади. Гарчи кейин истаклар қолиб келиши мумкин бўлса-да, айни шу пайтда аҳднинг мустаҳкамлик даражаси кучли бўлади. Агар ўша пайтда аҳд мустаҳкам бўлмаса, қандай қилиб бу тавба тавба бўлсин!
Тавба йўлидаги кишининг азми мукаммал бўлиши учун аввало, узлат, сукут, кам ейиш ва кам ухлаш, ҳалол ризқ касб этиши лозим. Кимгаки ҳалол молдан мерос қолса ёки тирикчилигига кифоя қиладиган касби бўлса, шу билан қаноатлансин. Зеро, гуноҳларнинг боши ҳаром емоқдир. Ҳалол билан қаноатланмайдиган, шубҳали нарсаларни тарк этмайдиган инсон таомлар ва кийимларга бўлган очкўзликдан қутула оладими?
Ўтганлардан бири айтган экан: "Ким чин дилдан шаҳватни (дунё истакларини) тарк этиб, Оллоҳ учун нафси билан етти марта жиҳод этса, шаҳватга мубтало бўлмайди".
Яна бири: "Ким бир гуноҳдан тавба қилиб, етти йил тавбада мустаҳкам бўлса, энди ҳеч қачон у гуноҳни такрорламайди", - деган экан.
Тавба қилувчи киши агар олим бўлмаса, унинг муҳим вазифаларидан бири, келажакда унга нима вожиб ва нима ҳаром бўлишини ўрганмоғидир. Буни англаган инсон табиатида истиқомат (яъни, шариатда собитлик) руҳи шакл-ланади. Истиқомат мукаммал бўлиши учун, албатта, узлат ихтиёр этилиши лозим. Чунки, дунё ёмонликларидан буткул узилмаган киши – фақат айрим гуноҳлардан, масалан, ароқдан ё зинодан ё босқинчиликдангина тавба қилган кишига ўхшайди. Бу ҳали ҳақиқий тавба эмас.
Баъзилар: "Бундай тавба қилиш саҳиҳ эмас", - дейди. Кимлардир уни саҳиҳ деган. "Саҳиҳ" лафзи бу ўринда мужмал ифодалангани учун иккала қарашдагиларга ҳам ўз фикримизни батафсилроқ баён қиламиз.
Агар "саҳиҳ эмас" деган қараш, гуноҳлардан баъзиларинигина тарк этиш асло фойда бермайди, бундай тарк этишнинг бори билан йўғи баробар, деган маънодан иборат бўлса, бу катта хатодир. Чунки, гуноҳнинг кўп бўлиши азобнинг кўпайишига, гуноҳнинг озлиги азобнинг озайишига сабаб бўлади.
Агар "бу тавба саҳиҳ" деган қараш билан, айрим гуноҳлардангина тавба қилиш ҳам нажот ва муваффақиятга олиб боради, дейилмоқчи бўлса, бу ҳам адашишдир. Чунки, охиратдаги нажот ва муваффақиятга барча гуноҳларни тарк этиш билан эришилади.
"Айрим гуноҳлардангина қилинган тавба саҳиҳ эмас" деювчилар айтса: "Биз бу қарашимиз билан, тавба пушаймондан иборат, демоқчи эдик. Масалан, ўғрилик қилганидан пушаймон бўлган киши "ўғри" деган номни олгани учун эмас, балки гуноҳ иш қилгани учун кўпроқ надомат чекади. Гуноҳ пушаймонликка сабаб экан, ўғирликдан пушаймон бўлиб, зинодан пушаймон бўлмасликни қандай тушуниш мумкин? Ахир гуноҳ тушунчаси ўғирликка ҳам, зинога ҳам бирдек тегишли-ку? Дейлик, фарзанди қилич билан ўлдирилганида чуқур ғамга ботган ота, фарзанди пичоқ билан ўлдирилганида ҳам шундай ғамга ботар эди. Чунки, унинг қайғусига қилич ё пичоқ эмас, балки суюкли фарзандидан ажраб қолгани сабаб бўляпти. Шунингдек, банда ҳам гуноҳ туфайли маҳбубидан айрилади. Маҳбубига қилган исёни ўғирлик шаклидами ё зино шаклида, бунинг фарқи йўқ. Уни қийнайдиган нарса – айрилиқ ўти. Бу ўт эса барча гуноҳларга хос.
Демак, гуноҳ маҳбубдан айирувчи нарса эканини англаш пушаймонликни келтириб чиқаради. Бир гуноҳ учун пушаймон бўлиб, бошқаси учун пушаймон бўлмаслик ақлга сиғмайдиган ҳодиса. Агар бундай пушаймонлик жоиз бўлганида эди, мусалласга тўла иккита хумнинг биринчисидан ичиб қўйилса, тавба зарур, иккинчи хумдан ичилса, тавба зарур эмас, деб ҳукм чиқариш мумкин бўлар эди. Бу эса муҳол иш. Негаки, иккала хумдаги суюқликнинг ҳам сифати бир, яъни, маст қилувчидир. Маст қилувчи нарса шаръан ҳаром ҳисобланади. Хумларга келсак, улар фақат идиш, ҳаромлик сифатини идиш белгиламайди.
Шунингдек, гуноҳларнинг шакллари турлича бўлгани билан, Оллоҳнинг амрига хилофлик жиҳатидан улар биттадир. Демак, "айрим гуноҳлардангина қилинган тавба саҳиҳ эмас", дейишимизнинг маъноси бундай: "Оллоҳ таоло тавба қилувчиларга мартаба ваъда қилган. Бу мартабага фақат надомат билан эришилади. Шундай экан, баъзи гуноҳларга пушаймон бўлиб, баъзиларига пушаймон бўлмаслик ҳолатини тасаввур қилиш қийин. Ҳа, надомат ийжоб (бердим) ва қабул (олдим) лафзларидан келиб чиқувчи мулк кабидир. Қачонки, ийжоб ва қабул шартлашуви тамомига етмаса, шартнома саҳиҳ бўлмайди. Яъни, ундан самара чиқмайди".
Бизнингча, баъзи гуноҳлардан тавба қилиш қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:
- фақат катта гуноҳлардан тавба қилиш;
- фақат кичик гуноҳлардан тавба қилиш;
- катта гуноҳнинг биттасидан тавба қилиб, бошқасидан тавба қилмаслик.
Фақат катта гуноҳлардан тавба қилиш мумкин бўлган иш. Чунки, банда Оллоҳнинг нафрати ва ғазабига дучор этувчи гуноҳнинг Оллоҳ наздидаги даҳшатини билади. Кичик гуноҳларнинг эса кечирилиши осон. Бундан келиб чиқадики, фақат катта гуноҳдан тавба қилиб, унга пушаймон бўлиш муҳол эмас. Масалан, бир киши подшоҳнинг яқинларидан бирига нисбатан гуноҳ иш қилса ва унга тегишли чорва ҳайвонига нисбатан ҳам гуноҳ иш қилса, подшоҳнинг яқинига қилган жиноят уни кўпроқ хавфга солади, ҳайвонга қилган жиноят унинг олдида арзимас бўлиб кўринади. Гуноҳ қанчалик катта бўлса ва Оллоҳ таолодан узоқлаштирувчи деб эътиқод қилинса, пушаймонлик ҳам шунчалик кучли бўлади. Бу шариатда мавжуд, кузатилган ҳодисадир. Тарихга назар солинса, қанча тавба қилувчилар ўтган, улардан бирортаси ҳам маъсум бўлмаган. Негаки, тавба инсондан бегуноҳликни талаб қилмайди. Масалан, табиб баъзан беморни асал ва шакар ейишдан жиддий қайтаради. Унинг асални манъ этиши ўта қатъий ва кескин бўлгани ҳолда, шакардан қайтариши, "уни истеъмол қилсанг ҳам бўлаверади", деган маънога яқин бўлади. Бемор табибнинг бу огоҳлантириши билан асалдан тийилади, лекин шакардан эмас. Агар истаклар ғолиб келиб, бемор асални ҳам, шакарни ҳам истеъмол қилиб қўйса, у шакар эмас, асал еб қўйгани учун пушаймон бўлади.
Катта гуноҳларнинг баъзиси баъзисидан шиддатли ва оғирроқ деб эътиқод қилингани учун уларнинг айримларидангина тавба этиш ҳолати ҳам учрайди. Бамисоли, одам ўлдиришдан, ўғриликдан, кишиларга зулм қилишдан тавба қилгани каби. Оллоҳ билан бандаси ўртасидаги ҳақнинг адоси оғир бўлишини билгани учун ҳам у бу гуноҳларни фарқлайди. Шунинг учун баъзан бандаларнинг ҳақларига тааллуқли бўлмаган айрим катта гуноҳлардан тавба қилади. Масалан, зино қилаверади, лекин маст қилувчи ичкилик ичмайди.
Чунки, ичкилик барча гуноҳларнинг калити экани унга маълум. Агар ичса, ақли кетиб, турли-туман гуноҳларга йўл очилишини яхши билади.
Кичик гуноҳлардан тавба қилиб, катта гуноҳлардан тийилмаган кишилар ҳам бўлади. Масалан, ғийбатдан, номаҳрамга қарашдан тавба қилади-ю, ароқ ичишдан тўхтамайди. Нега шундай?
Бирор мўмин йўқки, қилган гуноҳлари оқибатидан қўрқмаса ёхуд қилмишидан озми-кўпми надомат чекмаса. Лекин нафснинг гуноҳдан лаззатланиши қалбнинг гуноҳ хавфида алам чекишидан кучлироқ бўлади. Чунки, гуноҳдан қўрқиш туйғуси жаҳолат ва ғафлат туфайли заифлашиб, дунё истаклари (шаҳват) кучаяди. Тўғри, унда қайсидир даражада пушаймонлик бор, лекин азмни ҳаракатлантирадиган даражада эмас. Дунё истаклари қанчалик кучли бўлмасин, агар банда улардан узоқлаша олса, қалбидаги хавф шаҳватни енгади ва гуноҳдан қайтишга мажбур этади.
Баъзан фосиқ киши ичкиликка буткул берилиб, ичкиликсиз туролмайдиган ҳолга келади. Унинг Оллоҳдан қўрқинчи паст даражада бўлиб, заиф истакларгагина ҳукмини ўтказа олади. Қўрқинчнинг битта нимжон аскари кучли истакларни қандай мағлуб қилолсин? Қўрқинч қўшинга айлансагина, очкўз истакларга бас келиши мумкин. Ана шунда инсон тавбага азм этади, гуноҳдан қайтади. Ҳатто мана шу ҳолатда ҳам ўша фосиқ инсон ўзига ўзи дейди: "Шайтон шаҳватга майл уйғотиш йўли билан мени баъзи гуноҳларга мажбурлаган бўлса ҳам, жиловни буткул унга бериб қўймадим, ҳаё пардасининг кўтарилишидан сақландим. Баъзи гуноҳлар туфайли у билан курашяпман, шояд ғолиб бўлсам. Наҳотки, бу ҳаракатларим қайсидир гуноҳимга каффорат бўлмаса?"
"Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, бу тасаввурдан ташқари ҳодиса", деган ўйга борсангиз, у ҳолда фосиқнинг намоз ўқиши ва рўза тутиши ҳам тасаввурга сиғмайдиган ҳодиса бўлиб чиқади ва унга шундай дейишингиз лозим бўлади: "Агар намозинг Оллоҳдан ўзгаси учун бўлса, дуруст эмас. Агар Оллоҳ учун бўлса, фисқни ҳам Оллоҳ учун тарк эт! Чунки, бу хусусда Оллоҳнинг амри битта. Фисқ-фужур билан Оллоҳдан узоқлашаётган бир пайтингда намоз билан Оллоҳга яқинлашишни хоҳламоғингни қандай тушуниш мумкин?"
Бундай дейишимиз қийин. Негаки, фосиқнинг ушбу сўзлари бунга имкон бермайди: "Оллоҳнинг иккита амри менинг зиммамда. Иккала амрга ҳам хилоф йўл тутганим учун менга иккита жазо бор. Ҳолбуки, баъзида шайтондан ғолиб келдим, баъзида ожиз қолдим. Қодир бўлганимда шайтонни енгдим. Албатта, бу курашим шаҳват ғолиб келиб, ундан ожиз қолган пайтимда содир этган баъзи гуноҳларга каффорат бўлади".
Фосиқнинг бундай демаслигига ким кафолат беради? Ахир ҳар бир мусулмоннинг ҳоли шу эмасми? Бирорта мусулмон йўқки, тоат ва маъсиятни ўзида жамламаган бўлса. Мана сабаб қаерда! Буни фаҳмлаган инсон шаҳватдан ғолиб келган қўрқинчнинг таъсири баъзида айрим гуноҳлардагина кўриниши мумкинлигини тушунади. Содир бўлиб ўтган бир феълнинг оқибатидан қўрқиш надоматни келтириб чиқаради, надомат эса азмга сабаб бўлади. "Надомат тавбадир", деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Аммо надомат учун барча гуноҳларнинг тўпланиши шарт қилинмади: "Гуноҳдан тавба қилувчи киши гуноҳи йўқ киши кабидир". Эътибор беринг: "барча гуноҳлардан тавба қилувчи" дейилмаяпти, балки "гуноҳдан тавба қилувчи" деб, "гуноҳ" лафзи бирликда қўлланяпти.
Мана шу маънолар ёрдамида "гуноҳларнинг баъзисидангина тавба қилиш мумкин эмас, негаки улар дунёни исташ (шаҳват) ва Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиш жиҳатидан ўхшашдир", деган қарашнинг нотўғрилиги аён бўлади.
Ҳа, кимдир ароқ ичишдан тавба этиб, мусаллас ичишдан тийилмаслиги мумкин. Ҳар ҳолда у гуноҳнинг озини қилиб, кўпидан тавба қиляпти. Чунки, гуноҳнинг кўп бўлиши азобнинг кўпайишига сабабдир. У ожизлиги даражасида истакларига бўйсунади. Аксинча, Оллоҳ таоло учун баъзи истакларидан воз кечади ҳам. Бамисоли, табиб томонидан мева-чеваларни ейишдан огоҳлантирилган бемор каби. У баъзан мевадан оз-оз тотади, аммо ундан ейишни кўпайтирмайди.
Демак, айнан ўхшаш иккита гуноҳнинг биттасидан тавба қилиб, иккинчисидан тавба қилмаслик мумкин. Тавба қилинган гуноҳ ё шиддатда, ё шаҳватга майлда тавба қилинмаган гуноҳдан фарқланади. Қачон тавба қилувчининг эътиқодида мана шу тафовут ҳосил бўлса, унинг қўрқинчи ва надоматидаги фарқни тасаввур этиш мумкин. Кейин гуноҳ таркидаги фарқлар ҳам ойдинлашади. Гуноҳга надомат чекиши, надоматига содиқ қолиши гуноҳни тарк этиш учун қилинган азмига боғлиқ. Мана шулардан сўнггина у гуноҳ қилмаган кишилар сафига қўшилади, гарчи Оллоҳнинг барча буйруқ ва қайтариқларига итоат қилмаган бўлса ҳам.
"Зинога ожиз бўлиб қолган одам, ожиз бўлишидан илгари содир этган гуноҳидан тавба қилса, тавбаси дуруст бўладими?" деган саволингга: "Йўқ, дуруст бўлмайди", деб жавоб берамиз. Чунки, тавба пушаймонликдан иборат. Пушаймонлик гуноҳни тарк этишга рағбат уйғотадиган азмни пайдо қилади. "Гуноҳни тарк этиш" деганимизда, гуноҳни қилишга қодир бўлмай қолиш натижасидаги таркни эмас, балки гуноҳ ишга қодир бўлатуриб, уни тарк этишни назарда тутяпмиз.
Балки кимдир зинога қодир бўлмай қолганидан сўнг, дафъатан бутун қалби билан зинонинг зарарини тўла англаб, нафсида зинога қарши чексиз нафрат туйиши мумкин. Бу ўт, бу ҳасрат, бу надомат шу даражага етадики, шу тобда у кишида шаҳват истаги уйғонса эди, надомат алангаси уни куйдириб кул қиларди. Умид қиламиз, кечикиб бўлса ҳам қилинган бу пушаймон гуноҳга каффорат бўлади, ёмонликни ўчиради. Бамисоли, жинсий заиф бўлиб қолишдан олдинроқ тавба қилиб, кейин ўлиб қолган киши шубҳасиз тавба қилувчилар жумласидан ҳисоблангани каби. Гарчи шаҳватга ундовчи, шаҳватга имкон берувчи ҳолат унга юзланмаган бўлса ҳам. Унинг тавба қилувчилар жумласидан бўлишининг сабаби шуки, надомати юксак даражага етди, шу мақомда унинг мақсади ёмонликдан яхшилик томон бурилди.
Демак, жинсий заифлашиб қолган киши ҳам илгари содир этган гуноҳи – зинодан қаттиқ пушаймонга ботиб, тавбаси мақбул бўладиган даражага етиши мумкин. Чунки, киши ниманидир хоҳласа, озгина хавф ёрдамида ўзини ўша нарсани тарк қилишга қодир деб билади. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло унинг қалбини, унинг қанчалик надомат чекаётганини билгувчи Зотдир. Эҳтимол, Оллоҳ унинг тавбасини қабул қилар.
Бу маъноларни англаш гуноҳнинг зулмат эканини англашга бориб тақалади. Икки нарса гуноҳ зулматини қалб-дан кетказади: надомат ўти ва кураш шиддати (яъни, келажакда гуноҳни такрорламаслик билан нафсга қарши курашни кучайтириш). Шаҳват йўқолиши билан кураш тўхтайди. Албатта, агар надомат кучайса, курашнинг иштирокисиз, надоматнинг ўзи ҳам гуноҳ зулматини йўқ қилиши мумкин, бу муҳол эмас. Акс ҳолда: "Агар тавба қилувчи тавбадан сўнг озгина муддат яшаб, шу муддат ичида тавбага сабаб бўлган гуноҳ хусусида нафси билан бир неча марта тортишмас экан, тавбаси қабул эмас", деган бўлар эдик. Лекин шариат тавбада бундай шартга далолат қилмайди.
Фараз қилайлик, иккита тавба қилувчидан бирининг нафси гуноҳга майл қилишдан тўхтади. Иккинчининг нафсида эса, бу майл ҳали ўлгани йўқ, лекин нафс эгаси унга қарши курашяпти, имкон даражасидан унинг йўлини тўсишга ҳаракат қиляпти. Бу тавба қилувчилардан қай бири афзал?
Билгилки, бу масалада олимлар ихтилофга боришган. Аҳмад ибн Абу Ҳаворий ва Абу Сулаймон Доронийнинг асҳоби дейди: "Нафсига қарши курашаётган тавба қилувчи афзалдир. Чунки, унда тавба билан бирга нафсга қарши жиҳод фазилати ҳам бор".
Басралик олимлар: "Аввалги тавба қилувчи афзалдир. Чунки, у сустлик қилаётган бўлса ҳам, гуноҳдан тўхтади. Наригиси эса нафсига қарши курашаётган бўлса-да, ҳали гуноҳдан тўхтамади. Шунинг учун аввалги кишининг тавбаси кейингисиникидан соғломроқ ва ҳаққа яқинроқдир", - дейди.
Дарвоқеъ, бу иккала қараш ҳам тўғри, шу билан бирга қусурдан ҳам холи эмас.
Нафси гуноҳга майл қилишдан тўхтаган кишида иккита ҳолат мавжуд. Биринчиси, шаҳват истагининг табиий сўниши, у фақат шунинг учун гуноҳга майл қилишдан тўхтади. Бундай тавба қилувчидан нафси билан курашаётган гуноҳкор афзал. Ҳар ҳолда у ўзининг кураши билан қайсидир даражада гуноҳдан узоқлашяпти. Шу билан динининг шаҳват истакларидан устунлигини кўрсатяпти. Мана шунинг ўзи унда йақин (Оллоҳни аниқ, шубҳасиз таниш) ва диннинг қувватланаётганига қатъий далилдир. Диннинг қуввати деганда, шайтонлар таъсирида уйғонувчи шаҳватни йўқ қиладиган,
йақин ишорати билан зоҳир бўладиган ирода қувватини назарда тутяпмиз. Мана шу қувватлар туфайли кураш содир бўлади.
"Бир оз сустроқ эса-да, гуноҳдан тўхтаган кишининг тавбаси саломатроқдир", деган қараш ҳам тўғри. Лекин бу ўринда "афзал" лафзининг қўлланиши нотўғри. Буни сўзловчининг шундай сўзларига ўхшатиш мумкин: "Жимоъга қодир бўлмаган киши жимоъга қудрати зўр эркакдан афзалдир. Чунки жимоъга қодир бўлмаган киши шаҳват хатаридан омон бўлади. Шунингдек, ёш бола балоғатга етган кишидан афзал, чунки гўдак гуноҳдан пок. Қашшоқ киши душманига шафқатсиз, қаҳри қаттиқ подшоҳдан афзал. Негаки, қашшоқнинг душмани йўқ. Подшоҳнинг эса душмани кўп. У кўпинча душманларидан ғолиб келса-да, баъзан мағлуб бўлади".
Ҳа, бу сўзлар қалби тоза кишининг сўзларидир. Лекин бу қараш нарсаларнинг зоҳиринигина кўради. Азизлик йўли хатарлардан иборатлигини, улуғликнинг шарти ғурурни ўлдириш эканини англамайди. Уларнинг айтганини, бамисоли, сўзловчининг ушбу сўзларига ҳам ўхшатиш мумкин: "Оти ва ити йўқ овчи ов овлаш ва мартаба даражасига кўра оти ва ити бор овчидан афзалдир. Чунки, оти бўлмаса, отдан йиқилиб, аъзолари шикаст топишидан, ити бўлмаса, ити устига ташланиб, ғажиб ташлаши хавфидан омон бўлади". Бу нотўғридир. Негаки, оти ва ити бор овчи уддабурон, ҳайвонларни тарбиялаш илмини тўла эгаллаган бўлса, у овлаш саодатига энг муносиб, мартабаси улуғ овчидир.
Нафси гуноҳга майл қилишдан тўхтаган кишидаги иккинчи ҳолат шундай бўлиши мумкин. Қалбида Оллоҳни аниқ ва шубҳасиз таниш туйғуси кучайгани учун ва илгарироқ нафс билан бўлган курашдаги самимийлик туфайли унда гуноҳга майл йўқолади, шаҳват ҳаяжони босилади, ҳатто у шариат одоби билан хулқлана бошлайди. Энди у шаҳват билан эмас, дин билан тўлқинланиб, дин билан сокинлашадиган дарёга айланади. Дарҳақиқат, бу киши мартабада шаҳватни сўндириш, унинг ҳаяжонини босиш учун заҳмат чекаётган курашчидан юқоридир. Нафс билан жиҳод этиш мақсадини тўла англамаган одамгина "бу кишида жиҳод фазилати йўқ", дейиши мумкин. Нафсга қарши жиҳоддан мурод – душманнинг ёвузлигини сўндириш, токи у сизни шаҳват томон тортмасин. У сизни шаҳват томон тортолмас экан, демак, у дин йўлида давом этишингизга ҳам тўсқинлик қилолмайди. Душманни енгсангиз, мурод ҳосил бўлади. Бутун жанг давомида ғалаба талабида бўлиб, ниҳоят зафар қучдингиз. Бунинг мисоли, жиҳодда олдинги сафларда туриб, қандай саломат қолишини билмаётган киши билан душманни енгиб, асир олган кишининг мисолига ўхшайди. Ёки бу ҳолатни мажозан шундай тасвирлаш ҳам мумкин: ити ва отининг тарбияси билан энди шуғулланишни бошлаган, ҳали ўргатиш машаққатларини тортаётган киши қайда-ю, кучли эътибор ва қаттиқ тарбиядан сўнг қопоқғонлигини ташлаб, овчиликка ўрганган итидан, саркашлигини тарк этиб, ювош бўлиб қолган отидан мамнун ҳолда дам олаётган киши қайда?!
Баъзилар мана шу нуқтада адашиб, нафс билан жиҳод қилишни энг сўнгги мақсад деб гумон этдилар. Жиҳод фақат йўлдаги тўсиқлардан халос бўлиш учунгина кераклигини англамадилар. Кимлардир, мақсад – шаҳватларини сўндириш ва уларни бутунлай йўқ қилишдир, деган ўйга бориб, ҳатто баъзилари буни ўзларида синаб кўришди. Лекин ожизлик қилдилар, бу ишнинг имконсиз эканини тан олдилар. Кошки шу ерда тўхтасалар эди, йўқ, улар шариатни ёлғонга чиқариб, (барча ишга рухсат) йўлини тутдилар, беҳаёларча шаҳватга ошкора эргашдилар.
Табиий, буларнинг барчаси жаҳолат ва адашиш эди.
Шундай савол туғилиши мумкин: "Гуноҳни унутиб, у ҳақда умуман фикр қилмаган тавба қилувчи билан гуноҳни кўзи олдида тутиб, у ҳақда доимий тафаккур қилаётган ва надомат ўтида ёнаётган тавба қилувчидан қай бири афзал?"
Билгил, бу хусусда ҳам турлича қарашлар мавжуд. Баъзилар дейди: "Тавбанинг моҳияти гуноҳни кўз олдида тутишдир".
Кимдир айтади: "Тавбанинг моҳияти гуноҳни унутишдир".
Бизнингча, бу иккала қарашда ҳам жон бор. Фақат у иккита ҳолат билан белгиланади.
Мутасаввифларнинг сўзи доимо чекланган бўлади. Чунки, улар фақат ўз ҳолидан хабардор, ўзганинг ҳоли уларни қизиқтирмайди. Ҳолатлар ҳар хил бўлгани учун жавоблар ҳам ҳар хил бўлади. Бу эса ҳиммат, ирода ва улуғликка нисбатан нуқсондир. Мазкур сифатлар соҳибининг назари ўз нафси доирасида чекланган, ўзидан ўзганинг иши уни қизиқтирмайди. Чунки, унинг Оллоҳга олиб борадиган йўли – нафси, йўлдаги манзиллар унинг ҳолатларидир.
Баъзан банданинг Оллоҳга олиб борадиган йўли илмдан иборат бўлади. Оллоҳ таолога олиб борувчи йўллар кўп, лекин улар яқинлик ва узоқлик жиҳатидан фарқланади. Хулоса шуки, кимнинг йўли ҳидоятлироқ эканини Оллоҳ билгувчироқдир.
Бизнингча, қилган гуноҳини эслаб, изтироб чекмоқ тавбага илк қадамларни қўйган кишининг камолотидан нишонадир. Агар у гуноҳини унутганида юраги куймас эди. Юраги куймаса, покланмас эди. Чунки, гуноҳни унутиш ҳазинликни ва гуноҳга яна қайтиш йўлини тўсадиган хавфни қалбдан чиқаради. Гуноҳни унутиш ғофилга нисбатан камол деб билинса, ҳақ йўлдаги соликка нисбатан нуқсондир. Негаки бу ҳақ йўлдан қайтарувчи машғулот бўлиб, соликнинг вазифаси ҳақ йўлдан оғмаслик, ўз сулукидан чалғимасликдир. Қачонки соликда ўзини англаш куртаклари кўрина бошлар экан, қалби маърифат нурларига тўлади, руҳи илоҳий файзга буткул ғарқ бўлади, ўтган ҳолатларга қараш учун унда вақт қолмайди. Мана шу айни комилликдир.
Қайсидир ўлкага отланган мусофирнинг йўлини дарё тўсиб қўйди. Сал илгарироқ дарёнинг суви тошиб, кўприк хароб бўлган эди. Мусофир анча вақтини бой бериб, кўп уринишлардан сўнг дарёдан кечиб ўтди. Тасаввур қилинг, у дарёнинг нариги бетига ўтганидан кейин йўлида давом этмасдан, соҳилда ўтириб олиб, кўприкнинг бузилгани учун афсус чекиб, тинимсиз йиғлайверса, унинг бу ҳолати битта тўсиқдан қутулиб, иккинчи тўсиққа тутилиш эмасми?
Агар кеч тушиб қолган бўлса ёки йўлда шунга ўхшаш яна бошқа дарёлар ҳам учраб, улардан кечиб ўтиш хавф-ли бўлгани учун юришни давом эттиришнинг иложи бўлмаса, бундай шароитда туни билан йиғлаб, кўприкнинг бузилганига қайғурса, арзийди. Албатта, унинг қайғуси қанча зўр бўлса, машаққатларни енгишга бўлган азми ҳам шунча мустаҳкам бўлади. Нафси бу азмга "лаббай" деб жавоб берар экан, ҳақиқатан ҳам у энди бундай машаққатларга зинҳор йўламайди.
Ҳа, йўлда давом этиш, кўприкнинг хароб бўлганини эслаб, тинимсиз йиғлайверишдан авлороқдир. Йўлни таниган, мақсадни билган, тўсиқни сезган ва сулук тариқидан хабардор кишигина буни англайди.
Бизнингча, тавба давомийлигининг шарти охират неъматлари хусусида кўп фикр қилишдир. Ана шунда уларга рағбат кучли бўлади. Лекин тавбага энди қадам қўяётган ўсмир йигит охират неъматлари ҳақида ўйлар экан, фикри ҳурлар, қасрлар каби бу дунёда ўхшаши бор нарсаларга машғул бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки, бундай ўйлар унинг рағбатини қўзғайди. Натижада у ҳозир қўлга кириши мумкин нарсаларни хоҳлайди, келажакдаги неъматларга рози бўлмайди. Шунинг учун у фақат бу дунёда тенги йўқ саодат – Оллоҳ дийдорининг лаззати ҳақида тафаккур этсин.
Баъзан гуноҳни эслаш ҳам шаҳватга иштиёқ қўзғайди. Кўпинча энди тавба йўлига қадам қўйган киши бундан зарар кўради. Балки, мазкур ҳолатда унга энг афзали гуноҳни унутмоқдир.
Тўғри, тарихимизда Довуд алайҳиссаломнинг йиғию фиғонлари ҳикоя қилинган ўринлар кўп. Лекин улар биз келтирган ҳақиқатни тасдиқлашингизга тўсқинлик қилмайди. Албатта, баъзан пайғамбарлар сўз ва феълларида уммати билан баравар даражага тушадилар. Чунки улар умматга тўғри йўлни кўрсатиш учун юборилган. Пайғамбарлар зиммасида умматга манфаат бўладиган ишларда бевосита аралашиш мажбурияти ҳам бор, гарчи бу ишлар уларни юксак мақомдан туширса ҳам.
Шундай шайхлар борки, қачон улар муридига бир риёзатни буюрсалар, ўзлари бу мактабни ўтган бўлсалар-да, муриди билан бирга ўша ишга шўнғийдилар, шу йўл билан муридига қулайлик туғдирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Мен унутмайман. Лекин (ниманидир) унутсам, бу ҳам шариатдир" (Молик ривояти).
Бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Чунки, болалар оталарининг шафқат қучоғида бўлганидек, уммат ҳам Пайғамбарнинг шафқат қучоғидадир. Худди чорва ҳайвонлари чўпонлар етовида бўлганидек.
Ёш боласини гапиртиришни хоҳлаган отанинг бола даражасига тушиб, қандай гапираётганини кўрмайсанми"! Худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам невараси Ҳасанга: "Ках, ках", деганлари каби.
Ўшанда Ҳасан садақа қилинган ҳурмодан биттасини олиб, оғзига солган эди. Наҳотки, ўша пайт фасоҳат ва балоғатда тенгсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Бу хурмони ташла, у ҳаром", дейишига фасоҳатлари етмаган бўлса?! Йўқ, Оллоҳнинг пайғамбари боланинг бундай гапларни тушунмаслигини билардилар. Шунинг учун фасоҳатни тарк этиб, бола даражасига тушиб, болага бола тилида уқтирдилар.
Бу нозикликлардан огоҳ бўл! Чунки, улар нафақат ғофилларнинг, балки орифларнинг ҳам қадамини тойдиради.
Оллоҳ таоло бизга лутфу карами билан чиройли тавфиқ ато этсин.
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан