Тариқат, тасаввуф аслида руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Унинг намоёндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Саодат асри ва ундан кейинги дастлабки вақтларда ҳам Ақоид, Фиқҳ, ислом тарихи ва бошқа диний илмлар қатори Тасаввуф ҳам алоҳида ажраб чиқмаган эди.
Ўша даврдаги мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида барча нарсада у зотнинг ўзига эргашар эдилар.
Кейинчалик эса саҳобалар ўзлари Қуръон ва суннатдан керакли ҳукм ва хулосаларни чиқариб олиб юрдилар. Ўша пайтда руҳий камолотга, зикр ва зоҳидликка мойил зотлар ўзлари учун керакли оят ва ҳадислардан далил топиб мазкур ишларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилдилар.
Бу борада саҳобаи киромлар ичида тўрт рошид ҳалифа, Абу Зарр ал-Ғифорий , Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Дардо, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Салмон Форсий, Асҳоби суффа розиёллоҳу анҳумлар ва бошқалар кўзга кўринган эдилар.
Тобеинлар авлоди эса бошқа барча илмлар қатори руҳий тарбия ва нафсни жиловлаш илмини ҳам саҳобалардан қабул қилиб олдилар. Улар орасидан тасаввуф йўналишини белгилашда ва унинг исм сифатида шаклланишида катта ҳисса қўшган зотлар етишиб чиқди.
Булардан Увайс ал-Қароний, Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Жаъфар Содиқ, ва бошқаларни барча эътироф этиб зикр қиладилар. Уларнинг тутган тасаввуфи энг тўғри тасаввуф эканига хеч ким хилоф қила олмаган. Тасаввуф тобеинлар даврида илм сифатида шаклланиб, хижрий V-VI-асрларда ўзининг авж палласига чиқди. Исломнинг кенг тарқалишида ҳам тасаввуфнинг ўрни беқиёс. Ҳусусан юртимиздан етишиб чиқган тасаввуф намоёндалари ва тариқат асосчилари ислом динини кенг ёйишда буюк хизматлар қилганлар. Ўрта Осиё халқларининг бой, маданий меросини ҳам тасаввуф тариқатларисиз тўлиқ тасаввур этиб бўлмайди. Ўтган асрларда яшаган ва ижод этган кўпгина олимлар, ёзувчилар, хатто йирик давлат ва жамоат арбоблари ҳам тасаввуфнинг турли тариқатларига мансуб бўлганлар. Бу ўша даврларда ҳам тасаввуфнинг таъсир кучли бўлганидан далолат беради.
Тарихга назар соладиган бўлсак ўз даврида дунёни дахшатга солган Мўғулларнинг исломга киришларида ҳам мутасаввифлар етакчи бўлган эдилар. Бухоролик шайх Жамолиддин Мўғул султони Туғлук Темур билан тасодифан учрашиб қолган кейинчалик Туғлук Темур подшоҳ бўлганида шайх Жамолиддиннинг ўғли шайх Рукнуддин ҳузурида исломни қабул қилган. Шундан сўнг у исломни ўз қавми орасида ва тасарруфидаги барча диёрларга тарқатган. Бундан ташқари, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳауддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий каби улуғ тариқат пешволарининг юрт равнақи, мусулмонларнинг бирдамлиги, дин йўлидаги ҳизматлари ҳам беқиёсдир. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганларида Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубронинг шахарни ҳимоя қилишга бошчилик қилиши ва шу йўлда шаҳид бўлиши ватанпарварликнинг юксак намунасидир.
Биз бугунги кунда тасаввуф борасида содир этилаётган хатоларни тан олган холда ундан тегишли хулоса чиқариб, уларни тезда тўғирлаб олмоғлигимиз керак бўлади.акс холда, mo’min musulmonlarning ma’naviyati va birdamligi uchun улкан хизматлар қилган тасаввуфнинг шаънига доғ тушириб қўйишимиз хеч гап эмас.
Хозирги вақтда ўзини тасаввуфга мансубман деб ҳисоблайдиган айрим кимсалар “Тариқат хақийқатдир, шариатни ўрганиш шарт эмас” десалар баъзилари шариат илмлари ва бошқа илмлар билан машғул бўлганларни адашиб юрганлар деб атаб, уларга паст назар билан қарашади. Вахолангки Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а) ҳақийқий тасаввуф йўлидаги кишининг аломатини шундай баён қилганлар: “Унинг барча ихтиёрий ишлари шариат тарозуси билан тортилган бўлади. Уларни қабул қилишда ҳам, чиқаришда ҳам шариат чегарасида туриши шартдир. Чунки шариатнинг барча қоидаларини эгалламaсдан туриб, бу йўлда юриш мумкин эмас”.
Абу Язид Бистомий (р.а) “Агар бир кишига кароматлар берилиб, хаттоки у осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то унинг aмр ( Аллоҳнинг буйруғи) ва наҳийни (Аллоҳнинг қайтариғи) маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча ундай кимсага алданиб қолманг” деганлар. Уламолар бу зотни шариатда имом, тариқатда қаҳрамон, суннатда тобеъ ва ҳимматда нодир деб васф қиладилар.
Хожа Аҳмад Яссавий (р.а) “шариатсиз тариқатга кирганларни шайтон лаин имонини олар эмиш” - деганлар.
Сўфи Аллоҳёр бобомиз :
“Шариатсиз киши учса хавога,
Кўнгил берма анингдек худнамога”- деганлар.
Тасаввуф тарихига назар соладиган бўлсак, бу йўлда юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг барчалари шариат илмларининг ҳам устозлари бўлиб, баъзи бир тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шаръий илмларни эгаллашга ундаганларига гувоҳ бўламиз. Қолаверса, шарьий илмларни мукаммал ўрганиб олмаган, ибодатлардаги фарз, вожиб, суннат, харом, макруҳ, муфсид каби амалларни мукаммал билмаган киши ибодатларни нуқсонсиз, ўринлатиб адо этиши мумкин эмас. Зотан ҳадиси шарифда :
“Бир соатлик илм етмиш йиллик ибодатдан афзал”, дейилган. Ҳозирги вақтда ўзини маълум бир тариқатга мансуб деб ҳисоблайдиган баъзи қўштирноқ ичидаги кимсаларнинг “Таълим зарур эмас” деб иддао қилишлари ўта ачинарли ҳолдир. Ҳеч бир мусулмоннинг бундай сўзни айтишга ҳаққи йўқ. Аллоҳ таоло каломида: “Албатта Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларигина қўрқарлар” (Фотир 28-оят) ва яна бошқа бир оятда “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар 9-оят) деб марҳамат қилади. Икки олам сарвари Муҳаммад (с.а.в)дан Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисларида “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини егиллаштиради” – деганлар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с) “Ким илм талаб қилса ўтган гуноҳларига каффорот бўлади”, деганлар. Шу ўринда юқоридаги оят ва ҳадислардан фақат диний илмлар эмас балки барча фойдали илмларни ўрганиш кўзда тутилаётганини айтиб ўтишликни лозим деб топдим. Бир фозил киши ўғлига – “Эй ўғилчам, илм ўрган, чунки илм жамолинг бўлмаса жамол, молинг бўлмаса мол бўлади”- деган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳауддин Нақшбанд, Хўжа Ахрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Имоми Раббоний каби улуғ тасаввуф пешволари доимо илм эгаллашга даъват қилиб, китоблар ёзганлар.
Илмсизлик бандани бидъатга, жамиятни эса таназзул сари етаклайди. Бугунги кунда илмсизлик оқибатида айтилаётган гаплардан бири пирга байъат қилинганда, қазо намозларининг соқит бўлиши хусусидаги бидъатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак аслида бундай ҳукмни аҳли илм уламолридан хеч ким айтмаган. Аксинча ҳадисларда қазо намозни ўқишга етарлича далиллар мавжуд. Абу Қатода (р.а) ривоят қилинади:
Набий (с.а.в) га намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Шунда у зот: “Ухлаб қолиш камчилик эмас. Камчилик уйғоқликда бўлади”, дедилар.
Бас, шундай экан, пирга қўл берганлар қарзини бермай қўявериши мумкинми?! Албатта мумкин эмас. Тавба қилган одам бандани ҳаққини адо қилишлиги шарт бўлиб турганда, Аллоҳнинг ҳаққи – қазо намозини нима учун адо этмайди?! Қолаверса тавба Аллоҳга қилинадими ёки пирга ?! Қўштирноқ ичидаги пирларнинг сўзларини тинглар эканмиз гўёки Азроил (а.с) пирнинг изнисиз муриднинг жонини олмаслиги, Мункар ва Накир ҳам пирнинг изнисиз савол жавоб қилмаслиги, муридини жаннат ёки дўзах аҳлидан бўлишлиги ҳам пирнинг қарорига боғлиқлиги, пирга қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўйиши ҳақида даъво қилаётганлигига ҳар қандай соғлом ақидага эга бўлган мўмин- мусулмон ҳайрон қолмаслигининг иложиси йўқ.
Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бир сифат эканини ёдимиздан асло чиқармаслигимиз зарур. Қолаверса Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай деб марҳамат қилади: “ Ким зулмидан кейин тавба қилса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”(“Моида” 39-оят)
Аллоҳ таоло ҳақийқатдан ҳам тавбаларни қабул этгувчи зот эканиниг далили шуки, у бандалардан иймон даъвосини қилиб, амалда шайтоннинг йўлидан юрганларнинг ҳам дарҳол азобга гирифтор қилмайди, балки кечиримли бўлиб, яна уларга ўзларини ўнглаб олишларига имкон яратиб, тавба эшиикларини очиб қўяди. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини севади ва уларнинг тавбаларини қабул қилишни хоҳлайди. Қуйидаги ояти карима айнан шу маънода нозил қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳ сизнинг тавбаларингизни қабул қилишни хоҳлайди” ( “Нисо” 26-оят).
Умар (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (с.а.в) шундай деб марҳамат қилади: “Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман” - дедилар. Аллоҳ қурьони каримда“ Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки зафар топсангизлар”. (“Нур сураси 31-оят”) “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳолис тавба қилинглар!”- деб мархамат қилади.
Қаранг азизлар Аллоҳ таоло ва унинг Расули Муҳаммад (с.а.в) Тавба фақат Аллоҳгагина бўлишлигини таълимини берганидан сўнг ҳам, баъзи бир сохта тариқат пирларини тавба фақат пир орқали бўлади деб даъво қилаётганлари Насронийлик дийнидан кириб қолган бидъатлардир, чунки Насронийликнинг проваслав ҳамда католик мазҳабларида руҳонийлар одамлар ва Ҳудо орасидаги воситачи ҳисобланади. Шу билан бирга пирга қўл беришлик билан барча гуноҳларни ювилиб кетишлиги католик мазҳабидаги “Индульгенция” (черковга эхсон қилиш эвазига гуноҳларнинг кечирилиши) ҳақидаги таьлимотларига ўхшайди.
Набий (с.а.в) нинг “Албатта, банда қачон қабрига қўйилса-ю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг кавушларининг тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб уни ўтирғизишади ва (Муҳаммад с.а.в ни назарда тутиб) бу одам ҳақида нима дер эдинг ?”дейишади. Мўмин бўлса: “ Гувоҳлик бераманки, албатта у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди.
Унга: “Дўзахдаги ўрининга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни Жаннатдаги ўринга алмаштириб берди” дейилади. У икковини ҳам кўради” деган сўзлари (Буҳорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ва Анас (р.а) дан) ривоят қилinadi. Набий (с.а.в) дан бу ҳақида ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. Мункар ва Накир фаришталарнинг ҳеч бир махлуқнинг изнисиз фақатгина Холиқнинг изни ила савол жавоб қилинишлигини ҳар бир ақли етук инсон англаб олади. Пирнинг изнисиз савол жавоб қилмайди деб даъво қилаётганларнинг нотўғри ақидаси илмсизликдандир. Сўфи Аллоҳёр бобомиз “Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал қилса елдур” деб ақидани начоғлик зарур эканлигини таъкидлаб ўтганлар.
Бугунги кунда ахли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида йетарлик илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва бу борада юртимиздаги уламоларимизга эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.
Паркент тумани, “Сирли” жоме масжиди имом ноиби: З. Меҳриддинов