Тасаввуфнинг диндаги ўрни, моҳияти ва тизим ўларок пайдо бўлиши

Дин, бандаларнинг зоҳирига ҳам ботинига ҳам хитоб қилган, уларни икки жахон саодатига эриштирадиган илоҳий одоб ва ҳукмлардан ташкил топган тарбия тизимидир. Бу тарбия асосан уч сохaда амалга ошади. Биринчиси ишонч, иккинчиси ибодат, учинчиси эса аҳлоқдир. Дин қалбдан ишониш билан бошланади; ибодат тоат билан яшатилади. Одоб, гўзал аҳлоқ, қалб поклиги, нафс тарбияси билан Аллоҳга бўлган дўстлик исбот этилади. Шу ҳолда комил бир мўъмин бўлишлик, динини комил яшашга боғлиқдир.

Динимизнинг бу уч асосга таянганлигини шу машхур ҳадисда билиш мумкин.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда сахобаи киромлар билан ўтирган эдилар. Ўша пайтда бир киши пайдо бўлди. Келган шахс, оппоқ кўйлакли, қора сочли, хушбўй хид таратган, устида сафар изи кўринмаган, ҳеч ким танимаган бир киши эди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига келди, олдига ўтирди, қўлларини тиззасининг устига қўйди ва сўрай бошлади.

“Эй Муҳаммад! Менга Исломнинг нима эканлигидан хабар беринг”.

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

“Ислом, Аллоҳдан бошка илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг пайғамбари эканлигига шаходат келтиришингдур. Бундан ташқари намоз ўқишинг, закот беришинг, рўза тутушинг ва кучинг етса Аллоҳнинг уйи Каъбани зиёрат қилишингдур”,-дея жавоб бердилар.

У киши тўғри айтдинг деди. Биз ажабланиб қолдик, ўзи сўраб ўзи тасдиқлаяпти.

Яна У: “Менга иймоннинг нима эканлигидан хабар беринг”,-дея сўради; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Иймон, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг тақдири билан бўлганлигига ишонишингдур” -дея жавоб бердилар.

У киши тўғри айтдинг деди ва эҳсон недур?” - дея сўради; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 Эҳсон, Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилишингдур. Агарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўрмоқтадур” - дедилар.

Киши: “Менга қиёмат қачон бўлишини хабар беринг - дея сўради.

 Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу борада савол сўралган кимса, сўрагувчидан билгувчироқ эмас” дедилар.

 Лекин бу кишининг саволига биноан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматнинг баъзи аломатларидан хабар бердилар. Бу саволларни сўраган киши ўша пайтда кўздан ғойиб бўлди. Бироздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Савол берган кишини танидингми эй Умар!”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқ” деб жавоб берди Умар розияллоҳу  анҳу. “У Жибрил эди, сизларга динингизни ўргатгани келди” деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Демакки Жаброил алайҳис-салом, ўзи бир нарса ўргангани эмас, бу йўл билан инсонларга динни ўргатгани келган эди. Уни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ юборган, у билан диннинг аслини бизга ўргатиб, айниқса сахобаи киромларга уни бу шаклда кўриш шарафини бахш этган.

Бу ҳадисда белгилангандек, дин уч асос узра қурилган: Булар иймон, ибодат ва аҳлоқдир.

Иймон - ишонч асосидир, буни калом илми олимлари татқиқ этади. Ибодатларни фиқх олимлари татқиқ этади. Аҳлоқ эса, инсоннинг ички тарбиясидир. Бу, қалбдан салбий сифатларни тозалаб ўрнига яхши ва ижобий сифатларни қўйишдир. Бундай бир тарбия, энг гўзал шакли билан, бу соҳада раҳбар бўлган комил инсонларнинг назар ва назоратида пайдо бўлади. Бу комил инсонлар, Қуръон ва Суннат узра қурилган тасаввуф мактабларида етишганлар.

Бу ҳадисда белгиланган эҳсон, асл ғояси маънавий поклик ва гўзаллик бўлган тасаввуф тарбиясининг асосини ташкил этади ва бу тарбиянинг моҳиятини ўртага қўяди.

Ҳар мўъминга, соғлом иймон ва тўғри ибодат фарз бўлгани каби қалб поклиги, нафс тарбияси ва гўзал аҳлоқ ҳам фарздир. Бу фарзларни бажаришга восита бўлган нарсалар ҳам улар каби алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳеч бир мўъмин “Мен иймон келтирдим, ибодат қиламан лекин менга ихлос керакмас, илоҳий севги керакмас, менинг маърифатуллохга эҳтиёжим йўқ, мен қалб поклигини хоҳламайман, нафс тарбияси билан шуғилланмайман” дея олмайди. Бундай фикр қилган инсон, хато қилади, динини ҳаққи билан танимаган ва яшамаган бўлади. Қалби, улуғ Аллоҳ билан хузур-халоват топмаган ҳар бир инсон, зарардадир. Илоҳий севги ва зикруллох, битмас хузур-халоват деганидир. Ҳеч қачон ўзгармайдиган бу қатъи ҳукм Қуръони Каримда шундай буюрилган:

Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар: Аё Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топмасми? (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканликларини ва дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши хис этадилар). (Раъд 28 оят).

Тасаввуф, қалбни Аллоҳ билан таништириб, хузур-халовотга етиштириш йўлларини ўргатган ва уни бевосита ўзи татбиқ этган бир тарбиявий тизим. Тасаввуф, гўзал аҳлоқ мактабидир. Қалб поклиги ва гўзал аҳлоқ, диннинг ботиний фиқхидир. Бунга Қуръони Каримда тақво дейилади. Тақвога етишиш учун қилинган курашга тазкия дейилади. Тазкия, қалбни инкор, ширк, исён ва ғафлат кирларидан тозалаб, руҳни поклаш, нафсни салбий хулқ-атворлардан қутқазиб, гўзал сифатлар билан безамоқдир. Буларнинг барчасидан мақсад, улуғ Аллоҳнинг розилигига ва дўстлигига етишмоқдир. Мақсади Аллоҳ розилиги бўлган тарбиянинг барча усул ва одоби ҳам Аллоҳ розилигига мос келиши керак.

Аллоҳ Таоло, илоҳий тарбиянинг ва дўстликнинг марказига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўйгандир. Унга бош эгмаган кимса буюк Аллоҳни ризолигини томолмайди ва Унга дўст бўлолмайди.

Аллоҳ Таоло бу масалада барча инсониятнинг олдига шу илоҳий ўлчовни қўйган:

Айтинг (эй, Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гунохларингизни магфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва рахмлидир.(Оли-Имрон 3/31)

Олимлар белгилангандек, бу оятдаги “тобеъ бўлишлик”, оддийгина тобеъ бўлишлик эмасдур. Бу ердаги тобеълик Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий маънодаги бир севгини ўз қамровига олади. Бу севги, Фахри Коинат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалб, тил, ҳол ва аҳлоқ ила том маънода таслимият билан тобеъликдир. Мўъмин ичи ва таши билан ишонч ва яшаш тарзи билан суннатни маҳкам ушлаган тақдирдагина, Аллоҳга севилган булади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, асҳоби киром розияллоҳу  анҳумларга Ислом дини, иймон, ибодат ва эҳсонни ўргатган, кўрсатган, яшатган ва ундан кейин охиратни шарафлантирган.

Саҳобаи киром розияллоҳу  анҳумлар ҳам ўзларидан кейин келганларга дин, иймон, ибодат ва эҳсонни бир бутун ҳолда ўргатганлар. Дин, аввалги икки асрда  бир бутун ҳолда татбиқ этилиб, зоҳирий ва ботиний тарафлари айни хассос(нозик)лик билан қўринади ва яшалади. Кейинчалик эса аҳвол ўзгаради.

Хижрий II асрлардан эътиборан диний хаётда бир заифлик кўрина бошлайди. Янги фатхлар ва Исломга янги кирганлар билан Исломият жуда кенг ёйилди. Бу аҳвол турли хил муаммоларни ҳам келтирди. Динга янги кирганларга, уни тушинтирмок ва яшатиш учун олимлар ва солих кишилар жуда катта ғайрат сарф этишди.

Калом олимлари эътиқод соҳасига, фақихлар ибодат мавзуларига, мухаддислар ҳадисларни аниқлашга, муфассирлар Қуръоннинг тафсирига, тил олимлари Араб тилига йўналиб, Исломнинг асосий илмларини жонлантиришга ва инсонларга етказишга ҳаракат қилдилар. Аллоҳнинг изни билан бу ишларда муваффақиятга эришдилар. Бу орада ориф, солих, авлиё, сўфий исми билан Аллоҳ дўстлари ҳам диннинг одоб, аҳлоқ, қалб поклиги ва илоҳий ишқга йўналдилар; химмат ва ғайратларини бу соҳада сарф қилдилар. Бу вақт мобайнида, инсонларнинг табиатига мос тарбия ва ислоҳ усулларини ривожлантирдилар. Бу ишда Қуръон ва Суннатга таяндилар. Сахобаи киромнинг татбиқи ва уларга эргашган тобеинлардан ўрнак олдилар. Дин тарбиясини ўзларининг нафсларида яшатдилар ва инсонларга кўрсатдилар. Инсонларнинг кўнглига хитоб қилдилар. Сухбат, мухаббат, ваъз, насиҳат, тавба, ишқ, гўзал аҳлоқ, зарофат, соддалик, мардлик кaби гўзалликлар билан кўнгилларни қозондилар.

Мана шу маънавият йўлбошчилари, хижрий V асрдан бошлаб, Ислом оламидаги тарбия марказларини ва мактабларини қурдилар. Зоҳирий олимлар сухбат ва китоб ёзиш йўли билан авлоддан авлодга қандай етказиб берган бўлсалар; ҳол, маънавият ва қалб илми дейилган ихлос, файз, севги, илоҳий ишқ, кўз ёши, одоб ва гўзал аҳлоқлар ҳам қалбдан қалбга, кўнгилдан кўнгилга кўчирилиб ҳозирги кунимизга қадар етиб келди. Аллоҳ Таоло ҳар даврда бу диннинг ҳам зоҳирий ва ҳам маънавий илмларини ўрганувчи, англагувчи ва бошқаларга ўргатувчи шахсларни яратган. Маънавият ва аҳлоқ илмини, комил муршидлар, Раббоний олимлар юритади ва насиби бўлганларга етказадилар. Бу неъмат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  оламларга раҳмат бўлиш мўжизасининг бир давомидир.

Бу раҳмат аҳлоқини энг мукаммал шаклда яшаб, инсониятнинг ёруғ юзи бўлган комил инсонлар, тарихнинг ҳар даврида бўлганлар. Йўлини ва севгисини йўқотган инсонлар, улар билан йўлини топган, хузур-халоватга эга бўлиб, ўзлигини англаган, ҳақиқий инсонийлик ва одоб билан танишганлар.

Саййид Абдулқодир Жийлоний, Юнус Эмро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Хожи Бектоший Валий, Шоҳ Нақшбанд, Имом Раббоний, Мавлоно Холид Боғдодий, Ахмад Рифоий ва бошқа буюк зотлар (Қоддасалллоҳу асророҳул алия) барча инсониятга илоҳий ишқ ва одобни хаёти давомида яшаган ҳолда кўрсатганлар.

Ҳақ йўлининг раҳбари бўлган Аллоҳ дўстлари, барча инсониятга раҳмат бўлган бир пайтда кишилар ичида тасаввуфдан ёвуз амаллари учун фойдаланишни хоҳлаган аҳлсиз ва ёмон ниятли инсонлар ҳам чиққанлар. Бу йўл, улуғ Аллоҳнинг йўлидир. Бу йўлнинг ўлчови, асоси, усули, одоби, амали қиёматгача ўзгармайди. Йўл очиқ, усули маълум, одоб ва аҳлоқ махфий эмас. Ҳол ва йўналиши Қуръон ва Суннатга мос келмаган инсонларни тарк этиш керак.

Буюк содотларлар, улуғ орифлар одоб ва тақво йўлида қандай раҳбарлик қилинишини ҳаммага кўрсатганлар. Уларга мункир бўлганлар хато қилади, зарар кўради ва зарар етказади.

Маънавий силсила, бу йўлнинг омонлигидир. Буюк зотлар бу силсила билан илоҳий ишқни, файзни, илмни, одобни, аҳлоқни ва омонатни бирбирларидан олиб, яшаганлар ва ўзларидан кейингиларга етказганлар.

Аллоҳ бу буюк омонатни шу кунга қадар етказганларни раҳмат айласин, уларнинг даражаларини олий, мақомларини юксак қилсин. Бизларни улардан ажратмасин! Омин!

 

Муаллиф:  Хусайн Хамдамов

Саййид Мухйиддин махдум ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.