Мухаррир

Мухаррир

Ким мол-дунёсига суянса, моли камайиб борур!

Ким мансабига суянса, хор бўлур!

Ким ақлига суянса, ақли заиф бўлур!

Ким илмига суянса, адашур!

Ким одамларга суянса, малол кўрилур!

Аммо ким Аллоҳга суянса, камаймас, хор бўлмас, ақли заифлашмас, адашмас ва малол ҳам кўрилмас!

Ҳамма нарсани синдирсанг ҳам, етимнинг қалбини синдириб қўйма!

Саҳл айтади

Саҳл айтади: «Ким ортиқча нарсалар билан машғул бўлса, парҳезкорликдан маҳрум бўлибди».

Роббим! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилиб қўйма!

Эҳтиёжимни фақат Ўзингга тушадиган қил!

Аллоҳ азза ва жалла ўзининг тоатига бўлган буйруқни Расули саййидимиз соллаллоҳ алайҳи васалламга бўлган итоатга боғлади. Кейин уни такрор ва такарор таъкидлаб, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруғи Аллоҳ буйруғининг ажралмас бир бўлаги эканини баён қилди. Аллоҳнинг кўрсатмаси билан Расулининг кўрсатмаси ўртасида фарқ йўқлигини ҳамда Аллоҳ ва орасини ажратмоқчи бўлганларни Аллоҳга ва унинг бандаларига туширган динига туҳмат қилувчилар эканини аниқлаштириб берди.

Шифобахш тавба ва гуноҳкорлик дардининг муолажа йўли

Билгилки, одамлар икки қисмга бўлинади:
Биринчиси, ёшлик бебошликларидан холи, ёмонликдан узоқ бўлиб, яхшиликда вояга етган йигит. У ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ёшлик бебошликлардан холи бўлиб вояга етган йигитга Раббингиз ҳам ҳайратланади" (Аҳмад ва Табароний ривояти).

Тавба қилувчи нималарга шошилмоғи лозим?


Билгил, олдин эслатганимиздек, кичик ё катта гуноҳни атайин ёки билмасдан содир этган кишига тавба қилиш, надомат чекиш ва гуноҳнинг зидди – савоб иш билан гуноҳини ювиш вожиб. Агар шаҳвати ғолиб келиб, гуноҳни тарк этишга нафсида азм уйғонмаса, иккита вожибнинг биттасини бажаришдан ожизлик қилган бўлади. Лекин у: "Битта вожибни бажармадим, кейингисини қилганимдан нима фойда!" деган бадгумон билан иккинчи вожиб – яхшилик билан ёмонликни кетказиш амалини ҳам тарк этмаслиги зарур. Шунда у фақат ёмон амаллар эмас, ҳар ҳолда, яхши ва ёмон амали аралашган кишилар жумласидан бўлади.
Яхшиликларнинг гуноҳларга каффорат бўлиши ё қалб, ё тил, ё аъзолар орқали амалга ошади. Қилинадиган савоб амал содир этилган гуноҳнинг ўрнида ва унинг сабабларига боғлиқ бўлмоғи лозим.
Оллоҳ таолога тазарру қилиб, мағфират ва афв тилаш қалб гуноҳига каффоратдир. Қочоқ қулдек залил аҳволга тушган банда ўзгаларга сезиладиган даражада нафсини хор тутади, кибрни тарк этади. Ахир, ўзи гуноҳи нақд бўйнида бўлган қочоқ қул бўлса-ю, қандай қилиб унда ўзгаларга кибр бўлсин! Шунингдек, гуноҳини англаган кишида такаббурлик не қилсин? Энди у мусулмонларга ёмонликни эмас, яхшиликни соғинади, ибодатга бел боғлайди.
"Раббим, ўзимга зулм этдим, гуноҳ қилдим, гуноҳларимни мағфират эт", деб зулмини тан олиш тилнинг гуноҳига каффорат бўлади. Бу хусусда дуолар ва зикрлар китобида кўп хабарлар ворид бўлган.
Тоат ва ибодатларни кўпайтириш, Оллоҳ йўлида садақалар қилиш аъзоларининг гуноҳига каффоратдир. Хабарларнинг далолат қилишича, кимки бир гуноҳ қилиб, гуноҳининг изидан ушбу саккиз амални давомли адо этса, гуноҳи афв этилишига умид бор. Бу амалларнинг аввалги тўрттаси қалбга дахлдор:
– тавбага азм қилиш;
– гуноҳдан узоқлашишни яхши кўриш;
– гуноҳнинг оқибатидан қўрқиш;
– гуноҳи мағфират қилинишидан умидвор бўлиш.
Қолган тўрттаси аъзолар амали:
– гуноҳдан сўнг икки ракат намоз ўқиш;
– етмиш марта "астағфируллоҳ" деб Оллоҳдан мағфират тилаш ва "субҳаноллоҳил азим ва биҳамдиҳи" дейиш;
– садақа қилиш;
– бир кун рўза тутиш.
Бу хусусда яна шундай хабарлар ҳам ворид бўлган:
Таҳорат олиш ва масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиш (Абу Бакр Сиддиқдан "Сунан" соҳиблари ривоят қилишган).
Тўрт ракат намоз ўқиш (Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан Байҳақий ривоят қилган).
"Агар бир гуноҳ қилсангиз, унга каффорат бўладиган битта яхшилик қилинг. Махфий гуноҳга махфий яхшилик, ошкора гуноҳга ошкора яхшилик каффорат бўлади" (Муоз ибн Жабалдан Байҳақий ривоят қилган).
Саҳиҳ хабарда келишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:
– Мен бир хотинга илакишиб, у билан зинодан бўлак барча ишни қилдим. Менга Оллоҳнинг ҳукмини жорий этинг, эй Расулаллоҳ. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Биз билан бомдод намозини ўқидингми? - дедилар.
–Ҳа.
–Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (муттафақун алайҳ).
Бундан келиб чиқадики, то иш зиногача бормас экан, бу ишлардан сўнгги намоз кичик гуноҳларга каффоратдир. Пайғамбаримизнинг сўзларига кўра, беш вақт намоз намозлар орасида содир бўлган кичик гуноҳларга каффоратдир.
Хуллас, бандаси барча ҳолатларда ҳар куни ўзига ҳисоб бермоғи, ёмонликларни жамлаб, уларни яхшиликлар воситасида йўқотишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Шундай савол туғилиши мумкин: "Гуноҳдан қайтмаган кишининг истиғфоридан фойда борми? Ахир хабарда келган: "Гуноҳда бардавом бўлатуриб, гуноҳнинг кечирилишини сўраш, бамисоли, Оллоҳнинг оятларидан истеҳзо қилишга ўхшайди" (Ибн Абу Дунё ривояти).
Олимлардан бири айтган экан: "Астағфируллоҳ, деган сўзим учун Оллоҳга истиғфор айтаман".
Яна айтилади: "Тил билан истиғфор айтиш каззобларнинг тавбасидир".
Робиа ал-Адавийа шундай дейди: "Биз айтган истиғфорнинг ўзи кў-ўп истиғфорга муҳтождир..."
Бу саволга шундай жавоб берамиз. Билгил, истиғфорнинг афзали тўғрисида ҳаддан зиёд хабарлар ворид бўлган. Бу ҳақда "Зикрлар ва дуолар китоби"да батафсил тўхталган эдик. Оллоҳ таоло Қуръонда истиғфорни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозир бўлишларини бир мақомда қўйиб зикр этади:
"Модомики, сиз уларнинг орасида экансиз, Оллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Оллоҳ уларни азоблагувчи эмас" (Анфол, 33-оят).
Баъзи саҳобалар айтишарди: "Биз учун иккита омонлик бор эди. Бири – Оллоҳ расулининг орамизда бўлиши. Бу омонлик кетди. Лекин иккинчи омонлик – истиғфор биз билан биргадир. Агар у ҳам кетса, ҳалок бўламиз" (Термизий ривояти).
Бизнингча, "каззоблар тавбаси" деб аталган истиғфор қалбнинг иштирокисиз, фақат тил билан айтилган истиғфордир. Бамисоли, инсон одатий тарзда, ғафлат билан "астағфируллоҳ" дегани каби ёки дўзах эсланганида қалб даҳшатдан титраб, ларзага тушгани учун эмас, шунчаки тил учида "наъузу биллаҳи минҳа" (Оллоҳ бизни ундан сақласин) дегани каби. Фақат тилнинг ҳаракатидан фойда йўқ. Аммо бу ҳаракатга Оллоҳга юзланган қалбнинг тазарруси, самимий хоҳиш, холис ният ва рағбат, мағфиратни ёлвориб сўраш ҳам қўшилса, ана шунда бу амал гуноҳни кетказишга салоҳиятли бўлади.
Бинобарин, истиғфорнинг фазли ҳақида ворид бўлган хабарларни истиғфорнинг мана шу туридан деб билмоқ лозим.
Тавба ва истиғфорнинг даражалари бор. Агар юксак даражаларига етишга қодир бўлмасанг, ҳар ҳолда, аввалги даражалари ҳам фойдадан холи эмас.

Шунинг учун Саҳл Тустарий дейди: "Ҳар қандай ҳолатда бандасига Мавлоси керак. Банданинг энг гўзал ҳолати ҳар бир ишда Мавлосига қайтмакдир. Агар банда исён қилса: "Ё Раббим, ўзинг айб-гуноҳимни ёп, одамлар олдида шарманда бўлишдан сақла", дейди. Гуноҳдан сўнг: "Эй Раббим, тавбамни мақбул айла", дейди. Тавба қилгач, айтади: "Эй Раббим, мени гуноҳдан холи эт!" Амалга ўтгач эса: "Ё Раббим, амалимни қабул айла", дейди".
Гуноҳларга каффорат бўладиган истиғфор ҳақида сўралганида, Тустарий деди: "Истиғфорнинг аввали истижобат (ижро), кейин инобат (афв тилаб ёлвормоқ), кейин тавбадир. Истижобат аъзолар амали, инобат қалб амали, тавба Мавлога юзланмакдир. Мавлога юзланмак халқни тарк этиш билан бўлади. Сўнгра ичидаги қусурлар учун, неъматни билмагани ва шукрни тарк этгани учун Оллоҳдан мағфират тилайди. Мағфират қилинади, Мавлоси ҳузуридан жой олади. Сўнгра танҳоликка кўчади. Танҳоликдан саботга, саботдан баёнга, баёндан фикрга, фикрдан маърифатга, маърифатдан муножотга, муножотдан мусофатга (ўзаро самимият), мусофатдан муволатга (дўстлик), муволатдан сирлашувга ўтади. Сирлашув эса, муҳаббатдир. Бу сифатлар банданинг қалбида мустаҳкам ўрнашиши учун илм унинг озиғи, зикр қуввати, ризо заҳираси, таваккул йўлдоши бўлмоғи лозим. Шунда у бандага Оллоҳнинг назари тушади, Оллоҳ уни Аршга кўтаради. Натижада унинг мақоми аршни кўтариб турувчилар мақоми билан баробар бўлади".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Тавба қилувчи Оллоҳнинг ҳабибидир", деган сўзлари хусусида Тустарийдан сўралганида, у:
"(Улар –) тавба қилувчилар (Оллоҳнинг ўзига) ибодат қилувчилар, шукр қилувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан тўхтатгувчилар ва Оллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилувчи (мўминлар)дир" (Тавба, 112) оятини ўқиб, деган эди: "Кимки Оллоҳ таолонинг ушбу оятида зикр қилинган сифатларга эга бўлса, у ҳабибдир". Яна дейди: "Ҳабиб ҳабиби ёмон кўрган нарсадан узоқлашадиган кишидир".
Тавбада иккита самара бор. Биринчиси тавбанинг гуноҳларга каффорат бўлишидир. Ҳатто тавба қилувчи каффорат йўли билан гуноҳдан тўла покланиши мумкин. Иккинчи самара тавба қилувчининг юксак мартабаларига эришувидир. Ҳатто у тавба билан ҳабиб мақомига етиши мумкин.
Каффорат ҳам бир неча даражаларга бўлиниб, баъзиси гуноҳни тўла ўчиради, баъзиси уни қисман енгиллатади. Каффоратлардаги тафовут эса, тавба даражаларига қараб фарқланади.
Мушоҳада аҳли ва қалб эгалари Оллоҳ таолонинг ушбу сўзини шак-шубҳасиз англайдилар: "Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқолчалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур!" (Залзала, 7-оят).
Дарҳақиқат, зарра мисқолича бўлса ҳам, яхшиликдан из қолади, худди паллага тушган бир дона арпа ҳам тарозуга таъсир қилгани каби. Агар тарозудаги биринчи арпа тош босмаганида эди, худди шу ҳажмдаги иккинчи арпа ҳам тарозуга таъсир қилмаган бўларди ва паллага қанчалик кўп арпа юкланмасин, ўлчов ўзгармай, бир хилда тураверарди. Лекин бундай бўлиши муҳол. Билъакс, заррача яхшилик билан тарозунинг савоблар палласи оғир босади, ёмонликлар қўйилган палласи енгил келиб, кўтарилади.
Шундай экан, ибодат зарра миқдор бўлса ҳам, уни кичик санама! Шунингдек, гуноҳнинг зарралари гуноҳ эмас, дея қайтадан гуноҳга ботма! Нодон бир хотин ип йигиришга эриниб, шундай сўзлар билан ўзини оқлаган экан: "Бир соатда атиги битта ип йигирдим. Бу ип нима бўларди, яримта кўйлакка ҳам етмайди?"
Э воҳ! Бу хотин шу даражада нодонки, дунё кийимлари битта-битта ипдан жамланиб тўқилишини, олам жисмлари қанчалик улкан бўлмасин, зарра-заррадан йиғилишини англамайди...
Демак, қалбдаги тазарру ва истиғфор асло зоеъ бўлмайдиган мулк, Оллоҳ ҳузуридаги яхшиликдир. Қалбдаги бу мулк-ни, бу илоҳий неъматни тил зоҳир қилса, не бахт! Аммо, юқорида айтилганидек, қалб тазарру ва истиғфордан ғофил қолиб, ёлвориш ва истиғфор фақат тилда бўлса, бу ишдан натижа кам, албатта. Лекин, бизнингча, айрим ҳолларда тил истиғфори ҳам савобдан холи эмас. Дейлик, бир мусулмонни ғийбат қилиб ёки ўзаро беҳуда гап сотиб ўтиргандан кўра, тилнинг истиғфор билан машғул бўлиши аълороқ эмасми? Майли, ўша пайт қалб ғафлатда бўлсин, лекин тил ғийбатда эмас, истиғфорда-ку! Ҳатто истиғфорсиз сукутдан қалбнинг иштирокисиз, фақат тил билан бўлса ҳам, истиғфор айтмоқ афзалдир.
Шайх Абу Усмон Мағрибийдан шогирди сўради:

– Нега баъзан қалбим ғофил бўлатуриб, тилим зикр ва Қуръонга шошади?
Шунда шайх муридига:
– Оллоҳга шукр эт, аъзоларингдан бирини – тилингни яхшиликка бурибди, тилингни беҳуда сўзлардан тийиб, зикрни унинг одати қилибди",- деган экан.
Дарҳақиқат, аъзолар савоб ишларга одатланса, бу одат унинг табиатига сингиб, шу табиат билан жумла гуноҳларни даф қилиш мумкин бўлади. Тили истиғфорга ўрганган одам, ёлғонни эшитган заҳоти: "Астағфируллоҳ", дейди. Ортиқча сўзлашга одатланган киши эса худди шундай вазиятда: "Одам ҳам шунчалик аҳмоқ бўладими, ғирт ёлғон гапиряпсан-ку!" - деб бошлайди сўзини. Кимнинг тили Оллоҳдан паноҳ сўрашга одатланган бўлса, ёмонлик сабаблари кўрина бошлаши билан: "Наъузу биллаҳ" (Оллоҳдан паноҳ тилайман), дейди. Беҳуда, ортиқча сўзларга ўрганган тил эса: "Унга Оллоҳнинг лаънати бўлсин", деб икки сўзининг биттасида гуноҳга ботади.
"Зотан, Оллоҳ яхшилик қилувчиларнинг амалларини зоеъ қилмас" (Тавба, 120-оят).
"Шубҳасиз, Оллоҳ бировга заррача зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур" (Нисо, 40-оят).
Эътибор бер: битта яхшиликка бир неча баробар савоб. Қалб ғафлатда бўлса ҳам, тил истиғфорни одат этса, шу одат туфайли ғийбат, лаънат, беҳуда сўз каби гуноҳлардан сақланиш мумкин. Бу дунёда озгина амал қилиб, бир неча баробар савоб олишнинг маъноси мана шудир. Охиратда амалнинг бир неча баробар қилиниши эса шундай:
"Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз янада каттароқдир" (Қалам, 33-оят).
Тоатга офат деб қарамоқдан сақлан. Бундай қараш сени ибодатдан совутади. Ибодатдан совиш шайтоннинг тузоғига илиниш, шайтоннинг ҳийласига алданишдир. Бу тузоққа мағрурлар илинади. Улар ўзларни басират соҳиби, сир-саноатдан хабардор фатонат аҳлидан деб билишади. Истиғфорга ўрганган тилга истеҳзо билан: "Қалб ғафлатда экан, тинимсиз истиғфор айтгандан не фойда", дейишади.
Бундай ҳийлага муносабат жиҳатидан халқ уч қисмга бўлинади:
– нафсига зулм қилганлар;
– муқтасидлар (ўртача, меъёрида ҳаракат қилганлар);
– яхши ишларга пешқадам бўлганлар.
Яхшиликларда пешқадам киши дейди: "Эй малъун шайтон! Сен тўғри гапирдинг. Лекин бу ҳақ сўзинг билан ҳақсизликни ирода қиляпсан. Ҳечқиси йўқ, мен сени икки карра азоблайман, бурнингни ерга ишқалайман: тилнинг ҳаракатига қалб ҳаракатини ҳам қўшаман, тилу дилим билан истиғфор айтаман". Бу киши шайтоннинг ярасига туз сепиб даволаётган одамга ўхшайди.
Нафсига зулм қилган мағрур кишига келсак, у ўзини қалбга хос нозик жиҳатларни илғайдиган закий санаб, манмансирайди. Натижада унинг қалбида холислик йўқолади, тили зикрни тарк этади. Бу қилмишлари билан шайтонга ёрдам беради, ғурур арқонига осилиб, тубан кетади. Шу билан шайтон ва у кишининг орасида тўла шериклик ҳосил бўлади.
Муқтасид (ўртача) киши тилнинг ҳаракатига қалбни шерик қилишга қодир эмас. У тил ҳаракати қалб ҳаракатига нисбатан заиф эканини сезади. Тили айтаётган истиғфорга қалбини шерик қилишни истайди. Шу йўлда камолга етиш илинжида ҳали қалби уйғоқ бўлмаса ҳам, тили истиғфорга машғул бўлади. Чунки у зикрсиз сукутдан, беҳуда суҳбатлардан тилнинг истиғфор айтиши афзаллигини англайди. Шунинг учун муқтасид кишининг тили доимо истиғфорда. У хайрли амалларни қилишда тили ва қалби бирдек иштирок этишини Оллоҳдан сўрайди.
Яхшиликда пешқадам кишини шундай тикувчига ўхшатиш мумкин: у тикишидан айб топиб, тикувчиликни ташлаган ва ёзувчи бўлган. Нафсига зулм қилувчи золим эса, бамисоли, тикувчиликни бутунлай йиғиштириб, фаррошликни танлаган киши кабидир. Муқтасид киши, бамисоли ёзишга қодир бўлмаган кишидир. У дейди: "Мен тикувчиликнинг етакчи касблардан бири эканини инкор этмайман. Тўғри, тикувчилик ёзувчиликка нисбатан мавқеда паст, лекин фаррошликдан юқоридир. Мен ёзишга қодир эмасман, шунинг учун тикувчилик билан машғулман".
Робиа Адавийа деган эди: "Биз айтган истиғфорнинг ўзи кў-ўп истиғфорга муҳтож". Бу ўринда тил истиғфори эмас, қалб ғафлати мазаммат қилиняпти. Яъни, у тилнинг ҳаракати учун эмас, қалбнинг ғафлати учун истиғфор айтишга муҳтож. Майли, қалб ғафлатда экан, агар тил билан ҳам истиғфор айтмаса, иккита истиғфорга муҳтож бўлиб қолади.

Бундан келиб чиқадики, аввало, нима мазаммат қилинаётганини, нима мақталаётганини англаб олмоқ зарур. Акс ҳолда, ғоят топиб айтилган ушбу сўзнинг маъносини англашда қийналасан. Аброр кишиларнинг савоб амаллари муқарраб кишилар учун гуноҳ саналади. Негаки, бу ишларнинг собитлиги кимгадир нисбатан олинади. Шунинг учун тоат ёки маъсиятни гарчи заррадек бўлса ҳам, ҳақир санамаслик лозим.
Жаъфар Содиқ дейди: "Оллоҳ таоло учта нарсани учта нарса ичига яширди:
– розилигини тоатнинг ичига яширди. Шундай экан, ибодатлардан бирортасини арзимас деб қарамаслик лозим. Балки, Оллоҳнинг розилиги сиз арзимас деб қараётган ўша ибодатдадир;
– ғазабини гуноҳлар ичига яширди. Шунинг учун, қандайлигидан қатъий назар, гуноҳни кичик деб билмаслик керак. Балки, Оллоҳнинг ғазаби айнан ўша сиз кичик санаётган гуноҳда яшириндир;
– дўстлигини (валоятини) бандалар ичра яширди. Оллоҳнинг бандасини ҳақир кўрма. Балки, сен таҳқирлаётган банда Оллоҳнинг дўсти – валийуллоҳдир".
Жаъфар Содиқ бу сўзларига яна қўшимча қилди: "Оллоҳ таоло ижобатни дуога яширди. Бас, дуони тарк этманглар! Балки, ижобат сиз тарк этган дуодадир".

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Тавба китоби» китобидан

Сенга ёмонлик қилганни кечира қол, эҳтимол, у надомат қилаётгандир. Золим эмас, мазлум бўлганинг учун Аллоҳга ҳамд айтсанг-чи!

 

Дунё – улкан мактабдир. Унда ҳар қанча аълочи бўлмагин, фақат вафотинг ҳақида шаҳодатнома оласан, холос!

Дунё – улкан мактабдир. Унда ҳар қанча аълочи бўлмагин, фақат вафотинг ҳақида шаҳодатнома оласан, холос!

Page 7 of 38

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.