Вирд ва ибодатлар тақсими

Аллоҳ таолонинг маърифати ва ваъдасининг тасдиғи ҳосил бўлса ҳамда умрнинг қисқалиги англаб етилса, ўша қисқа умрда қисқаликка йўл қўймаслик вожиб бўлади. Нафс бир нарсани қайта-қайта такрорлайверса, уни малол олиб қолади. Шунинг учун уни турли ишларга солиб туриш керак.

Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида: «Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил. Ва кечасида ҳам Унга сажда қил ва узоқ кечаларда Унга тасбиҳ айт», деган (25–26- оятлар).
Бу ва бунга ўхшаш бошқа оятлардаги маънолар Аллоҳ таолонинг йўлида юришда вақтни тартибга солиш ва уни вирдлар ила давомли равишда обод қилиб туриш кераклигини англатади.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида: «У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир», деган (62 – оят).
Яъни, кечада қила олмай қолганини кундузи ёки аксинча қилади. Шундай қилиб хилма-хиллик юзага келади.

КУНДАЛИК ВИРДЛАР ВА УЛАРНИНГ ТАРТИБИ

Кундалик вирдлар ва уларнинг тартиби деганда бугунги куннинг таъбири билан айтганда, муриднинг кун тартиби кўзда тутилади. Албатта, бунда муриднинг ёши, илми, касби, шахси ва бошқа барча омиллар ҳисобга олинади.
Китобларда умумий тарзда айтиб ўтилса ҳам, алоҳида ёлғиз бир шахсга келганда ана ўша умумий нарсалардан унга мос келгани татбиқ қилинади. Ўтган машойихлар ҳам бу нарсага алоҳида эътибор берганлар.
Хусусан, имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ жуда нодир тарзда ажойиб фикрларни баён қилган: «Билки, бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан иборатдир. Унинг учдан бирида, яъни, саккиз соат ухлаш мўътадилликдир. Ким бундан оз ухласа, бадани учун изтиробдан омон бўла олмайди. Ким бундан кўп ухласа, дангасалиги зиёда бўлади. Кечаси етарли ухлаган киши кундузи ухламайди. Кечаси уйқуси кам бўлган одам, наҳорда камини тўлғазиб олади».

ҲОЛАТГА ҚАРАБ ВИРДНИНГ ТУРЛАНИШИ

Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади.

1. Обид.
2. Олим.
3. Таълим олувчи.
4. Волий.
5. Ҳунарманд.
6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам.

– Обид барча ишлардан узилиб, ибодатга машғул бўлган шахсдир. У зикр қилинадиган барча вирдларни бажарса бўлади ва имкони ҳам бор. Гоҳида унинг вирдлари ва вазифалари турлича бўлиши ҳам мумкин.
– Ўтган обидларнинг ҳоллари ҳам ҳар хил бўлган. Улардан баъзилари тиловатни кўп қилса, бошқаларни тасбеҳни кўп айтган. Учинчилари намозни кўп ўқиган. Шунингдек, Байтуллоҳни кўп тавоф қиладиганлари ҳам бўлган.
Аслида намозда туриб қироат қилиш энг афзал ҳисобланади. Аммо бу амал баъзилар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Шунинг учун банданинг ҳолига қараб афзали танланади. Вирдлардан асосий мақсад қалбни поклашдир. Мурид бу борада ўзини синаб кўрсин ва қайси вазифани ўзига муносиброқ кўрса, шуни кўп қилсин. Агар бирор вирд малол келиб қолса, бошқасига ўтсин.
Абу Сулаймон Доримий: «Агар қалбингни қиёмда топсанг, рукуъ қилма, агар уни рукуъда топсанг, бошингни кўтарма», деган.
– Олим деганда одамларга ўз фатвоси, дарси, таълифи ва тарбияси ила манфаат берадиган шахс кўзланади. Унинг вирдлардаги тартиби обиднинг тартибидан бошқача бўлади. Чунки у китоб ўқиши, ёзиши ва дарс бериши керак. Агар унинг ҳамма вақти фарзлардан кейин мазкур ишларга сарфланса, энг афзал бўлади. Нафл ибодатдан устун турадиган илм деганда охиратга тарғиб қиладиган ва унинг йўлида юришга ёрдам берадиган илм ирода қилинади.
Олим ҳам ўз вақтини тўғри тақсимлаши лозим. Чунки вақтнинг ҳаммасини илмга сарфлайверишга нафс чидамаслиги мумкин.
Агар дарслари бўлмаса, субҳдан то қуёш чиққунча бўлган вақтни зикр ва вирдларга ажратиши мумкин. Қуёш чиққандан зуҳо (чошгоҳ)гача таълим-тарбия ила машғул бўлсин. Дарслардан бўшаса, илм ҳақида тафаккур қилсин. Чунки зикрдан кейинги қалб мусаффолиги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.
Зуҳодан то асргача олим китоб ёзгани ва мутоала қилгани яхши. Бу вақтда у таом, таҳорат, намоз ва қайлуладан бошқа вақтини фақат мазкур ишга сарфлайди.
Асрдан то қуёш сарғайгунгача тафсир, ҳадис ва бошқа фойдали илмларнинг қироатига қулоқ солади.
Қуёш сарғайгандан то ботиб бўлгунча истиғфор ва тасбеҳ айтиш ила машғул бўлади.
Кечаси учун имом Шофеъийнинг тақсими энг яхши тақсим ҳисобланади. У учга тақсимланади: илм ёзишга; намозга ва уйқуга. Албатта, бунда фаслларнинг ҳам эътибори бор. Ёзда бошқа, қишда бошқа ҳол бўлиши мумкин.
– Таълим олувчининг таълим ила машғул бўлиши зикр ва нафл ибодатдан афзалдир. Таълим олувчининг вирдларга оид ҳукми худди олимнинг ҳукмига ўхшаш. Фарқи шуки, олим фойда беради, мутааллим фойда олади. Агар у авомлардан бўлса, зикр, илм ва ваъз мажлисларига ҳозир бўлиши вирдлардан кўра афзал.
– Волий деганда вазифадор киши кўзда тутилади. Унинг вазифаси кўпчилик билан ишлашдан иборат бўлади. Унга одамларнинг ҳожати тушиб туради. Ихлос ва тўғрилик билан одамларнинг хизматини қилиб, ҳожатини чиқариши у учун вирдларни бажаришдан афзалдир. У наҳорда фарзларни бажарса бўлди. Кечаси вирдларни қилишга вақт топади.
– Ҳунарманд ўзи ва аҳли аёли учун касб қилишга муҳтож кишидир. У кўп вақтини ибодат ила ўтказа олмайди. Аммо касби давомида зикр билан машғул бўлади. Агар имконини топса, вирдларни одат қилиб олиш пайидан бўлади.
– Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлганнинг вирди фарзни адо этганидан кейин қалби Аллоҳ таоло билан ҳозир бўлишидир.
Вирдларни давомли равишда бажариш тавсия қилинади. Зотан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари шу эди.
Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.
У киши: «Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди?!», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбуброқ?» дея сўралди. «Агар оз бўлса ҳам давомлиси», (давомли бўлгани) дедилар у зот». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Энди вирдларнинг тартиби ҳақида сўз юритайлик.

Наҳор (кундуз)нинг биринчи вирди

Вирдлар тонг саҳардан бошланади. Субҳ чоғи шарафли ва баракали вақтдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Таквир» сурасида субҳ ила қасам ичган: «Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам» (18-оят).
Уйқудан уйғонган мурид Аллоҳ таолони зикр қилмоғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқимоғи лозим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғонган вақтларида: «Бизни ўлдирганидан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва тўпланиш Унинг Ўзигадир», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Бомдодга таҳорат қилгандан кейин қуйидаги ҳадисда келган дуо ўқилади:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон кечқурун бўлса, «Амсайна ва амсал мулку лиллаҳи, вал ҳамду лиллаҳи, лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Робби асъалука хойра маа фии ҳазиҳил лайлати ва хойра маа баъдаҳаа ва аъузу бика мин шарри маа фии ҳазиҳил лайлати ва шарри маа баъдаҳаа. Роббии аъузу бика минал касали ва суъил кибари. Роббии аъузу бика мин азабин финнари ва аза-бин фил қабри», дер эдилар.
Қачон субҳ бўлганда «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳи» деб худди шуни айтар эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Дуонинг маъноси: «Кечга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб кечга кирди. Ҳамд Аллоҳга бўлсин! Аллоҳдан ўзга ибодат-га лойиқ илоҳий маъбуд йўқ. Унинг Ўзи ёдлғиздир. Унинг шери-ги йўқ. Мулк уники ва ҳамд Уники ва У ҳар бир нарсага қодирдир. Роббим Сендан ушбу тундаги нарсанинг яхшилигини ва ундан кейинги нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан ушбу тундаги нарсанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим Сендан дангасаликдан ва катталикнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Роббим Сендан дўзахдаги азобдан ва қабрдаги азобдан паноҳ сўрайман».
«Тонгга кирдик ва мулк ҳам Аллоҳники бўлиб тонгга кирди». Тонгда «асбаҳна», кеч кирганда «амсайна» деб ўқийди.
Ушбу ривоятда келган дуони яхшилаб ёд олиб, эрталаб ва кечқурун, аниқроғи бомдод ва шом намозларидан кейин доимий равишда ўқиб юришга одатланиш лозим.
Тонгда қуйидаги дуони ҳам ўқийди:
Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким «Бисмиллаҳиллазии лаа язурру маъа исмиҳи шайъун фил арзи ва лаа фис самааи ва ҳувас-самийъул алийм»ни уч марта айтса, кечқурун бўлгунча унга тўсатдан келадиган бало етмайди», деганларини эшитдим». Сунан эгалари ривоят қилган.
Демак, ким ихлос билан ушбу ҳадиси шарифда келган дуони ўқиб юрса унда берилган ваъдадан баҳраманд бўлар экан. Бунга эътиқод ва амал қилишга одатланмоғимиз керак.
Дуонинг маъноси қуйидагича: «Исми бирга бўлганда ҳеч нарса зарар қилмайдиган Аллоҳнинг номи ила. У зот ўта эшитув-чи ва ўта кўрувчидир».
Кейин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди:
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун бўлганда: «Розийнаа биллаҳи роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин расулан» деса, албатта, Аллоҳ учун уни рози қилиш ҳақ бўлур», дедилар».
Дуонинг маъноси: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммадни Расул деб рози бўлдик».
Бомдоднинг фарзини ўқиб бўлганидан сўнг, чўккалаб ўтирган ҳолида, гапирмай туриб ўн марта ушбу ривоятда келган матнни ўқийди:
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, га-пирмасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса». Термизий ривоят қилган.
Кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Ундан сўнг «Сайидул истиғфор»ни ўқийди:
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Истиғфорнинг саййиди «Аллоҳумма анта роббии. Лаа илаҳа илла анта. Холақтаний. Ва ана абдука ва ана ала аҳдика. Ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу лака би неъматика алаяя. Ва абуъу би занбий. Фағфир лии. Фа иннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта» демоғингдир.
Ким уни ишонч билан наҳорда айтса, ўша куни кеч ки-ришдан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлур. Ким уни ишонч билан кечада айтса, ўша куни тонг отишидан олдин ўлиб қолса, аҳли жаннатдан бўлади». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Маъноси: «Эй, Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Ушбу «Саййидул истиғфор» номи ила машҳур бўлган дуони ўқиб юришни кўпчилик азизлар одат қилишган. Дуони яхшилаб ёд олиб ўқиб юрмоқни одат қилиш лозим.
Кейин қуйидаги дуони ўқийди:
Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абзийдан, у отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тонг оттирсалар: «Асбаҳнаа ала фитратил Ислами ва калиматил ихласи ва дийни набиййинаа Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама ва миллати абийнаа Иброҳийма ҳанийфан муслиман ва маа кана минал мушрикийн», дер эдилар».
Маъноси: «Ислом табиати, ихлос калимаси, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дийни ва бош қа динларга оғмаган муслим ҳамда мушриклардан бўлмаган отамиз Иборҳимнинг миллатида тонг оттирдик».
Сўнг қуйидаги дуони ўқийди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Менга ишимнинг боши бўлган динимни ислоҳ қилгин. Менга унда маошим бўлган дунёмни ислоҳ қилгин. Менга унда қайтар жойим бўлган охиратимни ислоҳ қилгин. Менга ҳаётни ҳар бир яхшиликда зиёда қилгин. Менга ўлимни ҳар бир ёмонликдан роҳат қилгин», дер эдилар».

Толқ ибн Ҳабибдан ривоят қилинади: «Бир киши Абу Дардонинг ҳузурига келиб: «Эй Абу Дар-до, уйинг куйиб кетди», деди.
«Куйгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-салламдан эшитган гапга кўра Аллоҳ бундай қилмаган бўлса керак. У зот шундай дедилар: «Бир калималар бор, уларни ким наҳорнинг аввалида айтса, кеч киргунча унга мусибат етмас, ким уларни наҳорнинг охирида айтса, унга тонг отгунча мусибат етмас: «Эй Аллоҳим! Сен Роббимсан. Сендан ўзга илоҳий маъбуд йўқ. Сенга таваккул қилдим. Ва Сен улуғ Аршнинг Роббисисан. Аллоҳ нимани хоҳласа бўлади, нимани хоҳламаса, бўлмайди. Алий ва Азийм Аллоҳдан бошқанинг ҳавли ҳам, қуввати ҳам йўқ. Билурманки, Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир ва Аллоҳ барча нарсани илми ила иҳота қилгандир. Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ўз нафсим ёмонлигидан ва Сен пешонасидан тутган ҳар бир жонивор-нинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Албатта, Роббим сироти мустақиймдадир». Ибн Сунний ривоят қилган.
Бомдоднинг суннатини уйда ўқиб сўнг масжидга чиқади ва йўлда ҳадисда келган дуони ўқиб кетади: Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким намозга чиққанида «Эй Аллоҳим! Сендан сўровчиларнинг ҳаққи ила, ушбу юришим ҳаққи ила сўрайман. Мен манманлик ва такаббур, риё ва хўжакўрсин учун чиққаним йўқ. Розилигингни тилаб ва ғазабингдан қўрқиб чиқдим. Мени дўзахдан озод қилишингни ва гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман. Албатта, гуноҳларни Сендан ўзга мағфират қилмас» деса, Аллоҳ унга юзини ўгирур ва унга истиғфор айтгани етмиш минг фа-риштани вакил қилур».
Мурид масжидга кирганда қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди: Абу Ҳумайд ёки Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қачон бирингиз масжидга кирса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берсин. Сўнгра: «Аллоҳумма ифтаҳ лии абваба роҳматика», десин. Бас, агар чиқадиган бўлса, «Аллоҳумма иннии асъалука мин фазлика», десин». Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилган.
Масжидга кирадиган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга «Ассалому алайка йа Расулуллоҳ», деб салом бериши керак.
Шунингдек, масжидга кираётиб, «Аллоҳумма ифтаҳ лии аб-воба роҳматика», (Эй, бор Худоё, менга раҳматинг эшикларини очгин) деган дуони ўқиши керак.
Масжиддан чиқаётган одам эса, «Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика» (Эй, бор Худоё, мен Сенинг фазлингдан сўрайман) деган дуони ўқимоғи керак.
Кейин иложи борича аввалги сафлардан жой олиб Қуръон қироати ёки юқорида зикр қилинган вирдларни ўқиб, фарз намозни кутади.
Бомдоднинг фарзини ўқиб бўлганидан сўнг, намоздан кейин қилинадиган зикр ва дуоларни ўқийди. Иложи бўлса, Ёсин сура-сини ўқиб, қуёш чиққунича кутади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Бомдод-ни ўқисалар, то қуёш чиққунча намозгоҳларида ўлтирар эдилар». Термизий ривоят қилган.
Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунча бўлган вақт қанчалар фазилатли вақт эканини билиб олдик.
Бу пайт ер юзида фаришталар алмашиш учун жам бўладиган пайтдир. Нима амал қилинса, ўша жам бўлган фаришталар гувоҳ бўладилар.
Бу пайтда ризқ улашилади. Ана шундоқ пайтни зикр қилиб ўтказиш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вақтни зикрда ўтказганлар. Биз ҳам шунга одатланмоғимиз лозим.
Муоз ибн анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунича ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқа (нарса)ни гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар ден-гиз кўпигидан кўп бўлса ҳам, мағфират қилинур». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.
Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозн «салотуш-шуруқ (ишроқ намози) дейилади. Шуруқ қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли чоғ экани ҳақида олдинги ўрганган ҳадисларимиздан ҳам кўплаб маълумотлар олганмиз.
Бу ҳадиси шарифда ҳам бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳнинг зикри билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, шуруқ намози ўқишга ҳам қи-зиқтирилмоқда.
Аввал айтилганидек, шуруқ намози чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтдаги намозидир. Ҳадисда бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам зарур. Саҳар чоғи Аллоҳнинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли ишдир.
Юқорида зикр қилинган вақтда муриднинг вазифаси тўрт хил амалдан иборат: дуо, зикр, қироат ва фикр.

Наҳор (кундуз)нинг иккинчи вирди

Бунинг вақти қуёш чиққанидан зуҳо вақтигачадир. Агар кун-дузни ўн икки соат деб оладиган бўлсак, унинг чораги уч соатдир. Бу вақт ҳам шарафли вақт бўлиб унда бажариладиган икки вазифа бор.
Биринчи вазифа – зуҳо намозини ўқиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссаллам: «Ким зуҳо ( чошгоҳ) намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, гарчи денгиз кўпигича бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадисдан чошгоҳ намози ўқиш жуда ҳам савобли амал экани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу намоз кўплаб ажру савоб, хайр-барака ва файзу футуҳга сабаб бўлиши таъкидланмоқда. Бу намознинг вақти қуёш чиқиб бўлгандан заволгача давом этиб, энг афзал вақти қуёш ерни қиздирган вақтидир. Ривоятларда чоштгоҳ намози икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлиши зикр қилинади. Демак, ҳолат ва имкониятга қараб ушбу икки рақам орасидаги ададда чошгоҳ намозини ўқиса бўлаверади. Вақти оз одам икки ракъат ўқиса ҳам чошгоҳ намози ўқиган бўлади. Имкони кенг одам кўпроқ ўқиса яна ҳам яхши. Энг муҳими ўқиш керак.
Иккинчи вазифа – бемор кўриш, жанозада қатнашиш, илм мажлисида ҳозир бўлиш, мусулмоннинг ҳожатини чиқариш каби одамларга боғлиқ амаллар. Агар мазкур ишларни қилмаса, қироат ва зикр билан машғул бўлади.

Наҳор (кундуз)нинг учинчи вирди

Зуҳодан заволгача. Бу вақтдаги вазифалар қуйидагилар:
Касб ва тирикчилик билан машғул бўлиш. Бозорга ва бошқа ерларга бориш. Агар тожир бўлса, садоқатли ва омонатли бўлсин. Ҳунарманд бўлса ихлос ва қунт билан ишласин. Аммо зинҳор Аллоҳ таолонинг зикрини ёддан чиқармасин.

Наҳор (кундуз)нинг тўртинчи вирди

Заволдан пешинни ўқиб бўлгунча давом этади. У наҳорнинг энг қисқа вирдидир. Мурид муаззиннинг азонини эшитганда унинг айтганларини такрорлаб туради. Кейин пешин намозини суннатлари билан яхшилаб адо этади.

Наҳор (кундуз)нинг бешинчи вирди

У юқоридаги вақтдан асргача давом этади. Унда зикр ва на-моз билан машғул бўлиш мустаҳабдир.

Наҳор (кундуз)нинг олтинчи вирди

Асрдан қуёш сарғайгунича давом этади. Аср намозини ўқигандан кейин биринчи вирдда баён қилинган тўрт қисм зикр қилинади. Бу вақтда фаҳм ва тадаббур ила Қуръон тиловати қилган афзал ҳисобланади.

Наҳор (кундуз)нинг еттинчи вирди

Қуёш сарғайгандан то ботгунича бўлган вақтни ўз ичига ола-диган бу пайт шарафли ҳисобланади.
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: «Наҳорнинг аввалидан кўра кеч-ки пайтни кўпроқ улуғлашар эди» деган. Бу вақтда тасбеҳ ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.
Шом намози ила наҳорнинг вирдлари тугайди. Банда ўз ҳолини мулоҳаза ва нафсини муҳосаба қилсин. Батаҳқиқ, унинг йўлидан бир босқич тугади. Билсинки, умр кунлардан иборатдир ва унинг бирлари тугаши ила барчаси ҳам тугайди.
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: «Эй одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир қисминг ўтган бўлади», деган.
Бугуни кечасига баробар бўлдими? Мурид шунга назар сол-син. Агар кунни яхшилик ила ўтказган бўлса, уни муяссар қилган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Агар бошқача бўлса, тавба қилиб йўл қўйган камчиликнинг ўрнини кечаси тўлғазишга ҳаракат қилсин. Чунки, яхшиликлар ёмонликларни ювади.
Жисмини соғ қилган ва нуқсоннини тўлдиришга умр берган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Ўтган азизлардан баъзилари кунни садақа билан тугатишга, имкони борича яхшилик қилиш ҳаракатида бўлар эдилар.

КЕЧАНИНГ ВИРДЛАРИ

Кечанинг биринчи вирди

Қуёш ботгандан хуфтон вақтигача. Мурид шом намозини ўқиганидан кейин хуфтонгача бўлган вақтни ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилади.
Анас розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг: «Уларнинг ён-бошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нар-саларимиздан инфоқ қилурлар», деган (Сажда сураси. 16 – оят) қавли ҳақида «ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг шом ва хуфтон орасида намоз ўқийдиган саҳобалари ҳақида нозил бўлган», деганлари ривоят қилинган.

Кечанинг иккинчи вирди

Қизил шафақнинг ғойиб бўлганидан уйқу вақтигача бўлган вақт. Хуфтон азони ва иқомаси орасида имкони борича нафл на-моз ўқийди ва зам сурага «Сажда» ҳамда «Таборак» сураларини тиловат қилса яна ҳам яхши бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки сурани ўқимасдан ухламас эдилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда «Ким ҳар кеча «Воқеъа» сурасини қироат қилса, унга камбағаллик етмас», дейилган.

Кечанинг учинчи вирди

Ухлашдан олдин витр ўқиш. Аммо ким кечаси бедор бўлишни одат қилган бўлса, унинг витрни кейинга суриши афзал.
Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон витр ўқир эдилар?» деб сўрадим.
«У зот ҳаммасини ҳам қилганлар: кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам витр ўқиганлар. Вафот этган вақтларида у зотнинг витрлари саҳар яқин қолган пайтда эди», деди». Бешовлари ривоят қилган.
Витрни ўқиб бўлганидан кейин уч марта «Субҳанал маликул қуддуси», деб айтади.

Кечанинг тўртинчи вирди

Уйқу. Машойихларимиз уйқуни вирд ҳисоблашлари бежиз эмас. Агар унинг одобларига риоя қилиб, ният билан қилинса ибодат ҳисобланади.
Улуғ саҳобий Муоз розияллоҳу анҳу: «Мен уйғоқлигимда савоб умид қилганимдек, ухлаганимда ҳам савоб умид қиламан», деган экан.
– Уйқунинг одобларидан бири – таҳорат билан ётиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «Руҳлар ухланаётган вақтда осмонга олиб чиқилади ва Аршнинг олдида сажда қилишга амр қилинади. Агар таҳоратли бўлса, Аршнинг олдида сажда қилади. Аммо таҳоратли бўлмаса, Аршдан узоқ жойда сажда қилади».
– Уйқудан олдин тавба қилиш. Зеро, сирти таҳоратли бўлгандан кейин ичи ҳам таҳоратли бўлиши керак. Эҳтимол уйқусида турмай вафот этар.
– Уйқунинг одобларидан бири мусулмон кишига нисбатан қалбида ғили-ғаш бўлса, уни кетказмоқ, зулм қилишни ният қилмаслик ва уйғонганда гуноҳ қилишга азм қилмаслик.
– Васият қилиши лозим бўлган одамнинг васиятини ёзиб қўйиб ухлаш ҳам уйқунинг одобларига киради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
– Уйқунинг одобларидан бири – уйқу ғолиб келмагунча ухламаслик. Салафи солиҳларнинг одатлари шундай бўлган.
– Қиблага қараб, ўнг тарафи билан ҳадисларда келган дуоларни ўқиб ётиш уйқунинг одобларидан.
Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда: «Бисмика Роббий, вазаъту жанбии ва бика арфаъуҳу. Фа ин амсакта нафсий фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ибадакас-солиҳийн», деган дуо ўқилиши айтилган.
Маъноси: “Исминг ила Роббим (Парвардигорим, Сенинг исминг ила) ёнимни қўйдим ва Сенинг ила уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қоладиган бўлсанг, унга раҳим қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳ бандаларингни муҳофаза қиладиган нарса ила муҳофаза қил”.
Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига етган жойигача бошлари ва юзларидан бошлаб олд тарафларига суртиб ётардилар. Буни уч марта қилар эдилар».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта, жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта.
Қачон ётар жойини олса ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта”.
“Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.
«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», дедилар”. Сунан эгалари ривоят қилган.
Мурид уйқусидан олдинги охирги каломи Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши учун ҳаракат қилади.
Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар: «Эй бор Худоё! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларнинг қоим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин. Осмон-лару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир. Сенга ҳамд бўлсин. Сен, осмонлару ернинг ва улардаги ким-саларнинг нурисан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир. Эй бор Худоё! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тор-тишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг ав-валу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Муқаддам ҳам Ўзингсан, охирги ҳам Ўзингсан, ҳеч илоҳий маъбуд йўқ, илло Ўзингсан. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Таҳажжудга турганда «Оли Имрон» сурасининг охирги ўн оятини ўқийди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турган-ларида «Оли Имрон» сурасининг «Инна фий холқис-самовати вал арзи вахтилафиллайли ван-наҳари лааяятул-лиулил албаб», деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум. Биз ҳам ўша ояти карималарни кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўқисак, у зотга эргашган бўламиз
.
– Таҳажжуд намозини енгил икки ракъат ила бошлайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Кейин икки ракъат, икки ракъатдан қилиб таҳажжуд намози-ни ўқисин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракъатгача ўқиганлар. Мурид ҳолига қарасин.

Кечанинг бешинчи вирди

Кечанинг олтидан бири қолган вақт. Буни саҳар вақти ҳам дейилади. Бу вақт истиғфор айтиладиган вақтдир.
Аллоҳ таоло «Зарият» сурасида: «Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар», деган (18-оят).
Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳининг кечири-лишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган ки-шилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар.
Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг уч-дан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча: «Тавба қилувчи борми-тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи бор-ми, мағфират қилиб, гуноҳини кечаман; сўровчи борми, сўраганини бераман», дейди».
Шунинг учун иложи борича саҳарда туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уруниш лозим.
Товус раҳматуллоҳи алайҳ бир кишини саҳар чоғи келиб сўраса, ухлаётганини айтишибди. Шунда у: «Саҳар чоғи бирор киши ухламаса керак, деб ўйлардим», деган экан.

КЕЧАСИ БЕДОР БЎЛИШ

Кечаси бедор бўлиб, уни ибодат ила ўтказишни «Қиёмул лайл» дейилади. Бу иш жуда ҳам фазилатли ҳисобланади. «Қиёмул лайл» ила машғул бўлган кишиларни Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мадҳ қилганлар.
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур», деган (16 – оят).
Тақводор мўмин бандалар кечасида бедор бўлиб, иссиқ жой-ини тарк этиб, ибодат қилурлар.
Тунлари уйғониб, намоз ўқишнинг фазилатлари жуда кўп. Бу иш олий мақомга эришган ҳар бир азизнинг ишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу амални қилганлар ва умматларини ҳам тарғиб этганлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейлганди. Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ибодатларнинг ичида кечасидаги намоз каби кучлисини кўрмадим», деган.
У кишидан: «Нима учун одамларнинг ичида таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари энг чиройли бўлади?» деб сўрашганида: «Чунки улар Роҳман ила холи қолишган ва У зот уларга Ўз нуридан кийдирган», деган экан.

БЕДОРЛИКНИ ЕНГИЛЛАШТИРУВЧИ ОМИЛЛАР

«Қиёмул лайл» осонлаштирувчи омилларни ишга солинмаса жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.
Зоҳирий омиллар қуйидагилар:
– Кўп емаслик. Баъзи машойихлар: «Эй муридлар жамоаси! Кўп еманглар. Унда кўп ичиб, кўп ухлаб қоласизлар ва кўп ютқазасизлар», дейишган.
– Кундузи ўзини оғир ишлар билан чарчатмаслик.
– Кундузи ухлаб олинса, қиёмул лайл осон бўлади.
– Гуноҳлардан четда бўлиш. Суфён Саврий, биргина гуноҳ туфайли беш ой қиёмул лайлдан маҳрум бўлдим, деган.
Ботиний омиллар қуйидагилар:
– Аллоҳ таолонинг муҳаббати. Мурид қиёмул лайлда Робби ила муножотда бўлишига ва Унинг ҳузурида бўлишига иймони кучли бўлса, иш осонлашади.
Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ дейди: «Кеча аҳли кечаларида, кўнгилхуш аҳлининг кўнгилхушидан кўра кўпроқ лаззат топадилар. Агар кеча бўлмаганидан бу дунёда қолишни истамасдим».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман, Мен подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин, Мендан сўрайдиган борми, унга берайин, Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин», дейди. Токи фажр ёришгунча шундоқ давом этади». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида: «Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ», дейилган.
– «Қиёмул лайл»нинг фазлини билиш.
– Қалби мусулмонларга нисбатан саломат ва бидъатлардан холи бўлиши ҳамда ортиқча дунёга қизиқмаслик.
Қиёмул лайлнинг даражалари бир нечта:
1. Кечанинг ҳаммасини бедор ўтказиш.
Буни салафлардан бир жамоаси қилганлар.
2. Кечанинг ярмини бедор ўтказиш.
Буни ҳам бир жамоа салафлардан ривоят қилинган. Бунда энг яхшиси кечанинг биринчи учдан бирида ва охирги олтидан бирида ухланади.
3. Кечанинг учдан бирини бедор ўтказиш.
Бу Довуд алайҳиссаломнинг бедорлиги бўлиб, унда кечанинг аввалги ярмида ва охирги олтидан бирида ухланади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмини ухлар, учдан бирини қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Кечанинг охирида ухлаш маъқул. Унда эрталаб мудроқнинг асари юздан кетади ва юз сарғаймайди.
4. Кечанинг олти ёки бешдан бирини бедор ўтказиш.
Мазкур «қиёмул лайл» охирги ярмида бўлгани маъқул дейилган.
6. Ўлчовни риоя қилмасдан «Қиёмул лайл» қилиш.
Бу жуда ҳам қийин услуб. Бу хилни икки услуб билан амалга ошади.
Биринчиси – кечанинг аввалида уйқуси келгунча бедор бўлиб, кейин ухлаш. Сўнг уйғонганда туриб, уйқуси келса, ухлаш. Албатта, бундай қилиш осон эмас. Аммо салафлардан баъзилари шундай қилганлар.
Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳ: «Кечаси узоқ ётишда Аллоҳ таолодан ҳаё қилган қавмларни кўрганман», деган.
Иккинчиси – кечасининг аввалида ухлаб олиб, қолганида бедор бўлиш.
6. Икки ёки тўрт ракъат намоз ўқигудек муддатда бедор бўлиш. Бу ҳам «қиёмул лайл» деб айтилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб икки ракъат намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Толҳа ибн Масриф раҳматуллоҳи алайҳ аҳлини қиёмул лайлга амр қилар ва: «Икки ракъат намоз ўқинглар. Кечаси ўқилган намоз гуноҳларни ювади», дер эди.
Юқорида кечанинг тақсимлаш бўйича салафларнинг тутган йўлларидан баъзилари зикр қилинди. Мурид улардан ўзига мосини танлаб олса яхши бўлади. Агар у учун кечанинг ўртасида туриш қийин бўлса, ҳеч бўлмаса шом билан хуфтон орасида ва саҳардаги нафл намозларни ўқисин.
Кечаси таҳорат тутиши ва намоз ўқиши қийин бўлган Кишилар қиблага қараб ўтириб, Аллоҳ таолони зикр қилсинлар, қудратлари етганича дуо қилсинлар. Ўтириш ҳам қийин бўлса, ёнбошлаб олиб ўшандай қилсинлар.
Кимнинг вирди бўлса-ю, ухлаб қолиб бажара олмаса, зуҳо намозидан кейин қазосини қилсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Қиёмул лайлни одат қилган одам уни зинҳор тарк қилмасин.

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.