Мухаррир
Кичик ва катта гуноҳдан тавба қилиш
Гуноҳларнинг қисмларга бўлиниши ва банданинг сифатлари
Билгилки, инсоннинг сифатлари ва хулқлари кўпдир. Гуноҳларнинг келиб чиқиши тўртта сифатга бориб тақалади: а) рубубийлик сифатлари (яратувчига хос сифатлар); б) шайтонийлик сифатлари; в) ҳайвонийлик сифатлари; г) ёввойилик сифатлари. Инсон тийнати ҳар хил аралашмалардан қорилган. Ҳаммаси ўз таъсирига эга, бамисоли шакар, сирка ва заъфарон сиканжабин қоришмасида турли таъсирларга эга бўлганидек. Кибр, фахр, ғурур, мақтовни севиш, беҳожатликни яхши кўриш, боқий қолишни орзу қилиш, ҳаммадан устун бўлишни исташ, ҳатто "мен сизнинг парвардигорингизман", деган даражагача бориш кабилар рубубийлик сифатларига иштиёқни қўзғайди. Барча гуноҳи кабиралар мана шу нуқтадан ёйилади. Кўпчилик бу гуноҳлардан ғофил қолиб, уларни гуноҳ санамайди. Аслида улар шаксиз ҳалокатга олиб борувчи энг катта гуноҳлар бўлиб, аксар жиноятларнинг онасидир. Ҳасад, зулм-ситам, ҳийла, алдамчилик, фасод ва макрга буюриш, товламачилик, мунофиқлик, бидъат ва залолатга даъват қилиш кабилар шайтоний сифатлардан тарқалади. Қизғанчиқлик, очкўзлик, жинсий ва қорин шаҳватини қондириш учун ҳирс билан ташланиш, зино, баччабозлик, ўғирлик, етимларнинг молига хиёнат, дунё орттиришга меҳр кабилар ҳайвоний сифатдан туғилади. Ёввойилик сифати эса, ғазаб, нафрат, одамларга қўл кўтариш, сўкиш, ўлдириш, мол-мулкни зоеъ қилиш каби иллатларни пайдо қилади. Барча гуноҳлар мана шу сифатлардан тармоқланиб, ёйилади. Бу сифатлар инсон фитратида аста-секин ҳаракатланиб бири иккинчисига йўл очади. Аввало, ҳайвонийлик сифати ғолиб келиб, кейин унга ёввойилик сифатлари эргашади. Улар бирлашиб, ақлни қаллоблик, маккорлик ва ҳийла йўлида ишлатади. Бу шайтоний сифатдир. Кейин фахр, иззат, улуғлик ва буюкликни даъво қилиш, барчадан устунликни қасд қилиш каби рубубийлик сифатлари фитратни эгаллайди. Мазкур сифатлар гуноҳларнинг онаси ва манбаидир. Сўнг гуноҳлар аъзоларга ёйилади. Куфр, бидъат, нифоқ, ичиқоралик каби сифатлар қалбда қарор топади. Баъзилари кўз ва қулоқда муқим бўлса, яна баъзилари тилда, қорин ва жинсий аъзоларда, қўл ва оёқларда, умуман, барча аъзоларда маскан топади. Билгилки, гуноҳлар икки қисмга ажралади: – банда ва Оллоҳ таоло орасидаги гуноҳлар; – бандаларнинг ҳақларига тааллуқли гуноҳлар.
Дунё ва ундаги нарсалар учун ўкинма! Ҳаммамиз ҳам бу дунёга меҳмонмиз!
«Бахт» сўзи Қуръоннинг биргина жойида келган:
«Бахтиёрлар жаннатдадирлар, унда мангу қолувчидирлар» (Ҳуд сураси, 108-оят).
Ҳақиқий бахт-саодат бу дунёда эмас, балки жаннатда бўлишини билдириш учун шундай келган.
Қуръон тиловатини кўпайтир, шунда қалбинг кучли бўлиб, руҳинг покланади.
Бўладиган иш заиф бўлсанг ҳам амалга ошаверади. Бўлмайдиганига эса куч-қувватинг билан ҳам етиша олмайсан!
Роббимнинг ҳузурида ҳамма нарса яқиндир. Ҳатто бироз ёки кўпроқ кечикса ҳам, чунки кечикиши ҳикматга биноандир.
Роббим, барча ишларимни Ўзингга топширдим!
Қуръон эшитган пайтда, зикр мажлисларида ва холи қолган вақтларингда қалбингни қидир. Агар уни шу уч ўринда топмасанг, Аллоҳдан қалб ато қилишини сўра, чунки сенда қалб йўқ экан!
Дунё учун ғам ема. Унинг боши йиғи, ўртаси машаққат, охири йўқликдир!
Сен охиратинг учун амал қилиб қол! Унинг боши учрашув, ўртаси ҳадя, охири эса абадиятдир.
Мақбул тавба шартлари
Билгилки, агар "қабул" (қабул бўлиш) сўзининг маъносини фаҳмласанг, ҳар қандай саҳиҳ тавбанинг мақбул эканига шубҳанг қолмайди. Қуръон нурларидан қувват олиб, басират кўзи билан кўрувчилар биладилар: ҳар қандай салим қалб Оллоҳ ҳузурида мақбулдир; охиратда Оллоҳ таолога қўшни – яқин бўлиш саодати билан неъматлангандир; Оллоҳ таолонинг дийдорига боқий кўз билан назар солишга ҳозирдир. Қалб аслан салим яратилиши, ҳар бир чақалоқ исломий фитратда дунёга келиши, кейинчалик гуноҳлар ғубори ва зулмати қалб саломатлигини емириши уларга маълум. Улар биладилар: надомат ўти гуноҳлар ғуборини куйдириб кул қилади, яхши амаллар нури ёмон амаллар зулматини қалбнинг юзидан сидириб ташлайди.
Тавбанинг вожиблиги
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай буюради:
"Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсанглар" (Нур, 31-оят).
Бу хитоб умумийдир. Аслида басират нури ҳам инсонни шу йўл сари бошлайди. Зеро, тавбанинг маъноси Аллоҳдан узоқлаштириб, шайтонга яқинлаштирадиган йўлдан қайтмоқ экан, буни оқил инсонгина тасаввур қилади. Шаҳват ва ғазаб ғаризаси (табиат эҳтиёжи), шунингдек, инсонни чалғитувчи шайтоний воситалардан бўлмиш бошқа ярамас сифатлар шаклланмагунича, ақл ғаризаси камол топмайди. Шунинг учун ақлнинг дастлабки аломатлари етти ёшдан сўнг кўринади. Балоғат ёшида ақлнинг асоси тугал бўлади, ёш қирқларга борганида ақл тўлишиб, комиллик даражасига етади.