Жаннат деворлари, тупроқлари, дарахтлари ва дарёлари

Жаннат сувратини хаёлингда жонлантир. Жаннат аҳлининг бахтиёрлиги ва бу дунёнинг ҳузур-ҳаловатини деб абадий бахтиёрликдан маҳрумларнинг ҳасрати ҳақида тафаккур эт.

Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Жаннат деворининг ғиштлари кумуш ва олтиндан, тупроғи заъфарон, лойи мушкдир» (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра Расули акрамдан ривоят қилади: «Кимки улуғ ва қудратли Оллоҳ томонидан охират майини тотиб, хушнуд бўлмоқчи экан, дунё майини тарк этсин. Кимки охиратда Оллоҳ кийдирган ипак (кийим)дан сурурга тўлмоқчи экан, дунё ипагидан воз кечсин» (Табароний ривояти).
«Жаннат дарёлар, тепаликлар ёхуд мушк тоғлар остидан тошиб оқади» (Абу Ҳурайра ривояти).
Охиратда жаннат аҳлига бериладиган энг кўримсиз зийнат ҳам бу дунёнинг барча зеб-зийнатларидан афзалдир. Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Жаннатдаги дарахт сояси бир отлиқ юз йил юрадиган масофа қадардир. «Ўнг томон эгалари ёйилган соя (ости)дадирлар» (Воқеа, 30-оят).
Абу Умома дейди: «Пайғамбар алайҳиссалом саҳобалари дер эдилар: «Улуғ ва қудратли Оллоҳ аъробийлар ва уларнинг саволлари билан бизга наф беради. Бир аъробий келиб:
– Эй Оллоҳнинг расули! Оллоҳ Қуръонда азият берувчи бир дарахтни зикр қилибди. Жаннатда ўз аҳлига азият етказувчи дарахт ҳам бўладими?
– Нима экан у? – дедилар Расули акрам.
– Сидр(бута), ахир унинг тикани бўлади-ку?
– Ҳа, Оллоҳ таоло: «Фи сидрим махзуд»(«Ўнг томон эгалари тикансиз бутазорларда бўлади») (Воқеа, 28-оят) дейди. Оллоҳ таоло бу дарахтнинг тиканини олиб, ҳар олинган тикан ўрнига битта мевани ўрнаштиради. Сўнгра меваси узиб олинади ва ҳар мевасидан бир-бирига ўхшамаган етмиш икки хил таом ҳозирланади, дедилар Расули акрам» (Ибн Муборак ривояти).
Жарир ибн Абдуллоҳ ҳикоя қилади: «Саффоҳ деган жойда тўхтадик. Дарахт остида ухлаб ётган бир кишига кўзим тушди, қуёш нурлари унга тушай деб қолган экан. Хизматкор болага: – Бор, тери тўшамини келтир ва мана бу ётган одамга соябон қилиб қўй, – дедим. У айтганимдек қилди. Уйғонгач қарасам, ухлаб ётган бу одам Салмон Форсий экан. Олдига бориб, салом бердим. Шунда у:
– Эй Жарир, Оллоҳ учун тавозуъда бўл. Чунки, ким бу дунёда Оллоҳ учун тавозуъда бўлса, қиёматда Оллоҳ унинг даражасини баланд қилади. Қиёмат кунининг зулматлари нима, биласанми? – сўради.
– Йўқ, билмайман, – жавоб бердим.
– Одамларнинг бир-бирига етказган зулмлари, деди Салмон ва қўлига жуда кичкина бир чўпни олиб, айтди: –Эй Жарир, жаннатда мана шу чўпча нарсани ҳам излаб топмайсан.
– Эй Абу Абдуллоҳ, у ҳолда таърифу тавсиф қилинган хурмо ва шажар(дарахт) қаерда? – дедим.
– Уларнинг илдизи инжу ва олтин, устларида эса мевалари бор, – деди Салмон».

 

Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан

Мақолани улашиш

Шиоримиз:

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш.

Cўнгги мақолалар

Янгиликлар

Саҳифамиздаги янгиликлардан хабардор бўлиш

Савол бермоқ

Савол-жавоб рукнига бериладиган саволларни, ушбу саҳифадан беришингиз мумкин ёки tazkiya@islom.uz емаилга мактуб йўллашингим мумкин.