– Биз у жойга шошяпмиз, эй Оллоҳнинг расули, дейишди саҳобалар.
– «Иншааллоҳ» денг, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом ва Оллоҳ йўлида курашни эслатдилар ва унга ундадилар» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти).
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб:
– Мен отни яхши кўраман, жаннатда ҳам от бўладими? – дея сўради.
– Отни яхши кўрсанг, сенга қизил ёқутдан бўлган от берилади. У от сен билан жаннатнинг истаган ерига учиб боради, – деб жавоб бердилар Пайғамбар алайҳиссалом.
– Мен туяни яхши кўраман, жаннатда туя бўладими? – сўради бошқаси.
– Эй Оллоҳнинг бандаси! Агар жаннатга кирсанг, кўнглинг у ерда нимани тусаса, кўзингни нима қувонтирса, у сеникидир, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом» (Термизий ривояти).
Абу Саи Худрийдан ривоят қилинади: «Жаннат аҳлига ўзи хоҳлаганидек фарзанд туғилади. Унинг ҳомила даври, туғилиши ва йигит бўлиб вояга етиши бир соат ичида рўй беради» (Ибн Можа, Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннат аҳли жаннатда қарор топгач, биродар биродарига муштоқ бўлур. Шунда бирининг тахти бошқасининг тахтига юриб борур ва икки биродар ёнма-ён бўлиб қолур. Улар дунёда бўлган кезларини хотирлашиб, бир-бирига айтур: «Эй биродарим! Фалон куни, фалон мажлисда Оллоҳ таолога ёлбориб дуо қилганимиз эсингдами! Мана, улуғ ва қудратли Оллоҳ бизни мағфират қилди» (Баззор ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Жаннат аҳлининг энг қуйи даражадагиси учун саксон минг ходим ва етмиш икки завжаси бўлур. Унинг учун лаъл, забаржад, ёқутдан иборат қубба тикилур. Қуббанинг ичи Жобия ва Санъо ораси қадар кенгдир. Жаннат аҳлининг бошларида тожлари бор. Тождаги инжунинг энг кичигидан машриқ ва мағрибни ёрутгудек зиё таралади» (Термизий ривояти).
Оллоҳ раҳматига олсин, Ҳасан Басрий жаннат сифатларини шундай зикр қилади: «Жаннат анорларининг катталиги челакдай. Дарёларида туриб қолмаган мусаффо сувлар, таъми ўзгармайдиган тотли сутлар, сузиб олинган тоза асаллар оқади. Бу асалнинг сузиб олувчилари инсон эмас. Жаннат дарёларида ичганларга лаззат берувчи шунда майлар оқадики, улар ақлни зойил қилмайди, бошни оғритмайди. Жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, хотирга келмаган неъматлар бор. Жаннат аҳли шу неъматларга сазовор подшоҳлардир. Уларнинг барчаси ўттиз уч ёшидадир. Бўйлари олтмиш зироъ, кўзлари сурмали, юзлари ва баданлари туксиз, азобдан омонда, жаннат диёрида хотиржамдирлар. Жаннат дарёлари ёқут ва забаржадлар сочилган ерлардан оқар. Жаннат хурмолари, боғлари маржондан, мевалари нимадан эканини бир Оллоҳ билади. Уларнинг бўйлари беш юз йиллик масофадан таралади. Жаннат аҳли учун жаннатда отлар ва тезюрар туялар бор. Туяларнинг эгарлари ёқутдан. Жаннат аҳли бир-бирини зиёрат қилишади. Уларнинг завжалари гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўз ҳурлардир. Жаннат аёли етмишта ҳуллани икки бармоғи билан ушлаб кияди. Етмиш қават ҳулла остидан ҳам уларнинг суягидаги илиги кўринади. Оллоҳ таоло жаннат аҳлининг ахлоқини ёмонлик, жасадларни ўлим каби нуқсондан поклагандир. Улар жаннатда бурун қоқмас, бавл қилмас, ҳожатга чиқмаслар. Балки улар кекиради ва терлайдилар. Терлари мушкдандир. Улар учун жаннатда эртаю кеч ризқ бор. Кундуз кечани, кеча кундузни қувмайди. Жаннатга энг сўнг кирган ва энг қуйи даражани эгаллаган кишининг мулки юз йиллик масофа қадар чўзилади. У олтин ва кумушдан бўлган қасрларда, маржон чодирларда қарор топади. Унинг назари кенгайиб, жаннатнинг энг узоқ жойларини ҳам яқинни кўргандек кўради.
Жаннат аҳлига олтиндан бўлган етмиш минг лаганда нонушта, кечқурун ҳам шунча нонушта ато қилинур. Ҳар бир лаганнинг ранги ўзгача. Аввалги еганида тотган тоти, кейингисида йўқолмайди. Жаннатда шундай бир ёқут борки, унинг ичида етмиш минг ҳовли, ҳар ҳовлида етмиш минг уй бўлиб, у уйларда на бир тешик ва на бир ёриқ бор».
Мужоҳид айтади: «Жаннат аҳлининг энг қуйи даражасидаги киши ўзига берилган мулкда минг йил юради. Мулкининг энг чекка жойларини яқин
жойларини кўргандек кўради. Жаннат аҳлининг энг юқори даражасига етган киши эрталаб ва кечқурун Парвардигорининг жамолига назар солади».
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Жаннатда «Ал-ийна» деб номланмиш ҳурлар бор. Улар юрса, ўнг ва чап томонларида етмиш минг ходима бўлади. У ҳур: «Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар қаерда?» – дея чақиради.
Яҳё ибн Муоз дейди: «Дунёни тарк қилиш оғир, жаннатни бой бериш ундан-да оғир! Дунёни тарк қилиш охиратнинг маҳридир». Яна айтади: «Дунё талабида бўлиш-жонларнинг зиллати, охират талабида бўлиш жонларнинг иззатидир».
Ажаб, воажаб! Ахир, йўқолиб кетадиган ўткинчи нарса талабида хорликни ихтиёр қилган, бақо талабида эришиладиган иззатни тарк этган кишига қандай ажабланмаслик мумкин?!
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан