Жаннат аҳлининг шароби ҳақида Оллоҳ таоло кўп эслатган. Расули акрамнинг мавлоси(қулликдан озод қилинган киши) Савбон ҳикоя қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида тикка турган эдим. Яҳудий олимларидан бири Расули акрамдан бир қанча нарсаларни сўради:
– Сиротдан ким аввал ўтади?
– Муҳожирларнинг фақирлари!
– Жаннатга кирганларга қандай туҳфалар қилинур?
– Жуда кўп билиқ жигари!
– Ундан сўнг қандай таом бўлур?
– Жаннат атрофида ўтлаб юрган ҳўкизлардан сўйилур!
– Аҳли жаннатнинг шароби нима?
– Уларнинг шароби «Салсабил» деб номланмиш булоқдан олинур!
– Тўғри айтдинг, деди яҳудий олими (Расули акрамнинг жавобларига тан бериб)» (Муслим ривояти).
Зайд ибн Арқам дейди: «Яҳудийлардан бири Пайғамбар алайҳиссалом олдларига келиб:
– Эй Абу Қосим! Сен жаннат аҳлининг у ерда еб-ичишларини тасдиқ этмайсанми? – дея сўради. Яҳудий савол беришидан олдин дўстларига: «Агар Муҳаммад сўзларимни тасдиқласа, уни мағлуб этаман!» деб сўз берган эди. Расули акрам яҳудийнинг саволига шундай жавоб бердилар:
– Ҳа, жоним измида бўлган Зотга қасамки, жаннат аҳлининг ҳар бирига ейиш-ичиш, жимоъ қилишда юз кишининг қуввати берилур!
– Ахир, улар еб-ичса, ҳожатлари нима бўлади?
– Уларнинг ҳожатлари териларидан тошиб чиқувчи тердир. Бу тердан хушбўй мушк таралади. Жаннат аҳлининг қорни жуда озғин бўлади» (Насоий ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Жаннатдаги қуш(парранда)ларга боқиб, иштаҳанг очилади. Шунда улар қовурилган ҳолда олдингга тушади» (Баззор ривояти).
Ҳузайфа ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
– Жаннатда катталиги туядек қушлар бўлур.
– Уларнинг гўштлари ёқимли ва майин бўлса керак, эй Оллоҳнинг расули? – сўради Абу Бакр Сиддиқ.
– У гўштдан еган киши ундан ҳам ёқимли ва майин бўлади. Сен, эй Абу Бакр, ўша қушлардан тотадиганлардан бирисан, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр Оллоҳ таолонинг: «Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур» (Зуҳруф сураси, 71) ояти хусусида дейди: «Уларга олтиндан бўлган етмишта лаганда бири бошқасига ўхшамаган таомлар айлантирилур».
Ибн Масъуд: «У майнинг мизожи-аралашмаси Таснимдандир» (Мутаффифин сураси, 27) ояти тафсирида деди: «Асҳоби ямин-ўнг томон эгалари аралаштирилган, муқаррабун – Оллоҳ таолога яқин қилинганлар тоза, аралашмаган шаробдан ичурлар».
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу мазкур оят тафсирида деди: «У шароб кумуш каби оқдир, муҳрланган. Агар дунё аҳлидан бирортаси у шаробга бармоғини тиқиб олса, ер юзида унинг хуш бўйларини туймаган биронта жонзот қолмасди».
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан