Бир киши: «Эй Оллоҳнинг расули! Жаннат аҳлининг кийими ҳақида бизга хабар беринг. У (тайёр) яратилган нарсами ёки тўқилган?» – деб сўради. Расули акрам озгина сукут қилиб, индамай турдилар. Қавмдан баъзиси кулди. Шунда Расули акрам: «Нимага куляпсизлар? Билмаганини билган кишидан сўраган одам устиданми?! Жаннат мевалари икки марта ҳосил бериб, жаннат либосларини чиқаради» (Нисоий ривояти).
Абу Ҳурайра Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Жаннатга аввал қадам қўювчилар ёруғ кечадаги тўлин ойдек бўлиб ичкари кирадилар. Улар у ерда тупурмайди, бурнини қоқмайди, ҳожатга чиқмайдилар. Жаннат аҳлининг идишлари, тароқлари олтин ва кумушдан, терлари мушкдандир. Жаннатга аввал кирувчиларнинг ҳар бирида иккитадан жуфти ҳалол бўлиб, улар шу даражада нафиски, суякларидаги илик этлари устидан кўриниб туради. (У иккала жуфти ҳалол ҳам) ўзаро тотув. Бир-бирини кўролмаслик, нафрат деган нарсалар уларга бегона, қалблари гўё бир қалбдек. Эртаю кеч Оллоҳга тасбеҳ айтадилар».
Яна бир ривоятда айтилишича, завжаларнинг ҳар бири етмиштадан ҳулла кийиб олган» (муттафақун алайҳ).
Оллоҳ таолонинг «...Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид -маржонлар билан безанурлар...» ояти тафсирида айтганлар: «Уларнинг бошларида тожлари бор. Тожларга қадалган энг кичик инжулардан таралаётган нур машриқ ва мағрибни ёритади» (Термизий ривояти).
Расули акрам дедилар: «Жаннат чодири ичи ғовак бир дурдир. Унинг самодаги узунлиги олтмиш мил бўлиб, ҳар бурчагида мўминнинг аҳли аёли бор. Бошқалар уни кўролмайди» (муттафақун алайҳ).
Ибн Аббос айтади: «Жаннат чодири кенглиги икки фарсаҳ келадиган ичи ғовак дурга ўхшайди. Унинг олтиндан бўлган тўртта эшиги бор» (Бухорий ривояти).
Абу Саид Худрий дейди: «Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар» (Воқеа сураси, 34) ояти хусусида Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Икки кўрпачанинг ораси осмон билан ер қадардир» (Термизий ривояти).
Абу Ҳомид Ғаззолий
ИҲЙОУ УЛУМИД ДИН
«Сўнгги манзил зикри» китобидан