Кейинги пайтларда тасаввуф ва тариқат ҳақида, сўфийлик ва унинг тарихи тўғрисида бир қатор китоблар ёзилди ва ўқувчиларга тақдим этилди.
Абу Абдурраҳмон ибн Ҳусайн ибн Мусо ас-Суламий ан-Найсабурий (325/936-412/1031)нинг “Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида Муқаддима” китоби пок фазилатларни ўзида жам қилган исломий тасаввуф мавзусини ёритади. Муаллиф “Муқаддима” асарида ўн тўрт боб орқали Исломдаги сўфийлик тариқатининг ахлоқий фазилатларини Қуръони карим ва Суннати Набавийя асосида, тариқатнинг машҳур пешволари сўз ва маслаклари ёрдамида баён қилади. Шунинг учун ҳам бу асар Ислом тасаввуфини ҳақиқий суратида баён қилган туросий китобларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланади.
Маълумки, тасаввуф аҳли пешволаридан бўлган Суламий бу борада ўттиздан зиёд асар қолдирган. Унинг “Табақоти сўфийя” (Сўфийлар табақалари) китоби бир неча бор нашр қилинган, тасаввуф ва сўфийлар тарихини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.
Имом Ғаззолий “Сўфийлар сўз соҳиби эмас, балки аҳвол-ҳолатлар соҳиби” деганидек, Абу Абдураҳмон Суламийнинг тасаввуф йўлини ёритишда кўп фойдали бўлган “Муқаддима”сини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
Тасаввуфнинг ҳақиқий орифларидан бирининг бу асарини ўқиб, дунё ва охиратимиз саодати йўлида манфаат олишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизга мададкор бўлсин, омин!
Абдулҳамид Муҳаммад Турсун.