Тазкия ҳикматлари
Қазои қадарга бўлган иймон «Қадарингни кутиб ухлайвер», демайди! Балки «Ўрнингдан туриб, қадарингни кашф қил», дейди.
Касаллик фақат жисмда эмас, хулқда ҳам бўлади. Бадхулқ одамни кўрсанг, ҳаққига шифо сўраб дуо қил. Унга шу дардни бериб, сени омон қолдирган Аллоҳга ҳамд айт.
Кетган нарса қайтиб келмайди. Аммо фақат дуогина умид билан кетиб, туҳфа билан қайтиб келади. «Роббим!» десанг бас…
Ҳаётингда маҳкам тутадиган энг ажойиб ҳикмат – Сен ҳақингда айтиладиган гапларга аҳамият бермаслигингдир. Кимлигингни ўзинг биласан. Аллоҳ сенинг ҳолатинг ва ниятингни ўзингдан ҳам яхшироқ билади. Қилаётган ишларингни оқлаб, қадру-қимматингни тушириб юрма! Ҳаётдаги муваффақиятсизликнинг сири – барчани рози қилишга уринишдир.
Бир одамнинг хулқини билмоқчи бўлсанг, ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларга муомаласини кўргин!
Бир адибдан сўрашди: «Ҳикматларнинг энг гўзали қайси?» У деди: «Етмиш йилдан бери китоб ўқиб, мана бу сўзлардан гўзалроғини топмадим: «Тоатнинг машаққати кетади, савоби қолади. Гуноҳнинг лаззати кетади, жазоси қолади». Хўш, сен ўзинг учун қайси бирини танладинг?
Ҳакимлар айтади: «Сендан ғазабланса ҳам, бирор ёмонлик қилмаган одам билан дўст бўлавер, чунки ғазаб кишининг асл лойини кўрсатиб беради».
Фараз қилинг, кўзгулар қалбларнинг ҳолатини ҳам акс эттирса... Ўзининг ҳуснига ром бўлиб юрган жуда кўп кишилар бундай кўзгуларини дарҳол синдириб ташлаган бўлишарди.
Роббим! Холис Ўзингга тоат қила олмасам ҳам, раҳматингдан умидворман!
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳдан «Бандани Аллоҳга яқин қиладиган амалларнинг энг буюги қайси?» деб сўрашди. У зот йиғлаб юбордилар, сўнг: «Аллоҳ қалбингга қараганида дунёу охиратдан фақат Унинг Ўзинигина исташингни қўрмоғи», дедилар. Аллоҳим! Бизларга ана шундай қалб насиб эт!