Билинг! Жаноза ориф киши учун ибрат, ғафлат аҳли учун танбеҳ ва эслатмадир. Тобут ғофил кишининг қалбини юмшатмайди. Негаки, ғофил банда бу тобутда ўзи эмас, бошқалар ётади, деб ўйлайди. Бир куни одамлар унинг ҳам тобутини кўтаришларини хаёлига келтирмайди. Хаёлига келтирса ҳам, яқин орада бу иш воқеъ бўлмаслигига қаттиқ ишонади.
Муовия ибн Абу Суфён вафоти арафасида деди: «Мени суяб ўтирғизинг». Айтгани бажарилди. Кейин Оллоҳ таолога тасбиҳ айта бошлади, Оллоҳни зикр этди, кўзларига ёш келди ва: «Эй Муовия! Қариб, аҳволинг пасайганидан сўнг Раббингни эслаяпсанми? Гуллаб-яшнаган, тўлиб- тошган йигитлик пайтингда қаерда эдинг?!» – дея ҳўнграб юборди.